26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Чўлпон ижоди татар тилида

Чўлпоннинг татар тилида чиққан «Уйный сазым» (Қозон шаҳри, 2014) шеърий тўпламини ўқиб қолдим. (Таржимон «Чулпон» деб ёзибди. Аслида «Чўлпон») «Уйный сазым»нинг таржимаси – “Ўйнайди созим”. Таржимон – моҳир лирик қалам устаси, татар шоири Радиф Гаташ. 

Чўлпон – қардош ўзбек халқининг ҳассос адиби ва шоири. Роман ҳам битган. «Чўлпон» – унинг тахаллуси. Қозоқча «Шолпан». Асли исми-шарифи – Абдулҳамид Сулаймонов. 1897 йили туғилган. У ўзбек ҳалқининг озодлиги ва эркинлигини орзу қилган асл фарзанди 1938 йили отишга ҳукм қилинган. Бунинг боиси – асл фарзандга айб бўлиб тақаладиган миллатчи, турончи, туркчи, япон жосуси... хуллас, «халқ душмани». Миллатнинг ҳақиқий фарзандига қўйиладиган туҳмат тамғаси! Чўлпон 1938 йили қатл этилди. Қанча вақт ўтди ўшандан бери? Ўзбек лирикаси шу вақт давомида Чўлпон даражасига эриша олдими? Билмадим. Бизнинг Мағжан даражасига эришолмаётганимиз каби... Қадир Мирзали айтмоқчи: «Биз шуларнинг вақтини зое ўтказиб юбормадикми, деб қўрқаман...» Бир қарашда бу ҳам тўғри. Анчаси ёпиқ ётиб (кўп йилларгача уларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш тақиқланган эди-Ш.М.) вақти ўтиб кетди. Лекин давр нуқтаи назаридан баҳолаймиз эмасми? Худди шундай. Мағжан эса ҳали кўплар етолмайдиган, ҳаливери унча мунча истеъдодлар эришолмайдиган юлдузимиз. Чўлпон ҳам худди шундай юлдуз. Чўлпоннинг тўлқинли шеъри шу тарзда лирик қаҳрамонининг жони довул тилаши юзасидан М. Лермонтовдан бошланиб, қозоқ шоири Мағжан билан жон тўлқини бўлиб давом этади, пировардида, татар шоири Абдулла билан исён бўлиб, озодлик олови каби ёниб тугайди. 

Шеърни мутолаа қилаётганда қирғизнинг улуғ ёзувчиси Тугелбай Сидиқбековнинг (учрашганида айтган) сўзлари қулоғим остида жаранглайди. «Биз Октябрга қадар бир-биримизнинг асарларимизни таржимасиз ўқиб, тушунардик. Ўзим Мухторнинг ҳикояларини, Собитнинг «Сулувсочини» таржимасиз қозоқ тилида ўқидим. У кезлари Ахмет Байтурсиновнинг арабча алифбоси бизга ҳам далда эди...» Туркийзабон элнинг туташлигини ўйлаган Исмоил Гаспаралининг даъвати ёдимга тушади. «Тилда, дилда, ишда бирлик». Асл шиор. Ахмет оға аниқ ҳаракат рамзи. Ҳаракат баракатга бошлайди. Юқорида баён этилганларга эътибор қилсангиз, қозоқ, ўзбек, татар шоирлари бир-бирининг назм машқларини ўз тилларида – асл нусхада ўқиб, танишиб, мушоҳада юритишгани – ҳақиқат. Бугун эса қозоқнинг қардоши, пайтида бир хонликда бўлган қирғизнинг ўзи, бир Ўрда – Ўзбек ўрдасидан ажралиб чиққан «кўчманчи ўзбек» (Б. Аҳмедов) ва бошқаларни умуман, бугунги ўзбеклар тушуниб, ўқий оладими? Татарлар-чи? Ёки, биз уларни ўз тилларида ўқий оламизми, ўқиб юрибмизми? Шундай бўлганида эди, татарларнинг иқтидорли шоири, Татаристон Республикаси Давлат мукофотининг соҳиби Радиф Гаташ қозоқнинг Мағжони, ўзбекнинг Чўлпони асарларини таржима қилиб, овора бўлмас эди? 

Радиф қардош ўзбек шеърларини қандай таржима қилган? Ижодий ёндашув билан, жонли таржима қилган. Фақат шеърнигина эмас, шоирнинг назм руҳини, шоирлик шижоатини, услубини бера олган, шоирнинг назм йўналишини аниқ белгилай олган. Чўлпон йигирманчи асрнинг йигирманчи йилларидаги Туркистонга саёҳат қилади. Қаҳрамонларининг таржимаи ҳолига таҳлил назари билан боқиб, воқеаларнинг ичига киради. Бунга тўпламда ёзилган кириш сўзи гувоҳ! 

Туркийзабон халқлар бирлигини ўйлаганда ҳам, назм бобида ҳам умумтуркий манфаат нуқтаи назардан мушоҳада юритган Чўлпон 1938 йили «миллатчи»лиги учун қатл этилган. Аянчли. «Жон эдинг ўлимга қиймайдурғон». Ҳаётлигида бир-бирини ўқиб, бир-биридан ўрганиб ўсган турк халқлари шоирларининг назм дастурлари туркийзабон халқлар шоирлари орасида сақланиб қолган, ўзини қатл этиб, китобларини ёқиб, йўқ қилиб, зиндонга ташлаганларига қарамасдан, шоир руҳи инсоният тафаккурида барҳаёт, дея шукрона айтамиз... Чўлпон шоир бугун биз билан бирга барҳаёт... деб фараз қиламиз. Туркийзабон халқлар шоирлари поэзиясидаги муштараклик ҳам, бугунги таржима ҳам шунга ундайди. Танқидчи қардош ўзбек халқининг йигирманчи аср бошида яшаган ажойиб шоири Чўлпоннинг «Ўйнайди созим» тўпламини саксон йилдан кейин татар тилига таржима қилгани тўғрисида ёзилган мақоласида: «Агар, тарихий томирлари бир туркийзабон халқларининг шоир ва ёзувчилари саксон йил бир-бирига ёт бўлиб, йироқлашиб кетмай, уруғчиликнинг етовига тушиб кетмай, саксон йил аввалги, ҳатто ўн беш аср аввалги «шон шуҳрати дунёни ларзага солган» (Султонмаҳмуд) савлатини бузмай, яқин қардошлик йўлида ривожланганида, шоир-ёзувчилари турк яхлитлигини мадҳ этган даражага эришганида, қандай бўлар эдик?» – деб ўйлайди... 

Гаяз Исхақининг «Идель – Урал» ғояси, А. З. Валидининг «Бошқирд мухторияти», «Босмачилик кураши», 

М. Султанғалиев, Т. Рисқуловларнинг «Туркистон федерацияси», С. Қўжанулининг «Туркистон коммунистик федерацияси» амалга ошганида қандай бўлар эдик, турк юрти? – деб ҳам ўйланади. Афсуски, ундай бўлмади. Туркий яхлитлик ҳақидаги тотли орзулар большевикларнинг оёғи остида топталди. Суюкли оқин поэзиясининг йўналиши ушбу тарихий хатоликни ўкинч ила баён этади. 

Алқисса, бирлашишдан бўлинишга мойиллиги кўпроқ туркий халқларнинг бугунги тақдири, бугунги аҳволи шундай хулосани тақозо этади. Бу – бугунги туркийзабон халқларнинг фожиаси.

1897-1938 йиллари ҳаёт кечирган ўзбек шоири, Чўлпон деса – чўлпон юлдузидай ярқираб, нур сочиб, сўнг сўнган ёрқин шеъриятининг ҳаётийлиги! Шеър назмий таъсирининг кучи шунчаликки, тарихий лаҳзаларнинг ўхшашлиги шунчаликки, ҳозирги қозоқ (бошқа туркий мамлакатлар ҳам) давлати Хазар тақдирини бошидан кечириб кетмасмикан? – деб таҳликага тушасан. 

Сал аввалроқ татар қардошлар қозоқ халқининг улуғ шоири Мағжан Жумабайулининг бир жилдлик асарларини ўз тилларига таржима қилган эди. (бу ишни ҳам беками-кўст, барча нозик жиҳатлари тўлиқ эътиборга олинган ҳолда таржима қилган бизнинг Радиф Гаташ). Мағжан турк оламининг мадҳияси – “Туркистон»ни ёзган буюк туркшунос. Мустақилликка интилган Туркияга бағишлаб «Олисдаги бовуримга» шеърини ёзганини ҳам қўшинг бунга! Биз бугун ета олмай юрган туркчиликка қозоқ шоири Мағжан, ўзбек шоири Чўлпон йигирманчи асрнинг йигирманчи йилларида етган... Бунга қадар Мағжан татар тилида сўйлаган. Энди, мана «ўз оғамиз» – жадал ўсмоқда. (Йигирманчи аср бошида 2,5 миллион эди. Йигирманчи аср поёнида 25 миллионга етди. Бугун 35 миллионга етган – Қ.Е.) ўзбек халқининг ажойиб лирик шоири Чўлпон (Абдулҳамид Сулаймонов) поэзиясини юқори савияда таржима қилиб, татар биродарларга тавсия этмоқда. Бунинг боиси нима? Шу саволга жавоб берайлик.

Биринчидан, собиқ Совет ҳукуматининг адолатсизлиги ўз бошига кулфат бўлиб ёпишиб, таназзулга юз тутганида татар, бошқирд, чуваш, саха, хакас ва ҳоказо туркийзабон миллат-элатлари ўз оёғи билан келган мустақилликка муяссар бўлолмади. Уларга мустақиллик ўз оёғи билан бормади. Минтемир Шаймиев каби заковатли раҳбар бошқарадиган татар эли мустақилликни шу қадар орзиқиб кутган эди. Ҳатто, Қозон шаҳри кўчаларининг номланишини туркча мазмунга келтириб лотинча ёза бошлаган эди... Афсуски, «Демократия қанча миқдорда керак? Олинглар!» - деб бошлаган Россия Федерацияси давлати Президенти Борис Ельцин татарга (бошқа туркий миллат-элатлар каби ) келганида таноби тортилиб, ўзгариб қолди. Татаристон СССР таркибидан чиқиб кетиши учун бирор хорижий давлат билан чегарадош бўлиши керак эди. Агар, Оренбург қозоқларнинг пойтахти кўйида қолганида эди, Татаристон ўзининг 6 миллионли аҳолиси билан мустақилликка эришарди. Афсуски «калта тўн» қабилида татар биродарлар тарих тақозосига учраб қолаверди. Агар Татаристон мустақилликка эришганида, қўшни (татарлар хорижий эл бўлиб саналадику) бошқирд, бошқирддан сўнг чуваш ҳам ўз мустақиллигига эришармиди? Татарларга мустақиликнинг насиб этмагани ёки Россиянинг бу неъматни бермаслиги сабаби шунда.

Бунинг барчаси пировардида йигирманчи аср бошида уйқудан бир уйғониб Совет даврида қайта мудраб қолган, йигирманчи аср поёнида яна бир уйғониб мустақилликка эришолмай, мақсади амалга ошмаган татар халқини Радиф Гаташ каби арбоби тафаккурнинг, фуқаролик фаолликнинг шоири бўлмиш қозоқнинг Мағжани, ўзбекнинг Чўлпони поэзиясини татар тилига таржималаш орқали «бозор иқтисодиётига» беихтиёр кириб, миллий онгдан бебаҳра қолаётган миллатини, халқини туркий тотувлик нуқтаи-назардан қайта уйғотсам, деган мунаввар армон! Мағжаннинг «Туркистони», Чўлпоннинг «Хазар исталага», «Излаганга сўраган» ига мувофиқ. Йигирманчи аср бошида туркий тотувлик, бирлик чўққисига чиққан икки халқнинг буюк шоири туркий юртини бугун ҳам уйғотишга қодир. Мустақилликка ета олмаган туркий юртини истиқлолга бугун ҳам чақира олади, даъват этаверади, бу шеърлар. Шунингдек, мустақилликка эришган турк жамоатчилигини - Тангри етказган неъматдан айрилиб қолманглар! - деб огоҳлантираётгандек таъсир этади. 

Агар билсанг, турк жамоати, Хазар тақдири – Сенинг тарихинг. Сенинг тарихинг – сенинг тақдиринг. Хазарнинг айёрлардан, шумлардан безор бўлган, ичдан таназзул тортиб тўзган, элини, ерини ташлаб Афғонистонга қараб оғиб кетган (фақат қумиқлар Кавказда) халқи ҳанузгача элини, ерини соғиниб йиғлар экан. Тарих такрорланади, дейди тарихчилар. Хазар тарихи такрорланмасин, тақдир бўлиб, қозоқ халқи бошига, туркий жамоатчилик бошига келмасин, деб тилайлик! Қозоқнинг Мағжони, ўзбекнинг Чўлпони шеъри моҳияти шу мазмунда. 

Шоир бир неча шеърларини («Жәй үткәч», «Әй болыт!») Шимкент шаҳрида ёзган. Боз устига, Шимкент шаҳрига бағишлаб «Болаклар кочагында» шеърини битган моҳир адиб. Шеърларининг пастки сатрларида «Ташкент», «Бохора», «Әндижан», «Коканд», «Баку» ( Баки деб ёзилиши лозим эди) «Ош», «Хазар денгизи...» деган номлар ёзилган. Боиси нимада ? Боиси ўша кезда «Яхлит Туркистон» ғояси, ҳатто «Туркистон Республикаси» ҳам бор эди бу дунёда... У пайтлари буюк Туркистон ҳудудида озодлик ғояси кезар эди... «Турк дунёсини «кезиб юриб озодликка чақирган, «Туркистон Республикасини» елиб югуриб озодликка ундаб, даъват этган, мадҳ этган лирик шоир Чўлпон! 

Радиф Гаташ, аввало, татар халқининг талантли шоири, табиатан лирикликка хос ватанпарварлик руҳи, руҳ озодлиги ҳақидаги ўйларини муҳаббат созига ҳамоҳанг баён этадиган ижодкор. Изланувчан таржимон ҳам. Кимни таржима қилишидан қатъиназар, асл моҳияти, маъносини баён этишни мақсад тутган бу ижодкор санъатнинг ушбу соҳасида ҳам зафарлар қучган. Изланиш билан таржима қилади. Мағжанни қозоқ тилидан таржималаш учун биздан луғатни ҳам, қозоқ шоири ҳаёти билан ижодига алоқадор адабиётларни ҳам сўратди (шахсан ўзим қозоқча-русча луғат билан бирга адабиётшунос Ш. Елеукеновнинг «Мағжан» деб номланган китобини юборган эдим). Энди ўзбек тили. Ўзбек тили қозоқ тилига қараганда эрон-форсийлар таъсири кўпроқ сезиладиган тил. Ўзбек тилидан таржима қилиш машаққатини анча кўрди, бизнинг Радиф ! Бу сафар ҳам шундай қилган. Ўзбекистондан ўзбекча-русча луғат олдирган. Хатип Миннегулов, Разил Валиев, Лирон Хамидулин каби Ўзбекистонга алоқаси бор зиёлилар билан кўп маслаҳатлашибди. Пировардида, татар тилига истеъдод билан таржима қилиб, тўпламни китоб этиб чоп эттирибди. Китобига «Туркестанга – Кулбәк дуска Казандагы «туранчы» Рәдиф Гаташтан. Август 2015» деган имзо билан бизга – Туркистонга жўнатибди. Бизнинг таклиф-тилагимизни қабул қилиб, бажарган ишига билдирган миннатдорчилиги. Туркийлар иттифоқи, бирлигига бир томчи бўлсада ҳисса қўшдим, деган қаноатли ҳиссиёт. 

Биз ўқиб кўрдик ва ўйландик. Шоир шеърларининг ўзбек тилидаги нусхаси билан қиёслаб ўқидик. Теран таҳлил, маҳорат, жонли сўзни ўз жойида ишлата билиш истеъдоди кўриниб турибди. Ўзбекча такаллуф ила айтганда хурсанд бўлдик! Азбаройи миннатдорчилик учун ушбу мақолани ёздик! Мақолани ёзиб, хурсанд ҳолда имзо чекдик. 

 

 

Суратда: Туркистондаги туркий халқлар кутубхонаси асосчиси, профессор, ёзувчи Қ. Ергўбек. 

 

Қулбек ЕРГЎБЕК, филология фанлари доктори, профессор. Айткул ДЎСИБАЕВА, филология фанлари номзоди. Ш. МАДАЛИЕВ таржимаси ва тасвири, 2017-06-16, 19:44 984
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.