26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сохта ''қашшоқлар'' давлатдан ундирган пулни қайтаради

Таҳририятга мурожаат қилган Нодира беш болали она, кенжатой ўғлини туғиб, уйда бола парвариши билан банд. Турмуш ўртоғи ижарага олган машинасида киракашлик қилиб, кун кечиради. Оилада пулга муҳтожлик шундоққина сезилиб турибди... 

Маълумки, Қозоғистонда кам­бағал­ликнинг барча шаклларига бар­ҳам бериш мақсадида Давлат раҳбари, Ҳукумат янги-янги ижти­моий чора-тадбирларни ўйлаб топ­моқда. Шу йил баҳорда ёрдамга муҳтож оилаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида янги қонун меъёрлари қабулланиб, од­дий халқ ёппасига шу ўзгаришлар таъсирида қолгани рост. 

Нодира ҳам бу янгиликни эши­тар-эшитмас, ҳужжат тўғрилаш илин­жида ҳафталаб чопиб, ҳолдан тойди. Кич­кинтойини қўшни­лари­никига ташлаб, ҳа деса, аҳолига хизмат кўрсатиш маркази томон югураверди. Шим­кент шаҳар Ал Форобий туман аҳо­лига хизмат кўр­сатиш маркази ап­рель ойидаги ти­қилинчлардан ҳа­мон “ўзига ке­лолмаётган” бўлса, ажабмас. Эр­талабки соат 6.00дан кўп болали она­лар марказ томон оқиб келар, ҳамма навбат олишга ошиқар эди. 

Нодира аёллар орасига суқилиб кириб, “ким охирги” эканлигини сў­ради. Негадир навбат охири кўрин­мас, аёлларнинг бақир-чақири ат­роф­ни тутган эди. Соат 9.00да мар­­­­­­­­каз эшиги очилар-очилмас, ҳам­­ма ўзини ичкарига урди. Ёш она­­лар эмизикли чақалоқларини кў­­та­риб, ҳаммадан олдин ичкарига киришни истарди. Эрталабки иш вақти бошланишининг ўзида 200га яқин аёл навбатда турган, уларнинг ҳаммасига хизмат кўрсатилиши ло­­зим эди. Нодира умри бино бўлиб, бунақанги тўполонни кўрма­га­ни­данми, бақир-чақирлардан кўнгли айний бошлади. Беш-олти соатлик асаббузарликлардан сўнг, ниҳоят навбати келиб, “табло”да унинг рақами “порлади”...

Икки ҳафта шу тарзда ўтди. Қан­дайдир қоғозларни тўлди­раве­риб, кимларгадир тасдиқ­латавериб, об­дон чарчади. Бироқ, одамлардан эшитгани, “давлатнинг даста-даста пул­лари” кўз олдида гавдалангани са­­йин чарчоқларини унутарди.

Кўп болали оналарга апрель ойи­дан янги тартибда манзилли иж­ти­моий ёрдам берилиши ҳақида кўп айтилди, ёзилди. Бу мавзу ҳали ҳам долзарб. 

Нодира ҳам 2019 йилда қаш­шоқ­лик даражаси яшаш миниму­мининг 50дан 70 фоизга оширилгани, кўп болали оилаларнинг даромади шу кўрсаткичдан камроқ бўлса, яъни аввало оиланинг ҳар бир аъзосига ойига 14849 тенгедан тўғри келган бўлса, апрель ойидан бошлаб кў­пай­­тирилган миқдордаги манзилли иж­ти­моий ёрдам – ҳар болага 20789 тен­гедан берилишини билиб олди. 

Янги қоидалар бўйича бола­лар­нинг стипендияси, ногиронлик бўйича на­фақаси ва бошқа дав­латдан оли­на­диган ёрдам пуллари инобатга олин­маслиги, ҳар болага 21 минг тен­гедан ҳисобланиши, нафақат Но­дирага, балки барчага ойдек аён бўл­ди. Фақат...

Фақат кимдир, ҳа шу юртнинг ай­­рим одамлари, бой-бадавлат бўл­са-да, давлатнинг бу мададидан четда қолишни истамади. Улар қо­­нун-қоидаларни “айланиб ўтиб”, по­ра ёрдамида манзилли кўмакнинг мўмайгина қисмини олишга урин­дилар.

Нодиранинг қўшниси, бадав­лат тадбиркор хонадон эгалари ҳам  ҳужжат тўғирлаб, одамини топиб: “Вой, ростдан ёрдам берасизми?, “Ум­­­­­­­­­­рингиздан барака топинг”, дея манзилли ёрдамга “илиниб ҳам қолди”. Нодираларникига келган ко­миссия аъзолари ҳовлини, уйдаги хоналарни бирма-бир текширди...

Кўп болали хонадонда тақчиллик шундоққина кўзга ташланиб турар, болаларнинг кийим-бошлари, уй рўзғор буюмларининг эскилиги ои­лага қўшимча молиявий мадад зарурлигини англатарди. Лекин ко­­­миссиянинг бир вакили оилани тўқ деса, иккинчиси саранжом-са­риш­­тагина ҳовлини яқинда таъ­мир­дан чиққан, деб ҳисоблади, хул­лас, рас­ман унга манзилли ёрдам раво кўрилмади. 

Нодира “меҳмонлар”ни дар­во­задан кузатар экан, аламидан ла­бини тишлаганча қолаверди. Ва­киллар машинада бироз вақтгача ўтиришди, ниманидир гаплашишди, тортишишди, лекин дарров кетиб қо­лишмади. Тарвузи қўлтиғидан туш­­ган аёл эса уйга кириб кўз ёши­га зўр берилди.

 “Ишларини” осонгина, пора йўли билан “хамирдан қил суғургандек” битириб олганлар даста-даста пулни қуртдек санаб, банкомат олдида шо­дон туришганда, Нодирага ўхшаш муҳтожлар болаларига қандай овқат пиширишни ўйлаб, газ плитаси ол­дида боши қотган эди.

Лекин “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади”, де­ган гап бекор айтилмаган, Ҳукумат ҳам анойи эмас. Жойларда ҳаддан ташқари янги “камбағаллар” кўпай­гани, одамларга тахминдан ортиқ маблағ берилаётганидан хуноб бў­либ, қайта текширувлар уюштириб, барча манзилли ёрдам олувчиларни “элак”дан ўтказишга қарор қилди. 

Шу кунларда бутун республикада оммавий текширувлар ташкил эти­либ, минглаган қонунбузарликлар аниқланди.

Куни кеча Бош вазирнинг ўрин­босари Гулшара Абдиқалиқова ман­зилли ёрдам олувчилар ора­сида икки қаватли ҳашаматли уй­лар, савдо дўконлари ва “Жип” ма­шиналарининг соҳиблари ҳам борлигини алоҳида қайд этди. 

“Турли вилоятларда икки минг­га яқин фактлар очилди. Катта тек­ширувлар юритилмоқда. Ян­ги­лари яна фош этилиши мумкин. Албатта, айби ошкор бўлганларга олган пулларини қайтаришни бу­юряпмиз. Кимдир ихтиёрий равиш­­да қайтармоқда, кимдир эса бериш ниятида эмас. Уларни ҳу­қуқ-тар­тибот органларига топшир­моқ­дамиз. Қолган ишларни органлар юрити­шади, кейин судга беришади. Олин­ган пуллар суд тартиби билан олин­ган пуллар ундирилади”.

Бош вазир ўринбосарининг айти­шича, бугунги кунда мамлакатда 240 мингдан ортиқ оила манзилли ёрдам олмоқда, бу 1,4 миллион фу­­­қаро демакдир. Уларга давлат ха­­­­зинасидан 202,5 млрд. тенге аж­ра­­­тилади.  

“Биз фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, ноқонуний ра­вишда нафақа тайинлаш ҳолатлари содир этилганига гувоҳ бўляпмиз. Афсуски, мамлакатда бирорта хайр­ли иш амалга ошириладиган бўлса, дарров бундан фойдаланиб, пул иш­лаб қоладиган ёки мўмайгина дав­лат маблағини ўзлаштириб ола­диган одамлар ҳам топилади. 

Ахир, 105 минг тенге бир оила учун яхшигина ёрдам. Шу сабабли ҳар хил усулларни қўллаб кўришади, қаердадир даромадларини яшири­шади, устига-устак бу борада  сох­та ажралишлар ҳам кўпайиб кет­ди ва ҳоказо”, деди Бош вазир ўринбосари.

Дарвоқе, ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазир­лигида давлатдан ёрдам пулини ноқонуний равишда олаётган фу­қароларни топиш ва пулни қай­тариш учун алоҳида ишчи гуруҳлари тузилди. Айни пайтда гуруҳларнинг дастлабки текширувлари якунланиб, материаллар тегишли жойларга бе­рилди. Гуруҳ аъзолари манзилли ёрдам олувчиларнинг уйлари, бошқа мол-мулкларини суратга тушириб, ашёвий далил сифатида ҳуқуқ-тартибот органларига топширишди. 

Бугунги кунда ҳам иш тўхтаб қол­гани йўқ, жойларда текширувлар давом этмоқда. Минтақаларда иш­лаётган комиссияларга фириб­гарликка оид ишларнинг ҳаммасини ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган­ларига топшириш ҳақида алоҳида топшириқ берилган. 

Н. МАВЛОНОВА, 2019-08-06, 21:52 742
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.