А. Аймағамбетов: ''1-синфга бораётган бола саводли бўлиши шарт эмас''
Мутахассисларнинг айтишича, ота-оналар болалари савод чиқариш ёшига етиб, уларни мактабга беришаётганида қаттиқ зўриқишга чалинар экан. Ҳали фарзандларим ёш бўлганлиги учунми, болаларнинг мактабга бориши қувончку, шу ҳам ташвишми, деб бу нарсага парво ҳам қилмагандим. Катта фарзандларим биринчи синфга қадам қўйганда анча ёш эдим, шунинг учундир бундай руҳий қийинчиликларни ҳис этмадим. Бироқ учинчи фарзандим мактабга борганида мутахассисларнинг бу фикрлари асосли эканлигига амин бўлдим. Биринчидан, бола қайси тилда таълим олади, деган савол мени қийнарди. Ўзбек синфида таълим олганлари ўзбек тили ва адабиётидан ташқари барча фанлар қозоқ тилида ўтилганлиги боис бироз қийналишган эди. Шу боисданми, болани рус синфига беришга қарор қилдим. Ўзбек синфида ҳам бунга имконият яратилган, боз устига, малакали, истеъдодли ўқитувчилар етарли бўлса-да, рус синфи муаллимига йўлиқдим.
Ўқитувчи, аввало, синфида ўқувчилар ҳаддан ташқари кўплигини, бола ўқиш ва ёзишни билиши, математик амалларни бажара олиши, саводли бўлиши кераклигини айтди. Мен эса 6 ёшли қизалоғим боғчага борганлиги, бироқ савод масаласида ҳали у қадар эмаслигини айтдим. Шундай бўлса-да, муаллима болани синовдан ўтказди. У болаларни саралаб олаётганини, синфга қабул қилингандан сўнг ҳам ота-оналар болаларини қўшимча ўқитишлари зарур эканлигини айтди.
Хуллас, биз бу тестдан ўта олмадик, билимимиз саёзлик қилди. Рус, инглиз, қозоқ тилларидаги ҳарфларни биладиган, бироқ у қадар равон ўқий олмайдиган қизимни умумтаълим ўрта мактабининг рус синфига 6 ёшида қабул қилишмади. Бунга руҳан эзилиб, нега деган саволлар гирдобида қолиб, ҳар галгидек ўзимни айблай бошладим. Кейин эса ҳақли савол туғилди: агар бола саводли бўлса, кўпайтириш ва бўлиш амалларини ҳам аъло бажарса, унда нима учун у 6 ёшида 1-синфга бориши шарт? Нима учун бу ёшида ҳам харажат қилиб, қўшимча дарсларга юборишим керак? Саводни ҳам, ҳисоб амалларини ҳам 1-синфда мактаб дарсхонасида ўрганиши керакмасми?! Шу ёшида қўшимча дарсларга юборсам, унда мактабнинг нима кераги бор? 45 дақиқалик дарс болага билим бериши керак-ку.
Ниҳоят қизимни истеъдодли ўқитувчи Раънохон Зойитхонова синфига бериб, юқоридаги фикрларим нотўғри эканлигига, мен сингари бошқа ота-оналарнинг ҳам руҳий кечинмалари ўринсиз бўлганлигига кўзим етди. Рус синфида таълим олаётган ўқувчилар миллий синфларда таълим олганлардан зеҳнлироқ деган хулосадан воз кечдим. Зеро, ҳар бир боланинг Яратган ато этган интилишлари, зеҳни, илмга бўлган иштиёқини бирор бир инсон сўндира олмайди. Қайси тилда таълим олса ҳам, болангизнинг қалб кўзини очишни Аллоҳдан сўраб, илм олишга бўлган интилишини сусайтирмаслик керак экан.
Рус тилида таълим олиш нуфузли деган имиж эса ота-оналар томонидан сунъий яратилиб, ўзлари билмаган ҳолда уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли амалга оширилади. Йиллар давомида бунга ҳали ўзингиз гувоҳи бўласиз. Яқинда эса Ю. Сарёмий номидаги лицей мактабининг талабаси 101та грант соҳиблари бўлганлигини эшитиб, фахрландим. Куни кеча мамлакатимиз бош муаллимининг Ҳукуматда билдирган мулоҳазалари эса соҳадаги талабга ойдинлик киритди – тўғри, бола мактабга савод чиқаргани, билим олгани боради. Баъзи муаллимлар бундан ўринли хулоса чиқариб олишса, чакки бўлмасди, менимча.
ҚР Таълим ва фан вазири А. Аймағамбетов болани қанча ёшдан мактабга бериш ҳақида шундай деди:
– 6 ёшлиларга тўхталадиган бўлсак, қонун меъёри бор. Мен вазир, давлат хизматчиси сифатида бу меъёрга риоя этмасликка даъват қилолмайман. Шу боис ҳам 6 ёшдан болалар мактабга боришяпти, бироқ бу ота-оналарнинг ихтиёри, – деди вазир. – Бироқ боланинг 6 ёшида мактабга келмаганлиги учун ҳали жарималар бизда белгиланмаган. Шу боис ҳам ҳеч кимни жарима тўлашга мажбурлай олмаймиз.
Унинг айтишича, бу ёшда ўқиш ва ёзишдан хабардор бўлиш ҳам шарт эмас.
– 1-синфга келаётган ўқувчи ўқиш ва ёзишни билиши шарт, деган талаблар йўқ. 1-синф дастури эса билим ва кўникмаларсиз келаётган болаларга мўлжалланган. Шу боис ҳам болалар 1-синфда ҳарфларни, ўқиш, ҳисоб, ёзувни ва бошқаларни ўрганади, – деб тушунтирди вазир. Ёдингизда бўлса, жорий йил 1 январдан “Таълим тўғрисидаги” қонунига киритилган ўзгаришлар кучга кирди. Унга кўра болалар мактабга 6 ёшдан қабул қилинади. Ўз вақтида бу янгилик ота-оналар ўртасида катта шов-шувга ва юқоридагидек “стресс”га сабаб бўлган эди. Қоғоз ва электрон дарсликларга ҳам алоҳида тўхталган вазир, барча ўқувчилар дарсликларнинг қоғоз нусхасини олишлари кераклигини айтди.
Ота-оналар хоҳишига кўра, уларнинг электрон нусхаси ҳам тақдим этилади. Уларни QR кодлари орқали юклаб олиш мумкин. Дарсликларни ишлатиш-ишлатмаслик эса ўқувчиларнинг хоҳишига боғлиқ. Вазирлик бунга барча имкониятларни яратиб беради.