26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Тотувлик ва бирдамлик улуғланган кун

* Қутлов

Ҳурматли Икром Акром ўғли!

Қадрли ҳамюртлар!

Барчангизни республика миқёсида ўткази­лаёт­ган “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни” билан чин юракдан муборакбод этаман!

Қозоғистон Республикаси Мустақилликка эриш­ган дастлабки йиллардан буён нишон­­ланиб, йилдан йилга кенг қулоч ёйиб келаётган ушбу айём кўп миллатли юртимизда қарор топ­ган демократиянинг ёрқин ифодаси деб ҳисоблайман. Элбошимиз мамлакатимизда ҳаёт кечираётган турли миллат вакилларининг ўзаро дўстлиги ва бирдамлиги, миллатлараро тотувлик ва сиёсий барқарорлик – энг олий қадрият сифатида эътироф этилишини таъкидлаб келади. 

Жорий йил бошидан буён республика аҳа­мия­тига эга қатор воқеалар юз берди. Бундай синовли паллаларда қозоғистонлик ўзбеклар ўз­гача фаоллик кўрсатди, деб дадил айта ола­миз. Эзгу ишларнинг бош-қошида юрган Қо­зоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамиятининг ўрни ўзгача. 

Ай­ниқса, Арис шаҳридаги портлашлардан зарар кўрган биродарларимизга биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзиб, марднинг ишини қилдингиз. “2018 йил – Қозоғистонда Ўзбекистон йили”, “2019 йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили” деб эълон қилиниши икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни янги босқичга кўтар­ди. Нур-Султан, Алмати, Шимкент, Тошкент, Са­марқанд сингари йирик шаҳарларда зиё аҳ­ли иштирокида ўтган маданий-оммавий тад­бирлар, дўстлик бай­­рам­лари бунга далил бўла олади.

Ҳурматли ватандошлар!

Байрам муборак бўлсин! Ота-боболари­миз­нинг орзуси бўлган Истиқлолимиз мангу, эл-юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

 

Эзгу ният-ла, 

Фахриддин Қоратоев,

ҚР Парламенти 

Мажлиси депутати.

2019 йил 21 сентябрь.

Нур-Султан шаҳри.

 

Шимкент шаҳридаги “Қо­­­­­­зоғистон халқи Ассам­блеяси” биносида “Ўзбек ти­ли, маданияти ва анъа­­­­­­налари куни” кенг нишон­ланди. 

Миллий кийимлари яраш­ган нуроний отахонлар, ўзбек либосларини на­мо­­йиш этган лобар қизлар, амалий санъат наму­на­ларини тақдим этган ус­­талару чеварларнинг кўр­газмаси мазкур тад­бирга файз киритди.

Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти ҳамда Шимкент шаҳар ўз­бек этномаданият бир­лашмаси уюштирган тад­­бир “Дўстлик уйи” би­­носи олдида Амир Те­мур­нинг монологи билан бошланди. Сўнг тадбир иштирокчилари ви­лоя­тимиздаги барча ўзбек эт­номаданият бирлаш­маларининг бай­рам дас­турхонига таклиф этил­ди.  

Ассамблея биноси томошабинларга тўлди. Саҳ­на тўрига кўтарилган ҳар бир нотиқ, ҳар бир санъаткор кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди. Кузга хос бўлмаган ўттиз даражали ҳарорат ҳам йиғилганлар ихлосини қайтаролмади. Зал фойе­сида миллий чолғу асбоблари куйлари янграб турди.

Байрам тадбирида шаҳар раҳ­бар­лари, Қозоғистон хал­қи Ассам­блея­си раисининг ўринбосари Шер­зод Пўлатов, Туркистон вилоят Қозо­ғистон халқи Ассамблеяси раиси­нинг ўринбосари Ғани Рисбеков, Ўз­­бе­кистоннинг Қозоғистондаги Фав­қу­лодда ва Мухтор элчиси Саид­ик­ром Ниёзхўжаев ҳамда қўшни Ўз­бекистон, Қирғизистон, Тожикистон дав­латлари­нинг зиёлилари, ижодкор­лари, шу­нингдек, шаҳарликлар иштирок этиш­ди.

Тадбирни очган Қозоғистон ўз­бек этномаданият бирлаш­малари “Дўст­лик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳо­­­шимжонов авваламбор ишти­рок­чи­лар­ни самимий қутлаб, ҳам­жамиятнинг фах­рий раиси, жа­моат арбоби Рўза­­қул Хол­му­родов, давлат арбо­би Ша­­латай Мирзахметов, Ўз­бекистон Рес­­­­пуб­ли­касининг Қо­зо­ғистондаги Бош кон­­сули Фат­хулла Жаҳон­гировларни саҳ­нага таклиф қилди.

– Қозоғистон ўзбеклари “Дўст­­лик” ҳамжамияти вилоят, ша­ҳар ва туман этномаданият марказлари билан ҳам­корликда уюштирган ўзбек тили, ма­да­­­­­­нияти ва анъаналари байра­ми билан барчангизни мубо­ракбод этаман. Мана шундай анжуманлар сизу биз­нинг Қо­­­зоғистоннинг тенг ҳу­­­­қуқли фу­­­­­­­­­­­қаролари экан­лиги­мизни бил­­диради. Мам­ла­катимизнинг Бош қо­муси ҳисоб­ланмиш Конституцияга кўра Қо­зо­ғис­тонда истиқомат қи­лувчи ҳар бир этнос вакилига ўз она тилини, маданиятини ри­вож­лантириш учун барча ша­роитлар яратилган. Бугунги тад­биримизда Туркистон вилояти ва Шим­кент шаҳрида истиқомат қилаётган бошқа миллат вакилларининг иш­ти­рок этаётгани бунинг далили. Мам­лакатимизда тинч ҳаёт кечи­ришимиз учун биз бир­дам, бирга бўлишимиз ке­рак. Қозоғистоннинг Тўнғич Пре­зиденти, Элбоши Нурсултан Назар­­­­­баев мам­лакатимизда яшовчи бар­ча мил­лат­ларни қо­зоқнинг бара­кали, хосиятли чанғароғининг остида бирлаш­тириб, тинч яшашимиз учун шароит яратиб берди. Биз эса шунинг давомчиси си­фатидаги бирликни сақламоғимиз ло­зим. Биринчи навбатда биз, ўз­беклар, тотув бўлишимиз керак, – деди Р. Холмуродов.

Табрик сўзини давом эт­тир­ган дав­лат арбоби Ш. Мир­зах­метов ўзбек­ни ўз оғам деди ва зални гулдурос қар­сакларга тўл­дирди. Шунингдек, нотиқ одам­зоднинг авваламбор ўз тили, анъа­на­лари, динини эъзоз­­лаши керак­ли­­гини таъкид­лади. 

Байрам табрикларидан сўнг ўз­бе­кистонлик санъаткорлар ва ма­ҳал­лий ижодкорлар томо­нидан таш­кил­лаштирилган бай­рам концерти ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.

***

– Бугунги байрам ўзбек эт­носининг урф-одатлари, анъа­налари, шунингдек, тилига ба­ғиш­лангани учун мен ҳам шу ерга келиб ўтирибман. Ўз­бек­ларнинг ўзбеклигини кўриш, яъни ҳунармандчилиги, санъати шо­ҳиди бўлганимдан мам­­нун­ман. Ўзбе­гимнинг қувончли кунлари бар­­давом бўларверсин!

 

Соатой КАМОЛ ҚИЗИ, 

Қозоғистон Ёзувчилар 

уюшмаси аъзоси.

– Авваламбор шундан хур­санд бўлдимки, мен ўзимни ўз Ва­танимда юргандек ҳис қил­дим. Негаки, нафақат кўриниши ёки кийимлари, балки ҳатто қозоқ миллатига мансуб ин­сонларда ҳам бир хил феъл-атворни кўрдим. Осиё халқ­ларига хос меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, миллий қадриятлардаги уйғун­ликни кўриб, ўз юртимдан чет­да эмаслигимни ҳис қил­дим. Бугунги кўргазмалар, чи­ройли ташкиллаштирилган тад­бир­ни кўриб, инсонни диллар  бир­лаш­тириб туради, тиллар эмас, деган фикрга келдим. Ўзбе­кис­тонлик ижодкорлар номидан бар­ча ташкилотчиларга ўз мин­нат­­­­дорчилигимни бил­ди­раман. 

Шаҳло АҲРОРОВА,

шоира, Ўзбекистон Республикаси.

– Мен барча ҳамюртларимни ўзбек тили, мада­­нияти ва анъаналари куни билан муборакбод этаман. Байрамда иштирок этишимиздан мақсад ўзга элларда яшаётган миллатдошларимиз билан тажриба ал­ма­шиш, улар билан суҳбатлашишдир. Мана шундай тезкор ўтаётган замонимизда бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатни ку­чайтириш, адабиётимиздаги, ижоддаги янгиликларимизни баҳам кўриш асосий мақ­садимиздир.

Ойсултон АБДУҚОДИРОВА,

23-сонли  коллеж ижтимоий педагоги.

– Бугун мен ўзбеклигимдан фахрландим. Нимагаки, биз ўзбек-қозоқ халқи қадимдан жигарлармиз. Бизни ижодкор сифатида таклиф қилишлари, келганимиздан буён кафтида кўтариши, бизга бўлган ҳурмати бизни ҳайратга солди. Бу дўстликнинг бар­давом бўлишини чин юракдан истайман.  Тотувлигимиз бардавом бўлсин.

Гулбаҳор ЖУМАЕВА,

шоира, Ўзбекистон Республикаси.

– Бугунги тадбир сабаб, Марказий Осиё­нинг бир неча давлатларидан кел­ган миллатдошларимни кўр­­­ганимдан мам­нун­ман. Шуни айтмоқчиманки, бай­рам жуда юқо­ри даражада ташкил этилган. Ўзим то­­­жикистонлик ўзбек шоириман. Марказий Осиёда тил­­лар кунига бағишлаб ўтказилган тадбирларни кўп­чи­лигида иштирок этган­ман. Ва шуни ишонч билан ай­та­манки, мен қатнашган барча тадбирлар ичидаги энг олий  даражадагиси бугунги айём.

Ҳасанбой ҒОЙИБ,

шоир, Тожикистон Республикаси.

– Энг асосийси, Туркистон ви­лоят бўл­ганидан хурсандман. Бу­гунги Шимкент шаҳрида ўтаёт­ган тил ва маданият байра­мида қозоғистонликларнинг ҳурмати, меҳр-оқибати, мада­ниятини кўриб, ҳавасим келди. Келажакда бу каби борди-келдилар давом этади. де­ган ниятдаман. Ўзим гуво­ҳи бўлган байрам концерти ҳам юқори дара­жада ташкил этилган. 

Турабай ЖЎРАЕВ,  шоир, Қирғизистон Республикаси.

– Мамлакатимизда тил эркин­лиги бўлган­лиги боис, барча этнос вакиллари ўз қадри­ят­ларини сақ­лаб қолиш имконига эга. Бунинг учун Тўнғич Президентимиз, Эл­боши Нур­султан Абишулига мин­нат­дор­чилигим чексиз. Бугунги тадбир эса Қозоғистондаги ўзбек халқининг тили, маданияти ва анъа­­на­ларини йил­­­­­­­­дан йилга, ав­лод­дан авлод­га қай­моғини буз­ма­ган ҳолда етказа­ёт­­ганимизнинг далили.     

 

“Ижодкор”нинг ҳиссаси

Байрамга бағишланган кўргазма ва стендлар орасида илк бор намойиш этил­ган “Ижодкор” адабий бирлаш­­­­­­­ма­сининг китоблар кўргазмаси ало­ҳида эътибор қозонди. Бу жойдан ўтган ҳар бир меҳмон қўлига у ёки бу китобни оларкан: “Сотиладими?” – деб сўраганида, адабиётга иштиёқманд юрт­дошларимиз кўплигидан кўнг­лимиз тоғдек кўтарилди. 

Қозоғистондаги ўзбек адабий муҳитига доир саволлар билан мурожаат қилган ҳамюртларга “Чашма” ижодий уюшмаси раиси Суннатилла Акром ва шоир Баҳодир Оташ батафсил маълумот беришди.

Жорий йилги тадбирнинг яна бир ўзга­чалиги – унда ўзбекистонлик, қирғизис­тонлик ҳамда тожикистонлик ижод вакил­ларининг иштирок этганидир. 

Саҳнага таклиф этилган Ўзбекистон телевидениесининг “Дунё бўйлаб” канали продюсери Абдулла Вахш, таниқли шои­ралар Шаҳло Аҳророва, Муаззам Ибро­ҳимова, тожикистонлик ижодкор Ҳасанбой Ғойиб, қирғизистонлик меҳмонлар Соҳиба Шокирова ва Барно Исоқова халқлар дўст­лигини тараннум этувчи, Ватан мавзусидаги ижод намуналаридан ўқиб, байрамдан улкан таассурот олганликларини таъкид­лашди.

Айтганча, Қозоғистон ўзбек этно­мада­­ният бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжа­мияти қошидаги “Ижодкор” адабий бир­­лаш­ма­си қўшни республикалардаги ижодкор­лар билан яқин алоқада фаолият кўр­сатмоқ­да. Мана шундай ижодий ҳам­кор­лик на­­­тижасида Озарбайжонда “Бу­та-4”, Ҳин­дис­тонда – “Олтин Кўприк” ва Ўз­бекистонда – “Муҳаммад Юсуф издош­лари” китоблари чоп этилди.  

Ижодкорларнинг бу галги ташрифи шу китоблар тақдимоти билан ҳамоҳанг келди. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси Туркистон вилоят филиали раисининг ўринбосари, “Ижодкор” адабий бирлашмаси раҳбари А. Пратов ташаббуси билан  Шимкент шаҳар ўзбек драма театрида бир кун илгари ўтган учрашув ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

– Сиз ва биз яратаётган адабиётнинг ва­зифаси – мана шу заминда ўсиб-унаётган авлодга уларнинг ўзбек эканлигини англаш­га хизмат қиладиган асарлар ёзишдан иборат, яъни уларнинг қалбига бир чангал чўғ солиб қўйишнинг уддасидан чиқишимиз керак, – деди Абдулла Вахш. 

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ.

 

 

Майсара САФАРОВА., 2019-09-24, 22:05 132
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.