26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ўзбекистонга ўз машинамда бормоқчи эдим...

Ёзги таътилда оилам билан хусусий машинамда Тошкент шаҳрига бориб, дам олмоқчи эдим. Сафар олдидан божхонадан ўтиш тартибини, шаҳар ичида машинада юриш қоидаларини билмоқчиман. Агар иложи бўлса, батафсил маълумот берсангиз.

М. ҲУСНИДДИНОВ, тадбиркор.

Маълумки, 2017 йилдан бошлаб Қозоғистондан Ўзбекистонга, хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби кўҳна шаҳарларга боришни истаган саёҳатчилар оқими анча кўпайгани кўзга яққол ташланмоқда. Ўтган ва бу йилги давлатлараро битимлар бу ишни янада жадаллаштирмоқда. Шу сабабли кўплаб фуқаролар қўшни мамлакатга ўз автомобилида бормоқда. Сафарга отланган бундай саёҳатчилар нималарни билиб олмоғи зарур?

Божхонадан қандай ўтилади?

Ўзбекистон божхона постида ҳайдовчи ўз автомашинасини декларацияда акс эттириши керак бўлади. Шунинг учун навбатда турган вақтдаёқ декларация тўлдириладиган махсус қоғозлардан иккита нусхасини олиб, тўлдириб қўйгани маъқул.

Агар сизда, одам бошига 2000 АҚШ долларидан кам валюта бўлса, уни декларацияда кўрсатиш шарт эмас. Агар ундан кўпроқ бўлса, албатта қайд этасиз.

Машина салони ва юкхонасидаги юк, буюмларни халта ёки сумкага жойлаштиринг, сабаби улар сканердан ўтказилади.

Ўзбекистонга шахсий мудофаа учун зарурий бўлган ашёлардан бирортасини ола кўрманг, масалан, газ баллончаси ёки шунга ўхшаш нарсаларни ўтказишмайди.

Чегарада смартфон, ноутбук, фотоаппаратдаги флэшкангизни текширишлари мумкин. 

Йўловчилар алоҳида йўлакдан ўтиб, назорат постини тарк этишади.

Сафар олдидан майда доллар купюраларини сотиб олганингиз маъқул, улар чегарада суғурта чиптаси сотиб олишга керак бўлади ($5+$5).

Йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ)

Ўзбекистон Вена конвенциясини имзолаган мамлакатларга аъзо бўлгани боис, унинг Йўл ҳаракати қоидалари Қозоғистонники билан деярли ўхшаш. Лекин, ҳар жойнинг ўз тош-тарозиси, деганларидек, фарқли томонлари ҳам йўқ эмас. 

Агар светофор остида “ўнгга бурил” деган белгига кўзингиз тушса, қизил рангда ҳам ўнг томонга бурилишингиз мумкин. Албатта, яшил рангга қараб ҳаракатланаётган машиналарни ўтказиб юборишингиз керак бўлади.

Енгил машиналар учун аҳоли манзилларида қатновнинг энг юқори  тезлиги соатига 70 км. Бу Қозоғистонга қараганда 10 км. га кўпроқ.

Шаҳар ва қишлоқлар ташқарисида эса соатига 100 км., бизда ҳам шундай. Катта йўлларда оёғингизни иложи борича, назоратда ушлаб боринг, сабаби, тўсатдан камера ёки радарга тўғри келиб қолишингиз турган гап.

Машиналарнинг тўхташ жойи йўл чети бўлгани билан, барибир эҳтиёткорлик билан иш тутган маъқул. 

Хавфсизлик камарларини йўловчиларнинг тақиши мажбурий, бироқ ҳайдовчилари биздагига ўхшаб жарима тўлаб ўтирмайди. Лекин хавфсизлик учун мавжуд қоидага риоя қилган маъқул.

Болалар ўриндиқлари машина олдигагина керак. Агар12 ёшдан кичик бола орқа ўриндиқда ўтирса, унда курси шарт эмас. Айтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда болалар учун махсус ўриндиқлар деярли йўқ. 

Машина чироқларини кундуз куни ёқиш шартми? 

Шаҳарда ҳам, унинг ташқарисида ҳам фараларни ёқиб юриш талаб этилади. 

Автомобиль ҳаракатланаётган пайтда салоннинг олд қисмида видео мониторларидан фойдаланиш тақиқланади. Фақат навигатор ёки ташқи камера тасвирига рухсат бор. Агар мониторлар салоннинг орқа қисмига ўрнатилган бўлса, унда ҳеч қандай муаммо йўқ. 

Техпаспорт, техкўрик

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси, техпаспорт, суғурта чиптаси талаб этилади. Қозоғистон гувоҳномаси билан бемалол юравериш мумкин. Агар сиз автомашина эгаси бўлмасангиз ва эгаси сиз билан бирга саёҳатга чиқмаган бўлса, унда нотариусдан ҳужжат керак. 

Агар машина эгаси ҳуқуқий шахс бўлса, унда директорнинг муҳри босилган расмий қоғоз зарур.

Суғурта муҳим. Ўзбекистон ҳудудига кираверишда суғурта полисини расмийлаштириб оласиз (икки ҳафтага 5 доллар).

Техник кўрик. Ўзбекистонда рўйхатга олинган машиналар учун талаб этилади, лекин хорижий машиналарга бундай талаб кузатилмайди. Лекин шунга қарамай, барибир техник ҳужжат машинангизда бўлгани маъқул.

Аптечка, ўт ўчириш мосламаси, авария ҳолатидаги белги..., яна нима, нур қайтарувчи жилет, хуллас андаза бўйича керакли ашёларнинг ҳаммаси мажбурий.

Тезликни ўлчагич мосламалар

Ўзбекистонда улар етарли даражада. Нафақат шаҳарларда, балки катта йўлларда ҳам ўрнатилган. Баланд устунларда қўйилгани учун унча сезилмаслиги мумкин, лекин уларга 100 метр етмасдан махсус белги бор. 

Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарлардаги чорраҳаларда фотоназорат ускунаси ўрнатилган бўлиб, тўхташ чизиғини назорат қилади. Уларга дуч келиб қолмаслик учун оддий радар-детекторлардан фойдаланган маъқул.

ДАН ходимлари чет элликларга қандай муносабатда?

ДАН ходимларининг радар билан турганларини кундуз куни кўриш мумкин, лекин тунги вақт радар қўлланилмайди. 

Чет элликларга давлат инспекторларининг муносбатлари яхши. Сабаби, туризм бугунги кунда Ўзбекистоннинг устувор йўналишларидан бири. 

Нима учун тунги пайтда шаҳар ташқарисига чиқмаган маъқул?

Ростини айтганда, қўшни мамлакатдаги йўл ҳаракати белгиларининг аҳволи яхши эмас. Тошкентдан бошқа ҳудудларда уларни кундуз куни ҳам яхши ўқиб ёки илғаб олиш қийин. Бу эса тезликни камайтиришга чақирувчи ёки тақиқловчи белгини кўрмай қолишликка олиб келади. 

“Тонировка”да юриш мумкинми?

2018 йил 1 августдан бошлаб мумкин. Ўзбекистонга ойнаси қорайтирилган машинада кириш учун чегарада алоҳида бож тўланади–  15 АҚШ доллари.

Ёнилғи масаласи қандай?

АИ-80 ва АИ-91 бензинлари савдоси давлат назоратида. Бутун мамлакат бўйлаб битта нарх – литрига 4000 ва 4500 сўм деб белгиланган. АИ-80ни ҳамма жойдан топиш мумкин, лекин АИ-95ни бироз излаб, овора бўласиз, баҳоси ҳам қимматроқ (7800 сўм). АИ-92 хориж бензини бўлиб, у давлат томонидан назорат қилинмайди ва баҳоси икки баравар қиммат.

Ёнилғини “Usbekneftegas”га қарашли станциялардан қуйдиринг, сабаби бу компания энг яхши миллий тармоқ ҳисобланади. 

Дизель масаласида бироз қийналасиз. Чунки бутун мамлакат автопарки бензин билан юради, соляркадан фақат юк машиналари ва автобуслар фойдаланади, холос.

Доллар ёки сўм? Нақд пул ёки карточка?

Ҳозир тенгени ўзбек сўмига алмаштириш учун кассалар хизмати йўлга қўйилган. Валютанинг “қора бозори”дан фойдаланиш ноқонуний операцияларга тушиб қолишга олиб келиши мумкин. Бензин, тамаддихонада овқатланиш ёки савдо дўконларидан харид қилишга сарфланадиган пулни карточкалар орқали тўлай олмайсиз, албатта. Ўзбекистонда ўзининг тўлов тизими (UzCard) мавжуд. Ўзбекистонликлар бу тизим орқали маош олишади ва ҳамма жойда тўлов операцияларини юритишади. 

АҚШ долларини нақд чиқариб олмоқчи бўлсангиз, истаган банк ёки йирик меҳмонхоналарга боринг, у ерда расмий алмаштириш пунктлари бор.

Дарвоқе, меҳмонхоналарда ҳақ миллий валютада олинади. 

Н. МАВЛОНОВА тайёрлади., 2019-05-30, 12:26 253
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.