26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ТАНДИР ТЎЛИБ, ЁПИЛДИ НОН...

*Журналист касбини ўзгартиради

Унинг ёпган патирлари қанчадан қанча оилаларни бирлаштирди, янги оилалар вужудга келишига сабаб бўлди, дастурхонга кўрк бағишлабгина қолмай, меҳмондўстликдан нишон ҳисобланади. Уларни кўтариб аёллар янги хонадонларга қудачиликка боришади, икки ёш бахтли бўлсин, дея фотиҳа ўқилиб, патир синдирилгач, йигит-қиз чинакамига унаштирилган саналиб, қишлоқда тўй тараддуди бошланади. Насиба опа ёпган нон ҳамда патирлар қишлоқда довруқ топган. Улар ўзгача мазали ва тансиқ, шоҳона таом. Сўлим Қорабулоқнинг келини бўлганлигим боис, унинг удумлари, анъаналари, табиати, бетакрор шеваси, аёлларнинг рўзғор тутуми, ўзига хос таомлари мен учун севимли ва қадрли. 

Халқининг меҳнаткашлиги, йигитларининг уддабуролиги, ризқи мўл қишлоқ аҳлининг серғайрат вилоят раҳбарлари ўз маърузаларида бошқа туманларга ибрат қилиб кўрсатишганида ҳам фахрланаман, ҳам қувонаман. Зеро, бундай мўл ризқ, одамларнинг меҳнатсеварлиги ва ғайрат-шижоатидан қарор топади. 

Бир куни Қорабулоққа бордик. Раҳматли қайнотам Эркин Солибековнинг жиянлари Отамурод аканинг хонадонида барча қариндошлар жам бўлиб ўтиришган экан. Қучоғингизга сиғмайдиган, қўлингизга олиб, ушата олмайдиган катта ва салмоқли патирларни кўриб, хонадон соҳибасига юзландим, “Буларни қандай ёпдингиз?”. Насиба опа менга кулиб қараб қўйди-ю, хотиржамгина, “бундай патирлар Қорабулоқда деярли ҳар бир хонадонда ёпилади, ҳамма аёлларимиз қўлидан шундай нонларни ёпиш келади. Озгина ўқув ва ихлос бўлса бас”, дея жавоб берди. 

– Унда менга маҳорат сабоғини ўтинг, сизга шогирд тушай, касбимни бир кунга ўзгартирай, – дедим. 

Куни кеча эса бунга эришдим ҳам. Сиз, азиз, муштарийларимизни ҳам Қорабулоқ қишлоғига таклиф қиламан. Биргаликда бу гўшанинг “бренди”га айланган, севиб истеъмол қилинадиган, мазали патирни тайёрлаймиз. 

Даставвал устоз билан сизни яқиндан таништириб ўтай.

Насиба опа Эрпўлатова оилада тўнғич фарзанд, Эрпўлатовлар хонадонига иккинчи келин бўлиб тушган. Чорак аср биргаликда яшаётган Отамурод ака билан беш фарзандни тарбиялашмоқда. Тўнғичлари Султонмурод армияда хизматини тугатиб, Алмати вилоятидаги ҳарбий қисмда шартнома асосида қолган, Арис шаҳридаги портлашдан сўнг шаҳарни қурол-аслаҳалардан тозалаш ишларида қатнашди. Арис шаҳри тиклангач, ота-она ҳам енгил тин олишди. Жалолиддин хусусий корхонада ҳайдовчи. Буюртма билан Россиядан мол ташийди. Қизи Сарвиноз яқинда оилали бўлди, ўзи каби бир оиланинг бекаси. Онаси сингари нон ёпишга уста. Сурайё ҳамда София мактабда ўқишяпти. 

Қаймоқдан пиширилган дурда (бу ерда тўтра дейишади), ёғига аралаштирилган тарвуз шинниси билан чой ичиб олгандан сўнг ишга киришиб кетдик. 

Тоғорада, даставвал, 2 килоча мой (сариёғ)ни эритиб олдик. 5-6та тухум ва 4 литр илиқ ёғли сут, туз ва таъбга кўра шакар, ачитқи солиб хамир қордик. Икки баравар кам масаллиқ билан нон ёпганим учунми, яширмайман, хамир қориш осон бўлмади. Сездирмасликка ҳаракат қилсамда, билакларимнинг кучсиз ҳаракатини қаҳрамоним сезиб турарди. “Дадилроқ, муштланг, дадилроқ”, дея чаққонликка ундади.

 Насиба опа вақтида иккита ер ўчоқда бир пайтнинг ўзида кунига ҳатто бир қоп унга патир ва нон ёпган кунлар бўлган. Ҳозир эса фақат оиласи учунгина нон ёпади. Қоплаб ундан нон ёпишнинг ўзи бўлмайди, ёшликдаги куч-қувват, ғайрат керак, албатта. 

Суҳбат асносида ён дафтарчамга ёзиб олаётган маълумотларга қараб, “Ҳаддан оширворманг. “Жанубий Қозоғистон”ни маҳалладошларим, ҳамқишлоқларим билан севиб ўқиймиз. Улар ҳам ўқиб қолишса, менга буюртма билан келишса, менинг ҳозир тўйларга патир ёпмаётганлигимни билишади. Ва кўнгиллари ўксиб қолишлари мумкин”, деб такрор ва такрор таъкидлади. Насиба опага менга маҳорат дарси ўтаётганини айтиб, кўнглини хотиржам қилдим. 

Қўлга ёпишмайдиган, қаттиқроқ ийланган хамиримиз бир соат ўтар-ўтмас ошди. Бу вақт мобайнида хонадон бекаси чиройли ош дамлаб, оиласи ва меҳмонларга сузиб олиб келишга улгурди. Бироз вақтдан сўнг зувала ясашга киришдик. Бир килодан зиёд салмоқдаги хамирни зувала қилиш ҳам осон эмас. Бундай ишларни қилавериб, кўзлари пишиб кетган Насиба опа саноқли дақиқаларда хамирга шакл бериб, нон ясай бошлади. Катта зувалаларни ёйиб, нон ясаш... эҳҳе, ҳаммани қўлидан келавермас экан. 

Ясалган нонларимиз “дам олгун”га қадар Сурайё ер ўчоққа ўтин қалади. Ўчоқ оғзига қозон қўйиб, сув билан тўлдирди. Иссиқ сув ҳам исроф бўлмади, қизлар тезгина кир ювишга киришишди. Ўчоқ ичи оқариб, олови пасайди. Насиба опа қизариб турган ўчоқни майда супургини сувга ботириб, бир неча бор суртиб чиқди.

– Шундай қилмасак, нонимизнинг орқаси қорайиб кетади. Ноннинг юзи чиройли бўлса-ю, таги қорайиб қолса, кўнгил хира бўлади. Нон мазали ва иштаҳа очадиган бўлиши учун бирдай текис пишиши керак, – дейди Насиба опа иссиқ ўчоқ ичини бир неча бор сувлаб олар экан. 

Қизлар патирлар устига тухум сариғи билан сут аралашмасини суртишди. Кейин айланаси 60 см. ли патирларни махсус рапидага тўнтариб, орқасига муздай сув сепишди. Катта ўчоққа бундай катталикдаги 4та патир, кичикроқ нонларнинг эса 6таси сиғар экан. Насиба опа ўчоққа танасининг деярли ярми билан кириб, чаққон ҳаракатлар билан нонни ёпиштирди. Ёноқлари қизариб кетган, кун совуқ бўлишига қарамасдан юзидан тер қуйиларди. Мен ҳам патирнинг кичикроғини олиб, тандирга ёпишга чоғландим. Унинг ичидан уфуриб турган тафт юзимга лоп этиб урилди. Ўчоққа эгилиб, нонни ёпишга бир уриндим, иссиққа чидолмай, юзимни четга бурдим. “Қани, дадилроқ, нон шаклини бузмасин”, дея илдамлатарди устозим. Учинчи уринишда, бир амаллаб, ўчоққа нонни ёпиштирдим, кўтарилиб қолган жойларини қўлимда маҳкамладим, олов тафти эса бутун вужудимга ёйилиб кетди.

Ниҳоятда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилиниши керак экан, акс ҳолда бу жуда хавфли. Эҳтиётсизлик туфайли келинлар, ёш болаларнинг ўчоққа тушиб кетиш ҳолларини эшитганман. Ўчоқ оғзига бемалол бир одамнинг сиғиши яна бир карра эҳтиёткорликка чорлайди. Қорабулоқда ҳар бир хонадонда иккитадан ўчоқ бор. Газ келганлигига қарамасдан, кўп оилалар ўчоқда таом тайёрлаб, нон ёпишга одатланишган. 

– Нонларимиз ярим соат давомида пишади. Ўчоқ оғзини ёпмаймиз. Патирнинг юзи қизариб, ичи хом бўлиб қолиши мумкин, – дейди Насиба опа.

Ўчоқда нон ёпиб кўрмаган, лекин илк бор, суҳбатдошимдек ҳаракат қилишга уринаётганимни кўрган қизларим, менга қараб, “ойи, биз ҳам уйимизга ер ўчоқ ўрнатамизми” деб сўрашади бижирлаб. Менинг ўйим эса нонни қандай узишда...

Ниҳоят 40 дақиқадан сўнг нон пишиб, узадиган бўлдик. Усталик билан ишлаётган қаҳрамонимни кўриб, мен ҳам тандирга ўзимни урдим. Анча уринишлардан сўнг бир ноннинг шаклини бузиб, аранг тандирдан уздим. Бўшаган ўрнини бошқа нон эгалларди. Икки тандир нонимизнинг тайёр бўлишига 5-6 соат вақт кетди. 

Мутахассислар нима деса десину, бироқ буғи чиқиб турган иссиқ ноннинг исидан хушбўйроқ ис дунёда йўқ. Сонияларда еб тугатиладиган, дастурхонларимиздаги шоҳ таомнинг тай­ёр­ланишига қанча вақт, қанча маҳсулот, қанча куч-қувват сарфланди... Шунча ҳаракатдан сўнг толиққан Насиба опага ҳам осон бўлмади. 

Чиройли, мазаси оғизда қоладиган патирларни тайёрлаган опага менга вақт ажратгани учун миннатдорчилик билдириб, эсдалик учун суратга туширдим. Кўз олдимда меҳнаткаш, латофатли, маъсума ўзбек аёлининг сиймоси турарди. Дастурхонга тартиб билан терилган, буғу чиқиб турган ширмой патирларга Насиба опанинг иссиқдан бўғриққан, реза-реза тер қуйилаётган қип-қизил чеҳрасини қиёсладим. Улар бир-бирига жуда ўхшаб кетарди...

 

 

М. САЪДУЛЛАЕВА., 2019-10-18, 22:16 203
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.