26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Туркистон вилоятини иқтисодий ривожлантиришнинг тўрт устуни

Бизнес учун, сармоядорлар учун қулай шароитлар яратиб бериш, экспорт салоҳиятини ошириш ва туризмни ривожлантириш – айни пайтда Қозоғистонда буларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ва албатта, ҳар бир минтақада ана шу йўналишларда вужудга келган долзарб муаммоларни ҳал қилишнинг қулай усулларини топиш учун изланишлар олиб борилмоқда. Туркистон вилояти бу борада нималар билан мақтана олади, ҳозирнинг ўзида амалдорлар томонидан қандай шошилинч вазифалар ечимини топмоқда, минтақада сармоявий иқлимни яхшилаш учун нималар қилинмоқда? Kazpravda.kzга берган мусоҳабасида Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Мейиржан МИРЗАЛИЕВ ана шу хусусда фикрларини ўртоқлашди.

– Мейиржан Иябайули, янги лавозимга киришишингиз билан табриклаймиз! Бу мансаб сиз учун янги эмас, фақат минтақа ўзгарди, холос, десак, тўғрироқ бўлар балки, чунки сиз Қўстанай вилоятида ўзингизни дурустгина кўрсата олган соҳалар билан шуғулланяпсиз. Янги жойда ўзингизни қандай ҳис этяпсиз?

– Турфа хил, улкан имкониятлар минтақаси. Ҳоким ўринбосари лавозимига киришганимга роппа-роса бир ой тўлди. Кун ўтгани сайин шунга тобора кўпроқ ишониб боряпманки, вилоятни иқтисодий ривожлантириш салоҳияти жуда катта. Минтақада аҳоли зич, бу ерда ҳамиша ҳаёт қайнайди, улкан одам капитали мавжуд, қаёққа қараманг, ишлаб, пул топишга муштоқ одамларни кўрасиз. Ҳар қандай соҳада кучли рақобат сезилади. Бу ерда доимо шундай бўлиб келган, тарихни варақлаб кўринг: Буюк Ипак йўли, савдо, ҳунармандчилик ва ривожланган маданият. Табиатнинг ўзи бу ердаги ҳар қандай бизнес билан, деярли йил бўйи фойдаланишга имкон беради. Туркистон – туркий оламнинг маънавий пойтахти, бой тарихга, жўшқин ва қизиқарли келажакка эга. Элбоши – Миллат етакчиси Н. А. Назарбаев туфайли шаҳар яқиндагина вилоят маркази бўлди, лекин ушбу муҳим қарорнинг қандай туртки бергани ҳозирданоқ яққол кўринади.

Вилоят марказида бугун қурилиш кенг қулоч ёзган, инфратузилма жадал ривожланмоқда, бу эса жиддий эътибор ва пухта назоратни тақозо этади. Бундай минтақани юксалтиришга ўз ҳиссангни қўшиш – улкан бахт.

– Сиз билан учрашувга тайёрланар эканман, ногаҳон сиз бундан 4 йил муқаддам, Вашингтондаги Бутунжаҳон банкида ишлаб юрган пайтингизда берган мусоҳабангизга кўзим тушиб қолди. “Тажриба тўплаб, Қозоғистонга келиш, давлат хизматида ишлаш, ўз тажрибам ва билимимни мамлакатимизни тараққий топтириш ҳамда яшнатишга сафарбар этишни мўлжаллаб турибман”, дебсиз ўшанда журналистга. Салкам 4 йил ўтди, ва сиз ўз тажрибангизни Қозоғистоннинг иккинчи минтақасида ишга соляпсиз. Ҳозир олдингизга қандай вазифаларни қўйдингиз?

– Ҳа, мен у ёқда йиққан тажрибам ҳақиқатан ҳам асқотди. Ўз ишимда ундан мунтазам фойдаланяпман, чунки олдинда жиддий режалар ва вазифалар турибди. Жаҳонда бошқалардан қолиб кетмаслик керак, дунё амалиётини жорий этиш, турмушимизга мослаштиришимиз лозим, сусткашлик, айтишади-ку, яхшиликка олиб бормайди... Бугунги бизнинг асосий вазифамиз – Туркистон вилоятининг иқтисодий ривожланишини таъминлаш, минтақанинг сармоядорлар учун жозибадорлигини ошириш, ва шунинг натижаси ўлароқ, вилоят бюджетига даромадларнинг қўшимча манбаларини яратишдан иборат. Шу муносабат билан ишимиз энг муҳим тўртта йўналишга қаратилади: кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициялар жалб этиш, экспортни улғайтириш ва вилоятнинг туристик салоҳиятидан кенг кўламда фойдаланиш. 

Кичик ва ўрта тадбиркорлик – товарлар ва иш жойлари демакдир

– Келинг, ҳар бир йўналишга батафсилроқ тўхталиб ўтайлик. Туркистон вилоятининг бугунги кичик ва ўрта бизнесини қандай тасаввур қилиш мумкин, унинг “ўртача статистик қиёфаси” қандай? Сизнинг фикрингизча, бу бизнес қандай бўлиши керак?

– Минтақада кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш Туркистон вилоятини иқтисодий юксалтиришнинг бениҳоя муҳим йўналиши бўлмоғи даркор. У фақат бизнинг вилоятгагина тааллуқли вазифа эмас. Ушбу муаммо бутун мамлакатнинг олдида кўндаланг бўлиб турибди. Тўнғич Президент, Элбоши томонидан қўйилган аниқ мақсадлар ва вазифалар бор – 2019 йилда кичик ва ўрта бизнеснинг мамлакат ИЯМидаги улушини 28,2 фоизга етказиш. Айни пайтда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратилган. Бироқ бу – ҳамма нарса қилинди, дегани эмас! Кичик ва ўрта тадбиркорликнинг жадал ўсишини кутиб ўтириш қолди, дегани ҳам эмас. Маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, бизнесни олиб бориш жараёнларини соддалаштириш борасидаги тизимли ишлар давом эттирилаверади. Бугунги кунда вилоятимиз кичик ва ўрта бизнес субъектлари бўйича мамлакатда иккинчи ўринни эгаллаб турибди – вилоятда 131 минг тадбиркор фаолият юритмоқда. Бир йил ичида улар 1,5 фоизга кўпайди. Маҳсулот ишлаб чиқариш пуллай ифодада 316,5 млрд. тенгени ташкил этди. Кўпларга бу оддийгина статистика маълумотлари бўлиб туйилиши мумкин, аммо биз ушбу рақамларда тадбиркорликнинг ўсиши ва ривожланиши учун катта салоҳиятни кўряпмиз. Зеро, бу билан муҳим ижтимоий вазифа ҳал этилади, янги иш жойлари пайдо бўлади. Бугуннинг ўзида кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) билан шуғулланаётганлар сони ишга лаёқатли фуқароларнинг ярмидан кўпроғини ташкил қилмоқда. КЎБ иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи эканини ҳисобга олган ҳолда биз тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан чораларини ишлаб чиқиш устида бош қотиряпмиз. 

– Давлат кейинги йилларда КЎБни молиялаштириш ва давлат томонидан қўллашнинг кўплаб дастурларини ишга туширди. Вилоятимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай дастурларни амалга ошириш мўлжалланмоқда? 

– Биринчи галда “Бизнеснинг йўл харитаси-2020”, “Еңбек” давлат дастурлари, агросаноат мажмуасини ва маҳаллий ижро органларини ривожлантиришни айтиш мумкин. Ҳокимлик томонидан “Ёш тадбиркор” ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ҳамда “Тадбиркор она” кўп болали оилаларни имтиёзли молиялаштириш дастурлари ишлаб чиқилган. Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, ёшлар ва кўп болали оналарга ўз бизнесини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитларни “иссиқхона шароити” деб бемалол айтиш мумкин. Шунингдек, жорий йилда “оддий нарсалар иқтисодиёти”ни ривожлантириш бўйича имтиёзли насиялашнинг янги дастури йўлга қўйилмоқда, уни амалга ошириш учун уч йил ичида 600 млрд. тенге ажратилади. Шундан 100 млрд. тенгеси айнан КЎБ лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Биз мазкур дастурда ҳам фаол қатнашамиз. 

– Ёш тадбиркорлар ва кўп болали оилалар учун алоҳида имтиёзли дастурни ишлаб чиқишга нима асос бўлди? 

– Биринчи навбатда, Элбошининг 2019 йилни – Ёшлар йили деб эълон қилганини инобатга олган ҳолда ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш учун “Ёш тадбиркор” дастурини амалга ошира бошладик. “Тадбиркор она” дастури эса серфарзанд оилаларнинг ижтимоий қўллови ва иш билан бандлигини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилди. Ушбу дастурлар бўйича насиялар гаровсиз, йиллик 1 фоиз устама билан 60 ойгача бўлган муддатга берилмоқда. Шунингдек, 9 ойгача бўлган муддатга имтиёзли давр бериш имконияти ҳам мавжуд. Статистикага назар ташласангиз, аёл тадбиркорлар бизнесни ўта масъулият билан олиб бораётганини, ҳамкасб эркакларга пухта ҳисоб-китоб ва чуқур ижтимоий жавобгарлик намунасини кўрсатаётганини сезасиз. Вилоят ёшлари жуда фаол, айниқса тадбиркорлик йўналишида. Шунинг учун биз, ёш бизнесменларни насия билан таъминлаш дастури минтақа ёшларининг бизнесга интилишига яна бир муҳим туртки бўлади, деб ҳисоблаймиз. Зеро, шуни дадил айта оламизки, бунинг учун барча шароитлар бор. Фурсатдан фойдаланиб, ёшларни юқорида таъкидланган дастурларда фаол қатнашишга чақираман. 

– Агар мен тўғри тушунган бўлсам, сиз санаб ўтган ишларнинг ҳаммаси бу йил амалга оширилади. Тадбиркорликнинг давлат томонидан қўлланишидан қандай самара кутяпсиз?

– Ҳа, сиз ҳақсиз, бу йил биз 14,4 млрд. тенгелик 19та лойиҳани амалга ошириш ва 1000дан зиёд янги иш ўринларини барпо этишни мўлжаллаяпмиз. Бу эса вилоят ИЯМида КЎБнинг улушини муайян даражада оширишга имкон беради. Натижада иқтисодиётнинг ривожланиш суръатлари жадаллашади ва аҳолининг турмуш сифати яхшиланади. КЎБни рақамлаштириш борасида ташлайдиган қадамларимиз, шубҳасиз, тадбиркорлик соҳасини сифат жиҳатидан яхшилайди ва уни шаффоф қилади, имтиёзли насиялаш эвазига КЎБга кўпроқ ёшларни жалб қиламиз ва ўйлайманки, мазкур чораларнинг самарасини ҳадемай кўрамиз. 

Вилоятнинг сармоявий жозибадорлигини ошириш

– КЎБни ривожлантириш, уни шаффоф қилиш, рақамли технологиялар ҳисобидан уни “кўланка”дан чиқариш борасидаги ниятларингиз, ғояларингиз қизиқарли, уларнинг нечоғлик амалга ошишини эса вақт кўрсатади. Сармоядорлар ҳам муҳим масалалардан бири. Бугун ҳамма четдан келадиган маблағни излаш билан банд. Вилоятга сармоядорларни жалб этиш учун сизлар нима қиляпсизлар?

– Вилоят, умуман олганда, хорижий сармоядорлар учун жозибадор. Қайси томондан олиб қараманг, мусбат жиҳатлар кўп. Келинг, шулардан асосийларини санаб ўтай: Биринчиси – қулай жўғрофий жойлашув ва логистика: Ўзбекистон ва ХХРнинг яқинлиги, “Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой” автомобиль йўлининг мавжудлиги, бошқача қилиб айтганда Европа – Осиё оралиғида иккала томонга 7-10 кун ичида экспорт қилинадиган товарни ҳам Болтиқ денгизигача, шунингдек, Тинч Океани қирғоғигача етказиш мумкин. Денгизга тўғридан-тўғри чиқолмайдиган бизлар учун бу ажойиб имконият, ундан фойдаланиш керак. 

Иккинчиси – бой табиат ресурслари: вилоят уран қазиб олиш бўйича ҚРда 1-ўринни эгаллайди, фойдали қазилмалар: темир, барит, фосфарит ва бошқаларнинг 50дан кўпроқ кони бор. Бу ерда изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.

Учинчиси – одам капитали ва иш ҳақи миқдорининг пастлиги: вилоятда 2 миллионга яқин киши истиқомат қилади. Шундан 870 минг нафари иқтисодий фаол фуқаро, ўртача маош – 109 706 тенге (290 АҚШ доллари).

Тўртинчиси – агросаноат мажмуаси ва туризмни ривожлантиришнинг юқори салоҳияти. Туркистон вилояти майда туёқли мол сони бўйича (4,1 млн. бош) етакчи, мамлакатдаги иссиқхоналарнинг 80 фоизга яқини, яъни 1150 гектардан 800 гектари шу ерда жойлашган ва уларнинг аксарияти Сариоғоч туманининг ўзида. Туркистон вилояти ҳудудида тайёр инфратузилмали ва сармоявий преференция бера оладиган майдончалар бор. Булар – “Туркистон” махсус иқтисодий минтақаси ва туманлардаги индустриявий ҳудудлар.

Шу билан бирга биз мазкур жараённинг барча манфаатдор иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштириб туриш мақсадида янги “Сармоялар билан ишлаш меъморчилиги”ни барпо этиш ишларини олиб бормоқдамиз.

Чунончи, вилоятда “TURKISTAN INVEST” махсус инвестиция компанияси ишлаб турибди, у “ягона дарча” тамойили асосида сармоядорларга барча турдаги хизматларни кўрсатади ва бу ишда 24/7 тартибига амал қилади. 

Шунингдек, биз минтақанинг салоҳияти ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона ахборот порталини ҳамда бўш ер участкалари ва мавжуд зарур инфратузилмалар акс эттирилган интерфаол сармоявий харитани тузиш устида иш олиб боряпмиз.

Бундан ташқари вилоят ҳокимлиги томонидан “Invest House”ни барпо этиш масаласи кўриб чиқилмоқда, унинг майдончасида сармоядорларнинг киришини осонлаштириши керак бўлган барча ташкилотлар жойлаштирилади. 

– Қанча сармоявий лойиҳа ҳозир ишлаяпти?

– Бугунги кунгача “TURKISTAN INVEST” компанияси томонидан 9 миллион АҚШ долларидан кўпроқ миқдордаги хориж маблағи ҳисобидан 20та лойиҳа амалга оширилмоқда, бу 8,5 минг янги иш ўринлари демакдир. 2019 йилда умумий қиймати 150 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи, 628 иш ўринини яратиб берувчи 6та корхонани фойдаланишга топшириш режаланмоқда. 710,5 млн. АҚШ долларидан кўпроқ миқдорга тенг 10та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишларини бошлаш мўлжалланмоқда. Уларни 2020-2021 йилларда ишга тушириш кутиляпти. Бу сармоядорлар қаёқдан келишганини таъкидлаш ҳам муҳимдир. 20та лойиҳадан 7тасини ХХР, 5тасини – Туркия, 1тадан лойиҳани – Германия, Франция, Сингапур, Польша, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон сармоядорлари амалга оширмоқдалар. Уларни фаолият соҳалари бўйича тақсимлайдиган бўлсак, 8та лойиҳа агросаноат мажмуаси соҳасида (сармоя миқдори 349 млн. АҚШ доллари), 5таси – энергетикада (175 млн. АҚШ доллари), 3таси – нефть-газкимё соҳасида (268,5 млн. АҚШ доллари), 2таси тоғ-кон мажмуаси ва металлургияда, 2таси қурилиш ва мебель ишлаб чиқариш соҳаларида.

Бундан ташқари “Туркистон” МИМ саноат ҳудудида умумий қиймати 37 млрд. тенге бўлган 15та салоҳиятли лойиҳа жорий этилди. Қурилиш материаллари ва нометалл маъданли маҳсулотлар, тайёр металл буюмлар ишлаб чиқариш “Туркистон” МИМ фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади. Айни пайтда фаолиятнинг асосий турлари рўйхатига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва машинасозликни киритиш устида ишлар олиб борилмоқда. 

Туркистон вилояти саноат минтақаларида 3900 иш ўринига эга, жами қиймати 62,4 млрд. тенгелик 66та лойиҳа амалга оширилмоқда, бугунги кунгача 21,8 млрд. тенгелик 26та корхона ишга туширилиб, 1312та иш ўрини очилди. 

Шунингдек, вилоятнинг индустриявий ҳудудларида жорий йилда 600 иш ўринига эга, 2300 млн. тенгелик 8та лойиҳани жорий этиш режалаштирилиб қўйилган. 

Туризм индустрияси – тараққиёт учун улкан салоҳият, кенг имкониятлар

– Қулай сармоявий иқлимдан ташқари Туркистон вилояти бой тарихга ва бениҳоя гўзал табиатга эга. Сайёр туризмни ривожлантириш учун нималар режалаштирилмоқда?

– Туркистонни кичик Макка дейишади. Бунда маънавий жиҳат ҳам, туристик йўналишларнинг хилма-хиллиги ва сифатли дам олиш учун имкониятлар кенглиги ҳам назарда тутилади. Вилоят туризми ўта улкан салоҳиятга эга, янги ғоялар бўлса, ушбу соҳани шунчалик кенг ривожлантириш мумкинки, мен бундан ғоят мамнунман. Агар мендан вилоятнинг ушбу соҳадаги имкониятини тавсифлаб беришни сўрашса, қисқа қилиб – “Туризм – йил бўйи!!!” деб жавоб берган бўлар эдим. Бизда ҳамма нарса, тоғ чанғи базаси ҳам, ҳордиқ учун сўлим гўшалар ҳам, энг нозик сайёҳатчининг ҳам, кўнгли нима истаса, бари бор ва биз бундан фойдаланишимиз керак! Қуйидаги рақамларга бир назар ташланг: Туркистонга бир кунда келиб-кетувчилар сони 2018 йилда 1 млн. кишини ташкил этди(шаҳар аҳолиси атиги 170 минг киши). Бу – шаҳар аҳолисидан олти баравардан кўпроқ дегани. Агар шароитлар яхшиланса-чи? Хизмат сифати оширилса-чи? Сайёҳлар оқимини бир неча баравар кучайтириш мумкин. Бугунги кунда вилоят маркази Қозоғистон туристик харитасидаги дастлабки ўнликка кирган. Қасқасу тоғ-чанғи базаси, Сариоғоч курорти ва Сайрам-Угом давлат миллий табиий боғи минтақавий аҳамиятга эга 50та объект таркибида. Буларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда, Қозоғистон республикасида туристик индустрияни ривожлантиришнинг 2023 йилгача бўлган давлат дастури лойиҳасига мувофиқ вилоят “Буюк ипак йўлини тиклаш кластери”га киритилган. Туркистон шаҳри эса кластернинг асосий объекти деб белгиланган. Вилоятга келаётган сайёҳлар оқими йил сайин ошиб бормоқда. Расмий статистика маълумотларига кўра, 2018 йилда келиб жойлашган сайёҳлар сони 152 минг кишини ташкил этди, бу эса 2017 йилгидан 15 фоиз кўпдир. 

– Баҳслашмайман, биз фахрланадиган нарсалар кўп, вилоят бундай иншоотларга ҳақиқатан ҳам бой. Бинобарин, сайёҳларни жалб қилиш масаласи ҳамон долзарб бўлиб турибди. Уларни кўпроқ жалб қилиш учун нималар мўлжалланмоқда?

– Вилоятда туризмни ривожлантириш тадбирлари Давлат раҳбарининг Қозоғистон халқига йил сайинги мактублари, “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш”, “Буюк Даштнинг етти қирраси” дастурий мақолалари, лойиҳаларни бошқариш ва “2016-2020 йилларда минтақаларни ривожлантириш дастурлари” доирасидаги вазифалар асосида ўтказилмоқда. Мавжуд имкониятларнинг ҳаммасидан фойдаланиш ва долзарб масалаларни ҳал этиш, хизматларни қандай яхшилаш мумкинлиги, сайёҳни қизиқтирадиган нималарни таклиф этиш, унинг саёҳатини қандай қилиб енгиллаштириш ва унда ўлкамизга яна кириш истагини уйғотиш учун нималар қилишимиз лозимлигини ўйлаб кўриш муҳимдир. Ишни шундай ташкил қилишимиз керакки, ўзимизникилар ҳам, хорижлик меҳмонлар ҳам вилоятимизга қайта-қайта келишни хоҳлаб қолишсин. Воқеавий туризм муҳим йўналишлардан бири сифатида тобора авж олмоқда. Ўтган йили Сайрам-Угом давлат миллий табиий боғи ҳудудида “Бу бизнинг тоғлар: буюк шахслар” республика фестивали ташкил этилди. Октябрь ойида эса Чордара туманида “Safari Shardara” халқаро фестивали ўтди.

Аҳмад Яссавий мақбарасида “миллионинчи сайёҳ” тадбири уюштирилиб, АҚШлик эр-хотин совғалар билан тақдирланди. Туркистон шаҳрида илк бор “Silk Road Fair” ярмаркаси ва “Қадимий Туркистон – янги имкониятлар” халқаро туристик сармоявий форуми, Эверест чўққисини забт этган Вадим Цхе иштирокида велонамойиш, туристик ахборот марказлари слёти, ахборот турлари ўтказилди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 1, 2 ва 3 кунлик сайёҳлик йўналишлари ташкил қилинди. Улар қирққа яқин қадамжоларни ўз ичига олди. 

Туркистон – ҳам мамлакатимиз, ҳам хорижлик сайёҳлар ўртасида машҳур. Вилоят марказининг бу ерга кўчирилиши шаҳарнинг ривожланишига янги туртки берди. Кенг кўламдаги шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш бошланди. 

Туркистонни ривожлантиришнинг 2018-2021 йилларга мўлжалланган концепциясида учта минтақа кўзда тутилади:

Биринчиси – тарихий. Аҳмад Яссавий мақбараси ҳудудида амфитеатр, фавворалар, маданий ҳордиқ масканлари, ташриф маркази ва очиқ осмон остидаги музей қурилади. 

Иккинчиси – созланадиган қурилишлар минтақаси – “Қозоғистон-Назарбаев”, “Қозоқ хонлари ва бийлари” ва “Буюк Дашт эли” марказлари , Шарқ ҳаммоми, Аҳмад Яссавий музейи, “Астана” хиёбони, тасвирий санъат музейи ҳамда тарихий-маданий марказ қурилиши режаланмоқда. 

Учинчи минтақа – маъмурий-амалий марказ. Бу ерда вилоят ҳокимлиги, бошқармалари ва департаментлари бинолари бунёд этилади. Ҳар бир минтақанинг ривожланиши шаҳарнинг туристик жозибадорлиги ортишига кўмаклашади. Шунингдек, Буюк Ипак йўлидаги ҳунармандчиликни тиклаш бўйича ишлар олиб борамиз. Агар тарихий меросни, анъаналар ва аҳолисини ҳисобга олсак, бу ерда ҳам вилоят катта салоҳиятга эга. 

Экспортни улғайтириш

– Туркистон вилоятининг бугунги экспорт салоҳияти қандай?

– 2018 йилнинг 11 ойи ичида Туркистон вилоятининг ташқи савдо товар айланмаси 378,0 млн. АҚШ долларини, экспорт – 344,2 млн. АҚШ долларини, импорт эса 33,864 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Вилоятимизда ҳозирги кунда юзга яқин фаол экспортчилар турли йўналишларда фаолият юритмоқдалар. 

30тага яқини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва 25таси саноат маҳсулотларини экспорт қилмоқда.

Жорий йил 2 апрель куни Туркистон вилоятининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғин ўтди. Бош мақсад – Давлат раҳбарининг минтақалар экспорти салоҳиятини ошириш ва “Миллий экспорт стратегияси” дастурида белгиланган топшириқларига мувофиқ, хорижий давлатлар бозорига чиқиш билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этишда экспортчиларга ёрдам бериш. 2019 йилда вилоятда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш харитаси доирасида 14,4 млрд. тенгега 26та лойиҳани очиш режалаштириляпти. Улардан 11таси экспортга йўналтирилган бўлиб, 20 млрд. тенгелик маҳсулотни экспортга чиқариш режаланган. Туркистон вилоятида экспортни ривожлантириш учун катта имконият бор. Чунки жўғрофий жойлашуви бу йўналишни ривожлантиришимизни талаб этади. Мақсадлар белгиланган. Фақат ишлаш керак.

– Мейиржан Иябайули, экспортда ҳар доим муаммолар бўлиб келган. Уларни ҳал этиш ва экспортчилар олдидаги тўсиқларни олиб ташлаш учун қандай чоралар кўрилади?

– Ҳа, сиз ҳақсиз, экспортчилар муаммоларини ҳал этиш муҳим ва биринчи даражали вазифа. “Kazakh Export” ЭСК” ҲЖ, “Аграр кредит корпорацияси” ҲЖ раҳбарлиги билан ҳамкорликда бугунги кунда экспортчилар учун молиялаштириш ва маслаҳатлар бериш масалалари ҳал этилган. Маъмурий масалаларни ҳал этадиган компаниялар ва ташкилотлар аниқланди: “Атамекен” МТП, “Даму” ТРЖ, маҳаллий ижро органлари ва бошқалар. Муаммоларни ҳал этиш механизми қандай? Ҳар бир экспортчи билан алоҳида иш олиб борилади ва муаммолар юзага келса, уларни ҳал қилиш чоралари кўрилади. Экспортчиларни қўллаб-қувватловчи лойиҳавий идора, тезкор созлаш учун Call-марказлар ташкил этишимиз, асосий вазифаси Туркистон вилояти товар ишлаб чиқарувчиларининг экспортга йўналтирилган маҳсулотларини жаҳон бозорига тўсиқсиз чиқишини таъминлайдиган рақамли савдо платформасини йўлга қўйишимиз керак. Ҳаммаси жадал, қўлда бажарилиб тез ҳал этилади. Муаммо борми – тез ва сифатли экспорт учун ҳеч қандай тўғаноқ бўлмаслиги керак.

– Рақамли савдо майдони лойиҳасини амалга оширишдан қандай самара кутиляпти ва кўп функционалли электрон платформанинг афзалликлари нимада?

– Бутун иқтисодиёт амалдаги “Рақамли Қозоғистон” давлат дастури асосида рақамли тартибга ўтаётгани учун кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришда муҳим омил бўладиган “Turkestan Digital Trade” кўп функционалли рақамли савдо майдонини ишга тушришга қарор қилдик. Шу туфайли товарларни сотиш жараёни тезлашиши, бозор нархлари пасайиши ва маҳсулот экспорти ўсиши керак. Рақамли платформа тадбиркорларимизга халқаро бозорларда воситачиларсиз, яъни рақобатбардош нарх таклифлари билан ишлаш имкониятини беради. Буни ўз навбатида ҳам истеъмолчилар бозори, ҳам бизнинг тадбиркорларимиз қўллаб-қувватлашади, албатта, биз ушбу платформани тадбиркорлар ва фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларига қараб ўзгартириб борамиз. Ҳар қандай соҳада, айниқса, тадбиркорлик соҳасида шу каби рақамли технологияларни жорий этиш нафақат амалий, балки иқтисодий фойда келтиришига ишончим комил. Ўйлайманки, вақт ўтиши билан сиз сўзларимнинг исботини кўрасиз.

– Раҳмат, лойиҳаларингизни кузатиб борамиз, сизга ва жамоангизга муваффақият тилайман!

– Раҳмат!

"Казахстанская Правда"дан., 2019-04-26, 20:57 98
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.