26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ҲАМЖИҲАТЛИКНИ УЛУҒЛАГАН ЎЗБЕК ДАСТУРХОНИ

9-бор ўтказилаётган  “Дўстлик дастурхони”  палов фестивали  ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамиятининг ўзига хос миллий брендига аллақачон  айланиб улгурди. Ва энг муҳими, танлов нафақат ошхўрлару, ошпазлар, шунингдек турли этнослар вакилларини ҳамдўстлик қозони атрофига  жамлади.

Анъанавий тадбир ҳар гал бирор бир жиҳати билан  ёдда сақланиб қолади.  Салкам қирқ нафар иштирокчиларнинг  (баъзилари иккитадан қозонда ош дамлашибди) улфат, жўра, ҳамкасблари дастурхон атрофида гурунгни бошлаб юборишди. Ҳақиқий байрам шукуҳини  қозонга  ёғ солиб, гўштни қовураётган, қозон тагига ўт солиб,  дастурхон тусаётган  улфатлар  дилдан ҳис этишди. Иштирокчиларнинг  деярли тенг ярми мегаполисимизнинг  Ал-Форобий, Енбекши туманлари вакиллари экан. Вилоят болалар касалхонаси шифокорлари (саркори Енбекши туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Тоҳир Нишонбоев) нинг ошини  танловда  8-марта иштирок этаётган И. Қодирқулов дамлаётган экан, Енбекши туман ҳокимлигининг  “Нур Сайрам” номли паловини Х. Исматуллаев   қозонга босмоқда.

Silkway коллежининг жамоаси ҳам  тадбирдан четда қолмабди. Кентовликларнинг шаънини  ошпаз Ф. Қаюмов ҳимоя қилмоқда.

 Шимкент  шаҳар  Қизилжар  мавзесида яшаб, мактабни 1977 йили тамомлаганлар ҳам жамланишиб, И. Саъдуллаев раҳбарлигида “Синфдошлар” паловини ҳакамлар ҳайъатига  тақдим этишди. Ал Форобий туман ўзбек этномаданият бирлашмаси номидан ишбилармон Ғайрат Рўзиматов раҳбарлигидаги   улфат, тадбиркорлар ошини ошпаз Акром Тошматов тайёрлабди. Жамоа илк бор танловда иштирок этишига қарамасдан, утни анънага айлантиришини айтди.  Шифокорлар жамоасининг  яна бир ошпази Ихтиёр Абдурахмонов 14 ёшли ўғли Д. Қодиров билан  меҳмонлар кўнглини олмоқчи.

  Бу галги тадбирга  Алматидан  атайин танловда иштирок этиш учун ташриф буюрган Владимир Краснобородков ёрдамчилари Нартай ҳамда Али билан пишган ошини ликопчаларга сузиб, меҳмонларга узатяпти.

– Танловга келсак, бу йили иккинчи марта иштирок этяпман. Бу ерга ҳар гал келганимда  янги ҳамкасблар билан танишиб, улар билан алоқа ўрнатаман. Мен учун ҳам ош танлови  қадрдон бўлиб қолди, –дейди В. Краснобородков.

Истеъфодаги полковник Меҳмон Сайдаҳматов ҳам дўстлари билан танловда иштирок этаётган экан. Мазкур гуруҳ танлов учун Тошкентдан ошпаз таклиф этишибди. “Ошга марҳамат!”  телекўрсатувининг 2012 йилги , чемпиони Саъдулла Каримов икки қозонда ҳам чойхона палови, ҳам тўй ошини дамлади. 

Таниқли санъаткор Хайрулла Қулабдуллаев раҳбарлигидаги санъаткорлар гуруҳи  танловда алоҳида фаоллик кўрсатди. Улар номидан  Ҳайитмурод Ёрматов 7 кг. “Меҳр оши”ни дамлаб, ҳакамлар ҳайъатига тақдим этди.  “Час пик” қаҳвахонаси ошпази Шоира Қорабоеванинг  дид билан  безатилган  палови ҳамда миллий  таомлар гулдастасини  ҳакамлар алоҳида баҳолашди. 

Тўлебий тумани, “Тоғойна” мактаби номидан Ҳусан Садирбаев  иштирок этди. “Grand Малика”  қандолатчилик корхонаси ҳамда қаҳвахонаси раҳбари  Ўринбой Урайимжонов  уюштирган  дастурхон атрофидан бизнинг  доимий обуначиларимиз 114, 113, 111, 110-сонли мактаблар директорлари Асқар Умаралиев, Нодир Имомсиддиқов, Аҳмадвой Ниёзов, Холмурод  Йўлдошевлар жой олишибди.

 Артём Самородов  фестивалда илк бор иштирок этяпти, ётган экан. Алматидан оиласи билан ташриф буюрган меҳмоннинг асли касби муҳандис техник экан.

–Эрталаб қозонни осгандан кейин, шошмасдан  сабзи тўғрашни бошладим. Шерикларим улар сабзиларини тўғралган ҳолда олиб келишган экан, қарасам, улгурмаяпман. Бошқа ошпазлар менга ёрдамга келишиб, бир пасда тўғраб ташлашди. Раҳмат уларга, барибир ўлкангизда ҳамжиҳатлик бор, бу ҳамма жойда билиниб туради, бу топилмайдиган жиҳатларингиздан бири. Уйда ҳам паловни тез-тез дамлаб тураман. Оилам, қариндошларим бундан хурсанд. Дўстларим ҳам менинг паловимни ёқтиришади. Оиламиз, таомларимиз, анъаналаримиз ҳам байналмилал, – дейди  А. Самородов.

50дан зиёд қозонда тайёрланган ошдан мазалисини танлаш ҳакамлар ҳайъатига осон кечмади.  Барча иштирокчилар ҳакамларнинг  юқори баҳоси, ошхўрларнинг  эҳтиромига сазовор бўлишди. Мутлақ ғолиблик эса “Байтерек” палови муаллифи Фарҳод Исмоиловга насиб этди.

 Шимкентнинг  4-кичик туманидаги палов маркази соҳиби, касбий  ошпаз танловда илк бор иштирок этмоқда экан. Лагандаги паловининг  безатилиши ҳам антиқа  – ликопча марказида қўйнинг  қовурғалари ҳамда  қорнидан тайёрланган Астана рамзи – Байтерекнинг ўрнатилиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.  Меҳмонлар татиб кўришган 40 га яқин паловнинг мазаси  оғизда қолди – қозонга аввал назар, кейин меҳр, бир ҳовуч мурувват,  бир чўмич ҳамжиҳатлик солиб тайёрланадиган паловхонтўра турли  этносларни дўстлик дастурхони атрофига чорлайверсин.

М. САЪДУЛЛАЕВА. С. ИСАМАТОВ суратга олган. Тасвирда: тадбирдан лавҳалар., 2019-10-30, 02:23 1339
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.