26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Яна тўйлар ҳақида

Тўйнинг ҳам тартиби бор, ахир!

Неча йиллардан буён тўйлар масаласи долзарб бўлиб келмоқда. Чунки, кўплаб қадимий маросимларимизга йилдан-йилга турли “янгиликлар” қўшилиб бормоқда. Урф-одат ва анъаналаримизни “бойитиш” мақсадида қилинаётган ишлар туфайли муаммоларимиз кўпаймоқда. Келинг, яхшиси, Шимкент шаҳар, Ал-Форобий тумани, Бодоморти даҳаси оқсоқоллари ҳамда хотин-қизлар кенгашлари раислари ва аъзоларининг фикр-мулоҳазалари билан танишиб, муаммо ечимини биргаликда топишга уринайлик.

Орифжон Холназаров, Бо­дом­орти оқсоқоллар кенгаши раиси:

– Тўйга оид фикрларим кеча ёки ҳозир пайдо бўлгани йўқ, буни анчадан буён жойларда айтиб юрибман. Сабаби, шаҳримиздаги бугунги тўйларни танқид остига олмасак, маломат қилмасак, бўл­­­­­­­­май қолди. Одамларимизда ҳад­дан ташқари манманликка берилиш, кимўзар, риёкорлик, ўзини кўз-кўз қилиш иллати ку­чайиб кетди. Айниқса, қуда-анда, дўст-биродар, қўни-қўш­­­­­ни олдида, ҳеч кимдан кам бўл­май, деб, “терисига сиғмай” бора­ётганлар кўпайди. Масалан, тўй дастурхонини олайлик, турган-битгани – исрофгарчилик! Дастур­­хондаги салатлар, турли пишириқ­лар ейилмайди, ташлаб юборишга мажбурмиз. Чунки, уларга навбат ҳам етмаяпти. Биринчи овқатдан кейин, иккинчи овқатнинг нима кераги бор?! Ким нимага интилса, шунга эришади, деганларидек, шоҳона дастурхон ясаганимиздан кейин, меҳмонлар ҳам фақат овқат еб, “тўй шу экан-да”, дегандек, тез тарқаб кетишяпти.

Шуҳрат Рўзметов, тадбиркор:

– Ўзбек ота-она борки, фар­зандининг камолини кўрсам, ях­ши одамлар билан қуда-ан­да бўлсам, чиройли тўйлар ўтказ­сам, деб орзу қилади. Лекин бу­гунги кунда бу қадриятларга бой анъана  бузилмоқда. Инсон он­гига қараб, унинг амаллари бел­гиланади. Агар у ҳою-ҳавасга, мол-дунёга берилган бўлса, ис­тайдими, йўқми, қиладиган тўйи ҳам, бошқа маъракалари ҳам шу йўналишда бўлади. Бахтни кимдир пулдан, кимдир ёридан, кимдир бола-чақасидан излайди. Лекин, менинг назаримда, ҳар нар­сада мувозанат, мувофиқлик, маълум мезон бўлиши керак-ку, ахир! Тўйларда муайян тартиб бўлиши лозим. Бугунги кунда аҳо­ли ўртасида табақаланиш жуда кучайиб кетди. 

Юқорида таъкид­­­­­­­­­­­­­­­­­­ланган муво­­фиқлик, меъёр, маромга путур етди. Қолаверса, одамларимизда мақтанчоқлик ҳисси кучайди. Ас­лида тўйлар билан боғлиқ му­ам­молар бизнинг маънавиятдан узоқ­лашганимиз белгисидир. Мил­латимиз орасидан отилиб чиққан муносиб шахсларимиз етакчилик ролини тўғри адо этиб, ўз ортидан бошқаларни эргаштира олиши керак. Ана ўшанда бошқалар уларда шахс намунасини кўргач, ортларидан эргашади, тақлид қилади. 

Нуриниса Дўсматова, Ал-Форобий туман ўзбек этнома­даният бирлашмаси раисаси, на­фа­қадаги устоз, фаол жа­моатчи:

– Очилган яра кесиб ташланса, ўша жароҳат битиб кетади ёки ўрнида янгиси пайдо бўлмайди, деб ким кафолат бера олади?! Худди шунга ўхшаб, дабдабали тўй қилган одамларга – фарзанд­лари бахтли бўлиб кетади ва эр­тага ота-она дабдабали тўйнинг азобини тотмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди! Демак, тўй сабабчилари – ёшларнинг ке­­ла­жакдаги бахт-иқболи учун тўй­­лардаги ҳашам ва дабдаба муҳим эмас. Ортиқча сарф-ха­ражатлар тўй эгаларини муш­кул аҳволга солиб, қарзга бо­тишларига сабаб бўлмоқда, ахир! Улар  ҳатто  ўзга  юртларга бориб ишлаб, қарз тўлашга мажбур бў­­­­­­­­­­­­­­­­­­лишяпти. Иллат қаерда – маъна­виятимизнинг пастлигида. Одам­­ларни маънавий жиҳатдан тар­биялаш керак, ўшанда улар ўз-ўзидан бундай бир кунлик ҳою-ҳавас ортидан қувиб, кимўзарга тўйлар қилишмайди. ОАВ, мат­буот, умуман кенг жамоатчилик бу борада тинмай айтиши лозим. 

Яқинда бир зиёли оилага ке­лин тушди. Бошида ҳеч нарса ке­ракмас, ёшлар бахтли бўлса, бас, деб турган одамлар, кўп ўт­­май, қуда томонга телефон қи­­­­­­­­­либ, нега мебель йўқ, нега уй яса­тишга келмаяпсизлар, деб қий­наб юборишди. Қизнинг онаси, кўп фарзандли ёлғиз аёлга оғир бўлмасмикан, де­масдан, ке­лин учун учта хонани бўшатиб, шам­донию-пардаси, умуман ҳамма буюмларни олиб келишни талаб қилишдан уялишмади. “Парда осадиган карнизларнинг энг ях­шисини олинглар, оддийси биз­никига тўғри келмайди”, деганига ўла­сизми. Эшитиб, таъбим хира бўлди, ўша зиёлилар, олий маълу­мот эгаларидан, рости, анча  кўнг­лим қолди.

– Тўй харажатларидан таш­қари, қиз болага қилина­диган сеп, аҳоли тилида “бўхча” деган муаммо кўпчиликни қийнаши маълум...

– Келин-куёвга қилинадиган бир неча сидра бош-оёқ сарподан ташқари, келин уйини безаш учун керак бўладиган мебель, кўр­па-тўшак, ёстиқ ва кўрпачалар, хил­ма-хил идишлар, қимматбаҳо гиламлар, сервизлар, биллур идиш­лар, “элита” пардалар, тилла безаклар... Бу рўйхатни яна узун қилиб чўзиш мумкин. Булар билан ҳозир фақат қиз томоннинг боши оғрияпти. Қадимда уйланадиган йигит бўлажак оиласи учун ҳамма­сини ўзи тайёрлаб қўярди. Ҳозир эса уялмай-нетмай, уч-тўрт хо­нани бўшатиб қўйишяпти. Бу но­тўғ­ри, албатта. Ислом динига ҳам зид ҳолат. 

 – Ҳозир тўйлар мавсуми, ай­тинг-чи, 500-1000 одам таклиф эти­ладиган ва кўп миллионли кредитлар олинадиган тўйлар бизга керакми?

О. Холназаров:

– Ҳозир одамларда қанча кўп одам тўйига келса, демак обрў­си ҳам шунча юқори, деган ту­шунча шаклланган. Қўшни Ўз­­бе­кистонда “Тўй-ҳашамлар, маърака-маросимлар ва бошқа тад­­­­­­­­­­­­­бирларни ўтказиш тўғрисида” Ни­зоми ишлаб чиқилиб, унга кўра тўйларда 250 нафаргача киши қатнашиши мумкин. Мен буни тўғри деб ҳисоблайман. Ас­лида, 500дан ортиқ меҳмон кел­са, уй эгаси ким келиб, ким кет­ганини ҳам билмай қолади. Ёш­лар табрикларни умуман эшит­майдилар. Хулоса қилиб айтганда, кўп меҳмонлар эътиборсиз қолади. Тўйларни ихчамлаштиришни мақсад қилган эканмиз, одам сонини ҳам камайтириш – айни муддао.

Ш. Рўзметов:

– Мақтанчоқ бўлиб боряпмиз, қарзга ботсак-да, бойлардан қолишмасликка ҳаракат қила­миз. Масалан, пули бор, имко­нияти етарли одамга кат­та тўй қилиш ва кўпчиликни меҳ­­­мон­га чақириш қийин эмас. Пул­ни ўзим топаяпман, демак, уни истаганимча сарфлашим мум­кин, деб жавоб беришади. Лекин муҳтож ва кўп болали оилалар ҳам шаҳримизда кўп-ку. Улар, та­биийки, ҳар фарзандига биттадан тўй қиламан деб, хонавайрон бў­лишади. Нега энди пули кўп одамларнинг тўйлари бошқалар учун анъанага айланиши ёки андаза, намуна бўлиши керак? Уларга қараб, тўйни худди шун­дай ўтказиш керак экан, деган фикр пайдо бўляпти. Бу – нотўғри! Америкаликлар, яҳу­дий­лар, япон­лар тўйни оилавий тан­тана деб ҳисоблайди, бироқ меҳ­монлари сонини 50дан ошир­майди. 

Н. Дўсматова:

– Қиз узатиш тўйида меҳмонлар сонини 250-300дан оширмаслик тарафдориман. Оддий, тежамли, ихчамлаштирилган тўйлар бўлсин, дейман.    

– Тўйларимизда пайдо бўла­ётган янгиликлар: ҳар хил тан­ловлар, “келин салом”, “торт кесиш”, “гул отиш” ва бошқа ян­ги урфларга фикрингиз қан­дай?

О. Холназаров:

– Тўйда келиннинг 500-600 одам қаршисида туриб, “келин салом” беришига шахсан ўзим қаршиман. Ҳали юзи очилмаган, келинликни бошламаган қиз бо­ла­нинг ҳаммага салом бериши эриш туюлади. Айтганча, тўй баз­мидан кейинги “шойи беллама” деган номақбул одат, рос­ти, нафратимни қўзғайди. Шаҳримизга хос бўлган “куёв сотиш”, “қизни сотиб олиш” каби ярамас урфлардан қа­чон қутуламиз ўзи? Келин-ку­ёв чимилдиғи – муқаддас жой, чиллахона, у ерга маст йигитлар, яъни куёв жўраларининг кириб келиши, турли ўхшовсиз қилиқлар қилиб, онаси тенги ян­га­лар би­лан ўйинга тушиши – тур­ган-бит­гани расвогарчилик, ма­да­ниятсизликнинг чўққиси, деб ҳи­­­­­­соблаймиз. Пиво ёки бошқа ичим­ликларни талаб қилиб, яна ортидан қурт сўрашадимией, буни қандай тушунмоқ мумкин? Вакил отадан пул талаб қилиб, “қиз со­­тиш” қачон барҳам топади, ахир улар на қадимги урф-одат­ларимизда, на динимизда бор?!

Менимча, ҳар бир ота-она ўғ­лини тўйга юбораётганида, ҳой, бундай номақбул ишларни қила кўрма, деб қатъий тайинламаса, аҳвол чатоқ, бу расво удумларнинг салбий оқибатлари ҳали кўп да­вом этади.

Н. Дўсматова:

 – Тўйлардаги келин-куёв ви­део­ролиги, слайдшоуларига қар­шиман. Ёшларнинг бир-бирини қучоқлаб, ҳар хил кўринишларда суратга тушиши қаёқдан чиқди ўзи?! Ахир, ҳали шаръий никоҳ ўқил­маган бўлса, кейин ёшларнинг бу усулда таништирилиши меҳ­монларга қизиқмикан? 

Ш. Рўзметов:

– Биз хоҳлаймизми, йўқми, замонавийлашувга қараб кетяп­миз. Демократик тамойиллар жа­миятимиздаги ҳар бир соҳани қам­раб оляпти. Менимча, тўй­ла­­­­­­­­­­­римизда Европага тақлид қи­лиш­ни камайтирсак, мақсадга муво­фиқ бўларди. Ундан кўра бош­қа халқлардаги ижобий жи­ҳатларни ўрганайлик. Масалан, қозоқларда келин-куёв дастурхон атрофига келиб жойлашгунча, меҳ­монлар тик туриб, олқишлаб ту­ришади. Бизнинг тўйларда буни ку­затмайсиз. Бир одам ўрнидан турса, иккинчиси, пинак бузмай ўти­раверади. Бу менсимаслик, одоб­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­сизликнинг бир кўриниши. 

– Тўй – бу аввало, оилавий тантана. Лекин у кейинги пайт­ларда худди концерт ёки бир шоуга ўхшаб кетяпти. Ар­тист­лар, раққосаларни чақириш  одат тусига кирди. Бунга нима дейсиз?

Н. Дўсматова:

– Ҳар тўй эгасининг ўз орзу-ҳаваслари бор. Ёқтирган хо­нан­даси ёки раққосаларини чақи­ришга ҳақли. Агар улар касбий маҳоратга эга бўлса, меҳ­­мон­лар­ни хушнуд қилса, буни фақат ёқлайман. Сценарий пухта ту­зи­либ, дилрабо қўшиқлар айтилса, бу тўйга файз бағишлайди.

О. Холназаров:

– Ўзбекистонда бир тўйда бўл­дим. Ишонасизми, мусиқа ба­ралла янграб турибди, лекин меҳ­монлар ўзаро суҳбатлашиб, ҳол-аҳвол сўрашиб ўтиришибди. Бизда бундай эмас-ку. Мусиқа овози ҳаддан ташқари баланд, тўйхона залига мўлжалланмаган, оқибатда тўйдан ҳамманинг боши оғриб, қулоқлари битиб чиқади. Мен ўзим 15 дақиқадан ортиқ ўтиролмайман,  шовқин-сурон ёқмайди.

Ш. Рўзметов:

– Энди шу ерда хонан­даларга қаттиқ тегиб кетишим мумкин. Бу кетишда яна давом этсак, бил­майман, оқибат нима бўлишини.  Мусиқа овозини ҳаддан ташқари баланд қўйи­шади, бу ҳолат меҳ­мон­ларнинг руҳиятига салбий таъсир қи­ладими, йўқми, ишлари йўқ. Бу масалани бир неча марта кўтарганмиз. Барибир, ўз бил­ган­ларидан қайтишмаяпти. 

– Бугунги келин либос­ларига нима дейсиз?

О. Холназаров:

– Елкагача очиқ, тор либос­лардан, рости, уялиб кетади ки­ши. Оқ кўйлак ҳар қизнинг ор­зуси, буни тушунаман. Бироқ ҳам­ма нарсанинг ҳам чегараси бўлиши керак. Келинлик либосини алоҳида диққат-эътибор билан танлаш керак. сабаби, эл-юрт, кат­та-кичик олдига чиқилади. Очиқ-сочиқ кўйлаклар ўзбек қизи­нинг шаънига ярашмайди.

Н. Дўсматова:

 – Келинларнинг тўй либослари,  қизларимизнинг кундалик кийим­лари очиқ-сочиқ бўлмаслиги учун, аввало,  уларнинг  ахлоқига  эъти­бор  беришимиз  лозим. 

Ўзбегимнинг қизлари, айла­найин сизлардан, ярим ялонғоч юриш замонавийлик белгиси эмас, ҳаёсизлик белгисидир!  

Сиз замонавий кийиндим деб, ўзингизнинг ҳаётингизни хавф ос­тига қўяётганингизни билмайсиз ҳам. Нима учун? – дейсизми, унда ... тингланг:

1. Сиз шу ҳолатингизда, ав­валамбор, кўпчиликнинг на­за­рини ўзингизга тортдингиз, ким қандай кўз билан қараяпти, “КЎЗ ТОШ ЁРАДИ, ТОШ ЁРМАСА, БОШ ЁРАДИ, деган мақолни би­­­­­­­­­ла­сизми?

2. Сиз шу кўринишингизда кат­таларни, қайнона ва қайн­отан­гизнинг нафратини қўз­дирдингиз, балки сиз жуда яхши­дирсиз, лекин сиз ҳақин­гиздаги биринчи фикр салбий бўлади-да, она қизим.

3. Сизнинг бутун бойлигингиз, гўзаллигингиз, сеҳрингиз ёнин­гиздаги ёрингизга эмасмиди, сиз ҳаммага намойиш қилиб бўл­дингиз-ку, унга нима қолди?

Азизлар, бу билан тўйларга оид фикр-мулоҳазаларимиз якун топгани йўқ, тўйларни ихчамлаштириш, тўйдан кейинги амаллар (“чақирар”, “қовурдоқ”, “қуда чақириқ”, “ҳайит дастурхони” ва бошқалар), бешик, суннат тўйларига ҳам тўхталамиз. Фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз. 

 

 

Н. МАВЛОНОВА., 2019-10-23, 23:49 595
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.