26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Пенсия – энг долзарб мавзу

Муштарийлар илтимосига кўра мусоҳаба

Бугунги кунда аҳоли ўртасида энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган  долзарб мавзулардан бири – пенсия таъминоти. Тўғрисини айтиш керак, катта ёшдагилар ҳар йили Президент Мактубини ёки бошқа ижтимоий ислоҳотларни айнан шу масаладаги янгилик, ўзгаришлардан бохабар бўлиш учун кутадилар.

Таҳририятга мурожаат қиладиган муштарийларимизнинг саволлари ҳам кўпинча шу мавзу атрофида айланади: Пенсия жамғармасида йиғилган омонатимни муддатидан олдин олиб, бу пулдан эркин фойдаланишга қачон рухсат берилади? Умумий меҳнат стажи 40 йилдан ошган, лекин оралиқдаги қисқа муддатли узилишлар тайинланадиган пенсия миқдорига таъсир кўрсатадими, жамғармадаги омонатни қайси ҳолларда тўлиқ олиш мумкин, у қандай тақсимланади? Ёки кўпчиликни қизиқтирган:  фуқароларнинг ҳисоб- рақамида маълум миқдорда пул йиғилса, у 50 ёшидаёқ пенсияга чиқиши мумкинми ва ҳоказо.  

Уларга жавоб олиш мақсадида “Ягона жамғарма пенсия фонди” ҲЖ Туркистон вилоят филиали вакилларига мурожаат қилиб, расмий жавоб тайёрлашга ҳаракат қилдик.

Вилоят филиали директори Самат Стаханули Байдуанов ва унинг ўринбосари Абдимурат Жунисули Исабаевлар бугун газетамизнинг меҳмони.

– Самат Стаханули, тўғридан-тўғри саволларга кўчсак, бир муштариймизнинг саволи қуйи­дагича: Қозоғистондаги сўнг­ги қонунчилик бўйича, эркаклар пенсия жамғармасидаги ҳисоб рақамида тахминан 10 миллион тенгедан, аёлларнинг ҳисоб рақамида эса камида 11 миллион тенгедан ортиқ маблағ бўлса, 50 ёшда пенсияга чиқиши мумкинми деган гап ростми?

– Қозоғистонда пенсия таъминотига боғлиқ жараёнларга учта идора масъул: Давлат пенсия тўлаш маркази, Ягона жамғарма пенсия фонди ва пенсия аннуитети тизимидаги суғурта компаниялари. Сизнинг саволингиз бевосита пенсия аннуитетига тааллуқли. Ва айтиш керакки, юқоридаги гаплар рост. 

Бизнинг идора эса “ҚРда пенсия таъминоти тўғрисида” Қонунининг 34-модда, 1-бандига мувофиқ, мажбурий ва касбий пенсия чегирмалари, ихтиёрий пенсия тўловларини қабул қилиш вазифасини бажаради ва пенсия тўловлари берилишини таъминлайди.

– Жамғармадаги пулни кимлар олишга ҳақли?

– Бунинг учун эркакларнинг ёши 63га тўлган, аёлларники эса 58дан ошган бўлиши керак. 2018 йил 1 январдан бошлаб, аёлларнинг пенсия ёши ўзгаргани маълум, яъни 58,5 ёш, 2019 йилнинг 1 январидан эса – 59 ёш. Ва 2027 йилгача аёллар ёшига 6 ойдан қўшиб борилиб, эркаклар билан тенг – 63 ёш белгиланган. Демак, биринчидан, пенсия ёшига етган фуқаролар олишга ҳақли. Иккинчидан, юқоридаги Қонуннинг 59-модда, 1-бандига мувофиқ, энг кам пенсия миқдоридан кам бўлмаган тўловни тўлаб туриш учун, жамғармадаги маблағи етарли бўлган чоғда, суғурта компанияси билан суғурта тўловларини умрбод олиш ҳақида пенсия аннуитети битимини тузган фуқаролар ҳам олиш ҳуқуқига эга. Бунда эркаклар 55га тўлган, аёлларники 50 ёш бўлиши керак. Аёллар ёши ўзгариши муносабати билан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб – 50,5 ёш, 2019 йилда 51 ёш, 2027 йилга бориб, 55 ёшга тўлган бўлиши керак. Учинчидан, биринчи ва иккинчи гуруҳдаги ногиронлик муд­дати чекланмаган шахслар-умрбод ногиронлар. Тўртинчидан, хорижга доимий яшаш учун кўчиб кетган, ҚР қонунчилигида кўрсатилганидек, кўчиб кетиш ҳолатини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган хорижликлар ва фуқаролиги йўқ одамлар. Бешинчидан, фуқаро вафот этганда, марҳумнинг оила аъзолари олишга ҳақли.         

– Абдимурат Жунисули, дейлик, фуқаронинг умумий меҳнат стажи 40 йилдан ортиқ. Лекин оралиқда икки марта қисқа муддатли узилиш бўлган. Шу ҳолатлар пенсия тайинланган пайтда унинг пенсия миқдорига таъсир кўрсатадими?

– Албатта, таъсир кўрсатади. Бунинг учун аввало, Қозоғистон пенсияси қандай шаклланишини билиб олиш керак. Ҳозирги кунда бизда базавий, мажбурий ва ихтиёрийдан иборат бўлган кўп даражали пенсия тизими фаолият юритади. Базавий – давлат пенсияси (республика бюджетидан), мажбурий – мажбурий ва касбий чегирмалар ҳисобидан қўшма пенсия (республика бюджети ва ЯЖПФдан), ихтиёрий (ўз хоҳишига кўра ўтказадиган тўловлар). Бугунги кунда энг кам базавий пенсия миқдори барча олувчилар учун бирдек ва у 16037 тенгени ташкил этади. 

2018 йил 1 июлдан бошлаб базавий пенсия тайинлаш услуби ўзгарди. Энди у ҳар бир фуқаронинг пенсия тизимидаги стажига қараб тўланадиган бўлди. 1998 йил 1 январгача меҳнат стажи меҳнат дафтарчасига қараб аниқланса, ундан кейинги йиллар жамғармага ўтказиб турилган чегирмалар бўйича белгиланди. Маълумотларнинг ҳаммаси марказий базада бўлиши керак. Дейлик, фуқаронинг меҳнат стажи 10 йил ёки ундан кам бўлса, ё умуман йўқ бўлса, унинг базавий пенсия миқдори яшаш минимумининг 54 фоизига тенг бўлади. Агар 10 йилдан кўп бўлса, устидаги ҳар йилига 2 фоиздан қўшиб борилади. 33 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлса, фуқаро давлат базавий пенсиясини тўлиқ – 100 фоиз олади. Демак, давлат базавий пенсиясини тўлиқ олиш учун камида 33 йиллик меҳнат стажи керак.

 Дарвоқе, меҳнат стажи узилиб қолган ҳолатлар, яъни даъвогарнинг меҳнат стажи, маоши, ҳарбий хизматда бўлган-бўлмагани, бола парвариши учун декрет таътили ёки бошқа ижтимоий аҳамиятга эга сабаблар бўйича  дам олишда бўлган вақтлари, албатта, инобатга олинади.

– Пенсия миқдори юқори бўлиши учун иш стажи кўп бў­лиши керак экан. Унда нега 40 ёки 50 йилдан ортиқ меҳнат стажига эга фуқаролар ҳам 33 йил стажи борлар билан тенг пенсия олади?

– Қонунда меҳнат стажи ортиқ бўлган ҳолатда фуқарога қўшимча ҳақ берилиши кўзланмаган.   

– Жамғармадаги пенсия омонати нафақадорга қанча вақтдан сўнг тўлана бошлайди?

– Ариза берган кунидан 10 иш куни ўтгач, тўланади,  дафн учун бериладиган тўлов бундан мустасно. 

– Ҳужжатлар пенсия ёшига тўлгунга қадар қанча ой олдин расмийлаштирилиши керак?

– Пенсия тўловларини расмийлаштириш бугунги кунда фуқаро истиқомат қиладиган туманга қарашли Аҳолига хизмат кўрсатиш марказида амалга оширилади. Аслида 1 ой аввал АХКМга бориб, тайёргарлик ишларини бошлаб юборган маъқул. Сабаб, иш стажини тасдиқлаш, керакли маълумотнома-ҳужжатларни йиғиш ҳам вақт талаб этади. Маслаҳатни давлат пенсия тайинлаш марказларидан олган дуруст. 

– Яна юқоридаги саволга қайтмоқчиман. Эркакларнинг  пенсия ҳисоб рақамида 10 миллион 10552 тенге, аёлларникида 11 миллион 300 минг тенге бўлса, пенсияга эртароқ чиқиш мумкин деган масала мени  кўпроқ қизиқтирмоқда. Сабаби, айрим муштарийларимиз бундай ахборотни эшитгач, уй-жойини сотиб бўлса-да, эртароқ нафақага чиқишни ўйлашмоқда. Бунга нима дейсиз?

– Базавий пенсия қаердан тузилиши юқорида айтилди. Қўшма ёки меҳнат пенсияси, базавийдан фарқ қилган ҳолда ҳаммага ҳам бирдек тўланмайди. У фақат  1998 йилгача ишлаб, энг камида 6 ойлик меҳнат стажига эга бўлганларга тайинланади. Унинг кўлами бевосита меҳнат стажи ва иш ҳақига боғлиқ. Меҳнат пенсиясини ҳисоблаганда 1995 йил 1 январдан бошлаб,   истаган уч йилнинг ўртача даромади олинади. Шуни таъкидлаш лозимки, 1998 йил 1 январдан эътиборан ўртача ойлик даромад ЯПЖПга ўтказиб турилган мажбурий чегирмаларга қараб аниқланади.  Қўшма пенсиянинг миқдори ўртача даромаднинг 60 фоизини ташкил этади, энг охирги чегара эса ойлик ҳисоб кўрсаткичининг 46  баравари. Жорий йилда бу кўрсаткич 116150 тенге (2525х46) бўлди. Агар иш стажи ҳақида гапирадиган бўлсак, қўшма пенсияни тўлиқ миқдорда олиш учун  эркакларнинг иш стажи 1998 йилгача – 25, аёлларники – 20 йилдан кам бўлмаслиги шарт. Талаб қилинган 25-20 йиллик стаж, юқорида келтирилган ўртача даромад миқдорига қараб, пенсиянинг тўлиқ ҳажмини ҳисоблаб чиқариш мумкин. Масалан, 46 ОҲК*60%=46х2525=116150. Унинг 60 фоизи 2019 йилда 69690 тенгени ташкил этди. Тў­лиқ ишланган ҳар йил учун пенсия тўловлари миқдори талаб қилинадиган меҳнат стажи устига 1 фоиз қўйилади, бироқ у ўртача ойлик даромаднинг 75 фоизидан ошиб кетмаслиги керак. Талаб қилинган стаж кам бўлган тақдирда (01.01.1998 йилга эркаклар учун 25 йил, аёллар учун 20 йилдан кам бўлса) пенсия тўлиқ миқдорда ҳисобланмайди, у ёшига етгандаги пенсиянинг улуши сифатида 1998 йил 1 январгача бўлган меҳнат стажига нисбатан пропорционал ҳисоблаб чиқарилади. 

Бу марказдан тўланадиган пенсия тури. Сиз айтгандек, уй-жойини сотиб бўлса-да, ҳисоб рақамига кўпроқ пул ўтказишни истаётганлар бу пенсия туридан баҳраманд бўла олмайдилар. Сабаби, стаж ҳуқуқий шахс(ташкилот)дан йиғилади, хусусий шахсдан эмас. Ихтиёрий равишда истаганча пул ўтказиш мумкин, лекин бу жамғармадаги омонатни кўпайтиради, иш стажини эмас.    

– Жамғарма пенсияси-чи?

– Бу мажбурий, касбий ва ихтиёрий пенсия чегирмаларидан тузилган пенсия. Иккитасини иш берувчи, учинчисини хоҳишига қараб омонатчининг ўзи  жамғармамизга юбориб туради. Энди шу жойда саволингизга яқинлашамиз. 

Фахрий ҳордиққа эртароқ  (50 ёшда) чиқмоқчи бўлган фуқаролар ҳаётини суғурта қиладиган суғурта компаниялари билан пенсия аннуитети шартномасини тузади. Шартнома шартига кўра уларнинг ҳисоб рақамида тегишли маблағ бўлиши керак. Бу йилги суғурта миқдори, тўлаш тартибини суғурта компаниялари вакилларидан сўрашингиз мумкин. Аннуитет тизимини ҳам улар тушунтириб беришга ваколатли.

– Бир вақтнинг ўзида ҳам Қозоғистондан, ҳам бошқа мамлакатлардан пенсия олиб турган фуқаролар борми? Улар ҳақида нима дея оласиз? 

 – Фуқаро мамлакатимиздан чиқиб кетдими, тамом, фондимиздаги пулларини тўлиқ олиб кетади. Биз  уларга бошқа пенсия тўламаймиз. 

– Қўшимча маълумотлар зарур бўлса, муштарийларимиз қаерга мурожаат этишлари мумкин?

– Шимкент шаҳрида 4та бўлимимиз, 16та марказимиз мавжуд. Филиал Байдибек би кўчаси, 45-уйда жойлашган бўлиб, ҳар куни эрталаб соат 8.00дан 19.00гача узлуксиз, шанба куни соат 13.00гача ишлаймиз. 

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

 

Н. МАВЛОНОВА., 2019-10-01, 01:38 80
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.