26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Чорак асрлик жазо

Шимкент шаҳар жиноий ишлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро судида ҳали 30 ёшга тўлмаган, аввал жиноят содир этмаган йигитга ҳукм чиқарилди. 1991 йилди туғилган Е. Қулахметов қурол ва иккита ўқ-дорини ноқонуний харид қилиб, сақлаб, ўзи билан олиб юриб, қуролдан фойдаланиб, қароқчилик орқали одам ҳаёти ва соғлигига таҳдид билан бегона уйга ноқонуний кириб, ёвуз ният билан икки кишини қасддан ўлдириб, йирик миқдордаги мулкини ўмарган. 

Жиноят Кодексининг 287- моддаси 3- банди, 99-моддаси 2-банди, 1- бандчаси, 192-моддасининг 3-бўлими 2- банди билан айбдор деб топилди.

Тафсилотлар

Е. Қулахметов дўстидан ноқонуний қурол сотиб олади. Жорий йилнинг 5 февралидан 6 февралига ўтар кечаси соат 01.00 да Шимкент шаҳрининг Байтурсинов кўчасидаги 212-уйнинг пастки қаватидаги ертўлада жойлашган ошхонанинг пластик деразасини ўзи олиб келган асбоб билан очиб, уй ошхонасига киради. Шундан сўнг Е. Қулахметов уйнинг биринчи қаватига кўтарилиб, диванда ётиб телевизор кўраётган ва эшик очилиши билан ўгирилиб қараган уй эгасига ўқ отган. Бир ўқ билан уй соҳиби ҳаёт билан видолашган. Биринчи қотиллик содир этилгандан сўнг судланувчи уй соҳибининг умр йўлдоши ётоғига йўл олган. Ётоқда аёлнинг набираси билан қолганини пайқаган Е. Қулахметов (тергов пайтида айтишича), норасидага раҳми келиб, қуролда иккинчи ўқ бўлишига қарамасдан, ошхонага кириб пичоқ олиб келади. Ва ётоқхонага кириб, нафақа ёшидаги аёлнинг кўкрак қафасига бир неча марта пичоқ уради. Ухлаб ётган неварасига зарар етказмасдан, аёлнинг ўлганлигига ишонч ҳосил қилгач, сумкасидан сейф калитини олиб, уни очади. Ундаги 2 млн. 300 минг тенге, жами 1 млн. 700 минг тенгелик тилла буюмларни олиб, воқеа содир этилган жойни ниқоб кийган ҳолда тарк этган жиноятчи таксида уйига етиб келади. Ва тонг отиши билан пулларни дўстига топшириб, “машина харид қилмоқчиман, сен сақлаб бер”, деб илтимос қилади. Қўлидаги олтин буюмларни эса уйига яқин истиқомат қилаётган қариндошларининг ҳожатхонасига ташлаб юборади. 

– Жиноят содир этилгандан ўн кун ўтгач, қўлга олинган Е. Қулахметов айбига иқрор бўлади. Бундай жиноятни илк бор содир этаётгани ва боз устига, буларнинг ҳаммасини ёлғиз ўзи амалга оширганини тан олади, – дейди судья А. Медеубекова.

– Айбига иқрор бўлган, ўмарган олтинларини ҳожатхонага ташлаган йигит бундай оғир жиноятга нима сабабдан қўл урганини қандай изоҳлади? – сўрайман судьядан.

– У 2015-2016 йиллари ушбу оилада ҳайдовчи бўлиб ишлаган. Баъзи келишмовчиликлар бўлгани, унга ҳақ тўлаш бобида бироз норозиликлар юзага келганини айтган. Бироқ уч йилдан кейин содир этган қотиллигини бировнинг мулкига кўз олайтириш деб изоҳлаш мумкин, холос. Судланувчига бу борада савол берилганида, машина олиш истагида бўлганини ва пулни дўстига сақлаш учун берганини тан олди. Тилла буюмларни эса нима учун ҳожатхонага ташлаганини сўраганимизда, “пулларнинг ўзи етарли бўлди, олтинларга ҳожат қолмади”, деган жавобни берди. Е. Қулахметовни қўлга олишнинг ўзи бўлмади. Музлатгич устида қолдирган изи кийиб юрган кроссовкасининг изи билан бир эканлиги туфайли калаванинг учи топилди. Тунда ниқобли мижозни олиб келган ҳайдовчи ҳам судда кўрсатма бераётган пайтида мижозни таниди. Жараёнда айбдорга оз бўлсада, алоқадор шахс борки, барчаси суд мажлисига олиб келиб, сўроқ қилинди. Ачинарлиси, судланувчи нима сабабдан бундай қалтис ишга қўл урганини жўяли тушунтириб бера олгани йўқ.

– Қотиллик рўй берган хонада невара ҳам бўлганлигини қайд этдингиз, унга зарар етмаганми?

– 14 ёшли қизалоқ қаттиқ қўрқиб кетганидан бошини ёстиқ билан буркаб олган ва бувиси билан буваси жанжаллашишяпти деб ўйлаган. Бақир-чақир овозлари тингач, бир нарсанинг ғулдирашини эшитиб, бошини ёстиқдан кўтарган. Бувисининг мурдасини ва телевизор овозини эшитган. Бувасининг жасадига кўзи тушиб, қўшни турадиган ота-онасига қўнғироқ қилган. 

– Бундай ёшдаги болалар бегоналарга қаршилик кўрсата олишади, наҳотки яқинларининг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ҳаракат қилмаган?

– Қизалоқ ҳақиқатан ҳам қаттиқ қўрқиб қолган ва овозларни умуман эшитмаслик учун ёстиққа бошини буркаб олган. Меҳр, эътибор кўриб ўсган бола қўрқув ичида қолган ва кўрсатмаларида буни очиқ-ойдин тасвирлаб берди. Бу каби юмшоқ феълли болалардан бирон бир жисмоний қаршилик кутиш ноўрин. Суд мажлисига жабрланувчининг фуқаролик аёлини ҳам таклиф этдик, яқинда фарзанд кутишаётганини айтди. Судда қатнашган аёл ҳам йигитнинг бу ҳаракатларидан ҳайрон “яхши яшар эдик, ҳеч нарсага муҳтож эмас эдик, нимага бундай қилдинг?” деб у ҳам роса азият чекди. Жиноятчининг оила аъзолари ҳам воқеадан ҳайрон. Уларнинг авлодида, оиласида жиноятга қўл урганлар йўқ экан. Олтин буюмлар, пуллар соҳибларига қайтарилди. Нафсига қуллик қилган Е. Қулахметовга 25 йиллик кучайтирилган тартибдаги қамоқ жазоси белгиланди.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2019-07-04, 10:13 61
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.