26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Олтин кўприк

Қозоқ ва ўзбек адабиётларининг “Олтин кўприги” номини олган атоқли ўзбек адиби Носир Фозилов ҳаёт бўлганида 1 июнь куни 90 ёшини қаршилаган бўларди. Қуйида ёзувчининг 90 йиллиги муносабати билан жорий йил 27 май куни Туркистон шаҳрида ўтган тадбирда иштирок этган адибнинг умр йўлдоши Муборак Фозилованинг нутқини эълон қилмоқдамиз.

–  Ассалому алайкум азиз ва муҳтарам оға-инилар, опа-сингиллар, қариндошлар!

Қадрдонлар, Носир ота Фозиловга эҳтиром, ҳурмат ва эъзоз кўрсатиб, у кишини ёд этиб, руҳларини шод этиб, ушбу анжуманни уюштирган ташкилотчиларга, самимий дил сўзларини изҳор этган садоқатли дўсту ёр, шогирдларга, устозга меҳр-муҳаббат билдириб, ушбу анжуманга ташриф буюрган барча азиз инсонларга чин юракдан миннатдорчилик билдираман. 

Мен ҳозир Носир ота худди орамизда ўтиргандай, қизиқ-қизиқ гапларни ўзлари айтиб бераётгандай ҳис қилдим ўзимни. Сизлардай садоқатли шогирдлари бор экан устоз ўлмаганлар. Ҳаммангларга соғлик-омонлик, бахту саодат, оилавий хотиржамлик тилайман. Яна бир бор катта раҳмат!

Умр йўлдошим Носир Фозилов ҳақида гапириш мен учун жуда оғир. 

Бешафқат ўлим мени суянган тоғим, ишонган боғим бўлган улуғ инсондан жудо қилди. Оиламнинг устунидан айрилдим. Йўқлаб келадиган дўсту ёр, шогирдларнинг қадами узилиб, уйимиз ҳувиллаб қолди. Энди гаплашай десам, суҳбатдошим, сўрай десам сўровчим, маслаҳатлашай десам маслаҳатгўйим йўқ. Яшашдан маъно қолмагандек эди. Баъзан хўрлигим келиб, ўксиб-ўксиб йиғлаб оламан. Аммо тақдирнинг ҳукмига кўнмай илож қанча. Ахир мен ҳали у кишининг васиятларини бажаришим керак-ку, деб ўзимга тасалли бераман... 

Биз стационарда даволанаётган эдик. Анча мазалари йўқ эди. Шифокорлар обдон текшириб, “жигар обцесси” деб ташҳис қўйишди. Тезроқ операция қилдирмасанглар, бўлмайди, дейишди.

У киши доно одам эдилар. Кўнгиллари сездими, стационардан чиқишимиздан бир кун олдин, кечки пайт мени ёнларига чақирдилар.

– Муборак, – дедилар, – сизга айтадиган гап бор. Юрагим орқамга тортиб кетди. – Биз сиз билан жуда яхши яшадик. Ҳамма ишни бамаслаҳат қилдик. Сиз менга ижодимда кўмакдош, қўшқанот бўлдингиз. Мени йўқлаб келган ёру дўстларни, шогирдларни очиқ чеҳра билан кутиб олдингиз. Меҳмон қилдингиз. Сизга катта раҳмат! Мен оқсоқол бўлдим, сиз онахон бўлдингиз. Қўлимдан келганича ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Бундан хурсандман, – дедилар. 

– Ёшлик қилиб, қачонлардир хато қилган бўлсам, ранжитган бўлсам, кечиринг, – деб йиғлаб юбордим.

– Ҳечқиси йўқ, ёшликда бўлади, – деб мени юпатдилар. – Энди сизга айтадиган гапим шуки, мен бутун умр адабиётга хизмат қилдим, халқлар дўстлигига хизмат қилдим... Операцияга борамиз, деяпсиз, агар бирор кор-ҳол бўлса, мени устозларим ёнига, Чиғатойга қўйишсин, дедилар.

Кейин оилавий масалалар ҳақида гапирдилар. 

– Энди ижодий ишлар сизга. 5 томлик асарларим чиқса дейман. Бу томликларни ўзингиз тайёрлайсиз. – Кейин яна қўшиб қўйдилар. – Хафа бўлманг, мен сиз билан рози-ризолик тилашаётганим йўқ. Энди... ҳар ҳолда, айтиб қўяй деяпман-да...

– Ундай деманг, Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, – дея далда бердим мен.

Ўша куни алламаҳалгача гаплашиб ўтирдик. Ҳаётимиздаги яхши кунларни эслашдик. Яхши кунларга умид қилдик. 

Афсуски, тақдирнинг ҳукми бошқача бўлди. Оллоҳ ўзига азизу мукаррам қилиб ҳузурига чорлади. 

Мана, энди у киши йўқлар. Йўқлар дейишга тилим бормайди. Носир ота ҳамиша биз билан биргалар, қалбимиздалар.

Ёзувчини йўқ деб бўлмайди. У оламдан ўтган бўлса-да, асарлари кейинги авлодлар билан яшайверади, дейишади-ку. Илоҳим, шундай бўлсин!

Шукрлар бўлсинким, у кишининг китоблари ҳамон нашр этилиб турибди. Яқинда “Носир Фозилов замондошлари хотирасида” номли китобни тайёрлаб, нашриётга топширдик. Самимий дил сўзларини ёзиб, хотира китобининг файзига файз қўшган барча азизларга миннатдорчилик билдираман. 

Яна энг сара асарлари жамланган салмоқли “Сайланма” китоблари нашрга тайёрланмоқда. Бу китоблар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” жамғармаси ҳисобидан чоп этилади. Бунинг учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбариятига ва ходимларига чин дилдан ташаккур айтаман. 

Бундан ташқари, яна тўртта китоблари турли нашриётларда нашрга 

тайёрланмоқда. 

Носир Фозиловдан бой адабий мерос қолди. Худо умр берса, бу адабий меросдан китобхонларни баҳраманд этиш, у кишининг васиятларини бажариш учун имконим борича ҳаракат қиламан.

Биз учун энди чироқларини ёқиб ўтириш, орқаларидан бир калима Қуръон сураларини тиловат қилиб, бағишлаш, дуолар қилиш ҳам қарз, ҳам фарздир... 

Биз Сизни соғиндик, азизим!

Невараларингиз ҳам Сизни соғиниб, ҳар куни дастурхон устида: “Бобомни Худо раҳмат қилсин, жойлари жаннатда бўлсин”, деб дуо қилишади. “Ихлос” сурасини ўқиб, Сизга бағишлашади.

Қабрингиз Қуръон нурларига тўлсин! 

Жойингиз жаннатда бўлсин! 

Барҳаёт руҳингиз ҳаммамизни қўлласин! Аллоҳ ёру мададкор бўлсин!

Муборак ФОЗИЛОВА. Тошкент, 2019-05-29, 18:30 951
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.