26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мажбурий тиббий суғурта ҳақида нималарни билишимиз жоиз?

Қозоғистон Республикаси Соғликни сақлаш вазири ўринбосари Лаззат Ахтаева билан Тиббиёт ходимлари куни арафасидаги мусоҳабамиз Қозоғистонда мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизимининг жорий қилинишига бағишланди.

Дастлаб, қозоғистонлик барча тиббиётчиларни касбий байрамлари билан чин дилдан муборакбод этиб, уларнинг машаққатли меҳнатлари ҳар доим муносиб баҳолансин, дея, уларга мустаҳкам соғлик, ишларида муваффақиятлар тилаймиз.

Энди сизу бизни қизиқтирган савол-жавоблар билан танишинг.

– Жорий этилаётган мажбурий ижтимоий тиббий суғурта (МИТС)тизими Қозоғистон фуқароси сифатида менга нима беради?

– Биринчидан, сиз МИТС жамғармаси билан тузилган шартнома асосида ҚР ҳудудидаги истаган клиникага мурожаат қила оласиз. Клиниканинг сизни даволашга сарфлаган харажатлари Жамғарма томонидан қопланади. Иккинчидан, сиз Кафолатланган бепул тиббий кўмак (КБТК) ва МИТС пакетлари доирасида кўзда тутилган қўшимча тўловларнинг барчасидан озод қилинасиз. Учинчидан, кўрсатилган хизмат сифати мажбурий суғурта тизимида иштирок этувчи фуқарони қониқтирмаса, Жамғарма унинг ҳуқуқини ҳимоя қилади. Тўртинчидан, МИТС тизимини жорий қилиш тиббий хизмат сифатини оширишга имкон беради.

– МИТС жорий этилгач, шифокорга “миннатдорчилик билдириш” (пул бериш) муаммоси бартараф этилади, дейишмоқда. Бу қандай амалга оширилиши мумкин?

– Фуқаролар бадал ўтказиш орқали келажакда шифохона ёки касалхонада кўрсатиладиган хизмат турларининг ҳақини тўлаб қўйишади. Боз устига, сиз учун иш берувчи ҳам бадал тўлаб туради. Шундай экан, ушбу тизимга кирганлар ижтимоий суғурта доирасида тасдиқланган бадалдан бошқа ҳеч қандай қўшимча ҳақ тўлашга мажбур эмас. Суғурта тизими жорий қилингандан кейин шифокорлик ёрдами учун бериладиган норасмий тўловлар ёки врачга “миннатдорчилик билдириш” деган масала аста-секин барҳам топади. Тиббиёт ходимларининг ор-номус кодексида, тиббиёт мутахассислари беморлардан пул олинишига йўл қўймаслик керак, дейилган. Жамғарма хизматни сотиб олиш тўғрисидаги шартнома талабларининг бажарилишини текшириб туради. Умуман олганда, бу бир учи фуқаролик позициясига, ҳар кимнинг шахсий жавобгарлигига бориб тақаладиган масаладир. Яъни, ҳар қандай соҳадаги каби фуқароларнинг шифокорга “пул бериб, ноқонуний раҳмат айтиш”дан воз кечгани маъқул.

– Ёлғиз онаман. Уч болам бор. Куёвим билан ажрашиб кетганман, у алимент тўламайди. Расмий турда ишлай олмайман. Ҳар замонда тасодифий даромад бўлмаса, доимийси йўқ. Мен МИТС бадалини қандай тўлайман?

– Биринчидан, сизнинг болаларингиз учун бадални 18 ёшга тўлгунча давлат тўлаб туради. Иккинчидан, агар ҳеч қаерда ишламасангиз ҳамда 3 ёшгача бола парвариши билан шуғуллансангиз, Сиз учун ҳам бадални давлат тўлайди. Умуман олганда, сиз тиббий ёрдам олиш учун қуйидаги имкониятлардан фойдалансангиз бўлади:

-яшаш жойингиздаги бандлик марказига борасиз. Улар сизга касбий маҳоратингиз ва тажрибангизга кўра иш тавсия қилишади. Агар таклиф қилган иш сизга ёқмаса, ишсиз мақомини оласиз. Ана ўшанда бадални сиз учун давлат тўлайди;

-иккинчи йўли – солиқ органларига бориб, хусусий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтасиз. Унда ой сайин энг кам икки ойлик маошнинг 5 фоизи миқдорида бадал тўлайсиз;

-агар бу икки таклиф ҳам сизга маъқул келмаса, ой сайин иккинчи даражали банк орқали жамғармага энг кам ойлик маошнинг 5 фоизи миқдорида бадал тўлаб турасиз.

– Фуқароларимиз суғурта тизимига кириш учун нима қилишлари керак?

– Энг аввало ҳар бир фуқаро доимий яшаш жойидаги шифохонада рўйхатдан ўтиши лозим. Шундан кейин ўша ердан тегишли тиббий ёрдам олади. Участка шифокорини уйга чақириш учун ҳам қулай. Шифохонада рўйхатдан ўтиш учун шахсий гувоҳномангиз ҳамда эркин шаклда ариза ёзасиз. Шунингдек, шифохонага электрон ҳукумат портали egov.kz. орқали онлайн тартибда рўйхатдан ўтиш ҳам мумкин. Бошқа шифохонада рўйхатдан ўтиш учун ҳам шу портал хизматидан фойдалансангиз бўлади. Порталга рўйхатдан ўтиш учун электрон рақамли муҳр керак. ЭРМни аҳолига хизмат кўрсатиш марказларидан олиш мумкин(бепул). Порталга рўйхатдан ўтгач, шахсий мувофиқлаштириш рақами (ИИН) ни киритиб, тизимга кира оласиз. Порталдан рўйхатдан ўтгач, ўзингизнинг қайси тоифага киришингизни аниқлаб олганингиз маъқул. Биринчи галда, сиз учун тўланадиган суғурта миқдори шунга боғлиқ. Суғурта тизимида: имтиёзга эга фуқаролар, ишчи, иш берувчи, хусусий тадбиркор ёки аҳолининг иқтисодий фаоллиги ночор қисми каби тоифалар бор. Сиз учун бадални ким тўлашини аниқланг: давлатми, иш берувчими ёки ўзингизми?

– Қозоғистон Республикасида ишлайдиган хорижликлар, меҳнат муҳожирлари тиббий ёрдам билан қандай таъминланади?

– “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида” Қонунининг 2-модда 2-бандига мувофиқ, МИТС тизимида ҚР ҳудудида доимий яшайдиган хорижликлар ва фуқаролиги йўқ шахсларга, шунингдек, ўролманларга ҳам элимиз фуқаролари билан бирдек ҳуқуқлар берилиб, мажбуриятлар юкланади.

Оддийроқ қилиб айтганда, улар ҳам қозоғистонликлар каби солиқ, давлат шу жумладан, МИТС бадалини тўлашга масъул. Меҳнат муҳожирларига тиббий ёрдам давлатлараро шартномалар асосида кўрсатилади. Масалан, Евроосиё минтақасидаги бешта давлат(Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Белорус) ҳудудида тез тиббий ёрдам қайтаримсиз асосда кўрсатилади. Агар бундай шартномалар йўқ бўлса, меҳнат муҳожирлари ихтиёрий тиббий суғурта (ИТС)тизимининг хизматидан фойдалана олади. Атроф-муҳитга хавф туғдирадиган касалликка учраган муҳожирларга эса ёрдам бепул кўрсатилади.

– Суғурта қилинган фуқаро вафот этса, МИТС тизимида тўпланган маблағи қайтариладими?

– Ижтимоий тиббий суғурта омонат тизими эмас. Шунинг учун тўланган бадал қайтарилмайди. Тўланган бадалнинг миқдорига қарамай, фуқароларнинг ҳаммасига бирдек тиббий хизмат кўрсатилади. 

– Болалар неча ёшгача МИТС бадалини тўлашдан озод қилинади?

– Ижтимоий тиббий суғурта жамғармасига бадал тўлашдан болалар (18 ёшгача), ўрта, ҳунар-техника, ўртадан кейинги, олий таълим, шунингдек, ОЎЮдан кейинги ўқув юртларида ўқиб юрган талабалар ҳамда ўрта, ҳунар-техника, ўртадан кейинги, олий таълим, шунингдек, ОЎЮдан кейинги ўқув юртларини тамомлаганлар тақвим бўйича уч ойгача озод этилади.

– МИТС тизимидаги фуқаро республика ҳудудидан ташқарида бепул даволана оладими?

– Мажбурий суғурта Қозоғистоннинг ўзидагина амал қилади. Тиббий суғурта жамғармаси фақат Қозоғистон Республикаси ҳудудида кўрсатилган хизмат турларининг ҳақинигина тўлайди.

– Мен ўзимни-ўзим иш билан таъминлаб юрган, муқим даромади йўқ фуқароман, дейлик. Ижтимоий суғурта жамғармасига бадал тўлашим керакми? Бу гуруҳдагиларнинг тўлайдиган бадали қанча?

– Агар сиз аҳолининг иқтисодий фаоллиги ночорлар гуруҳига кирсангиз, 2020 йилгача тиббий ёрдамнинг режали стационар ёрдамдан бошқа барча турларини олишингиз мумкин.

Шунингдек, сизга:

-хусусий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, тегишли миқдорда бадал тўлашни;

-ишсиз мақомини олиш учун иш билан таъминлаш марказига хабарлашишни;

-аҳолининг иқтисодий фаоллиги ночор гуруҳи вакили сифатида иккинчи даражали банклар орқали энг кам ойлик маошнинг 5 фоизи миқдорида бадал тўлашни маслаҳат берамиз.

– Фуқаролиги йўқ шахсларга тиббий ёрдам қандай кўрсатилади?

– Мажбурий ижтимоий суғурта тизимида Қозоғистон ҳудудида муқим яшайдиган хорижликлар ва фуқаролиги йўқ шахслар ҳам республика фуқаролари билан бирдек ҳуқуқ ва жавобгарликка эга.

– Касалхонада ётганда даволанишга кетган ҳақ қандай тўланади?

– Суғурта қилинган фуқаро станционарда ётиб, даволанса, клиниканинг харажати жамғарма томонидан тўланади. Кўрсатилган хизмат ҳақи тегишли ҳужжатлар асосида Соғликни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган тарифлар бўйича тўланади. 

– Иш берувчи ўтказадиган тўловлар ишчининг ойлик маошига боғлиқми?

– Ҳа, иш берувчи бадални ходимнинг даромадига қараб тўлайди.

Масалан:

2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб – ҳар ходимининг даромадидан 1%,

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб – 1,5%,

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб – 2%,

2022 йилнинг 1 январидан бошлаб – 3% миқдорида пул ўтказиб турилиши лозим.

Иш берувчи 2018 йилда қўл остидаги ҳар бир ходим учун ойига ўрта ҳисобда 2281 тенге миқдорида бадал тўлайди.

– Ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси маблағини турли хавф-хатарлардан, биринчи навбатда, инфляциядан ҳимоя қилиш томони ҳисобга олинганми?

– Биринчидан, ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси пулни сақламайди. Маблағ тиббий муассасалар томонидан кун сайин кўрсатилаётган хизматлар ҳақини тўлашга мунтазам турда сарфланади. Иккинчидан, тиббий хизмат ҳақи ошиб кетган тақдирда харажат ходимларнинг бадали ҳисобидан қопланади (бунда инфляцияга оид таваккаллар инобатга олинган).

– Бизда нафақа ёшида бўлишига қарамай, меҳнат қилаётган кишилар бор. Улар жамғармага бадал тўлайдими?

– Йўқ, нафақадорлар учун бадални давлат тўлайди. Иш берувчи қарамоғидаги пенсия ёшидаги ишчи учун бадал тўламайди.

– Бола кўтара олмай юрган фуқаролар суғурта қилинган бўлса, уларни мажбурий суғурта пакети доирасида сунъий уруғлантириш (ЭКО) мумкинми?

– Бу жараён МИТС пакети доирасида кўрсатиладиган хизматлар рўйхатига киради. Шунинг учун уни белгиланган тартибда, шифокорларнинг тавсияси билан амалга ошириш мумкин.

– Йўл ҳалокатига учраган одамга тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун унинг МИТС тизимида эканлигини аниқлаш шартми?

– Бунга ҳожат йўқ. Сабаби, бундай фу­қароларга МИТС бадалини тўлаган-тўламаганлигига қарамай тез ёрдам кўрсатилади.

– МИТС тизимининг жорий этилиши соғликни сақлаш муассасаларига нима беради?

– Улар, биринчидан, кўрсатилган хизматларига қараб тегишли даражада маблағ олади. Иккинчидан, тиббиёт ходимларининг маошини ошириш ҳамда иш натижасига қараб маош тайинлаш тизимини жорий этишга имкон беради. Учинчидан, тарифга киритилган амортизация тўловлари ҳисобидан тиббий техникани янгилаш мумкин. Бир сўз билан айтганда, ушбу тизим жамғармасига тушадиган маблағ соғликни сақлаш соҳасининг сифатини яхшилашга йўналтирилади.

 

 

Алишер СОТВОЛДИЕВ суҳбатлашди, 2017-06-16, 19:47 875
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.