26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қалби тоза, дили пок инсон

Мен бу йигитни кўпдан бери биламан. 90-йилларда қиш­лоқда ўтадиган ҳар бир тўй-ҳашамда мусиқа асбоблари билан  хизмат қиладиган Тўймуродни кўпчилик яхши танир, ўта камтарлиги, хушмуомалалиги учун ҳам жуда ҳурмат  қиларди. Замона зайли билан кейинчалик мусиқа асбоблари кўмагида тўй-маъракаларни ўтказиш урфдан қолди. Аммо тўйларга  санъаткорларни чақириш қийин пайтларда арзон-гаровга  хиз­мат қилиб, кўпчиликнинг дуосини олган бу санъатсевар йигит­нинг обрў-эътибори ошса ошдики, асло камаймади.

Гапнинг рости, авваллари Тўймуродни фақат санъатга меҳр қўйган бир инсон сифатида билардим. Маълум бўлишича, ноги­ронлигига қарамай, соғлом турмуш тар­зига қатъий амал қиладиган моҳир спорт­чи ҳам экан. Яқинда 50 ёшга тўлиши муно­сабати билан Кўлкентда уюштирилган катта  тадбир баҳона  у билан суҳбатлашиб, мен билмаган  бошқа инсоний фазилатларга эга эканига иқрор бўлдим. Гурунг асносида Тўймурод уйида мўъжазгина музейи борлигини, имкон бўлса, бориб кўришимни сўранди. 

Ниҳоят, келишилган кунида қишлоқ  гу­зарига яқин жойлашган файзли хона­до­нига кириб бордим. Уй-ҳовли, гарчи ян­ги бўлмасада, саранжом-саришталиги, озода­­лиги билан аж­­­­­­ралиб турар, дарвоза рў­па­расидаги икки қа­ватли мўъжазгина боло­­хона-музей хонадонга янада кўрк қўшар­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ди. Ичкарига кириб, турли йилларда халқи­мизга хизмат қилган мусиқа асбоблари, хусусан, магнитофон, граммофон, овоз ёзиш ускуналари, фотосуратлар, па­­­ра­­­олимпиада иштирокчиси сифатида ну­­­­фуз­ли халқаро мусобақалардан олиб келинган ме­­­­­­даллар, дипломлардан ташқари, чиройли шаклдаги бежирим тошларнинг ҳам борлиги мени ҳайратга солди. Музейга ташриф буюрган ҳар бир одам стол тенниси бўйича 12 марта  Қозоғистон чемпиони, халқаро даражадаги спорт устаси, кўплаб халқаро мусобақалар ғолиби Тўймурод Эшимов ҳақида ўзи айт­­­масада тўлиқ маълумотга эга бўлади. 

Бу ерда болалигидан тортиб, то ҳозирги пайтгача бўлган ҳаёт йўлини акс эттирувчи оилавий суратлар ёпиштирилган альбомлар, спорт беллашувларида қўлга киритган  ютуқ­­­­­лари ўз аксини топган. Улар орасида Ўзбе­кистоннинг биринчи президенти И. Каримовнинг қандайдир фермер билан қўл олишиб тушган сурати эътиборимни тортди. Тўймуроднинг ай­тишича, голландиялик бу фермер асли кўл­­­кентлик Абдунаби Тош­­­­­­­­­­­­ниёзов экан. Урушдан кейин баъзи сабаб­ларга кўра чел элда яшаб қолган бу инсон Тўймуроднинг оиласига яқин бўлган экан.     

Т. Эшимов оддий, серфарзанд оилада камол топди. Падари бузруквори Мўминжон отанинг асли касби ветеринар бўлсада, турли доривор гиёҳлар кўмагида хасталарни ҳам даволарди. Турмуш ўртоғи Тошой ая билан тўрт ўғил, уч қизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишди. Тўймурод оилада кенжаси эди. Унинг ёшлигидан мусиқага алоҳида меҳр қў­йишида “Шодлик” дастасида фаолият кўр­сат­ган яқинлари Авазхон Эшимов, Аваз­­хон Бойтоев, Саидакбар Саидов синга­ри инсон­ларнинг хизматлари кўп бўлди. Айниқса, айни пайтда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хушовоз хонанда Ғиёс Бойтоевнинг Тўймуродга кўрсатган акаларча ғамхўрлиги, маслаҳатлари унинг ҳозирги даражага етишида алоҳида роль ўйнади,  десак, янглишмаймиз. Бир маҳаллада ўсган бу инсонларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибатига ҳавас қилса арзийди. 

Тўймуроднинг стол теннисига қизиқиши  ўқувчилик давридаёқ бошланган. Илк бор Манкентда ўтган беллашувда фахрли би­рин­чи ўринни эгаллагач, аста-секин ту­ман, вилоят мусобақаларида куч синай бош­лади. Малакасини ошириб, ниҳоят, 2008 йилда илк бор Қозоғистон чемпиони унво­нини қўлга киритди. Унинг спортдаги маҳоратини  яхши англаган устозлари энди нуфузли халқаро даражадаги мусобақаларга йўлланма беришди. 2017 йилнинг март ойи­да Венгрияда ўтган малакалаштириш бел­лашувида қишлоқдан келган оддийгина йигит барча  рақибларини доғда қолдириб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Шу йилнинг май ойида Словакиядаги халқаро мусобақада ҳам ғолиб чиқиб, спорт устаси сертификатига эга бўлди. Тўймурод би­­лан куни кеча боғланганимизда, яқин кунлар­да Қўстанайда ўтадиган мамлакат бирин­чили­­­гида қатнашиш учун жўнаб кета­ётганини маълум қилди. Ўйлаймизки, у бу гал ҳам бар­ча рақиб­ларидан ўзиб, бош совринни қўлга кири­тади.

Айтганча, моҳир спортчи турмуш ўртоғи Гули билан бахтли ҳаёт кечириб, тўрт ўғил, уч қизни одобли-ахлоқли этиб тар­бия­лашмоқда. Фарзандлар улғайиб, турли касб­ларнинг бо­­­­­ши­ни тутишган. Кенжаси Рўзи­мурод ҳали мак­­­­таб ўқувчиси бўлсада, отаси изидан бо­риб, санъат­­­­га, тўғрироғи, рассомликка меҳр қўйиб­ди. 

Нима ҳам дердик, ҳаётда гарчи тўрт мучаси соғ бўлсада, турмушидан но­либ юрадиган но­шукр бандалар кўп уч­райди. Бундайларга сў­лим Кўлкентда ногиронлигига қарамай, санъат­­­га меҳр қў­йиш баробарида спорт билан ҳам ошно бўлиб, мустақил Қозоғистоннинг  шаъни­­­­­ни чет элларда баланд кўтараётган  Тўй­­­мурод Эшимов каби қалби пок, руҳан соғ­­­­­­­лом, ажойиб инсон яшайди, ана шу йигитдан ўрнак олинг, дегим  келади.

 Суратларда: моҳир спортчи Т. Эшимов

И. КАРИМОВ, 2019-05-30, 12:14 156
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.