26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Лўлига алдандими ёки ''сеҳр-жоду''дан қутулдими?

Манзура чақалоғини бешикка белаб, ўзи ҳам бироз тин олиш ниятида бошини эндигина ёстиққа қўйган эди, кутилмаганда эшик тугмачаси чўзиб-чўзиб жиринглай бошлади. “Оббо, шу тобда ким бўлдийкин?” Аёл бошини кўтариб, дарвоза томонга боқди ва қўнғироқ овозини бирозгача эшитиб турди. Қўшни болалар ўйнаб, тугмачани босяпти, деса, жиринглаган овозга қўшилиб, катта одамнинг дарвозани қаттиқ-қаттиқ ургани ҳам эшитилди. 

“Ҳозир, мана, боряпман”, аёл оёғига енгилгина шиппакни илиб, “ишқилиб, бола уйғониб қолмасайди”, деган хавотир билан дарвоза эшигини очди. Қараса, маҳаллада уч-тўрт тиланчи хотин елкаларига хуржун осиб, болалари билан бирга садақа учун эшикларни тақиллатиб юришган экан. Итларни қувиш учун қўлларида узун ҳассалари ҳам бор эди.

Манзуранинг олдига ёшроқ жувон келиб, садақа учун қўлини чўзди:

– Садақа беринг, ўргилай, кейин бир пиёла сув беринг, роса чанқадим.

Манзура лўлига тикилиб қаради, унинг заргарлик буюмларга – узук, зирак, билакузукка мойиллигини дарров пайқади. Ҳомиладор аёл ёзнинг иссиқ кунида қизил духобадан кўйлак кийиб олган, юзлари толиққан, ўзи жиққа терга ботган эди. 

Уй бекасининг унга раҳми келиб, “Ҳозир”, дея уйга югуриб кириб кетди. Бироздан кейин садақа пули ҳамда қўлидаги косани тўлдириб, муздеккина сув олиб чиқди. Лўли хотин сувнинг ярмини ичиб, қолганини ерга тўкиб юборди. 

– Эгачи, яхши аёлга ўхшайсиз, сизга бир гап айтаман. Ҳозир уйга кириб кетганингизда, дарвоза тагида ўтириб, уйингизда сеҳр-жоду борлигини билдим. Бошим қаттиқ оғриб, қийналиб қолдим. Истасангиз, “сеҳр”ни очайлик.

– Қўйинг, йўлингиздан қолманг, мен бунақа ишларга ишонмайман. Кейин, уйимни ўзим дуолар орқали тозалаб тураман. 

– Мени балки Худо юборгандир, қаердан биласиз? Пайғамбаримизга ҳам сеҳр-жоду қилишган, ахир, ҳеч ким бундан қутула олмайди. Яхшиси, уни олиб ташлайлик.

Манзура ўйланиб қолди, тиланчи хотинни уйга киритай деса, лўлиларнинг ҳийла-найранглари ҳақида кўп эшитган, ҳайдаб юборай деса, содда одамларни қандай қилиб лақиллатишларини ўз кўзи билан кўришга қизиқиши кучайди.

– Эгачи, эмизикли аёл эканлигингиз шундоққина кўриниб турибди, сутнинг ҳиди келяпти. Наҳотки, бегуноҳ норасиданинг ҳаёти учун қўрқмасангиз? Ахир, “сеҳр” оила аъзоларингизнинг ҳаммасига бирдек таъсир қилади. Ҳовлингизда учта мевали дарахт бор экан, шулардан биттасининг тагига “амал-жоду” кўмилган.

– Юринг, – деб юборди Манзура кутилмаганда. 

– Менга ўқлов беринг,– ҳомиладор лўли оёғи оғирлигини ҳам эсдан чиқариб, чаққонлик билан ҳаракат қила бошлади. 

Манзура ўқловга ўхшаш узун таёқ келтириб берди. Лўли таёқни биринчи дарахт тагига тиқди, “бу ерда йўқ”, дея иккинчисига йўналди. Эски тўнка олдига борганда кўнгли беҳузур бўлиб, қорнидаги боласи ҳам қаттиқ-қаттиқ безовта бўла бошлади. “Шу ерда! Бир-икки кетмон тупроқ олинса, очилади”, деди.

Бу сафар Манзуранинг ўзи қизиқиб қолди. “Ростдан ҳам шундай бўлса-чи?”. 

Лўли аёл Манзурадан тўрт қадамча нарида туриб, унга қаерни ковлашни айтиб турди.

Манзура у кўрсатган жойни уч марта ковлади, ҳеч нарса чиқмади. Ҳафсаласи пир бўлиб, лўли хотин кирдикорларига ишонганидан ўзини койиди. Ва “Уйдан чиқиб кетинг, ҳеч нарса йўқ-ку”, деди. Ҳалиги хотин таёқни ерга тиқиб, учини ҳидлаб кўрди-да, яна ўқчиди. “Худди шу ердан, ковланг”, деди буйруқ оҳангида. Манзура ҳафсала билан яна кетмон солди. Қараса, кетмонга тупроқ аралаш бир эски қопча илиниб чиқди. “Вой, бу нимаси?”, дея уй бекаси анграйиб ўтириб қолди. 

Лўли хотин ҳалиги қопчага яқинроқ келди-да, номаълум дуоларни пичирлаб ўқиди. Кун иссиқ, ёз чилласи, теварак-атроф қовжираб ётибди. Фақат ер тагидан ковлаб олинган халтачадан нам тупроқнинг ҳиди анқиб турарди, усти ҳам лой эди.

Лўли уни авайлаб қўлига олди, бармоқлари ҳам лой бўлиб кетди. 

“Сув борми?”, сўради у. Манзура аёлни сув крани олдига бошлаб келди. Тиланчи чаққонлик билан бояги халтачани очди, ичидан яп-янги қулф, афсун ёзилган қоғоз, тирноқ, матодан ясалган қўғирчоқ, тугунли иплар чиқди.

“Қайтарма қилайми?” сўради хотин. “Билмасам”. Манзура бунақа ифлос нарсаларни аввал кўрмагани учун дабдурустдан жавоб беролмади. “Истасангиз, шундай дуолар билан “қайтарма” қиламанки, сизга “сеҳр” қилганлар уч кун ичида остонангизга бош уриб келишади, қилмишлари учун кечирим сўрайдилар”. Манзура ўйланиб қолди.

Лўли аёл фурсатни бой бермай, уни тезлаштира бошлади. “Ҳой эгачи, уйингизда бир эмас, бир нечта тилла занжирингиз бор, болаларингиздан ортиқми, олиб чиқинг, олтин билан қайтарма қиламан”.

Манзура ҳаялламай, уйга югуриб кириб, қалин тилла занжири, бошмалдоқдек зираклари ва қўша-қўша узукларига тикилиб қолди. Ўйланиб, йўғон олтин занжирни олиб чиқди.

“Хавотирланманг, ўқийману дарҳол ўзингизга қайтараман”, лўли хотин “махфий” тилда “номаълум” дуолар ўқишга киришди. 

 Игна билан бармоқларини тешиб, занжир устига қон оқиза бошлади. Бу орада дарвоза тақиллаб, лўли хотиннинг телефони ҳам жиринглаб қолди. Шериклари ундан хавотир олиб, излашаётган экан. 

Биттаси кириб, ёнига ўтириб олди.

“Эгачи, энди шу олтиндан умидингизни узасиз, болаларингиз бош-кўзидан садақа, уни парча-парча қилиб синдириб, ҳожатхонага ташлаб юборинг”.

 Манзура бироз ўзига келиб, вазиятни назорат қила бошлади. “Нималар бўляпти ўзи, занжирни нега синдиришим керак, ахир у арзон турмайди-ку”. Лўли тақинчоқни Манзурага узатиб, уни майда-майда бўлакларга бўлиб ташлашга қистарди. Ниҳоят, занжир иккига бўлинди. Шунда уй соҳибаси “Сеҳр”ни топиб берганингиз учун раҳмат, ҳақини тўлайман, лекин тақинчоқни эримнинг рухсатисиз бера олмайман. Кейин “қайтарма” қилиб, ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга қаршиман, уйдан чиқинглар”, деди. Тиланчи хотинлар бундай жавобни кутишмаган эди. Энди улар “уни бер, буни бер” дейишга тушишди. Манзура уйдан янги кўрпа олиб чиқиб берди-да, уларни кузатиб қолди. 

Қўлидаги тақинчоқни тақишга ҳеч кўнгли бўлмади, уни бозорга олиб чиқиб, сотиб юборди...

У шу кунга қадар “сеҳрдан қутулганини” ҳам, лўлиларга “алданганини” ҳам тушуна олмайди.

Н. ЗАЙНИДДИНОВА, 2019-07-31, 18:17 106
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.