26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Фариштасиз хонадон

Жайронанинг яккаю-ягона қизининг бахти кулмади-да! Унинг бутун хаёли шу қизида бўлиб қолди. На ётишда, на юришда, на туришда, ҳаттоки ейишда ҳам ҳаловат йўқ энди. Тунлари мижжа қоқмас, ўтириб олиб, ўзи билан ўзи гаплашарди:

– Қизингни сендан ортиқ боқсам боқаман, кам боқмайман, деб катта-катта ваъдалар бериб, энди хўрлагани нимаси? Одамлар нега шунчалик тошбағир бўлиб кетишган? Эй, Тангрим, кўз ёшларимни кўл қилма! Уларнинг қалбига ўзинг меҳр-оқибат уруғини соч!

– Жайрона, ўзинг билан гаплашадиган бўлиб қолганмисан? Бунақада ақли-ҳушингдан ажралишинг ҳеч гап эмас. Ёмон нарсаларни миянгдан чиқариб ташлада, ухлаб, озгина дамингни ол! – деди эри Жайхун йиғидан кўзлари қизариб кетган хотинига кўз қирини ташлаб.

– Дадаси, виждоним қийналяпти. Фариштадай қизимни мен қандай жойларга раво кўрдим? Фарзандимнинг умрига мен зомин бўлдим. Нуридийдам, қаро кўзимнинг бахтини тилаб узатгандим, дуо қилиб кузатгандим, бахти қаро бўлишини билмагандим, – Жайрона пиқиллаб йиғлай бошлади.

– Буларни қариндошим, ўзимнинг синглим, амакимнинг қизи, дединг. Сенинг кўнглинга қараб, хато қилдим. Бундай ифлос қариндошдан бегона минг маротаба яхшироқ эди, – деди эри.

Жайхуннинг ҳам уйқуси ўчиб, ўтириб олди. Улар тўйдан бир кун олдин қизи Лобар билан бўлган суҳбатни эслашди: 

– Асал қизим! – деганди Жайрона. – Шу кунгача чизган чизиғимдан чиқмадинг. Сендан Оллоҳ рози бўлсин! Қизалоғим менинг! Оққуш мисоли парвозларга шайланяпсан, султонинга малика бўлиб сайланяпсан. Босган қадаминг нурларга, дурларга тўлиқ бўлсин! Кўзинг ёшли, кўнглинг ғамли бўлмасин! Тангрим бир-биридан ширин оқилу фозил фарзандлар ато этсин! Борган ерингни гуллатиб-яшнатишинга ишонаман. Она қизим, қайнона, қайнотанг хизматини астойдил қилсанг, ўзинг учун жаннатнинг эшигини очган бўласан! Уйдагидай эрта туриб, ҳовлиларни супурсанг, шу ерга Оллоҳнинг нури ёғилади, насибанг бут бўлади.

– Ойи, нимагадир қўрқяпман. Гулсара опа тўғри айтяпти. Қуёвингиз келинойиси билан қитиқлашиб ўйнашаркан, беҳаё гапларни тап-тортмай гаплашаркан менга телефон қилиб, эшитсин, шунга ўргансин қабилида, тўйдан кейин ҳам муносабатимизни ўзгартирмаймиз, деди куёвингиз. Ҳар иккаласида заррача иймон, виждон йўқ. Ориятсиз инсон билан қандоқ яшайман? Жон онам, мени оловларга ташламанг. Яна бир маротаба ўйланиб кўринг. Эҳтимол йўлимдан ориятли, диёнатли инсон чиқиб қолар. Куёвингиз билан тарбияларимиз бошқача, иккимиз икки қутбмиз, – Лобарнинг кўз ёшлари юзини ювиб туша бошлади. 

Жайронанинг юрак иплари бир-бир сўкилди. У икки ўт орасида ёнарди. Тўйга одамлар айтилган, ҳамма нарса тайёр эди.

Гарчи, Гулсара опанинг гапларига, қизининг фикри ҳақиқатлигига ишонсада, қудаси Тошгулни чақириб, унинг олдидан ўтди:

– Синглим, оилангдаги аҳвол, вазият сенга кундай равшан. Менга ҳақиқатни айт. Катта келининг ўзингнинг қариндошинг экан. Бизнинг куёв бола билан келининг ўртасида бўлмағур муносабатлар кузатилармиш. Бу нарсаларга чек қўя оласанми? 

– Ундай деманг, биз тарбияли оила эгаларимиз. Ортиқча гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Сиз билан телефонда гаплашганимиздан кейин ҳар иккаласини ўртага олиб, насиҳат қилдик, дадаси иккимиз. Келиним, энди қайним билан ҳазиллашишга ҳам бўлмайдими, деб силкиниб қолди. Катта ўғлим сафарга кетганида, келиним олдида шу ўғлим, куёвингиз Мирзо ётарди. Уйланса, кичкина ўғлим қўриқлайди-да, келинойисини, – деди Тошгул.

Қудаси бу гапи билан Жайронанинг юрагига ханжар ургандай бўлди. “Балиқ бошидан чирийди”, деб шунга айтишса керакда. Мирзо-ку, ҳали ёш, йўлга тушиб кетар. Балонинг бари онаси-да эканда.

– Тошгул, тушунмадим, келининг ётоқхонасига қандай қилиб Мирзони киргизиб қўйяпсан? Адашмасам, улар тенгдош-а?

– Вой, нима қилибди, – деди Тошгул лабини бурганича. 

– Синглим, Қуръонни, Ал-Бухорийнинг Ҳадисларини ўқиб чиқсанг, ўзингнинг қандай гуноҳ ишга қўл урганингни тушуниб етган бўлардинг. Эркак билан аёл ёлғиз қолган жойда шайтон аралашади, синглим, – деди Жайрона кўзлари ёшланиб.

– Ҳа, хўп, хўп. Энди қизингизни уйимга олиб боргунча, нима десангиз, барига кўнамизда. 

Тошгулнинг бу гапи Жайронани лолу ҳайрон қолдирганди.

– Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди, энди ухлайлик, – деди Жайхун ўрнига чўзилар экан.

– Сиз ухлайверинг, мен мижжа қоқолмайман. Киприкларимдаги найза юрак-бағримни тилса, қандоқ ухлайман? – яна кўз ёшига зўр берди. 

Шу кун эр-хотин кўз илишмади. Олдинда бундай дилга ўт ёқувчи азобли кунларнинг қаторлашиб турганини улар билишмасди.

***

Мирзо билан Тошгул суҳбатлашиб ўтиришган эди.

– Телефон тутмасин, пардоз қилмасин, айт хотининга. Унинг қош-қовоғига қараб, эркалатворма. Уйига 5-6 ойда бир борсин. Айтганингни қилдириб ўргат, қилмаса, ур, сўк, – Тошгул ҳеч иккиланмай фарзандининг онгини заҳарлаётган эди. 

Даҳлизда таом кўтариб кириб келаётган келинчак кириш-кирмаслигини билмай туриб қолди. Сўнгра, ҳеч нарса эшитмагандай, кириб борди. Овқатни хонтахта устига қўйиб, ёқимли иштаҳа тилаб, ортга қайтган Лобарни куёви тўхтатди ва онасининг гапларини тўтиқушдай такрорлади. Келинчак бошини эгганча эшитди, сўнг:

– Тўйдан олдин қандай ваъдалар берган эдингиз? – деб савол қўйди.

– Йигит киши айтади ҳам, қайтади ҳам, – деди Мирзо.

Шахт билан ўрнидан тураркан, аёлига телефонингни бер, дегандай қўлини чўзди, Лобар узатган телефонни олиб, деворга отди. У чил-чил бўлди. Мирзо стулни бир тепиб қулатди-да, эшикни тарс ёпиб, ташқарига йўналди.

Онанинг кўнгли тўлди. У пиёлани ўгириб-ўгириб, мийиғида кулганича чойини ича бошлади. Бу жанжаллар кундан-кунга авж олиб, келинчакнинг юрак-бағрини қонларга тўлдириб юборди. Гарчи Мирзонинг аёлида кўнгли бўлсада, онасининг чизган чизиғидан чиқолмас, ўзининг мустақил фикри йўқ эди. 

Шундай кунларнинг бирида Лобар ҳомиладор бўлди. Мирзонинг муносабати ҳам илиқлашгандай эди. Ўзи сезмаган ҳолда келиннинг ҳам юрагига ишқ меҳмон бўлди, эрига нисбатан қалбида меҳр-муҳаббат уйғонди. Аммо уларнинг тотувлиги узоққа чўзилмади. Тошгул уларнинг ошига оғу солди. 

Мирзо аламини ичкиликдан олди. Суюқоёқ аёларга илакишиб, уйига камнамо бўлиб қолди. Ўз онаси ўғлининг бахтини кўролмай, унинг ҳаётини издан чиқарди. Кунлар шу тариқа зувиллаб ўтаверди. Лобар сабр билан келинлик вазифасини адо этаверди. Овсини эгилиб, чўп олмас, ҳатто ўзи овқат ичган идишини ювиб қўйишни хаёлига ҳам келтирмасди. Қайнона эса, каттасини қарқара қилар, кичигига эса кун бермасди. Лобарнинг ҳолига озгина ачинадиган инсон, бу қайнотаси эди. 

– Тошгул, тарозини тенг ушла. Ҳар бир қилган ишимиз учун Худо олдида жавоб берамиз, буни унутма, – дер, бунинг учун хотинидан яхшигина дашном эшитарди.

– Яхши гапириб, уни ҳаддидан ошираверманг! Келинми, ўз ўрнини билсин, – дерди жеркиб.

– Яхши гапирсанг, келинга хушомад қилган бўласанми, ақли калта хотин. Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака қочади. Ёшларнинг орасига совуқлик солаверма, бунинг оқибати яхши бўлмайди, – дерди Азизбек ота эзилган кўйи. 

– Менга ақл ўргатма, – Тошгул эрини сенсираганича бақира кетарди. 

Бу аёл ақлини жиловлай олмас, оғзидан боди кириб, шоди чиқар эди. Янги келин бу жанжаллардан кейин шумшайиб қолар, уйда ўзини ортиқчадек ҳис қиларди.

Ахийри Азизбек отанинг юраги дош беролмади, қон босими кўтарилиб кетди. Ўлимидан олдин, хотинига айтган гапи шу бўлди: 

– Сут билан кирган жон билан чиқарканда. Сен билан йиллар давомида курашиб, йўлга сололмадим. Хотин бўлиб, бирор марта ҳурматимни жойига қўймадинг. Мен-ку, майли, фарзандларимнинг ҳам умрига зомин бўлдинг. 

Одамлар йиғилганида Тошгулнинг фиғону ноласи оламни бузди. Яқинлари унга ачиниб, овутишга ҳаракат қилар, унинг тилининг тагида тили борлиги етти ухлаб ҳам ҳеч кимнинг тушига кирмас эди. Қайнонасининг турланишидан Лобар ҳайрону лол эди. 

Азизбек отани сўнги манзилга кузатишда катта-ю кичик иштирок этди. Барчанинг қулоғи остида, Тошгулнинг “шунқоримни бермайман, икки-уч кун ёнимда қолсин, видолашиб олай”, деган сўзлари жаранглаб турди. 

Тошгул эл кўзида яхши аёл тимсолини яратди. Қодир Эгамнинг кўргувчилигини, дилозорлигининг жавоби борлигини у буткул унутган эди.

Бир-бирига ўрганиб, диллари дилига пайванд бўлган икки ёшни Тошгул ажратиб тинди. Кўзлари мунчоқдай невараси ҳам унинг кўнглини юмшата олмади. Ўғли Лобарнинг ортидан югуриб кетмасин, деб дарров боши очиқ аёл излай бошлади. Топиб, уйлантирди ҳам. Лекин бу келин нақ аждарҳонинг ўзи эди. Йиллар ўтган сайин Тошгулнинг соғлиги ёмонлашаверди. Келини эса унга бир пиёла сув бермай, итдай хор қилди:

– Чолингнинг олдига қачон кетасан, ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим, – деб, кичик келин жавраса, "бу кунингдан баттар бўл", дерди катта келини. 

Қилмиш – қидирмиш, деб шунга айтсалар керак-да. Ҳатто, севимли келини ҳам ундан юз ўгирган эди. Тошгулнинг қолган умри хору-зорликда ўтди. 

 

 

Нигора СУЛТОНМУРОДОВА, “Шуъла” ижодий уюшмасининг аъзоси., 2017-06-09, 19:37 175
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.