26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тулкибошлик улоқчилар – Осиё чемпионлари

Алмати шаҳрида миллий спорт тури – кўпкаридан I Осиё чемпионати ўтди. Шиддатли мусобақаларда 8та мамлакатдан терма жамоалар қатнашди.

Байроғини кўкка ҳилпиратган, тулпорини қамчилаб, пойгага ошиққан чавандозларнинг абжирлиги, чаққон ҳаракатлари кўнгилни қувонтиради. Сабаби, кўпкари туркий халқларнинг қон-қонига сингиб кетган ўйин. Қалин тўдани қоқ ёриб, ўртасидан улоқни суғуриб олиб, тақимига босган улоқчини  кўрганда юраги жунбушга келмайдиган одам борми?

Кўпкарини йигитнинг султони тортади. Ҳақиқий полвон ва ботиргина от устида эркин чопади. Фарзандларини ёшлигидан эпчиликка, мардликка ўргатадиган санъат тури, бу – улоқдир. Юқорида таъкидлаб ўтилган Осиё ўйинларида Тулкибош миллий спорт турларидан болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг спортчилари, Қозоғистон Республикаси терма жамоасининг аъзолари Адилет Мамит ва Бекзат Қарқабат совринли 1-ўринни эгаллаб, кўк байроқни ҳилпиратиб, обрўмизни ошириб, мартабамизни мустаҳкамлади. Бу ғалаба биз учун катта бахт, натижали ютуқ бўлди.

Спортчилар от устидан тушмай машқ қилиб, олдига қўйган мақсадларига машаққатли меҳнатлари ва мунтазам машғулотлари туфайли эришди, деб ўйлаймиз.

– Мен болалигимдан бобом Мамитнинг қамчисини олиб, пойгага тушадиган тулпорига миниб ўсдим. Чавандозликка қизиқишим жуда ҳам кучли эди. Фалон жойда кўпкари бўляпти деганни эшитсам бўлгани, хужинимни олиб, отимни созлаб, уйдан чиқиб кетаверардим. Сен ҳали боласан, отнинг остида қолиб кетасан, деган акаларимнинг сўзини қулоғимга олмас эдим. Кўпкари мен учун қўрқинчли эмас эди. Бор ўй-фикрим ўша улоққа бориб, оломон тўдани кўзим билан кўриш эди. Кўпкарчи, чавандоз бўлиш менинг болаликдаги орзуим эди-да. Аслида, мана шу ғалаба чавандоз сифатида элимнинг фахри бўлишим отамнинг оқ фотиҳаси туфайлидир. У киши ҳам чавандоз эдилар. Қондан ўтган хислат бўлса керак. Дадам Амир кўпкари деса ичаётган ошини шундоқ ерга қўядиган инсон эдилар. Кўпкари спортига иштиёқимни сезган отам спорт мактабига ўқишга тушириб, онгимни оширди. Пойгада тез чопиш учун оқ фотиҳасини бериб, мени илҳомлантирарди. Тулпорим Ақмўла қашқа билан талай пойгаларда ўзиб, оиламга катта қувонч билан қайтган пайтларим кўп бўлган. Бу – бобом, дадам ва онам олдидаги ниятларимнинг ушалиши деб ўйлайман. Эгаллайдиган чўққилар, ҳали олдинда кўп деб биламан. Навбатдаги ғалабамни халқим ва туғилиб ўсган юртимга бағишлайман, – дейди I Осиё ўйинлари чемпиони, ҚР терма жамоасининг аъзоси Адилет Мамит.

Дарҳақиқат, эл обрўсини ошириб, ота-боболар оманатига масъулият билан ёндашадиган ёшларга қараб, қувонасан, киши. Уларнинг чеҳраларига, юриш-туришларига қараб, кўнглинг тинчланади, кўзларинг яйрайди. Миллий спорт турини ривожлантириб, жонлантирадиган ёшларнинг йўли ҳар доим зафарларга, яхшиликларга, ғалабаларга ёндош бўлаверсин, дегимиз келади.

С. ШАРИФБОЕВА. Тулкибош тумани, 2019-08-24, 03:08 673
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.