Ў. Шўкеев: ''Қишлоқ хўжалигида энг замонавий технологиялар қўлланилиши керак''
Туркистонда Республика семинар-кенгаши ўтди
Туркистон шаҳрида илғор технологияларни қўлланиш орқали озиқ-овқат белбоғини шакллантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган лойиҳалар муҳокамасига бағишланган республика семинар-кенгаши ўтди.
Шаҳардаги Есимхан номли бош майдонда қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, деҳқончилик, чорвачилик соҳаларида тавсия этилаётган энг илғор технологиялар намуналари намойиш этилди.
Вилоят ҳокими Ў. Шўкеев соҳа раҳбарлари билан кўргазмани диққат билан оралаб, уларнинг соҳиблари билан суҳбатлашди. Сўнгра, Маданият уйида ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, Туркистон, Жамбил, Қизилўрда минтақалари ҳамда Шимкент шаҳри қишлоқ хўжалиги соҳалари раҳбарлари, товар етиштирувчилари, шаҳар, туман ҳокимлари иштирокида семинар-кенгаш бошланди.
Тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Е. Садир бошқарди. Унда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ў. Шўкеев Туркистон шаҳри ҳудудини ривожлантириш ва аҳолини доимий иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида 480та лойиҳа танлаб олинганини айтди.
– Бугун сизларга энг илғор технологияларни муваффақиятли қўлланаётган олимлар, деҳқонлар билан мулоқотда бўлиш имконияти яратилади. Алмати вилоятидаги А. Сабитов раҳбарлик қилаётган қишлоқ хўжалиги полигонида буғдой, маккажўхори, маҳсари каби экинлардан бир неча баравар юқори ҳосил олиш технологиялари қўлланилмоқда. Бизнинг вилоятимиздаги ҳар бир туман, қишлоқда шу тажриба қўлланилиши керак. Ҳосилдорлик уч карра юқори бўлса, омад кулиб боққани. Шунингдек, бугун тавсия этиладиган, бир гектар майдондан йилига уч марта ҳосил олиш орқали даромадни кескин кўпайтириш тажрибасини ҳамма ўрганиши ва қўлланиши керак. Сизларга шароит яратилиб, зарур маблағ, техника берилади. Аммо иш натижаси, меҳнат самарадорлиги қатъий назоратда бўлади, – деди Ў. Шўкеев.
Туркистон вилоят қишлоқ хўжалиги департаменти раҳбари Н. Бадирақов ўз маърузасида Туркистон шаҳрини озиқ-овқат камари билан таъминлаш мақсадида 15 чақирим масофа доирасида 46 млрд. тенге сарфланиб, 3412 одамни иш билан таъминлаш режаланаётганини, «Ақ жол» МЧБ 4280,0 млн. тенге миқдоридаги сармоя сарфланадиган лойиҳани амалга оширишга киришганини маълум қилди. Сўнгра вилоят ҳокими тавсияси билан Алматидаги «Каскелен» агрополигони раҳбари, олим А.Сабитов семинар иштирокчиларига баландлиги 5 метрдан зиёд маккажўхори силос учун етиштирилаётгани, илғор технология орқали буғдой ҳосили 2,5-3 баравар ортганлигини мисоллар билан кўрсатиб берди. Ёмғирлатиб суғориш, биотехнологияларни ўз ўрнида қўлланиш орқали кам харажат билан кўп даромадга эришилмоқда.
Замини тошдан иборат Исроил давлати томчилатиб суғориш технологиясини қўллаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда жуда катта натижаларга эришганлиги, бизнинг Туркистон вилоятимиз тупроғи ҳосилдорлиги, серқуёш кунларнинг кўплиги билан хазинага қиёс қилса бўладиган неъмат эканлиги боис, ундан самарали фойдаланиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини таъкидлади. М. Авезов номидаги университет олими Е. Қалимбетов Келес тумани Бирлесу овулидаги 6 гектарли тажриба майдонида йилига уч марта ҳосил олинаётганлиги, вилоятимизда йилига 210-230 кун қуёшли бўлиши мўл ҳосил учун замин эканлигини таъкидлади.
Интенсив боғ яратган тадбиркор Б. Алиев, Тулкибош тумани ҳокими Н. Турашбеков, агросаноат молия тизими вакили Н. Сарибаев ҳамда қатор банклар вакиллари маърузасидан сўнг вилоят ҳокими йиғилишни якунлаб, хулосаларини баён этди.
– Бугун тавсия этилган Алмати иш тажрибаси, йилига уч марта ҳосил олиш усули, интенсив боғ яратиш ҳамма туманларда қўлланилиши шарт. Иккинчидан, 480та лойиҳа бўйича янги иш ўринлари яратилиб, ҳосилдорликни ошириш даркор. Биз сизлар учун шароит яратдик, эндиликда шу тажрибани амалда қўллаб, натижага эришиш сизларнинг зиммангизда, – деди Ў. Шўкеев.
Тушдан кейин семинар-кенгаш иштирокчилари 3 секция бўйича, эртаси куни эса 4та секция бўйича еттита туман ва шаҳарда илғор лойиҳалар билан танишдилар. 1500 дан зиёд қишлоқ хўжалиги товар етиштирувчилари билан соҳа ходимлари иштирок этган семинар-кенгаш амалда ўз самарасини беришига ишончимиз комил.