26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мактаб тараддуди: бир болага қанча кетади?

Бошланди ташвиш...

Ёзнинг чилласи ўтиб, кунлар анча салқинлашгани куздан дарак бераётир. Кузнинг илк куни – Билимлар куни. Мактабда ўқийдиган болалари бор ота-оналар шу кунларданоқ янги ўқув йилига ҳозирлик кўрмоқдалар. Болаларга янги кийим-кечак – форма, сумка, ўқув қуролларини сотиб олиш мавсуми келди. Бу энг кам иш ҳақи – 42 минг тенге олиб, кун кечирадиган оилалар учун, айтиш жоизки, синовли, оғир палла.

Мактаб формаси бу йил қандай бўлади?

Қиз болаларга тўқ кўк рангли юбка ёки сарафан, оқ кофта, жилет, ўғил болаларга – оқ кўйлак, шим, жилет. Бу Қозоғистондаги анъанавий мактаб формаси. Қизлар юбкасининг тиззадан юқори бўлмаслиги талаб этилади. 

 ҚР Таълим ва фан вазирининг 2016 йил 14 январдаги буйруғига биноан барча ўқув муассасалари ва жамоат кенгашлари (мактаб ота-оналар кенгаши ва бошқалар) раҳбарлари ўрта таълим ташкилотларида ягона мажбурий мактаб формаси кийилишини таъминлаши даркор.

Мактаб формасини ўзимизда ишлаб чиқарадиган маҳаллий тикув корхоналаридан ҳам харид қилиш мумкин. 

Нархлари-чи?

Бу ҳақда Шимкент шаҳрида мактаб формаси тикадиган таниқли корхоналардан бири “Гаухар” тикув фабрикасига мурожаат қилиб, менежер Лола Жумадиллаева билан суҳбатлашдик.

– Мактаб либосининг бугунги намунаси 2016 йилдаги мутасадди вазирликнинг тегишли буйруғига биноан тўқ кўк рангда, лекин бир янгилик – юбкаларнинг бичимлари бироз ўзгарди, жилет ва жемперларга нақшга ўхшаш ўймалар босилмоқда. 28дан – 46 размергача тикмоқдамиз. Ўғил ва қиз болаларга мўлжалланган мактаб формасининг бир комплекти 9 минг тенгедан 13 минг тенгегача. “Чегирма” тизими ҳам мавжуд. Ҳомийлик ҳисобидан нақд пулга олишга қийналадиган муҳтож ота-оналарга ёрдам ҳам бериб турамиз. Шимкент шаҳридаги мактаблар бир комплектга, жумладан, оқ кўйлак, қора шимга қўшиб жилет, галстук олишади. Чунки бизда об-ҳаво иссиқ, қиш ойларида эса синф хоналари иссиқ. Ақтов, Нур-Султан шаҳарларида эса жилет ўрнига трикотаж жемперлар харид қилинади. Ёқасига оқ рангли ҳошия босиб, тикмоқдамиз. Бизда шойи матодан, катак-катак намунадаги формалар тикилмайди. Бу қабул қилинган қоидага тўғри келмайди. Сифатсиз тикилган, дидсиз ушбу либосларни ягона андазадаги деб айта олмаймиз. 

Ўқув қуроллари

Сумкаларнинг энг арзони бозорларда 2,5-3 минг тенге. Яхшиларини 5-10 минг тенге атрофида оласиз. Мактаб даври бошлангандан буён Қирғизистон, Хитой, Туркия, Россиядан товарлар оқиб кирмоқда. Китоблар ҳозирча мактаб томонидан бериляпти. Дафтар, ручка, қалам – ҳаммасини ота-отанинг ўзи олади. Битта дафтар 20 тенгедан.

Куни кеча икки ўқувчи боласи учун бозордан нарсалар олган Д. Зиёматовани суҳбатга чорладик.

– Мактабга тайёргарлик даври, айтиш керакки, ўрта ҳол оила бюджетига оғир тушяпти. Қизим 8-синфда, ўғлим 6-синфда ўқийди. Қизимга сумкани 3800 тенгега олдим, ўғлимники 3000 тенгега тушди. Дафтар 20 тенге экан. Агар унга қўшиб, қалам-ручкани ҳам ўша жойдан олсангиз, дафтар нархи 17-16 тенгедан тушади. Кундаликни 250 тенгедан олдим. Ўтган йили уни сентябрга яқин олган пайтимда баҳоси 450 тенгега кўтарилиб кетган эди. Дафтар жилди – 10 тенге. 100та олсангиз ҳам шу нархда беришади. Хуллас, арзимаган ўқув қуролларига 4000 тенгедан ортиқ пулим кетди. Ҳали уларнинг рўйхати узун: циркуль, елим, чизғич, пластилин, расм дафтари... дегандай. Ўғлимга олинган оқ кўйлак баҳоси 2000 тенге, жилети – 4000 тенге, шим – 3000 тенге, пойафзал – 4500 тенге. 20 минг тенге ёзги формасига кетди, ўқув қуроллари билан 30 минг тенге бўлади. Ҳали олдинда қиш мавсуми бор, оёқ кийимнинг ўзига 5-7 минг тенге кетса керак, – деб хомчўт қилди шимкентлик она.

Суҳбатдошим ўзи ва турмуш ўртоғи муқим ишлаб, ойлигини вақтида олаётган хонадон соҳиблари. Кўп болали оилалар, яъни ҳамма болалари мактабда, коллежда ўқийдиганлар нима қилишаркин?

 Уларга маслаҳат, ҳаммасини бирдан олиш қийин. Каттагина оила бюджетини тежаб, ҳар ойда бўлиб-бўлиб олган маъқул. Ҳозир бозорлардан мавсумни, ур-йиқитни кутмай, истаган буюмни топиш мумкин.

Кейин мактаб жамғармаси ҳам бундай оилаларга ёрдам бериши маълум, фақат ҳужжатлар вақтида ўтказиб қўйилса, кифоя. 

Н. Мавлонова, 2019-08-02, 17:54 765
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.