26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дардинг олай, болажон!

Ҳурматли таҳририят! 

Қозоғистон Республикасининг собиқ Таълим ва фан вазири Е. Сағадиев республикамизда сўнгги уч йилда 24та бо­ла­лар уйи қисқартирилиб, 122таси қолганини, уларда 7 минг бола тарбияланаётганини айтди. 

Тарихдан маълумки, Улуғ Ватан уруши йилларида бо­лалар уйлари ёпилганлиги учун душман босиб олган ша­ҳарлардан болалар Ўрта Осиёга юборилган. Ана шу йилларда одамлар бир парча нонга зор бўлганлигини, но­чор ва муҳтожликдан қаттиқ азоб чекканлигини, яшаш учун, тирик қолиш учун бор бисотини сотганини ёши улуғ кишилар жуда яхши эслашади. Аммо ўша давр­да ҳам болажон онахону опа-сингилларимиз ўз гўдагини паноҳида сақлаб, уни овунтирган, уйидаги бешигини сотмаган. Чунки, боласининг боласига ҳам ушбу бешик бу­юришини, уни ҳам ана шу бешикда чексиз орзу-ис­таклар билан вояга етказишни ният қилишган. 

 Бу ўлмас қадрият ҳозир ҳам бор, бироқ нега етимлар со­ни озаймаяпти? Улар болалар уйларига қандай ту­шишяпти? Улар етимхоналарда қандай яшашяпти?

 Б. АНОРБЕКОВ.

Ленгер шаҳри.

 

Сиз онам эмасми  – кўзларда савол.

Сиз онам эмасми – сўзларда савол.

Онанг  бўлгим келар, шу дам, болажон, 

Дардинг олгим келар,  шу дам,  болажон.

(Қўшиқдан).

Болалар уйларига ҳозирги кунда бахт­сиз ҳодисалар, касалликлар туфайли бе­­­­­­­вақт оламдан ўтаётган одамларнинг ўғил-қизлари тушяпти. Сўнгги йилларда са­­ратон касаллиги кўпайиб кетди. Ил­гари унга чалинганлар саноқли эди. Қандли диабет, юрак хуружи ҳам одамларнинг ҳаётдан эрта кўз юмишига сабаб бўляп­ти. 

Жаҳон оммавий ахборот воситалари кейинги ўн йилда дунёда содир этилаётган ҳарбий тўқнашувлар натижасида 2 млн.дан зиёд вояга етмаган бола қурбон бўл­ганини, 10 млн.дан зиёд мурғаклар эса турли даражада тан жароҳати олганини таъкидламоқдалар. 

Энг ачинарлиси, ана шундай урушларда энг кўп азият чекканлар инсоният кела­жаги бўлмиш болалар ва аёллардир. Бу ҳам етимлар сонининг ортишига сабаб бўлди.

Элбоши VIII  Фуқаролик форумида Қозо­ғистондаги етимлик масаласини кўтар­ди. «Қозоғистонда болалар уйлари бўлмас­лиги керак», деди.

Таълим ва фан вазири Е. Сағадиев рес­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­пуб­ликамиздаги болалар уйларида  тар­­­­­­­­­­­­­­­­бия­ланаётган 7 минг ўғил-қиз вояга ет­­­­­­­­­­­­­­гач, етим болалар сони икки баравар қис­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­қаришини  айтди. 

Дарҳақиқат, ҳамма даврда ҳам  етим­лик инсон тақдиридаги энг оғир мусибат ҳисобланган. Ҳар бир етимнинг ўз тарихи, ўз тақдири бор. Баъзан моддий мулкимизни ҳимоя қилиш учун бор-будимизни ая­май­­­­­мизу, гап инсон муҳофазаси ҳақида кет­­­­­­ганида "бошини қумга тиқиб олган туя­­қуш"га ўхшаб қоляпмиз. 

Ўнлаб болалар уйларида минглаб но­гирон кичкинтойлар яшаяпти. Улар ора­сида жисмоний камчилиги бор бола­­­­­­­­­­­­­­­лардан таш­қари, руҳий хасталар ҳам бор. Бунга са­баб – ота-оналарнинг ароқхўрлиги, гиёҳвандлиги. Бу болалар бир умр етим­хона­ларда тарбияланишади. 

Ота-онаси йўқ етимлар бу ерда кўп эмас. Ҳар бир боланинг ё отаси, ё онаси бор. Уларнинг кўпчилиги никоҳсиз ту­­ғил­ган, туғуруқхоналарга ташлаб ке­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­тилганлар. Ичкиликка берилиб, ота-она­лик ҳуқуқидан айрилганларнинг фар­занд­лари ҳам бор. Олий ўқув юртига ки­риш осон бўлсин, деб, фарзандини бо­­­­­­­­лалар уйига бир-икки йилга юбора­ёт­ганлар ҳам йўқ эмас. Ча­қа­­­­­­­­­­­лоғини кўчага ташлаб кетаётган аёл­­­­­­­­­­­­­­­­­­­лар ҳам учрайди. Уларни бир неча тои­фага ажратиш мум­кин. Биринчиси – ал­­­­­­­данган қизлар, йи­гитлар «қўғирчоқ» қилиб ўйнаб, ташлаб кетганлар, иккинчиси – фар­зан­дига меҳр беришдан кўра, ёшликда дав­ру-даврон суриб қолишни афзал кўрадиган, ҳою-ҳа­васга берилганлар, учинчиси – ен­гил­так аёл­­­лар бўлиб, улар ҳатто фар­зандининг отаси кимлигини айтиб бера олмайди.

Уларнинг ҳар бири фарзандини таш­лаб кетаётганида тилхат ёзиб қол­диради. Унда ташлаб кетишининг сабаби ҳам кўр­­­сатилади. Алданган талаба қиз­лар бола билан ўқишни давом эттира ол­маслигини важ қилишса, бошқалари мод­дий қийинчиликлар, уй-жой, иш йўқ­ли­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­гини айтишади. Учинчи тоифадаги аёл­­лар эса фарзанд ҳаётини мурак­каб­­­­лаштириб юборишини рўкач қилишади.

Туғуруқхоналарда фарзандидан воз кеч­­ган онага монелик қилинмайди. Аёл­нинг бу иши сир сақланади. Бу қонунда кўзда тутилган. Афсуски, баъзи ёш оналар дав­латимизнинг инсонпарварликни кўзлаб чиқарилган қонунини билмагани учун жи­ноятга қўл уришяпти. Эндигина дунёга келган фарзандининг қотилига айла­ниш­моқда. 

Халқимиз қизларни тарбиялашга катта эътибор қаратади, уларни иффатли, диё­натли ва шарм-ҳаёли, юксак ахлоқли ва покиза бўлиб вояга етказишни олий мақ­­­­­­сад деб билади. Шунинг учун қизнинг зий­­нати калта-култа кийимда, пардоз  бў­­ёқ­ларида, қимматбаҳо телефонлару  иж­­­­­тимоий тармоқлардаги суратлар со­нида эмас, балки қалбининг поклигида, са­­­­­ми­мийлигида, иффату ҳаёсида эканини унут­­­­маслик керак. Ўз қадрини билган қиз­­ни ҳеч ким  “қўғирчоқ” қила олмайди.

1 Мамир қишлоғидаги Болалар уйида тарбияланаётган Элдорнинг бу ерга келиб қолиш сабабини сўрадим.

– Ойим боксга қатнашарди, дадам йў­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ғида уриб, қовурғаларимни синдириб таш­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­лади. Касалхонада бир йил даволаниб чиқ­­­­­­­­­­­қанимдан кейин шу ерга олиб келишди.

– Қиш кунларидан бирида ленгерликлар қўш­­­­­­­­­ниларининг устидан шикоят қилиб ке­­­­­­­­­­­­лишди, – дейди туман ИИБнинг она­­­­­­­­­лар ва бо­лалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бў­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­лими раҳбари Г. Диханбаева. – У аёлнинг эри ишлашга Россияга кетган экан. Ўзи боғча ёшидаги икки қизини қаровсиз таш­лаб, куни бўйи вақтичоғлик қилиб юрар экан. Масалани махсус ко­мис­сия кў­риб чиқиб, 5 ва 6 ёшли қизларни бо­лалар уйига жўнатишга қарор қилди. Қизларни олиб келиш учун борган бало­ғатга етмаган болалар инспекцияси хо­­­­дим­ларининг сочлари тикка бўлди. Қиз­лар юпун кийинган, уй совуқ эди. Онаси қиз­ларининг кийимларини ювиб қўйганини, бошқаси йўқлигини айтди. Ичкиликка бе­­рилиб, қизларига иссиқ кийим ҳам со­тиб олмаган экан-да, деб ўйладик биз. Қўш­ни­ларидан болалар кийимини сўраб олдик. Кетаётганимизда қизларнинг кичиги қў­лига кучукчасини олди. 

– Қизим, биз сайр қилишга кетаёт­га­нимиз йўқ, бу ерга бошқа қайтиб кел­май­­миз, сизлар энди болалар уйида яшай­сизлар, – дедим мен. 

– Йўқ, опа, болалар уйига кета­ётга­нимизни биламан. Лекин кучукчамни таш­лаб кетмайман. Ойим уйдаги ҳамма нар­сани сотиб юборди, ҳатто, бизни кийим­­ларимизни ҳам ароққа алмаштириб келди. Буни ҳам сотиб юборади, – деди у. 

Инспекторларнинг кўзига ёш қалқди. 

Қозоғистонда етим болалар сонини қисқартириш мақсадида «Етимларсиз Қо­зоғистон» давлат дастури жорий этилиб, бир неча йилдан бери фаол амалга оши­рилмоқда. Дастур сайтида етим бола  асраб олиш қийинлиги, баъзи болалар уй­лари раҳбарлари уларни оилаларга бе­риш­га тиш-тирноғи билан қаршилик қи­ла­ётгани ёзилган. «Хайрия» ижтимоий жамғармаси волонтёри Ю. Юрин бир неча бо­лалар уйига бориб, бунга амин бўлган. 

– Вилоят газетасида «Оилада яшашни ис­тайман», номли мақола чиқиб, унда етим болаларнинг фотосурати чиққан эди, – дейди у. – Бир оила ҳужжатларни тў­­­ғирлаб, олишга борса, директор «бу бо­­ла оққон касаллиги билан оғрийди, олиш мум­­­­­­кин эмас, умуман, бизнинг болалар уйи­­­­­­­мизда соғлом бола йўқ», деб қайтариб юбо­­­рибди. Мутасадди ташкилотлар ёрда­ми­да болани олишди. Тиббий кўрикдан ўт­­казишган эди, соппа-соғ бўлиб чиқди.

– Сизнингча, нима сабабдан бундай қи­лишди?

– Гап молиялаштиришда, – деди у. – Бо­лалар уйларига йилига 12 миллиард тенге ажратилади. Бола сони камайса, маб­лағ ҳам камаяди. Бу пулни қўлдан чиқар­маслик учун улар биз каби жамоатчилар билан очиқдан-очиқ курашишга  тайёр. 

Ушбу масала юзасидан «Улағатты жануя» ижтимоий жамғармаси президенти М. Гуринанинг фикри билан қизиқдик. 

– Юрий ҳақ, – деди у. – Болалар уйидаги ҳар бир болага давлат ой сайин 300 минг тенге ажратади. Бундан ташқари, ҳо­мийлар ҳам пулини аяшмайди. Шунинг учун болалар уйининг кўпайишидан ман­фаат­­­дор одамлар ҳам йўқ эмас. 

– Болаларни оилаларга беришга қар­шиликлар ҳам бўлаётган экан...

– Бу гап ҳам рост. Болалар уйида бун­дай ҳоллар кўп учраяпти. Муассаса раҳ­барлари ҳар бир болага бир неча ка­сал­ликларни ўйлаб топишяпти. Бир бо­ланинг «тутқаноғи» бўлса, иккинчиси «ОИТС»га чалинган. Болалар оилаларга бе­­рилиб, тиббий кўрикдан ўтказилгач, соп­­па-соғ экани аниқланяпти. 

Таъкидлаш жоизки, оилаларга бериш учун болаларнинг розилиги керак. Муас­саса раҳбарлари «оилаларга боришга ро­зи бўлманглар. сизларни у ерда ҳар ку­ни калтаклашади, эртадан кечгача иш­ла­тишади», деб болаларнинг қулоғига  қу­йиб қўйишганини ҳам аниқладик. 

– Бунинг олдини олиш мумкинми?

– Муаммони ОАВда кўтариш мумкин, холос. Қонун доирасида ҳеч нарса қила ол­маймиз. «Уйга йўл» дастурини ишлаб чиқдик. 7 йил давомида 400 болани ои­ла­ларга қайтардик. Кейин маблағ топил­май, лойиҳа тўхтатилди. 

– Мен вилоятдаги барча болалар уй­ларига бориб, бепул сайт очиб беришимни айтдим, – дейди «Сайрам – Угом» жамоат бирлашмаси раиси А. Абдешов. – Ҳеч би­ри кўнмади. Кейин билсам, уларнинг раҳ­­­­­­­­­­­­барлари болаларнинг муассасада қол­га­нидан манфаатдор экан.

Шоирнинг қуйидаги сатрлари қалб­лар­ни яна тирнайди:

Кечир, янгиладим ярангни, қўзим,

Бошқа кутма  онангни, қўзим, 

Онанг бўлгим келар, йиғлама, гўдак!

Дардинг олгим келар, йиғлама, гўдак.   

Баҳорой ДЎСМАТОВА, 2019-05-21, 11:48 592
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.