26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Бахт сирини билиб кетди

Инсон яралгандан буён бахтли яшашни орзу қилади. Тарихга назар ташлар эканмиз, бунга минглаб мисоллар топамиз. Бугунги кунда ҳам бахтга эришиш учун, озгина муддат бўлса-да бахтиёр яшашга ҳаракат қилган инсонларни кўришингиз мумкин. Эътиборингизга ҳавола этилаётган қуйидаги мақола сизу бизнинг орамиздаги инсонлар ҳаётидан олинган. У катталар учун ҳам ибратга арзийди.

Нафиса – оиланинг тўнғичи эди. 18 ёшгача дард билмай, хонадон эркаси бўлиб ўсди. 

“Болаларнинг юз чиройига она қорнидаёқ замин тайёрланади. Ундан кейин бу чиройни ўзгартирадиган куч йўқ”, деган нақл худди Нафиса учун айтилгандек. Волидаси кўҳликкина бўлган қизнинг ўзи ҳам гўзалларнинг гўзали бўлиб етишди. Ҳам соғлом, ҳам нафосатли, ҳам одобли қиз уйига харидор кўпайди, совчилар қадами тинмай, ота-онанинг боши қотди.

– Тегсам, фақат севган йигитимга тегаман. Муҳаббатсиз ҳаёт керак эмас,– деди Нафиса. Фар­занднинг камоли – ота-онанинг бахти, жамият кўрки, ота-онаси ҳам тўнғич фарзандларининг бахтини орзу қилишарди. Лекин қизларининг раъйи улар учун биринчи ўринда эди.

Қиз ўзи хоҳлаганидек, чин севгисини топди. Йигит ҳам келишган, бир оиланинг ишончи, дўстлари орасида обрў-эътиборли, хуллас, қаҳрамонимизга жуда муносиб эди.

Ота-оналар ўртага тушиб, қуда-андачилик русумлари ўтди, тўй куни ҳам белгиланди. Ёшлар қувончининг чеки йўқ эди...

Нафиса тенгқур қизларни уйига таклиф қилди. “Келиб, сарполарни кўрмайсизларми, тўйдан олдин бир ўтириб, гурунглашмаймизми?”

Бўй етган қизлар учун турмушга чиқаётган дугоналарининг уйида бўлиш, барибир ёқимли-да. Бири олиб, бири қўйиб, бир-биридан чиройли сарполарни, жиҳозларни томоша қилишарди. Кимдир очиқча ҳавас қилса, кимдир... ҳасад билан боқарди.

Шундай қилиб, ҳис-ҳаяжонли кунлар узоққа чўзилмади. Тўсатдан Нафиса оғриб қолди. Аввал бошда ҳолсизликдан шикоят қилди. Сўнг бош оғриғи кучайиб борган сари асосий аломатлардан бирига айланди. Оғриқ тунда ёки эрта саҳарда пайдо бўлар, қиз унинг таъсирида уйғониб, қовоқлари ва юзларидаги шишдан нолирди.

Ота-она фарзандидан хавотирга тушиб, дарров шифокор ҳузурига югуришди. Таҳлиллар қизнинг бошида хавфли ўсимта пайдо бўлганини аниқлади. 

Бу ҳамманинг капалагини учирди. 

Дўхтир беморнинг доимо кузатувда бўлиши кераклигини, зарур муолажаларни қабуллаши учун диспансерга ётишини тайинлади. Тўй тўхтатилди, ҳамма қизнинг соғлиги билан овора бўлиб қолди. 

Секинлик билан бошланган дард кун сайин кучайиб, дўхтирлар беморни пойтахтда даволатишни тавсия этишди. Қиз узоқ муддатли руҳий зарба ва салбий ҳислар исканжасида қолди. Сунбул сочлар батамом қириб ташланган, киртайган кўзлар атрофга ноумид боқар, юз-қовоқлари шишган ғамнок чеҳрага қараган одамнинг кўзлари намланмай қолмасди...

Ота-она адойи тамом бўлишди, топган-тутганини касалхоналарга, дори-дармонларга сарфлашар, Худодан эртаю-кеч жигарбандларига омонлик тилашарди. 

Афсуски, аҳвол яхши тарафга ўзгармади. Она уйдаги бошқа болалари, барча ишларини ташлаб, қизини олганча, пойтахтдаги хусусий клиникалардан бирига жўнади. 

Одатда касал келин ҳеч кимга керак эмас. Бундай муносабат кўп кузатилган. Тўй тўхтатилгандан сўнг, томонларнинг муносабатлари ҳам бузилади. 

Ажабланарлиси, бу ҳол бизнинг ёшларимизга тегишли бўлмади. Йигит хаста қаллиғига ғамхўрлик қилишни олий бурч деб билди. Шаҳардаги барча ишларини ташлаб, қизнинг ёнидан бир зум кетмади. Дори воситаларини вақтида бериб, шифокорлар билан гаплашиб, муолажаларга ўзи бош-қош бўлиб турди. Нафисага кескин ҳаракатлар, тушкунликка тушиш мутлақо мумкин эмас эди, акс ҳолда дард кескинлашиб, аҳволнинг янада оғирлашишига олиб келарди. Йигит қизни бахтиёр этишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. 

Аксарият беморларга тузалишда дори-дармон эмас, кўнгилли муҳит сабабчи бўлади. Нафисанинг ота-онаси ҳеч қачон бир-бири билан жанжаллашмаган, фарзандларига солиҳ тарбия бериб келаётган, оилавий бахт сирини билган инсонлар эди. Улар болалари учун ҳар нарсага тайёр эди. Шундай оиладан чиққан қизга яна унинг учун жонини беришга тайёр йигитнинг пайдо бўлгани ҳам бежиз эмасдир, балки. Менимча, бу Аллоҳнинг бахтли оила соҳибларига берилган мукофотидир. 

Аввал Худо, қолаверса, меҳрибон ота-она, вафодор ёрнинг муҳаббати сабаб бўлиб, Нафиса тузала бошлади. Тасодифан пайдо бўлган дард, шундай асоратсиз йўқола бошлади. Дўхтирларнинг ҳайрати чексиз эди.  

Яна тўйга тайёргарлик бошланиб кетди. Бир йил ичида чекилган азоблар унутилиб, ҳамма чинакам севишган ёшларнинг бахтини кўришга ошиқа бошлади.

Нафиса келин бўлиб тушган хонадонига бахт келтирди. Куёвнинг қариндошлари келиндан рози, доимо дуои-фотиҳада эдилар. Яхши муомалали, одоб-ахлоқли, қўл-оёғи чаққон келинни ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз.

Минг афсуски, турмуш қурганларига роппа-роса бир йил тўлганда, Нафисанинг соғлигида яна жиддий муаммолар пайдо бўлди. Дард билан кураша-кураша, ахийри ёш келин енгилди. Бахтли оилага машъум ажал оралаб, ёш бекани орадан олиб кетди...

 Бинобарин, у қисқа ҳаёти давомида инсонларнинг меҳр-муҳаббатини кўрди ва ўзи ҳам уларни бахтиёр эта олди. Зеро, эр розилигини олган муслима аёлга жаннат ваъда қилинган. 

 Бу воқеа қанча одамларга қаттиқ таъсир қилди, уларни мулоҳазага, бахт ва яхшилик сари ҳаракат қилишга чорлади. Ҳали яна қанчаларга ҳаётимизда севги-муҳаббат нечоғлик муҳим қадрият эканлигини эслатиб турса, ажабмас. 

Н. ЗАЙНИДДИНОВА, 2019-06-18, 11:16 74
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.