26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Арис воқеаси миллий ўзлигимизнинг ёрқин намунасини кўрсатди

2019 йилнинг 24 июнида Арис шаҳрида портлашлар юз бериб, аҳолини сарсон қилди. Мана, ўша фавқулодда вазиятдан кейин 1 ой вақт ўтди. Ариснинг ҳозирги аҳволи қандай? Давлат аҳоли олдидаги ўз мажбуриятларини адо эта олдими? Шу ва яна бошқа масалалар юзасидан Туркистон вилоят ички сиёсат бошқармасининг раҳбари Бейсенбай Тажибаев билан суҳбатлашдик.

Портлашлар рўй берган кундан буён вилоят штаби таркибида Арис шаҳрини тиклаш чора-тадбирларида фаол қатнашиб юрган инсон оғир кунларда бутун эл-юрт аҳиллик билан ёрдам қўлини чўзганини айтди.

– 24 июнь куни эрталаб соат 9.20да Арис шаҳридаги 44859-сонли ҳарбий қисмда қурол-аслаҳа омбори портлади. Бу ҳақда хабарлар ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали бир зумда бутун Қозоғистонга таралди. Арис шаҳрининг 45 мингдан зиёд аҳолиси уй-жойларини ташлаб, қочишга мажбур бўлди. Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзақ Шўкеев зудлик билан штаб тузиб, фавқулодда вазият эълон қилди. Арисликларни шаҳардан бутунлай кўчириш ҳақида тезкор қарор чиқарилди. Бу қарорнинг тўғрилигини вақтнинг ўзи кўрсатди. Албатта, одамларнинг аксарияти бировдан ёрдам кутмасданоқ, ўзлари шаҳарни ташлаб қочгани ҳам рост. 

 Лекин, шундай эса-да, махсус қарор қабул қилингач, Арисга йирик транспорт воситалари ва ҳарбийлар жўнатилиб, одамларга имкон қадар ёрдам кўрсатила бошланди. Қанчадан-қанча оилалар офат юз берган ҳудуддан олиб чиқилди. Портлаш рўй берган вақтда миллатимизга хос бағрикенглик, меҳрибонлик, одамгарчилик каби асл фазилатларимиз яққол намоён бўлди. Минглаб одамлар Арисни ташлаб қочаётган аҳолини ўз машиналарида бепул ташишди. Махсус қабул марказларига етказиб туришди. Айниқса, ёш болаларни омон сақлаб қолиш ниятида, нотаниш ва бегона одамларнинг фарзандларини машиналарига ўтқазиб, хавфсиз ҳудудларга олиб боришгани, кейин у жойларда ота-оналарига топширишга ҳаракат қилганликлари беихтиёр қалбларни тўлқинлантиради. Бу чинакам аҳиллигимиз ва бирлик ҳиссимиз кучли эканлигини билдиради. Ҳар доим ўзгаларга ёрдам беришга интилган халқимиз бу сафар ҳам бағрикенглик ва меҳрибонликнинг мислсиз намунасини кўрсатди. 

– Кенг жамоатчилик орасида бу мудҳиш воқеа юзасидан турли қарама-қарши фикрлар мавжуд. Сизнингча, фалокатдан кейинги дастлабки кунларда маҳаллий ижро ҳокимлиги аҳоли олдидаги ўз масъулиятини тўла ҳис қилиб, зиммасига юкланган мажбуриятларни тегишли даражада бажара олдими? 

– Бу фавқулодда ҳолат эл-юртга жуда оғир ботди. Бутун бир шаҳарни тўлиқ эвакуация қилиш мустақиллик йилларимизда мутлақо бўлмаган синов эди. Дастлабки соатлардаёқ ҳокимлик фуқароларни хавфсиз жойларга кўчириш, уларни вақтинча жойлаштириш масалаларини ҳал этди. Мамлакатимиз Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев хавфли ҳудудга зудлик билан етиб келиб, аҳвол билан танишди. Жабрланган фуқаролар билан учрашиб, Ҳукумат ва мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берди. Режа тузилди. Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун ҚР ИИВнинг куч тузилмаларидан, фуқаро мудофааси органларидан, полиция ва бошқа тузилмавий қисмлардан 1200дан зиёд киши, юзлаб техника сафарбар этилди. Ўт ўчирувчилар хизмати билан оловнинг дами кесилди. Ҳарбийлар ва моҳир сапёрлар қисқа вақт мобайнида Арис шаҳри ҳамда шаҳар атрофидаги 20 чақирим ҳудудни тозалаб, текшириб чиқишди. Ўқ-дори қолдиқлари батамом тозаланди. Омбордаги ёнғинни ўчириш учун минглаб тонна сув етказилиб, барча зарарсизлантириш чоралари кўрилди. Давлат ва аҳоли мол-мулкини муҳофаза қилиш учун хавфли ҳудудда ҳарбийлар ва полиция вакилларидан тузилган гуруҳлар кечаю кундуз кузатувда туришди. Шаҳар қўриқланиб, аҳоли хавфсизлиги қатъий сақланди. Фавқулодда вазият хизмати ва ҳарбийлар кечаю кундуз хизматда бўлиб, шаҳарни зарарсизлантириш, тозалаш чораларини амалга оширишди. Президентимиз топшириғига биноан Арис шаҳридаги ҳарбий омборни кўчириш ишлари бошланиб кетди.

Туркистон вилоятининг барча туманлари ва Шимкент шаҳрининг эвакуация марказларида арислик 30 мингдан зиёд фуқаро рўйхатга олиниб, уларга зарур шарт-шароитлар ҳозирланди. Мурувватли ва саховатли ҳамюртларимиз гуманитар ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотларини вақтида етказиб, жабрланувчиларнинг эҳтиёжларини қондиришди.

Арис шаҳри ва ҳарбий омборни ўқ-дорилардан тозалаш, шаҳарни дезинфекция қилиш чораларини Жамбил ва Қизилўрда вилоятларидан келган мутахассислар юритиб, ниҳоясига етказишди. Шаҳарнинг эпидемиологик хавфсизлигини сақлаш учун тезкор ишлар бажарилди. Соғликни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология хизматидан 155 ходим ва 22та техника Арисдаги биноларни текшириб, дезинфекция тадбирларини ўтказди. Ветеринария хизмати вакиллари ўлган ҳайвонларнинг жасадларини зарарсизлантириш ишларини бажаришди. Экология, геология ва табиий захиралар вазирлигининг вакиллари махсус текширувлар олиб боришди. Мутахассислар Арисдаги атмосфера ҳавоси, сув ва тупроқнинг ифлосланмагани ҳамда радиацияланмаганини маълум қилишди. Шаҳарга яқин Ўрдабоши ва Ўтрор туманларида госпиталлар ташкил этилиб, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилди. Шаҳарнинг электр ва сув таъминоти тизими қайтадан йўлга қўйилди.

Арис ўқ-дорилардан тозалангач, арисликларга махсус транспорт воситалари ажратилиб, уй-жойларига қайтариш тадбирлари ташкил этилди. 

Қисқаси, давлат органлари имкон қадар фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича тизимли ва аниқ ишларни бажаришди. Портлашдан кейинги оқибатлар кўламдор бўлгани сабабли ҳали ҳал бўлмаган масалалар етарли, лекин давлат томонидан изчил ишлар юритилмоқда ва аҳвол барқарорлигини айтмоқ ўринлидир.

– Арис шаҳрини аслига келтириш тадбирлари 17 мавзеда бажарилмоқда. Уларнинг фаолиятига батафсил тўхталсангиз...

– Портлаш юз берган кундан бошлаб минтақа раҳбари Ўмирзақ Естайули арисликлар билан бирга эканини тасдиқлаб, у ерда 1 ой муқим яшашини маълум қилди. Ваъдасига вафо қилиб, ҳар ҳафтада девон мажлисларини Арис шаҳрида мунтазам равишда ўтказиб турди. Вилоят раҳбари ҳар бир фуқаронинг талаб-истаги тинглансин, ахборотлар шаффофлиги ва ҳаққонийлиги таъминлансин, деган талабни қўйди. Унга кўра, ҚР Мудофаа вазирлиги ва фавқулодда вазиятлар қўмитасининг, бошқа вазирликлар, Туркистон вилояти ва Арис шаҳри ҳокимлигининг вакиллари ҳар куни брифинг ўтказиб, сўнгги маълумотларни баён қилиб туришди. Мамлакатимиз Бош вазири Асқар Мамин ҳам ҳафта сайин келиб, қурилиш-таъмирлаш ишларини шахсан назорат қилиб турибди.

Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан шаҳарда 17та мавзе ташкил этилди. Уларга масъул 14 вилоят ва 3 шаҳар ҳокимлари бириктирилди. Шу билан бирга Туркистон вилоятидаги туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳам вилоятлар билан ўзаро ҳамкорликда ишлашмоқда. Ҳар вилоят ўзига тегишли мавзедаги қурилиш-таъмирлаш ишларига жавобгар бўлса, туманлар аҳолини рўйхатга олиш, товон тўлаш учун ҳужжатлар йиғиш, одамлар билан учрашиб, талаб-истакларини тинглаш, гуманитар ёрдамни тақсимлаш, тозалаш тадбирлари билан машғул бўлишди. Мавзеларда штаблар тузилиб, бириктирилган ходимлар одамларнинг арз-шикоятларига қараб фаолият юритишди. Ҳар штабда жадал тиббий бригадалар мунтазам равишда аҳолига хизмат кўрсатмоқда. 

Вилоятлар ва туманларга муайян ҳудудлар бўлиб берилди. Ҳар минтақа ўзига тегишли ҳудудда уй-жойлар қурмоқда. Ҳозирнинг ўзида 2000дан зиёд уй-жой тузатилиб, эгаларига топширилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари Индустрия ва инфратузилмавий ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Қайирбек Ўскенбаев раҳбарлигида амалга оширилмоқда. Туман, шаҳар ҳокимликлари 100 минг тенгелик нафақа учун ҳужжат тўплаб, фуқароларни рўйхатга олиш ишларини тўлиқ тугатишди, деб айтиш мумкин. Шунингдек, шаҳардан ҳар куни юзлаб тонна ахлат чиқарилмоқда.

Иш бор жойда муаммолар ҳам бўлади. Айрим фуқаролар қурилишнинг бориши ҳамда тузилган ҳужжатлар билан келишмаслиги мумкин. Уларнинг талаблари ҳам инобатга олиниб, уй-жойлар қўшимча экспертизадан ўтказилмоқда. Даставвал, 20дан ортиқ уйни қайтадан қуриш керак, деб режаланган бўлса, ҳозир бутунлай бузиб ташланиб, қайтадан қуриладиган уйлар сони 300га етди. Бу аҳоли билан ўзаро мулоқотнинг, тегишли чора-тадбирларнинг натижасидир. Ўрни келганда, штаб аъзоси, вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Уласбек Садибеков раислигида ҳар шўъбада кўламдор юмушлар бажарилганини қайд этиш муҳимдир. Хусусан, 17та мавзедан маҳаллий фаол фуқаролар жалб этилди. Ҳар 10та уйга бир фаол фуқаро бириктирилиб, улар ўз қўшниларининг эҳтиёжлари, арз-шикоятларини раҳбарларга етказиб туришди. Яъни, маҳаллий аҳоли ўртасидан танланган 800га яқин фаол биз билан бирга тер тўкди. Таркиби ноҳукумат ташкилотлар етакчилари, фахрийлар, хотин-қизлар кенгаши аъзолари, ёшлар, фаоллардан иборат штаб аъзолари шаҳардаги долзарб масалаларни ижобий ҳал қилишга ёрдам беришмоқда. Улар аҳолининг талаб-истакларини тинглаб, мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топмоқдалар. Ҳалокат юз берган вақтда қийин аҳволда қолган хонадонлар ҳамда уй-жойлари яроқсиз аҳволга келган фуқароларнинг дардини енгиллаштиришга, касалхонадаги яраланганларнинг ҳолидан хабар олиб, зарар кўрган уйларни баҳолаш ва ҳужжатларини тайёрлашда камарбасталик қилишди. Шунингдек, портлаш туфайли уйи батамом яроқсиз ҳолга келган 28 оилага ижтимоий ёрдам ташкил этилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва гуманитар ёрдам тегишли даражада тақсимлаб берилди. Фаол фуқароларнинг эзгу ишлар йўлида жипслашгани фуқаролик жамиятининг равнақ топиб бораётганидан далолатдир. Ноҳукумат ташкилотлар ва кўнгиллиларнинг ўз саъй-ҳаракатларини умуммаслак йўлида сафарбар этишлари, биргаликда кўпчилик дардини енгиллаштиришлари жамият учун фойдалидир. Уй-жойларни қуриш, баҳолаш тадбирлари, гуманитар ёрдамни тарқатиш юмушлари аҳоли иштирокида ҳалоллик ва самарадорлик билан амалга оширилди. 

“Туркистон” махсус жамғармаси очилиб, унга эл-юрт ва тадбиркорлардан эҳсонлар келиб тушди. Таниқли тадбиркорлар ва компаниялар Арисдаги қурилиш-таъмирлаш ишларига фаол аралашиб, сахийлигини намоён қилишди. Мамлакат Ҳукумати, “Самұрық-Қазына” миллий фаровонлик жамғармаси ва “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси, вилоят, шаҳар ҳокимликлари ҳам арисликларни ёлғиз қолдирмай, бирга эканликларини амалда кўрсатишмоқда. Бугунги кунда жамғармада 1,9 млрд. тенгедан зиёд маблағ йиғилган. 

– Умуман, фавқулодда вазиятдан кейинги Арис аҳолисининг ижтимоий аҳволини яхшилаш учун давлат томонидан қандай ёрдам бериляпти?

– Биринчидан, портлашдан зарар кўрган уй-жойлар тузатилмоқда. Арисда 8466та уй бор, уларнинг 7150тасига зарар етган. Бундан ташқари, кўпқаватли уйлардан 100га яқини бузилиб, бинолар таъмирланмоқда. Қурилиш-таъмирлаш ишларига мамлакатимизнинг турли чеккаларидан 215та компания ва 7 мингдан ортиқ киши жалб этилди. Бугунги кунда 2048та уй тузатилди. Шаҳардаги 66та ижтимоий бинода ҳам таъмирлаш ишлари юритилмоқда. Уларнинг 4таси янгидан қурилмоқда. Бу ишларга 1788 ишчи, 29та компания сафарбар этилган.

Иккинчидан, Арис аҳолисига юртимизнинг барча вилоятлари ва шаҳарларидан қарийб 800 тонна гуманитар ёрдам етказилгани маълум. Бугунги кунгача омбордаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа буюмларнинг 700 тоннаси одамларга тарқатиб берилди. Қолган 100 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари мавзеларда аниқланган 1545 нафар кам таъминланган ва кўп болали оилага тақсимланмоқда. Шунингдек, Арис шаҳридаги 31 нафар имконияти чекланган фуқарога ногиронлик аравачаси тортиқ қилинди. Айни кунларда ҳомийлар ҳисобидан “Мактабга йўл” акцияси орқали арислик ўқувчиларга мактабга зарур бўлган ўқув қуроллари харид қилинмоқда. Масалан, яқинда “Ембімұнайгаз” компаниясининг ишчилари 402 ўқувчига кийим-кечак ва ўқув қуролларини етказиб беришди. Хайрия тадбирлари ҳануз давом этмоқда.

Учинчидан, арислик ҳар бир фуқарога 100 минг тенгедан берилади. ҚР Ҳукумати тасдиқлаган рўйхат асосида Арис шаҳри бўйича 44 994 киши, Ақдала қишлоқ округидан 4324 одам, Қўжатўғай қишлоқ округидан – 4232, Дермене қишлоқ округидан – 2052 киши, жами 55602 фуқарога 100 минг тенгедан 5,6 миллиард тенге миқдорида нафақа тўлаш режаланган. Бунинг учун ҚР Ҳукуматининг захиралар ҳисобидан ҳамда вилоят бюджетининг ижтимоий жамғармага тушган маблағи бўлинади. Моддий ёрдам яқин кунларда берилади. Бу ҳам аҳоли учун мадад.

 Тўртинчидан, шаҳарда 4000га яқин нафақадор истиқомат қилади. Уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида дам олиш жойларига юбориш масаласи ҳал этилди. Шимкентдаги вилоят “Фахрийлар уйи”да шу кунларда 200дан зиёд арислик фахрий дам олмоқда. Сайрам туманидаги “Мейір” санаторийсида 190 нафақадор даволанмоқда. Бу хайрли ишлар йил охиригача давом этади. Шу билан бирга Арисдаги болалар юртимизнинг энг зўр лагерларида соғломлаштирилмоқда. Бугунги кунда тахминан 3 минг бола лагерларда ҳордиқ чиқармоқда. Қисқача айтганда, кузгача Арис шаҳрида яшайдиган 4010 боланинг дам олишини уюштириш кўзда тутилган. 

Бешинчидан, ҳар ҳафта охирида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси мунтазам равишда ўтказилмоқда. Ундаги маҳсулотлар баҳоси бозордагидан 30 фоиз арзон. Хуллас, арисликларга ижтимоий ёрдамнинг барча турлари имкон қадар кўрсатилмоқда. Буни эл-юрт билиб-кўриб турибди.

– Арис воқеасига доир ёлғон ахборот тарқатган фуқаролар ҳам учради. Аҳоли ўртасида ҳали ҳам арз-шикоятлар бор. Бу йўналишда қандай ишлар олиб борилмоқда?

– Юқорида айтилганидек, 17та мавзеда махсус вакилларимиз аҳоли билан бевосита мулоқот ўрнатиб, ҳамкорликда ишлашмоқда. Бирорта арз ёки шикоят инобатсиз қолаётгани йўқ. Минтақа раҳбарининг талаби бу. ОАВ саҳифалари ва ижтимоий тармоқларда танқидий материаллар чиқса, улар дарров рўйхатга олиниб, штабларга хабарлар берилмоқда. Сўнгра масъул шахсларга ўша арз-шикоятлар билан амалий ишлар бажариши ҳамда натижалари ҳақида жавоб бериш зарурлиги тезкор етказилмоқда.

Вилоят ички сиёсат бошқармаси ва вилоят ҳокимининг матбуот хизмати ходимлари ҳалокат юз берган кундан буён штаб таркибида жадал равишда расмий ахборот тарқатиш билан шуғулланди. Афсуски, ҳар минтақадан келган минглаб қурувчи ва бошқа ватанпарвар фуқароларнинг меҳнатига соя ташлаб, сохта ахборотлар тарқатганлар ҳам учради. Омбор, ўқ-дорилар ҳақида эл-юртни хавотирга соладиган исботланмаган маълумотлар тарқатиб, одамларнинг тинчини бузганлар ҳам бўлди. Ваколатли органлар бундай фуқароларни топиб, жавобгарликка тортишди. Зеро, исботланмаган, ёлғон маълумотлар тарқатганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкинлигини ҳар ким билиб қўйгани маъқул.

Бутун бир шаҳардаги биноларни тузатиш, айримларини қайтадан қуриш осон иш эмас, албатта. Битта иморат кўтаришнинг ўзига қанча сабр ва чидам керак. Айрим кўчалардаги уйлар эртароқ, баъзиларида эса кечроқ битиши мумкин. Бунга аҳоли ҳам, ОАВ вакиллари ҳам тушунган ҳолда ёндашишлари зарур. “Иш қилинмаяпти”, деб ножўя гап-сўз тарқатиш қурилиш ишларига салбий таъсир кўрсатади. Ундан кўра, жойларга бориб, ўз илтимослари ёки арз-шикоятларини очиқча айтсалар, дуруст бўларди. Лекин бир нарса аниқки, давлат томонидан ҳамма фуқароларга ёрдам кўрсатилиб, зарар кўрган уйлар тикланади. Шундай синовли кунларда ҳар бир фуқаро Арисга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатса, лоақал яхши сўзи билан мададкор бўлса, ўринли бўларди, деб ўйлайман. 

Тарихи минг йилларга бориб тақаладиган Арис дарёси соҳили азалдан одамзоднинг қутлуғ макони бўлиб келган. Йигирманчи аср бошларида Арис станцияси қурилиб, шаҳар ривожлана бошлади. Арис – тўққиз йўл чорраҳасида жойлашган стратегик муҳим аҳамиятга эга шаҳар. Шу боис ушбу шаҳарнинг келажаги ёрқин бўлишига ишончим комил. Давлат раҳбарининг қатъий назорати остида, барча минтақалар ҳокимликлари, ягона аҳил Қозоқ эли ёппасига ёрдам бераётган бу макон қисқа вақт ичида асл ҳолига келиб, аҳолиси мамнун бўладиган кунлар яқин. Бунинг учун бизга ҳозир ватанпарварлик, бирдамлик ва тинимсиз меҳнат лозим. Юртимизнинг ҳар чеккасидан келиб, Арисдаги қурилишларга улкан ҳисса қўшаётган одамларнинг, дастлабки кунларданоқ ёрдамини аямаётган барча қозоғистонликларнинг тилак-истаклари ва меҳнатлари оқланишига ишончимиз комил.

– Суҳбат учун раҳмат!     

Суҳбатлашган Гулзина Турғанбай қизи, 2019-07-29, 18:52 626
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.