26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Лола...

Ҳар бир нарсанинг ўз моҳияти бор. Биз ўзи ҳар қандай нарсадан маъно излайдиган халқмиз. Ҳатто сўзнинг ўзини “маъноли-маъносиз”, “жонли-жонсиз” деб бўлиб ташлаймиз. Аслида сўз қулоқдан кириб, ақл-ўйга, онгга таъсир қилади. Албатта, агар маъноси бўлса... 

Яратганнинг одамга берган беш қуроли ҳам, агар тўғри қўллана олсанг, ўзингнинг одамлигингни ёдга солиб туради гўё. Шу беш қуролдан бири – кўз. Кўз демоқчи, Ал Форобий бобомиз айтганларидай, кўзнинг ўзи “ички ва ташқи” бўлиб бўлинади. Дарҳақиқат, манглайдаги кўз, кейин қалб кўзи. Одам ёруғ дунёга келганида, манглайдаги кўзи “ихтиёрсиз” очилади. Одам ўлганда ҳам агар кўзи очиқ қолса, “кўзини ихтиёрсиз юмишади”. Бунда нима сир борлиги эса ёлғиз Аллоҳга аён.

Ана шу “кўзи очиқ” дегани яхши ўхшатиш. Кўзи очиқ одамнинг мана шу оламга, атроф-муҳитга, ўзига қизиқиб қараши маълум. Унга ҳамма нарса қизиқ туйилади. Бундай одам бу ҳаётга ошуфта, иштиёқманд. Бироқ ҳамма одамнинг кўзи очиқ эмас. Сабаби, орамизда ҳаётга лоқайд, ўзи билан ўзи, кўзи бақрайиб турса ҳам ҳеч нарсани кўрмайдиган, ҳатто сенга қараб туриб, сени кўрмайдиган кишилар бор. Бундайлар кўпинча ёруғ дунёдан маъно тополмай, “кўзи очиқ” кўйда ўтиб кетиши мумкин. Чунки, инсон туғилганда, мана бу қайнаган тирикчиликка аралашмай туриб, Абай отам айтмоқчи, “ичсам, есам, кўрсам” деб туради. “Анави нима? Манави нима?”деб сўрайверади. Кейин-чи...Кейин саволлари тугай бошлайди. Тўғрироғи, саволлари ўзгара бошлайди. У энди “нима?” дегандан кўра “қандай?” деган саволни ишлатишни афзал кўради. 

Ўзи инсонга “нима” деган саволни қўйдирадиган мана шу табиат, мана шу олам. Шу оламдан маъно изловчи. Моҳият “нима” деган саволдан бошланади. “Мана бу нима?” деган савол одамнинг ҳайратланиши ва қизиқиши туфайли туғилади. Бу ҳам унинг танисам, билсам деган иштиёқининг кўриниши. Ана ўша пайтда унинг “манглайидаги кўзи”да ўт пайдо бўлади. Унинг кўзи косасидан чиқиб кетгудай ҳайратланиши сезгирликни, чинакамига кўришни, яъни инсоний шакл-шамойилни билдиради. Баъзи бир одамнинг кўзини мой босади, кўз гавҳарига оқ тушади, йиринглаб, парда пайдо бўлади. Сўнг “кўрмас, туяни ҳам кўрмас”га айланади. Бинобарин, айтмоқчи бўлганим бу эмас эди...

Кўзнинг нурини оладиган аслида мана шу табиат, мана шу яратилиш қудрати. Кўзнинг ёви – “кўзнинг мойи” деган сўз. Аслида мой яхши нарса. Мой керак. “Кўзнинг мойи”ни томдириб, ўқисанг, билим изласанг қанийди! Демак, кўзнинг мойи ақлнинг, онгнинг ўсишига керакли элемент. У билишга, танишга хизмат қилар экан. Иккинчи томондан, “кўзнинг мойи” – одамга манави табиатдан маъно излашда, яхшини кўришда, иштиёқда, қизиқишда тўсиқ бўлганлиги учун Аллоҳ таоло “лола”ни яратибди. Демак, лоланинг асл Яратилиш мақсади – инсон “кўзининг ёви”ни олиш экан. Яъни одам кўзининг ёвини олиш, одамнинг кўзини очиш экан. Инсон манглайидаги кўз ҳайратдан косасидан чиққудек очилди деган сўз, унинг Яратганнинг маҳоратига, қудратига, ундаги бадиийликка, гўзалликка қизиқиши деган сўздир. Қирдаги лолани Буюк зот шунинг учун ҳам одамни ўзига жалб этиш учун, тузилиши ва кўркамлигига, сулувлигига ошиқ бўлсин деб яратганга ўхшайди. Зеро лола одамнинг манглайидаги кўзини очиб, шундан кейин Яратувчисини ички кўз билан ҳис этишига йўл бошлар экан. Ички кўз очилса, у инсоний шаклни, ўзининг Яратувчисини излай бошлайди. Мана, масаланинг моҳияти қаерда?

Лола қозоқ дунёқарашида ҳам, ислом динида ҳам алоҳида ўринга эга. Исломда абжад ҳисоби асосида “лола” тўғрисида ўзгача маълумотнома берилади. Бу маълумотнома бўйича, “Аллоҳ” рамзи ва Қуръондаги “Аллоҳ” ёзувининг рақамли маъноси абжад бўйича 66га тенг. Аллоҳ ёзуви “алиф”, “лом” ва “ҳа” ҳарфидан иборат. Лоланинг эса эски туркий тилда ифодаланиши “лолаҳ”, яъни юқоридаги “Аллоҳ” сўзидаги уч ҳарф билан лоланинг усмонли туркчасидаги ифодаси ўхшаш. Лоланинг ҳам абжад ҳисоби бўйича рақамли маъноси 66га тенг. Ана шу ўзгачалик туркий ислом дини таълимотида “Яратувчининг табиатдаги кўзгуси” сифатидаги маънога эга бўлган. 

Туркий ислом адабиётида, айниқса, сўфийлик назмида, пайғамбаримизни “гул” билан, Аллоҳни эса “лола” билан тасвирлаш кенг ўрин олган. Бир қизиғи, лоладаги уч ҳарф “ҳилол”(ярим ой) сўзида ҳам учрайди. Бу сўзнинг ҳам абжад ҳисоби бўйича рақамли маъноси 66га тенг. Мана шундай ўхшашликлари негизида туркий ислом маданиятида “Аллоҳ”, “лалаҳ – лола” ва ярим ой орасида спиритуал, маънавий моҳият бор, деб топилган.

Ислом маданияти тарихида лола тимсоли 16-17 асрда, аниқроқ қилиб айтганда, Усмонлилар империяси даврида меъморлик, каллиграфия жиҳатига айланганини кўриш мумкин. Айниқса, Қонуний Султон Сулаймон подшолик қилган даврда “лола” турлари кўпайтирилиб, мукаммаллаштирилиб, олий қадрият сифатида талқин қилинган. Лоланинг бундай даражада баҳоланиши ушбу сўзнинг ҳарфлари ва Аллоҳ ҳамда “ҳилол – ярим ой” сўзи ҳарфларининг ўхшашлиги ва рақамли маъноларининг бир эканлигида. Санъат соҳасида эса лола турли безак, нақш сифатида ҳам машҳур бўлган. Тошга ўйилиб, темирга нақшланиб, ёғочда тарашланиб, чиннида товланиб, матода босилиб, гиламда тўқилиб, терига ўйилиб одатдаги услубга айланган. Санъат услубига айланган. У моддий қадриятларгагина эмас, маънавий оламда ҳам қимматли мавзуларга кўчган. Лолага араб алифбосида абжад бўйича 1дан 1000га қадар бўлган мазмун берилган. Солнома, тарихни аниқлаш, тасаввуф, астрономия, астрология, меъморчилик каби соҳаларда кўп қўлланилган. Лола тимсоли сўфийлик фалсафасида “пайғамбарга бўлган муҳаббат”ни билдиради. Улар лоланинг ҳар бир ҳолатига маъно, мазмун берганлар. 

Масалан, ҳали очилмаган лола, одамнинг Аллоҳ билан бирга “хилват”да бўлиш ҳолатини билдиради. Очилган пайтига ҳам “Аллоҳ Ёлғизлик ҳоли”нинг мана бу табиатда, яъни кўпликда кўриниши “касрат” ҳолати сифатида аниқланган.

Лоланинг бу сири Яссавий фалсафасида чуқурроқ талқин қилинган. Яссавий асарларида лола “имоний гул” рамзи билан маълум. Бу тариқат пиллапоясида имонга берилган аниқлама. Ушбу аниқламага кўра, одам одамни Яратувчининг яратгани сифатида севиши керак. Бошидан бошлайлик. Яссавий фалсафасида мана шу “ўн саккиз минг олам” боғча (бўстон – форс тилида боғ-боғча) деб белгиланган. Одам учун барпо этилган боғ. Ушбу боғчани одам Яратувчининг кўрсатган, чизган йўли бўйлаб оралайди. Бу йўл – шариат йўли дейилади. Ўн саккиз минг олам ҳам қизиқарли, ҳам қўрқинчли. Унда хатар ва умид қатор юради. Бу икки қўш ҳолат одамга тинчлик бермайди. Бу йўлдагилар “имони бўстон, яъни боғча имони” пиллапоясида турганлар. “Боғча имони” шариат йўлидагилар учун кифоя. Яратувчи ҳам бу йўлдагилардан бошқа ҳеч нарса талаб этмайди ҳам. Яратувчи боғча имонидагиларга ўз дийдорини, нариги дунёда, жаннатда кўрсатади.

Бинобарин, одам сир, мазмун, тилсим оламига ўч. Ана шундай теран фикрли, маънавий нотинч кайфиятлилар учун, Яратган ҳалиги боғчада бир “гул-лола” яратган. У қип-қизил бўлиб, ўзига ҳалиги одамларни тортиб туради. Бу пиллапоядаги одамларга “имони гул, яъни гул имони” насиб қилар экан. Булар Буюк Яратувчига ошиқ бандаларнинг насибаси. Аллоҳнинг дийдорига ошиқ инсонлар шу “лола”га суқланиб қараб турар экан. Демак, лола – Аллоҳга ошиқлик рамзи, тимсоли. Одамнинг манглайидаги кўзи очилиб, янада чуқурлаша бошлайди. Ички басират кўзи очилиб, қалби кенгая боради. У мана шу ўн саккиз минг оламда фақат муҳаббат ва ошиқликнигина намоён этади. Яратилганларнинг барига муҳаббат билан қарайди. Ҳар бир жисмда Буюк Қудратнинг тамғасини, Яратганнинг изини кўра бошлайди. Улар ҳамма нарсадан ҳайратланади. Сабаби, яратилган ҳар бир жисм уларга Аллоҳнинг кўзгуси, сиймоси каби ҳисларни инъом этади. Бу пиллапоядагилар одамларни насли, дини, тили, уруғи, ирқига қарамай, ҳаммасини жигарим деб танийди. Абай ҳам бу “имон гули”ни Аллоҳни севиш, оламни севиш, “одамзоднинг барини сев, жигарим” деб аниқлаб, учта севги ҳақида айтиб ўтади. “...Ҳамда ушбу учта севиш бўлади “имон гули” деган.

Шунингдек, Яссавий фалсафасида “имони нур-(нур имони)” ва “имони сир-(сир имони)” деган босқичлар бор. Имони нур, бу – маърифат поғонасидагиларнинг ҳолати. Имони сир ҳам ҳақиқат пиллапоясидагиларнинг ҳолати. Айтмоқчи бўлганим бу эмасди.

Масала, лолада, унинг сирида яширинган. Лола ислом каллиграфик ёзуви ифодасида “Аллоҳ” ёзуви билан ўхшаш. Шунингдек, лола ёзувда ҳам, Яссавий зикрида ҳам, “юрак” тимсолида “ҳу” ҳарфи билан ифодаланади. Яссавийнинг “ҳай-ҳу” зикри ана шу лола суратида Аллоҳни ёдга олиш орқали, ўзи ҳам мана шу қайнаган тирикчиликда, яшнаб турган, нури тошган “лола”га айланишини билдирса керак.

Лола умр – одам боласига бир марта берилган. Инсон инсонлигини йўқотмаса, Аллоҳнинг ҳам хоҳиши шу. Бунинг учун кўзи очиқ, уйғоқ бўлса, қанийди... Одам ўзига, мана шу оламга мазмун беришдан қолмаса, унга доимо “лола” йўлиқади. Бу лола ҳам яратувчиси сари етаклайди. Шундай экан лолани асраш, томоша қилиш ҳар бир одамнинг бурчи. Лола мана шу ватаннинггина эмас, у дунёдаги ватанининг ҳам кўрки экан. Одамга чирой, кўркамлик хулқ-атвори, ори, инсонийлиги, комиллиги билан ярашади. Лола умр деганингиз мана шу. Пайқадингизми...қозоқ умрни ҳам лола билан ўлчаган.

Дўсай КЕНЖЕТАЙ, Хожа Аҳмад Яссавий номидаги ХҚТУ профессори, 2019-04-24, 19:52 114
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.