26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Меҳрингдан қўймасин, халқим!

Ҳар доим дуо қилганимизда ўт балосидан, сув балосидан асрасин, деб Аллоҳдан сўраймиз. Офатнинг қаҳрини англаш учун, албатта, ундан жабр кўрган бўлиш шарт эмас. Куни кеча Арис шаҳрида фожиа юз берди. Одамлар ўзи ва яқинларининг ҳаётини сақлаш учун кўп йиллик меҳнатлари эвазига солинган уй-жойлари, мол-мулки, ишхоналарини ташлаб, шаҳарни тарк эта бошлашди. Айниқса, ёзнинг жазирама кунларида содир этилган бу бахтсиз ҳодиса нафақат вилоятимиз аҳлини, балки бутун Қозоғистон халқини оёққа турғазди. Портлашлар юз бериши билан вилоят раҳбарияти, ички ишлар, ёнғинга қарши хизмат, қутқарувчилар, тиббиёт ходимлари ўз вазифаларига зудлик билан киришиб кетдилар. 

Шимкент шаҳри раҳбариятининг ҳиссаси ҳам катта бўлди. Шаҳардаги мактаблар, масжидлар фуқароларни қабул қилиш бекатларига айлантирилди. Таъкидлаш жоизки, бу ишда нафақат мутасаддилар ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришмоқда, балки вилоятимиз аҳолиси ҳам ҳамюртлар бошига тушган кулфатга бефарқ бўлмади. Портлашдан зарар кўрганларга озиқ-овқат, кийим-кечак, гигиена буюмлари, ўрин-тўшаклар етказиб берилди.

Фожианинг биринчи куни кечқурун Шимкент шаҳридаги “Оқ масжид” ҳудудига на одам, на машина сиғди. Одамлар мол-мулкини аямай, жабрланганларга ёрдамга ошиқар, ким нима топса, шуни кўтариб келарди. Савдо расталари бўшаб, ҳамма фақат бир ниятда АРИСга ЁРДАМ дея магазинларга югуришарди.

Интимақ даҳасидаги 54-сонли мактаб ҳудуди ва ичкариси кўчиб келганларга лиқ тўлди. Синф хоналари, катта мажлислар зали, спорт зали жабрланганлар учун ҳозирланган эди. Озиқ-овқат ва бошқа керакли буюмлардан синф хоналари тўлиб кетиб, мутасаддилар одамларга “бошқа олиб келманглар!”дейишгача боришди.

Қазиғурт кичик туманидаги 66-сонли мактаб, Арғинбеков кўчасидаги 87-сонли мактабда ҳам шундай манзарани кузатиш мумкин. Оқибатли шаҳарликлар тунги соат ўн икки, бирларда ҳам арисликларга ёрдам беришга ошиқишарди... Аллоҳ улардан рози бўлсин!

Савобли ишга қўл уриш, фақат мард, сахий ва олижаноб инсонлар қўлидан келади. Касбимиз тақозоси билан кўплар билан суҳбатлашишга тўғри келди. Бировнибиров мажбурламаган, ҳамма ўз ихтиёри билан ёрдамга муҳтож биродарлари ҳузурига шошилмоқда. Халқимиздаги олижаноб фазилатга тасанно! Жамиятимизда аҳиллик, бағрикенглик, меҳр-оқибатни барқарор қилгани учун Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин!

***

“Жанубий Қозоғистон” газетаси жамоаси бош муҳаррир Алишер Сотволдиев етакчилигида бир кунлик иш ҳақини ўтказиб, арисликларга қон беришга қарор қилди.

Шимкент шаҳридаги Қон марказига бориб, ана шу савоб ишга ўз ҳиссамизни қўшдик.

Марказда эътиборни тортадиган ҳолат, эрталабдан ҳамжиҳатлик муҳити ҳукмрон эди. Юзлаб фуқаролар арисликларга ёрдам бериш ниятида қон топширишмоқда. Ходимларнинг қўли-қўлига тегмайди. Директорнинг ўринбосари Гулмира Укибаевани суҳбатга тортдим.

– Арисдаги фалокат фуқароларни уйқудан уйғотгандек бўлди. Донорлар оқиб келяпти. Эрталаб соат 11.00да 65 одам рўйхатга олинди. Кеча (24.06.) юздан кўп донорни қабулладик, иш кечки соат тўққизгача давом этди. Телефонлар тўхтамаяпти. Шаҳардаги барча тиббий ташкилотларга тегишли қонни ўтказмоқдамиз, улар ўз музлагитгичларида сақлаб, ҳаммасини шай қилиб туришибди. Юртдошларимиздаги меҳрибонлик ва эзгулик руҳини кўриб, қалбимиз ларзага келмоқда. CALL-марказ рақами 8(7252)39-33-77га ҳам кўнғироқлар бўлмоқда. Барча касалхона ва шифохоналарнинг бош шифокорлари билан бир чат орқали мулоқот қиляпмиз, ҳар 15 дақиқада маълумотлар юбориб турибмиз. Хуллас, зарур чора-тадбирларнинг ҳаммаси кўрилган.

Марказга қон топшириш учун кириб келган ёш келин-куёв эътиборимни тортди.

Айгерим Шиналханова, шимкентлик.

– Куёвим Қидирбек билан келдик, рости, уйда ўтира олмадик. Эл бошига шундай ташвиш тушганда, бир четда қолиш яхши эмас, ахир. Турмуш ўртоғим кеча тунда масжидга озиқ-овқат маҳсулотларини олиб борган эди, қабул қилишмабди, овқат етади, қон керак, дейишибди. Шу боис эрталабдан шу ердамиз. Қон бериш оғир тадбир эмас, операция ҳам эмас, кўп вақт талаб қилмайди. Оз бўлса-да, қийналган одамларга ёрдамимиз тегса, уларни қўллаб-қувватласак, бошимиз кўкка етган бўларди!

48 ёшли Айна Мамбетова эса бирга ишлайдиган ҳамкасбининг онаси, арислик Гулзипа Ешпўлатовага қон бермоқчи экан.

Онахоннинг жигари хаста, қон гуруҳим тўғри келаркан, ҳеч нарсага қарамай, югуриб келавердим. Касалхонада ётган онаизор соғайиб кетса, бас.

Қон марказидаги манзарани, жонкуяр, мурувватли ҳамюртларимни кўргач, беихтиёр халқимнинг ҳимматига яна бир карра ОФАРИН айтдим. 

Н. МАВЛОНОВА, 2019-06-26, 19:13 1055
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.