26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Дўстона алоқалар янада жонланади

Қозоғистон Республикаси Перзиденти Қасим-Жўмарт Тўқаев жорий йил 14-15 апрель кунлари давлат ташрифи билан Тошкентда бўлди. Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мир­зиёев билан бўлган учрашуви Марказий Осиёдаги икки катта давлат ўртасидаги самарали музокаралардан иборатдир. 

Унда мамлакатлар ўрта­си­даги дўстлик ва яхши қўш­ничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, транспорт, саноат ширкати, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган мин­тақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Ушбу икки давлат муносабатлари яхши қўш­ни­чилик, мустаҳкам дўстлик ва қардошлик ришталарига асос­ланган музокараларда турли соҳалардаги алоқалар, жумладан туризм, маданият, фан ва таълим йўналишларидаги ало­­­қаларни ривожлантириш маса­лалари ҳам кўриб чиқилди. 

2018 йили Қозоғистонда Ўзбе­кистон йили кенг миқёсда ўтка­зилгани, унинг доирасидаги тад­бирлар халқларимиз ўрта­сидаги дўстлик ва қардошлик муносабатларини янада мус­таҳкамлагани айтилди. Мазкур улкан маданий воқеанинг ман­тиқий давоми сифатида бу йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили Қозоғистон Президентининг Ўз­бекистонга давлат ташрифи чоғида тантанали равишда очилди. 

2018 йилда Қозоғистон хал­қи Ассамблеяси ҳамда Ўзбе­кистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мил­лат­лараро муносабатлар ва хо­ри­жий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси ўр­тасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланган. Шу ҳужжат асосида ҳамда Ўзбе­кистонда Қозоғистон йилинниг очилиши муносабати билан Қо­зоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳам­жамияти раиси, Шимкент ша­ҳар ўзбек драма театри ди­рек­тори Икром Ҳошимжонов Тош­кентда бўлиб, ҳамкорликда ба­жариладиган тадбирларни режа­лаштириб келган эди. Ўша учрашув чоғида Ўзбекистон Рес­публикаси маданият вазири Бахтиёр Сай­фуллаев билан келишиб, театр жамосининг Ўзбекистонга гастроль сафа­ри режага киритилган эди. У айнан Тошкентдаги икки дав­лат раҳбарларининг учрашув кунига тўғри келди. Театр жамоасини Ўзбекистон Дав­лат Миллий академик дра­ма театри раҳбарлари кутиб олишди. Томошабинлар ҳукмига ёзувчи, драматург, Қозоғистон Республикаси Давлат мукофоти, М. Шолохов, С. Есенин, Ч. Айт­матов, В. Пикуль номидаги халқаро мукофотлар соҳиби Са­бит Дўсановнинг “Қашқир улиган тун” романи асосида яратилган саҳна асари ҳавола этилди. Уш­бу асарни таниқли ёзувчи ва таржимон Меҳмонқул Исломқулов моҳирлик билан ўзбек тилига ўгирган ва сценарийсини ёзган. Уни ўзбекистонлик та­ниқли ре­жиссёр Сайфиддин Ме­лиев саҳ­­налаштирди, рассом – Са­йидсултон Жаҳонгиров. 

Асар автобиографик ха­рак­­терда бўлиб, унда бир ои­ла фожиаси орқали бугунги жа­­­миятимизнинг иллатлари, ин­сон ҳаётининг энг долзарб му­аммолари реал воқеалар не­гизида очиб берилган. Актёр­ларнинг маҳорати туфайли асар томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинди. 

Премьера сўнгида сўзга чиққан таниқли актёр, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган  артист Гул­­­­­­­­­­­­­чеҳра Иброҳимбековалар қозо­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ғистонлик ҳамкасблари маҳо­ратига юқори баҳо бердилар. “Шундоққина ёни­мизда ажойиб ҳамкасбларимиз бор экан, биз эътиборсиз бўлиб юрган эканмиз. Мен бундан буён ҳамкорликда ишлашни, актёрлар алмашиб, роль ижро этишни, бир саҳ­­­на асарини иккала театр ак­тёрлари биргаликда намойиш этишларини таклиф этаман”, –  деди ўз сў­­­­­зида халқимизнинг ар­доқли санъ­ат­­­­­­­­­­­­­­кори Ёдгор Саъдиев. Ўзбек санъа­тининг бу­гунги кундаги дар­ғалари: СССР халқ артисти Ёқуб Аҳмедов, Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов, Мирза Азизов, Марат Азимовлар ҳам актёрлар маҳоратига юксак баҳо беришди. 

Асар муаллифи Сабит Дў­санов­нинг ташрифини кўпчилик қувонч билан кутиб олди. Ёқуб Аҳмедов Сабит оғага ўзбекнинг зар чо­по­нини кийдирар экан, унга ижо­дий муваффақиятлар тилади. Икром Ҳошимжонов эса театр жамоасига илиқ кутиб олгани учун миннатдорчилик билдириб, сов­ғаларини топ­ширди. Театр ди­ректори, Ўзбе­кистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсу­дов қозоғистонлик санъат­­­­корларга ташрифи учун та­шаккур айтиб, барча актёрларни фахрий ёрлиқлар билан тақ­дирлади. 

Режага биноан театр жа­­моа­си Гулистон шаҳрига от­лан­ди. Меҳмонларни Сир­дарё ви­­лояти ҳокимининг муови­­­­ни Отабек Абдуғаниев,                                                                                 ви­­­­лоят маданият бошқармаси раҳ­­бари Абдуҳамид Холматов  ҳам­­да Гулистон давлат му­си­қали драма театрининг ди­рек­то­ри Равшан Ражабовлар са­мимий кутиб олишди. Асли чим­кентлик, Сирдарё вилоятидаги йирик тадбиркор, сенатор Улуғ­бек Сотиболдиев, Ўктам Рў­зиев меҳмонларни қувонч би­лан қарши олиб, алоҳида эҳ­ти­ром кўрсатдилар ва барча ша­роитларни яратиб бердилар. Спектакль премьерасида Ўзбе­кистон Республикаси қозоқ ма­даният маркази раиси муовини Хамза Қалмуратов, Тошкент ви­­лоят қозоқ маданият мар­­кази раиси Дамир Қалдибаев ва Сир­дарё вилоят қозоқ ма­данияти маркази раиси Кла­ра Фозиловалар иштирок этиб, ўзларининг са­мимий ти­лакларини бил­диришди. 

Кейинги куни Жиззах ви­лоятига бордик. Вилоят ҳо­кими муовини Ботир Тўх­та­­мишов ва вилоят маданият бошқармаси раҳбари Камол Фарҳодов раҳбарлигида му­та­саддилар жамоани қучоқ очиб кутиб олдилар. Карнай- сурнай наволари остида миллий ли­босдаги йигит-қизлар ва театр жамоаси директори Нодира Алимова бошчилигида нон-туз билан пешвоз чиқдилар. Теат­римизнинг ижодий жамоаси жиззахлик ҳамкасблари билан мулоқотда бўлди, тажриба ал­машди, фикрлашди, келажакда ҳамкорлик қилишга келишиб олди ва Қозоғистонга гастроль сафарига таклиф этди.

Янгидан таъмирдан чиқ­­­­­­­қан, ҳашаматли театр зали мухлислар, талабалар, ак­тёрлар билан лиқ тўлди. Ви­лоят ҳокимининг муовини, шаҳар ҳокими Акбар Шукуров ва бошқа мутасаддилар оилалари билан ташриф буюришиб, ўз таассуротларини тўлиб-тошиб гапирдилар, ҳаяжонларини яши­ра олмай, миннатдорчилик  бил­­­­­­­­­дирдилар. Ўзбекистон Респуб­ликаси Маданият вазири Б. Сайфуллаевнинг илтимосига кўра театр жамоаси спектаклни Гагарин шаҳридаги ўзбек-қо­зоқ маданият марказида ҳам намойиш қилди. Бу обод ва гўзал шаҳарчада асосан ўзбек ва қозоқ миллатига мансуб аҳоли дўст ва биродар бўлиб умргузаронлик қилар экан. Улар учун икки тил ҳам она тилларидай бў­либ кетган. Саҳ­на асарини томошабинлар олқишлар би­лан кутиб олишди. Жиззах ви­лояти қозоқ маданият маркази раиси, меҳнат фахрийси Ўтеп Сейдаманов ва маданият маркази уйининг директори Лапас Қар­­­шиевлар театр жамоасига томошабинлар номидан раҳмат­ларини айтдилар.

Навбатдаги ташриф Шарқ­­­­нинг гавҳари бўлган кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига бўлди. Бу гўзал масканда театр жамоасини Самарқанд вилояти ҳокимининг муовини Рустам Қобилов, ви­лоят маданият бош­қармаси раҳбари муовини Ботир Тугалов ва вилоят му­сиқали драма театрининг ди­ректори Камолиддин Қоржовов кутиб олдилар. Улар сафида бизнинг юртимизда бир неча бор меҳмонда бўлган Халқаро Амир Темур фондининг Са­марқанд вилоят бўлими раи­си, прфессор Қўзибой Ма­ма­раимов раҳбарлигида бир гуруҳ ижодкорлар ва олимлар, шу билан бирга таниқли шоира Ўз­бекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобо­муродова, шоира, Зуҳробегим Эшонқулова, Ўзбекистон Ёзув­чилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари, шоир Тошпўлат Тугеловлар ҳам бор эди.

Премьера сўнгида барча мутасаддилар меҳмонларга чин дилдан миннатдорчилик бил­диришиб, эсдалик совғаларини тақдим этдилар. Театр ди­ректори Икром Ҳошимжонов ҳам барча ташриф буюрган масканларнинг раҳбарларига тинчлик ва тотувлик рамзи бўлган Дошқозон макети тас­вирланган совғани армуғон этди ва эҳтиромлари учун ташаккур изҳор қилди. 

Театр ходимлари гўзал Са­марқанднинг қадамжоларини, Ўзбекистоннинг Биринчи Пре­зиденти Ислом Каримов қаб­рини зиёрат қилдилар. Катта таассуротлар, кўтаринки руҳ, ижодий илҳомлар билан қайтган жамоа навбатдаги Қўстанайда бўладиган Миллий театрлар фес­тивалига ҳамда жорий йил­­­нинг июнь ойида бўладиган Қрим­даги Халқаро антик дунё асарлари фестивалига тарад­дудни бошлаб юбордилар.

Биз ҳам театр жамоасининг бундан кейинги фаолиятига ижодий парвозлар тилаймиз, Бу­юк Дашт ўзбеклари обрўси ва мавқеини янада юксакликларга кўтаришга, Ўзбекистонда Қо­зо­ғистон йилининг муваффақиятли ўтишига ўзларининг салмоқли улушини қўшаверишига тилак­дошлик билдирамиз.

Бегмат ТУРДИҚУЛОВ, Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги оқсоқоллар кенгаши раиси, 2019-04-29, 10:46 164
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.