26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дайди итлар кўпайиб боряпти...

Бир куни ишдан қайтаётсам, уй дарвозаси олдида катта бир кўппак ётибди. Аввалига қўрқиб кетдим, кейин яқин­роқ бориб қарасам, касалга ўхшади. Бечора жонивор ўрнидан қимирламай ётар, оғзидан сўлаклари оқиб, ат­рофини ҳам булғаб таш­лаганди.

Қўшним менинг ишдан қайт­ганимни би­либ, олдимга келди ва: “Манави ит, бир неча кун­дирки, кўчамизда пайдо бўлиб қол­­ди. Эгаси йўқ, ё бўлса ҳам, қариб, касал­­­лангани учун ити­ни кўчага ҳайдаб юбор­ган. Те­гиш­ли идораларга хабар бериб, жо­ни­­­­­­вордан тезроқ қутулмасак бўлмайди. Ма­ҳал­лада ёш бо­лалар кўп, ҳар уйдан икки-уч­­­­­таси чи­қиб, кўчада ўйнайди, кун иссиқ, дайди итнинг қўланса ҳиди ва устидан тўки­ла­ёт­ган жу­ни ҳамма ёқни қоплаб кетди-ку. Худо кўрсатмасин, қутурган бўл­са, биров­ни тишлаб олса, нима қиламиз? Тезроқ йўқо­тайлик”, – деди.

Мен ветеринария хизматларига мурожаат қилиш ҳақида ўйлаб турган эдим, участка по­­­­­­­лициячиси ўтиб қолди. Машинасини тўх­татиб, ёрдам сўрадик.

– Аслида бундай ишлар аҳоли мурожаати билан ҳал қилинади. Ветхизматга қўнғироқ қилиб, ман­зилни айтиш керак, ўзлари келиб, олиб кетишади, – деди полиция ходими. 

Лекин бироз туриб, ўзи телефон қилишга ва тегишли одамларни чақиртиришга ваъда берди.

Эртасига итни жойида кўрма­дим...

Бугунги кунда Шимкент шаҳ­рида дайди итлар ва мушукларни йўқотиш масаласи қай аҳволда? Бу долзарб муаммонинг ечим­лари борми? Касбим тақозоси билан ушбу муҳим масалани те­ранроқ очиш учун Шимкент ша­ҳар ҳокимлигининг ветеринария хизматига мурожаат қилдим.

Суҳбатдошим дайди ит-мушукларни овлаш бўлимининг раҳбари Бақдаулет Суленқулов саволларимга бажонидил жавоб берди:

– Дайди ит-мушукларни ким олиб кетади? Бу хизматда қанча одам машғул?

– Ветеринария бўлимимизда дайди жониворларни тутиб, йўқо­та­диган махсус бригадалар мавжуд. Шаҳардаги Абай, Ал-Форобий, Ен­­­­­­­­­­­бекши ва Қоратов туманлари учун 5та бригада, жами 10 одам би­рик­тирилган. Эгасиз ҳайвонларни “Га­зель” автомашинасида юриб, йи­ғамиз. Итлар учун махсус тўр­лардан фойдаланилади, мушуклар эса қопга ўхшаш воситаларда сақланади.

– Бригадалар жойларга, фу­қароларнинг мурожаатидан сўнг борадими ёки ўзи текширув-рейд­лар ўтказиб турадими?

– Кўпинча аҳолидан келиб тушган аризалар бўйича тегишли манзилга бориб, айтилган ит-мушукларни ов­лайди. 

– Тутилган эгасиз жониворлар қаерда сақланади ва уларнинг кейинги тақдири нима  бўлади?

– Ленгер шаҳри чеккасида мах­сус питомник жойлашган. Бу ерда дайди жониворлар сақланиши учун алоҳида жойлар тайёрланган. Итлар алоҳида, мушуклар алоҳида ушланади. Овқати учун ҳам давлат пул ажратиб туради. Аввалги тартиб бўйича келтирилган ҳайвонларнинг сақланиш муддати 10 кун эди. Ҳозир – уч кун. Бу вақт мобайнида биз келтирилган ит-мушукларни Ин­­­­­­­­­­тернетдаги ижтимоий тармоқлар (Инс­­­таграмм) орқали кенг оммага кўрсатиб, эгасини топишга ҳаракат қиламиз. Мабодо эгаси ўз итини та­ниб қолса, бошпанага келиб олиб кетади, агар ит кимсасиз бўлса, ким­дир қизиқиб қолар, деб яна кутамиз. Унгача паспорт тайёрлаш, эмлаш тадбирларини бажарамиз. 

– Агар итнинг эгаси топилмаса, ёки у ҳеч кимга керак бўлмай қолса-чи?

– Уч кун ўтгач, жонивор ухлатувчи дори ёрдамида эмланади, сўнг ўл­ди­­­­рилади. Итнинг жасади махсус печда куйдирилади. Сабаби – кўп дайди ҳайвонлар оғир юқум­ли ка­салликларнинг манбаи ҳисоб­ланади. 

– Маълумки, бу йил июль ойи­да Шимкент шаҳридаги Тўғус аҳоли манзилида карантин эълон қилинди. Сабаби, бир қизчани қутурган ит тишлаб олиб, аҳоли хавотир ичида қолган эди. Ҳозир вазият қандай?

– Тўғусдаги нохуш ҳодиса сабаб, 4та бригадамиз 2 ҳафта шу ҳудудда ишлади. Эпидемияга қарши чора-тадбирлар юритилди. Ходимларимиз уйма-уй, ҳовлима-ҳовли юриб, уй ҳай­­­вонларини текширишди. Кў­­ча­даги дайди итларни овлашди, уй эгаларидан ит-мушукларига вак­ци­­­­нация, паспорт керакми, деб сў­раб, хуллас ҳамма зарурий чора-тад­бирларни амалга оширишди. Баъзи одамлар керак бўлмаган ит­­ларини ўзлари бизга олиб келиб топ­­ширишди. Қайси ит касалланган бўл­са, ёппасига даволадик. 

– Қўшнининг соғ ити тишлаб ол­ди, дейлик. Кейинги амаллар ни­малардан иборат?

– Қўшни итни олиб кетиб, текши­рамиз. Бу жараён 90 кун давом эта­ди. Итнинг соғ-касаллигини экспер­­­­­­тиза аниқлайди. Агар жонивор соғ­лом бўлса ва икки қўшни ўзаро ке­лишиб, бир-бирига даъвоси бўл­маса, яна тегишли эмлашларни вақ­тида олиб турса, бизнинг уларга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Агар ит ка­сал бўлиб, ўзаро дов чиқса, унда участ­ка полициячиси чақирилади, эга­сига жарима солинади, хуллас, амал­даги қонунчилик асосида иш кўри­лади. 

– Агар итлар зотдор, қиммат­ба­ҳо бўлса-чи, уларни сақлаш тар­тиби қандай?

– Зотдор ва жанговар итлар, ху­сусан, този, немис овчаркаси, “ала­бай”и, инглиз мастифи, шар­пей, питбультерьерларга укол со­­­­линмайди. Улар алоҳида сақланади. Интернет орқали эълон бериб, шун­дай итлар борлигини маълум қи­ламиз. Ҳар бир кунига му­айян миқ­дорда пул ҳам тўланади. Масалан, кунига 2200 тенге ёки 3800 тенгедан тўлаб, паспорти билан қў­шиб олиб кетувчилар бор. Лекин ҳар ойда бир марта келиб, итни тек­­­ширтириб туришлари шарт. Ой са­йинги эмлаш бепул. 

– Ит тишлаб, тиббиёт ходим­ларига кўплаган одамлар му­ро­жаат қилаётгани, умуман ол­ган­да минтақамиз қутуриш бўйича етак­чи ўринда эканлиги маълум. Уй ҳайвонларини сақлашнинг янги қонун-қоидаларига тўхталсангиз... 

– Статистикага оид аниқ рақам­ларни, рости, ҳозир айта олмайман. Лекин уй жониворларини боқишнинг умумий қоидаларини ҳамма билиб қўйса, чакки бўлмасди. 

Умуман, ҳар қандай ҳайвонни уй­да сақлашнинг асосий шарти – са­­­­­­­ни­тария-гигиена, ветеринария-сани­тария меъёрларига амал қилиш. Жониворларни ошхона, йўлак, зи­на­поя, том, ертўла ва балконларда бо­қиш тақиқланади. Эгаси бор итлар, яъни хусусий ёки ҳуқуқий шахсларга тегишли итлар мажбурий рўйхатдан ўтиши, ҳар йилги расмий қайд этиш ҳоллари, қутуриш ва бошқа ка­сал­ларга қарши эмлашларда қат­на­­­шиши, 3 ойлигидан бошлаб, кў­рик­дан ўтиб туриши шарт. Янги со­тиб олинган ҳайвонлар эса 2 ҳаф­талик муддат давомида ветери­нария хизматларига мурожаат қи­либ, тегишли тавсияларни олиш­лари керак. Агар итлар сотиб юбо­рилса, ветеринария гувоҳ­номаси расмийлаштирилади. Итлар сайр қилдириладиган вақтда, жамоат­чилик жойларида тумшуғига кийди­риладиган анжом ва қисқа узун­ликдаги боғичда бўлиши керак. Ит-мушукларнинг териси ва гўштини сотиш қатъиян тақиқланади. Яна бир муҳим гап – ит-мушук боққан одам ҳайвонларга яхши муносабатда бў­лиши, вақтида овқатлантириб, вақ­тида парваришлаб туриши лозим. Жамоат жойларида  (подъезд, лифт, болалар майдончалари, йўлаклар) жонивор ахлатини соҳиблари тоза­лашлари керак. Уй-ҳовлиларда яшай­диганлар эса итлари ташқарига чи­қиб кетмаслиги учун махсус тў­сиқ­лар ўрнатиши лозим. Мабодо жо­нивор йўқолиб қолса, унинг эгаси яшаш жойидаги уй-жой-коммунал хўжалик идораларига хабар бера­ди. Агар ити ўлса, жасадини ветхиз­матларга топширади. Тегишли қои­даларни бузган шахслар қонун олдида жавоб беришини ҳам унут­маслиги керак. Жониворни азоблаб ўлдирган шахсларга мўмайгина жарима солинади.  

– Суҳбат учун раҳмат!

Агар дайди ит-мушуклардан безор бўлсангиз, унда 112 (ФВ) ёки (7252) 45-05-22 (ветеринария хизмати)га телефон қилишингиз мумкин. 

Н. МАВЛОНОВА, 2019-08-27, 20:17 771
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.