26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Дарсликлар арзон, сифатли, хатосиз бўлиши керак

1 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча мактабларда “Биринчи қўнғироқ” жаранглайди. Яна одатдагидек, мактабларда ўқувчиларни дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш масаласи кўндаланг бўлади.

Шу кунларда ҚР Таълим ва фан вазири А. Аймағамбетов ушбу долзарб масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, навбатдаги брифингда дарсликларни тайёрлаш борасидаги фаолиятни кескин танқид қилди.

Вазир мактаб дарсликларини алоҳида кўздан кечириб, қатор хатоларни топганини маълум қилди. 

“Кимдир уларни техник ёки босмахона хатолари деб ҳам айтиши мумкин. Лекин энг муҳими, дарсликларда хатолар бор. Нима учун камчиликлар ўрин олмоқда ва уларни бартараф этиш учун вазирлик томонидан қандай чора-тадбирлар кўрилиши керак?”– деди вазир.

Дарвоқе, бугунги кунда умумтаълим мактабларига етказилган китоблар 40 фоизни ташкил этибди. Вазир мутасаддиларга бу ишни тезлаштиришни топширди.

Унинг айтишича, бу мавзу ҳар йили такрор-такрор кўтарилади. Кенг жамоатчиликнинг бу борадаги талаб-истаклари, арз-шикоятлари ҳам кўп. Айниқса, китоблар сифати борасида.

Вазир фуқароларнинг бу фикр-мулоҳазаларига бефарқ қолмасдан, барчаси билан тўлиқ келишишини қайд этди.

 Дарҳақиқат, мактаб дарсликларида хато ҳам, муаммо ҳам кўп. Чунончи, рус адабиёти, физика, география ва инглиз тилидаги дарсликларда шундай камчиликлар кузатилмоқда. 

География фани бўйича хариталар сифати ҳам танқидга учрамоқда. Инглиз тилидан қозоқ тилига таржималар ҳам қониқарли эмас. 

Асхат Аймағамбетов  ҳар йили битта муаммо кўтарилавериб, сийқаси чиқиб кетганини куюниб айтди: “Қачон бунга чек қўйилади? Китоблар шошма-шошарлик билан тайёрланади, бир йилнинг ўзида учта синф учун дарслик тайёрлаш, бу – жуда мураккаб иш, ахир!”, деди нотиқ.

Шимкент шаҳридаги мактабларда дарсликлар таъминоти қандай кечаётганини билиш учун А. Навоий номидаги 11-сонли умумтаълим мактабига қўнғироқ қилиб, директор муовини Гулсин Қабилбаева билан гаплашдим. 

– Мактабимизга шу кунларда дарсликлар етказиб берилмоқда. Ўқувчиларимиз зарур дарсликларни бепул олиб, фойдаланишлари мумкин. Келаётган ва ўзимизда бор дарсликлар рўйхатими, умуман, бу борадаги маълумотларни мактаб кутубхоначисидан олган маъқул,– деди муовин.

Кутубхоначи ёрдамчиси Муқаддам Ортиқбоевага бир қатор саволлар бердим.

– Маълумки, шу кунларда ҳамма мактабларга янги китоблар етказилмоқда. Сизлар ҳам дарсликлар оляпсизларми?

– Албатта, дарсликларга буюртма январь ойидаёқ тайёрланиб, мутасадди идораларга топшириб қўйилади. Ўтган йили 3,6,7-синфлар учун китоблар олган бўлсак, бу йил 4, 9,10-синфларнинг китобларини оляпмиз. 

– Дарсликлар билан биринчи навбатда қайси ўқувчилар таъминланади?

– Мактабимиз социологи тайёрлаб берган рўйхат асосида, даставвал, кам таъминланган ва кўп болали оилаларнинг фарзандларини таъминлаймиз. 

– Шу кунларда мутасадди вазирлик дарсликлардаги сифат ва хатоликларни танқид қилмоқда. Бу ҳақда нима дея оласиз?

– Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфларда кўпинча таржима сифатсизлиги қайд этилади. Масалан, ўтган йилларда 6-синф дарсликларида шундай хатоликлар учраганди. 

– Бугунги кунда мактаб кутубхонаси жамғармасидаги дарсликлар етарлими?

– Дарсликларни тўплами билан қабул қилмоқдамиз. Бу иш ҳали августнинг охиригача давом этади, насиб этса, сентябрь бошларида ҳаммага дарсликлар етса керак. Аввалги ўқув йиллари тугагач, олинган дарсликларни тўлиқ ҳажмда кутубхонамизга қайтариб олганимиз учун етишмовчилик сезилмайди, деб ўйлайман. 

Бу мавзуга ҳали қайтамиз, сабаби, Таълим ва фан вазири дарсликнинг сифатинигина эмас, балки баҳосини ҳам танқид қилди. Уларнинг айтишича, бугунги  кунда ушбу масала қатъий назорат талаб этади.

“Бошланғич таълимдаги базавий дарсликларнинг баҳоси юқори синфларникига қараганда анча қиммат. Мен шахсан ўзим ўрганиб чиқдим. Ҳаммасини яхши тушунаман, гонорар, бизнес, рақобат, лекин нима бўлган тақдирда ҳам дарсликларнинг бугунги баҳоси қаноатлантирмайди. Уни пасайтириш керак. 

Кейин китобларнинг шакли ҳам алоҳида эътиборни талаб этади. Биринчи синф ўқувчисининг китоблари, керак бўлса, партага сиғмайди. Дастлаб қараганда, оддий бўлиб кўринган бу ҳол, аслида катта аҳамиятга эга. Бу муаммолар ҳам ўз ечимини топиши даркор!”

Н. МАВЛОНОВА, 2019-08-15, 20:38 94
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.