26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
С. Отаев: ''Янги Туркистонни бунёд этиш – биз учун улкан шараф''

Республикада таниқли ва донгдор «Ақ жол» қурилиш фирмасига 26 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Собиржон Отаев билан қурувчилар байрами арафасида учрашдим.

– Собиржон ака, «Ақ жол» фирмаси Туркистонда, вилоятимизда ҳамда мамлакатимизда сифатли бунёдкорлик ишлари билан танилган, ҳатто Павлодар шаҳрида ҳам йўл қурмоқда...

– Тўғри, Павлодар вилоятида 46 чақирим республика миқёсидаги, яъни Нур-Султан шаҳрини қўшни Россия Федерацияси билан боғлайдиган автомобиль йўлини жорий йил ноябрь ойида фойдаланишга топшириш тараддудидамиз. Бизнинг 190 та техникамиз, 400 нафар тажрибали мутахассисимиз кунни тунга улаб меҳнат қилмоқда. Қизилўрда вилоятида ҳам иккита муҳим иншоот қурилишини давом эттиряпмиз, қиймати 5,3 млрд. тенге. Жанақўрған туманида водопровод тизими бунёд этилмоқда. Шимкентнинг «Туран» кичик туманида 2та кўп қаватли уйни фойдаланишга бердик, 108 оила янги уйга кўчиб ўтди. Кентов шаҳрида қурувчиларимиз иккита 5 қаватли 60 квартирали уй қурилишини давом эттирмоқдалар. Бу бинолар жорий йили битказилади. Қозоғистон ҳукумати ғамхўрлиги, қурувчиларимизнинг шарафли меҳнати билан Кентовда 120 оила янги квартираларга кўчиб ўтади. 

– Мана, Тўнғич Президентимиз, ҳурматли Элбошимиз Н. Назарбаевнинг Туркистон вилоятини тузиш тўғрисидаги тарихий Фармони чиққанига ҳам бир йилдан ошди. Вилоятимизнинг бир йиллиги тантаналарида Туркистон вилояти ҳокими Ў. Шўкеев биринчилардан бўлиб сиз бошқараётган «Ақ жол» жамоасини самимий муборакбод этиб, мукофот топширди...

– Табаррук ва янги Туркистонни бунёд этишда фаол иштирок этиш – биз учун улкан шараф. Ўз вазифамизни сифатли ва муддатида бажаришга одатланганмиз. 2000 йили, Туркистоннинг 1500 йиллик тўйи арафасида биз Шимкент тарафдан Туркистонга кирадиган марказий шоҳкўчани асфальтлаб, тунги чироқлар билан таъминлаган эдик. Мана, 20 йилдан сўнг узунлиги 3,15 чақирим муҳим участкани кенгайтириш, 6 қаторли кўчани бунёд этиш бизга топширилди. Б. Саттарханов номидаги шоҳкўчада пиёдалар ва велосипед йўлаги алоҳида бўлади. Асфальтлаш, пиёдалар йўлаги, новлар ётқизиш, тунги чироқлар учун устунлар ўрнатиш ишлари сифатли бажарилди. Айни пайтда Майкотов кўчасида узунлиги 3,8 чақиримли участкада иккита, ҳар бири 7,5 метр автомобиль йўли, улар ўртасида яшил ҳудуд бунёд этилди. Шекти Тилеу, Жибек жўли кўчаларида 3,6 чақирим масофада бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Жами 15та кўчани тўкис таъмирдан ўтказдик. Туркистон шаҳрининг «Ўтрор» кичик туманида иккита кўп қаватли уйни фойдаланишга топширдик. Вилоят маркази аҳолисига 120та квартира берилди. «Ақ жол» қурувчилари маъмурий-тадбиркорлик маркази ёнидаги учта етти қаватли уй қурилишини давом эттирмоқда. 

– Туркистон шаҳрида янги айланма йўл қуриш режаланган. У қаердан бошланади ва қаерда Ғарбий Хитой – Ғарбий Европа автомагистралига қўшилади? 

– Узунлиги 30 чақирим келадиган янги айланма йўл ҳозирги Қорачиқ қишлоқ округи ҳудудидан (Ғарбий Хитой – Ғарбий Европа автомагистрали) бошланиб, Ўранғай қишлоқ округи ҳудуди, Чоға қишлоқ округидан ўтиб, яна халқаро автомагистралга уланади. Қурилиш ишлари бир неча йилга мўлжалланган. 

– Собиржон Каримжон ўғли, «Ақ жол» фаолияти кўп қиррали – йўл ва кўп қаватли уйлар қурилишидан тортиб, тотли нон маҳсулотлари ҳамда гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш, супер маркетлар тармоғи ва ҳоказолардан иборат эканидан хабардормиз. 

– Айни пайтда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан 2000 гектар майдонда ем-хашак базаси, ёмғирлатиб суғориш ускуналари, 1200 бош қорамолга мўлжалланган сут фермаси, 600 бош қорамолни бўрдоқилайдиган агромажмуа қурилиши лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Унинг қиймати 7 млрд. тенге. Ҳозирги тез ўзгарадиган замонда қишлоқ хўжалиги билан жиддий шуғулланишни тўғри йўналиш деб ўйлайман.

– «Ақ жол» фақат сифатли қурилишлар бунёд этиш билан чекланиб қолмасдан сифатли қурилиш материалларини ҳам ишлаб чиқаради...

– Ҳозирги паллада бизда кўламдор қурилиш ишларини амалга ошириш учун 380 та замонавий техника мавжуд. Ҳар йили яна 60 та янги техника харид қиламиз. Вақт билан ҳамнафас одимлаш учун шундай йўл тутишимиз керак. Темир-бетон буюмлар ишлаб чиқарадиган учта корхона, асфальт тайёрлайдиган тўртта корхона, иккита инерт материаллар корхонаси маҳсулотлари қурувчиларга ўз вақтида етказилмоқда. «Ақ жол» да меҳнат қиладиган инженер-техник ходимлар, малакали ишчилар сони 1500дан зиёд. Ҳар ойда биз ўрта ҳисобда 125 миллион тенгени ойлик иш ҳақи сифатида ходимларимизга тарқатамиз. Яна таъкидлайман, бизнинг ташкилотимиз ҳар қандай кўламдаги ва даражадаги иншоотларни сифатли, ўз вақтида қуриш имкониятига эга. Илми ва тажрибаси мўл кадрларимиз улкан хазинамиздир. 

–  Доимий обуначимиз сифатида жамоангизга, газетага ва туркистонликларга тилакларингиз...

– Туркистон янгиланмоқда, кенгаймоқда, кун сайин файз кириб, ёшармоқда. Мен кўп йиллик тажрибага эга фахрий қурувчи сифатида давлатимизнинг Туркистондаги йирик қурилиш ишларини мунтазам молиялаштиришдаги ғам­хўрлигини мамнунлик билан эътироф этиб, ўз таҳсинимни айтаман. Ўз навбатида биз, қурувчилар бунёдкорлик ишларини сифатли, ўз вақтида бажаришдек масъулиятни доимо зиммамизда деб биламиз. Барчага омад, саломатлик, саодат, тинчлик ва барака тилайман. 

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! 

Ш. МАДАЛИЕВ. Суратларда: «Ақ жол» фирмаси маъмурияти вакиллари, 2019-08-10, 03:32 1225
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.