26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Адабий ҳаётдаги муҳим воқеа

“Оңтүстік” матбуот марказида “Болаларга туҳфа” ва Ирода Муҳаммаджонованинг “Юлдузларга тўла осмоним” китобларининг тақдимоти ўтди. Унда республика, вилоят ва туман ўзбек этномаданият бирлашмалари фаоллари, ижодкорлар, устозлар ва жамоатчи мухбирлар иштирок этишди.

Тадбирни “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси директор-бош муҳаррири А. Сотволдиев очиб, ҳамманинг эътиборидаги ҳодиса – Арис шаҳрида содир бўлган портлашлардан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, кулфат оқибатларини бартараф этиш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида гапирди. Бу синовга халқимиз матонат билан бардош берди, ҳеч ким бефарқ қолмади. Жумладан, таҳририят ходимлари ҳам бир кунлик иш ҳақларини ўтказиб, қон топширишди. 

Сўнг, тақдимоти ўтказилаётган китоблар ҳақида гапириб, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат туфайли турли этнос вакиллари она тилида билим олиб, эркин ижод қилишаётганини эслатди. 

– Бугун тақдимоти ўтказилаётган “Болаларга туҳфа” ва Ирода Муҳаммаджонованинг “Юлдузларга тўла осмоним” китобларининг чоп этилиши адабий ҳаётимизда сезиларли воқелардан бўлди, – деди у. – “Болаларга туҳфа” китоби ўтган йилнинг сўнгида Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлисининг депутати Фахриддин Қоратоевнинг ташаббуси билан “Қозоғистон Республакасида тилларни ривожлантириш ва қўллашнинг 2011-2019 йилларга мўлжалланган давлат дастури” доирасида чиқарилди. Уни тайёрлашда “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси ва “Ижодкор” адабий бирлашмаси жонбозлик кўрсатди.

Хрестоматия тарзида чоп этилган ушбу китобнинг аҳамияти катта. Унда Қуддус Муҳаммадий, Одил Ёқубов, Носир Фозилов, Пўлат Мўмин, Худойберди Тўхтабоев, Зафар Диёр, Қудрат Ҳикмат, Мирпўлат Мирзо, Ҳамза Имонбердиев, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон, Кавсар Турдиева, Эрназар Рўзиматов каби жами 25 нафар истеъдодли ижодкорнинг асарлари жамланди. Китоб жойлардаги ўзбек этномаданият бирлашмалари ёрдамида умумтаълим масканларига бепул тарқатилди.

Эски Иқон қишлоғида таваллуд топган шоира И. Муҳаммаджонованинг номи шеърият мухлисларига таниш. У “Ўзбек аёли ҳақида суҳбатлар”, “Ўзбек аёли – фаришта” китобларидан сўнг учинчи “Юлдузларга тўла осмоним” шеърий тўпламини нашр қилдирди. 

Ушбу китобда Ироданинг янги назмий машқлари, аёлнинг туғилиб ўсган юртига бўлган туйғулари, меҳр-муҳаббати акс этган, замонамизнинг долзарб масалалари ёритилган. 

ҚХА раисининг ўринбосари, Нур-Султан шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Шерзод Пўлатов жорий йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан ўтказилаётган тадбирларга тўхталди. У ҚХА шафелигида турли этнос вакиллари китобларининг тақдимотларини ўтказиш анъанаси йўлга қўйилганини маълум қилиб, ўзбек тилидаги китобларни сифатли чиқариш учун илмий-амалий кенгаш тузишни таклиф қилди.

“Ижодкор” адабий бирлашмаси раиси А. Пратов эса бугунги тадбир, айниқса, ижодкорлар учун катта воқеа эканини таъкидлади ва:

– Туркистон заминининг қизи – педагог, ижодкор Ирода Муҳаммаджонова Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги “Ижодкор” адабий бирлашмасининг фаол аъзоси. Унинг ижодида тарбиявий аҳамиятга эга шеърлар, ривоятлар, ахлоқ мавзуидаги, миллий урф-одатлар ҳақидаги ҳикоялар бор. Иродахоним Миртемир уй-музейида ишлаган ва шунинг учун ҳам улуғ шоирнинг ижоди билан яқиндан таниш. Бу танишлик шеърларида ҳам ўз ифодасини топган, – деди. 

У, шунингдек, ўзбек адабиёти намуналарини Қозоғистонда нашр қилиш келажакда ҳам давом этади, деб умид билдирди ва бу ғояни қўллаган ҚХА раиси ўринбосари Ш. Пўлатовга алоҳида миннатдорчилик изҳор этди.

Шундан сўнг сўз олган таниқли тадбиркор Раҳматжон Абдусатторов, меҳнат фахрийси Турдиали Усмонов, шоира Эркиной Султонова, Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси хотин-қизлар кенгаши раисаси Мавлуда Иброҳимова, Миртемир музейи мудири Элбек Турсунов, И. Муҳаммаджонованинг устози Ўғилжон Халқбердиева, таниқли ижодкорлар Суннатилла Акромов, Победа Абдазимова ва бошқалар фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир давомида И. Муҳаммаджонова ижод оламига кириб келиши ҳақида сўзлаб, шеърларидан намуналар ўқиди.

З. МЎМИНЖОНОВ, С. ИСАМАТОВ суратлари, 2019-06-28, 18:44 980
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.