26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Аброр Фатҳуллаев: ''Ниятимиз – дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш''

Хабарингиз бўлса, шу йил бошида Алмати шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги Бош консулхонаси очилиб, Аброр Фатҳуллаев Бош консул этиб тайинланган эди. Мавридини топиб, Бош консулга миллатдошларимизни қизиқтираётган бир қанча саволлар билан мурожаат қилдик.

– Аброр Жаҳонгирович, консуллик фаолияти ҳақида қисқача маълумот берсангиз, унинг вазифалари нималардан иборат? 

– Жорий йилнинг 1 январидан Алмати шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси ўз фаолиятини бошлади. 

Консуллик идораси олдида турган энг биринчи вазифа, консуллик ваколати доирасида (Алмати ва Шимкент шаҳарлари, Алмати, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил, Қизилўрда вилоятларида) Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий шахслари ва фуқароларининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. 

Бош консулхонамиз олдида турган асосий вазифалар қаторига, шунингдек, қардош Қозоғистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги стратегик шерикчилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз орасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш, иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданий ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш каби масалалар ҳам киради. 

Ушбу вазифалар Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий дўстлик, биродарлик ва яхши қўшничилик алоқалари, халқларимизни чамбарчас боғлаган умумий илдизларимиз, муштарак тарихимиз ва манфаатларимиз билан белгиланади. 

– Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида кўзда тутилган режалар ҳақида сўзлаб берсангиз. 

– Ўтган, 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили нақадар сермазмун ва қизиқарли ўтганига ҳаммамиз гувоҳ бўлдик. 

Жорий йилнинг 15 апрелида Қозоғистон Республикаси Президенти муҳтарам Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистонда Қозоғистон йили тантанали равишда очилди. 

Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад қардош мамлакатларимиз ўртасидаги азалий яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлаш, халқларимиз ўртасидаги абадий ва самимий дўстлик, маданий ва маънавий алоқаларни бунданда кучайтиришдир. 

Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида иқтисодиёт, тадбиркорлик, санъат ва илм-фан соҳаларида қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. 

Уларнинг амалий татбиғи сифатида Шимкент шаҳар ўзбек драма театри жамоаси апрель ойида Тошкент, Гулистон, Гагарин, Жиззах ва Самарқанд шаҳарларида гастролларда бўлиб қайтди. Куни кеча эса Жиззах вилояти мусиқали драма театри, Самарқанд вилояти мусиқали драма театрларининг Туркистон вилоятига ижодий сафарлари бўлиб ўтди. 

– Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларнинг истиқболи қандай бўлади, сизнингча?

– Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. 

Қозоғистон Республикаси Президенти Қ.Тўқаевнинг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи якунига кўра, 360 млн. АҚШ доллари қийматига эга савдо-сотиқ ва сармояга оид шартномалар имзоланди. 

2018 йил натижасига кўра иккитомонлама товар айланмаси 3 млрд. АҚШ долларидан ошиб кетди(+ 50%). 

Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо айланмасини 2020 йилгача 5 млрд. АҚШ долларига етказиш учун барча имкониятлар мавжуд. Шу мақсадга эришиш учун бугунги кунда акциз сиёсатини янада либераллаштиириш, чегараолди савдосини ривожлантириш, транспорт логистикасини мукаммаллаштириш, чегара пунктларининг ўтказувчанлик имкониятини кенгайтириш, савдо уйларини очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган сармоявий лойиҳаларда бир қатор қозоғистонлик ишбилармонлар ҳам иштирок этмоқдалар. 

Қозоғистонда ўзбек сармоялари иштирокида 942та корхона фаолият кўрсатмоқда, қўшма корхоналарнинг сони эса 400дан ошиб кетди. 

Бош консулхона ўз фаолиятида бундан кейин ҳам мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган барча ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди, икки давлат ишбилармонлари, вилоят ва туманлари орасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун барча зарур чораларни кўради. 

– Сайёҳлик соҳасида кўламдор режалар йўлга қўйилмоқда. Бу борада келгусида қандай ишлар амалга оширилади? 

– Бугунги кунда ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий тараққиётида туризмнинг аҳамияти ошиб бормоқда. Жорий йилнинг бошида Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинди. 2025 йилгача мамлакат ялпи ички маҳсулотида туризм улушини 5 фоизгача кўтариш, хориждан келаётган туристлар сонини 9 миллионга етказиш каби вазифалар қўйилган. 

Халқларимиз орасидаги яқин маърифий ва маданий алоқалар, мамлакатларимизнинг бой тарихий мероси ва туристик салоҳияти иккитомонлама туризмни янада ривожлантиришга мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. 

Фуқароларимизнинг ўзаро бориш-келишлари йил сайин ўсаётганлигидан биз бағоят хурсандмиз. Ўтган йили Ўзбекистонга сафар билан борган қозоғистонлик фуқароларнинг сони 2,4 млн. (+35%) дан ошиб кетди, ва уларнинг аксарияти Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Нурота шаҳарларида жойлашган тарихий обидаларни, алалхусус Тўле бий ва Айтеке бий мақбараларини зиёрат қилди. 

Туркистон ва Ўтрорга, Хожа Аҳмад Яссавий ва Арслонбоб мақбараларини зиёрат қилиш мақсадида келаётган ўзбекистонликлар сони ҳам йилдан йилга ўсиб бормоқда. 

Халқларимиз орасида ўзаро борди-келдини янада кучайтириш, туристик алмашинувларни кенгайтириш, хорижлик сайёҳлар учун бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ва Қозоғистонга борадиган сафарларни ташкил этишни рағбатлантириш бизнинг асосий вазифаларимиздан биридир. 

– Олий ва ўрта таълим ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган қандай лойиҳалар мавжуд? 

– Мамлакатларимиз олий ўқув юртлари ўртасида ўқитувчи ва талабалар, ўқув-методик қўлланмалар алмашинуви масаласида тўғридан тўғри алоқалар ўрнатилган. Замон талабларидан келиб чиқиб, инновациялар, экология, яшил технологиялар, глобал рақамлаштириш каби соҳаларда олий ўқув юртлариаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш керак. 

Бугунги кунда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан Жанубий Қозоғистон педагогика университети (ҳозир – Буюк Ипак йўли) ўртасида ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш масаласида катта амалий ишлар олиб борилмоқда. 

Бош консулхона кўмагида Туркистон вилояти Сайрам туманидаги А. Исмоилов номли касб-ҳунар коллежининг Тошкент шаҳрида жойлашган қатор касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда. 

Бугун Қозоғистон олий таълим муассасаларида 10 мингга яқин ўзбекистонлик ёшлар таълим олмоқда. Уларнинг аксарият қисми асосан Шимкент ва Алмати шаҳарларида жойлашган олий ўқув юртларида таҳсил кўрмоқдалар. Ушбу йигит-қизларнинг ўқиши, яшаш шароитлари, олий ўқув даргоҳини тамомлагач, иш билан таъминланиши каби масалалар Бош консулхонанинг диққат марказида. Учрашувлар чоғида талабалар томонидан кўтарилган масалалар: Қозоғистон олий таълим муассасалари дипломларининг Ўзбекистонда тан олиниши, талабаларнинг Ўзбекистондаги ўрта махсус ўқув юртларини битирганликларини тасдиқлаш бўйича ҳар икки давлат мутасадди ташкилотлари билан иш олиб борилмоқда. 

– Миграция масалалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Қозоғистонда турли қийинчиликларга, бахтсиз ҳодисаларга учраб қолиш ҳоллари бўйича нима дея оласиз?

– Чегараларимизнинг шаффофлиги, мамлакатларимизга кириб-чиқиш учун виза талаб қилинмаслиги, интенсив равишда ривожланаётган савдо-иқтисодий, илмий ва маданий алоқаларимиз, қолаверса, қариндошчилик ришталари табиий равишда фуқароларимизнинг ўзаро борди-келдиси кучайишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Қозоғистон томонининг расмий маълумотларига кўра, 2018 йили мамлакатга 4,3 млн. Ўзбекистон Республикаси фуқароси туризм мақсадида кириб келган(+51,3%). 

Афсуски, бу катта оқим ичида айрим нопок инсонларнинг таъсирига тушиб қолиб, мамлакатда бўлиш ва меҳнат қилиш қоидаларини бузиб, оғир аҳволга тушиб қоладиган фуқароларимиз ҳам учраб туради. Бош консулхона томонидан, шундай ҳоллар аниқланган тақдирда, зудлик билан Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ноқонуний равишда фаолият юритаётган “иш берувчилар” ва “воситачилар” тўғрисида маълумот берилади, нолегал ҳолатга тушиб қолган фуқароларимизга ёрдам бериш ва уларни Ватанга қайтариш учун зарур чоралар кўрилади. 

Қозоғистон Республикаси Президенти Қ. Тўқаевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Ноқонуний миграцияга қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида” Ҳукуматлараро шартномаларнинг имзоланиши юқорида кўрсатилган салбий ҳолатларга чек қўйиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. 

Бугунги кунда Қозоғистон худудида оғир аҳволга тушиб қолган, фавқулодда ҳолатлар, йўл-транспорт ҳодисалари натижасида жабрланган фуқароларимизга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Нур-Султан шаҳрида Элчихонамиз, Алмати шаҳрида Бош консулхонамиз фаолият кўрсатмоқда, Ақтау шаҳрида ҳам Бош консулхона очилиш арафасида. Яқин орада Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам консуллик идораларимизнинг очилиши режалаштирилмоқда. 

– Муборак Рамазон ойида “Жанубий Қозоғистон” газетхонларига тилакларингиз. 

– Рамазон ойининг фазилати бошқача, баракаси ўзгача. Рамазон ойида  яхши ва эзгу тилаклар, ниятлар доим ижобат бўлади, дейишади. Фурсатдан фойдаланиб, “Жанубий Қозоғистон”нинг барча газетхонларини ушбу муборак шарофатли кунлар билан чин кўнглимдан табриклайман. Юртларимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлиги янада зиёда бўлсин! Фазилатли Рамазон ойи шарофати билан бошлаган барча ишларимиз ва ташаббусларимиз муваффақиятли амалга ошсин, тинчлигимиз абадий ва осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин.

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

Алишер СОТВОЛДИЕВ, 2019-05-27, 19:41 109
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.