26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қаҳрамонга эҳтиром

Улуғ Ватан урушидаги жасорати учун олий унвонга сазовор бўлган тўрт нафар туркистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамонидан бири – Расул ота Исетовга ўтган йили ҚР Ҳукумати қарори билан унинг номи берилган 20-сонли мактаб ҳовлисидаги ёдгорликнинг очилиш маросими ўтди. Унда мактаб жамоаси, ўқувчилар, қаҳрамоннинг фарзандлари, қариндош-уруғлари билан бирга шаҳарнинг барча зиёлилари фаол иштирок этган эди. Расул Исетов номли мактаб ўқувчилари билим ва таълимда пешқадам. Чунончи, жорий йили февраль ойида вилоят миқёсида ўтказилган Бобурхонлик танловида ушбу мактабнинг иқтидорли ўқувчиси саралар ичида сараланиб, олий ўринга сазовор бўлди. Буюк Ғалабанинг 74 йиллиги нишонланган 9 май куни Расул отанинг кенжа ўғли, тадбиркор, доимий обуначимиз Олимжон Исетов, қаҳрамоннинг невараси Алишер Олимжон ўғли ҳамда эваралари Муҳаммадрасул, Бекзод ва Олмосбеклар ҳамроҳлигида Расул ота номидаги мактабга отландик. Нафақадаги собиқ директор Эргаш Диметов давридан файзли бўлиб келган, манзарали дарахтларга бурканган мактаб ҳовлисига қадам қўйган кишининг дили яйрайди. Саришта ҳовли тўридаги Олимжон Исетов ҳомийлигида бунёд этилган ёдгорлик савлат тўкиб турибди. Ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйиб, ўтганлар руҳи поки учун Қуръон оятлари тиловат қилинди. Сўнгра «Жеңіс» марказий истироҳат боғига йўл олдик. Бу ерда шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан бир неча йил муқаддам тўрт қаҳрамон – Абдулла Усенов, Қурбонбой Ирисбеков, Файзулла Йўлдошев ҳамда Расул Исетовларга ёдгорлик ўрнатилган. “Мардлар исми эл ёдида” мажмуаси – бир неча юз қадамга чўзилган улкан мармар деворга Туркистондан урушга отланган 18 мингдан зиёд аскарнинг исми-шарифи зарҳал ҳарфлар билан битилган. Шу ерда меҳнат ҳамда УВУ фахрийси Абдурашид Шержоновнинг ўғли, чўрноқлик Орифжон Шержоновни ҳам учратдим. Орифжон ака ўтганлар, бугунги осойишта кун учун жанггоҳларда жон берган, ҳур замонни кўриш насиб этмаган собиқ аскарлар руҳи поклари ҳурматига тиловат қилди. Газетамиз саҳифаларида бунга қадар Расул ота Исетов ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилган. 

Хусусан, 2005 йили Расул ота Буюк Ғалабанинг 60 йиллигида Москва шаҳрида Қизил Майдонда ўтган Ғалаба намойишида иштирок этган эди. Фаол обуначимиз Сирожиддин Икром ўғли билан биргаликда Москвадан эндигина келган Расул отани муборакбод этганим ёдимда. Шунга ҳам 14 йилдан ошибди. Расул ота Исетов билан кўп марта учрашиб, суҳбат олганман. У кишининг урушдаги жасоратлари рўй берган асосий манзил – Украина диёридаги душман истеҳкоми – ДОТ. Расул отанинг сафдош аскарларни сақлаб қолиш учун айланиб ўтиб, эмаклаб ДОТга яқинлашгани, унинг туйнугидан граната ташлаб, душман пулемётининг унини ўчиргани, сўнгра бир ўзи бир неча фашистни қурол-яроғлари билан асирга олиб, ҳайдаб келгани шонли тарих. 

Душман уясига дадил ҳамла билан битта ўзи наъра тортиб киргани, унинг важоҳатини, ғалабага бўлган шижоатини кўриб, ваҳимага тушган немис босқинчилари ҳолатини тасаввур қилиш керак. Расул ота кам гапириб, кўп ишлайдиган, чиройли сўздан нақд ишни афзал биладиган инсон эди. Урушда айнан мана шу хислатлари уни қаҳрамон даражасига кўтарди. Йигирма ёшга етмай туриб Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлиш – тинчлик, кейинги авлод осойишталиги учун мустаҳкам эътиқод, шу йўлдаги мардлик мевасидир. 

Мақоламизнинг кириш қисмида қаҳрамон Расул отанинг ўғли, невараси, эваралари номларини бежиз тилга олмадим. Халқимизда авлодлар бирлиги ва давомийлиги деган ибора бор. Қаҳрамоннинг авлоди, невара, эвара, чеваралари карвони туркий халқлар маънавий пойтахти, Туркистон шаҳрида ўсиб, камол топаверсин. 

– Вақт оқар сувга қиёс. Келаси йили Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланади. Мен шу санага бағишлаб қадрли падари бузрукворим Совет Иттифоқи Қаҳрамони Расул Исетов хотирасига бағишланган китоб нашр этишга тайёргарлик ишларини бошлаб юбордим. Асосий мақсад – бугунги осойишта, фаровон ҳаётимиз учун қон тўккан кекса авлодлар мардлигини кейинги авлодга намуна қилиб кўрсатиш, уларда она Ватанга ҳурмат, ватанпарварлик ҳиссини шакллантириш. Насиб этса, келаси йилги Ғалаба байрами – 75 йиллик тантанада ушбу китобнинг тақдимот маросимини кенг жамоатчилик билан биргаликда ўтказамиз, деб ишонаман, – дейди Расул отанинг ўғли Олимжон. 

Ш. МАДАЛИЕВ, 2019-05-16, 11:54 527
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.