2012 йили мамлакатимиз пойтахти Астана шаҳри туркий оламнинг маданий пойтахти мақомига сазовор бўлган эди. Мана, 2017 йили ушбу масъулиятли ва шарафли мақомга кўҳна ва ҳамиша навқирон Туркистон шаҳри эришди.
Шаҳар ҳокими Алипбек Шарипбекули Ўсербаев билан суҳбатимиз кўҳна шаҳарнинг бугуни ва истиқболи ҳамда турли соҳаларда эришилган натижаларига бағишланди.
– Алипбек Шарипбекули, жорий йил 21 март куни Туркистонда улкан анжуман – ҳам Халқаро Наврўз сайли, ҳам шаҳарнинг маданий пойтахт мақомига боғлиқ тадбирларнинг бошланишига фатво берилди...
– Туркистон – туркий оламнинг маданий пойтахти, деган нуфузли мақом биз учун улкан масъулият, фахр, ғурур. Шаҳарга Халқаро Наврўз тадбири шарофати билан минглаб меҳмонлар, хусусан, 20 дан зиёд мамлакатдан 300 га яқин олий мартабали меҳмонлар ташриф буюргани қандай ажойиб. Вилоят ҳокими Ж. Туймебаев таъкидлаганидек, Туркистон учун маданий пойтахт мақоми туризмни ривожлантириш ҳамда шаҳарни халқаро туризмга муносиб бўлишига тайёрлаш имконини беради.
Эътибор қилинг, мустақиллик йиллари давомида Элбошимиз Н. Назарбаев Туркистонга 13 марта расмий хизмат сафари билан ташриф буюрди. Шунингдек, олтита хорижий давлат раҳбарлари ҳам Туркистонга ташриф буюрганлар. Давлатимизнинг доимий диққат-эътиборидаги Туркистоннинг бугуни ва келажагининг истиқболи порлоқ. Туркистонга 2013 йили жами 618 000 зиёратчи-сайёҳ келган бўлса, ўтган 2016 йили бу кўрсаткич бир миллион олтмиш минг кишига етган. Жумладан, уларнинг 24 000 нафари олис ва яқин хорижий эл фуқаролари. Сайёҳлар сони йил сайин кўпаймоқда. Маданий пойтахт мақоми доирасида 20 дан зиёд халқаро тадбирлар ўтказилди.
– Келгусида Ҳазрат Яссавий мақбараси ҳудудида қандай ижобий ўзгаришлар рўй беради?
– Яссавий мақбараси рўпарасидаги 12,8 гектар ҳудудда жойлашган 132 турғун уй келажакда бузилади. Уларнинг баҳоси-қиймати чиқарилиб, тайёргарлик ишлари бошланган. Хусусий уйлар ўрнида инфратузилма йўлга қўйилди. «ТУРКСОЙ» ташкилотига аъзо мамлакатлар маданий ўчоқларининг асл тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда, ўша эллар меъморчилиги ўзгачаликлари сақланган ҳолда шаҳарча бунёд этилади. Бу орқали Туркистон туркий эллар учун муштарак ва табаррук эканлигини амалда яна бир карра исботлаган бўламиз.
– Шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳақида нималар дейсиз?
– Туркистон ҳам саноат, ҳам қишлоқ хўжалиги мавжуд ўзгача шаҳар. Мустақиллик йиллари шаҳарда янгидан 38 мактаб, 23 соғликни сақлаш муассасалари бинолари бунёд этилди. 48 спорт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. 50 болалар боғчаси очилди. 1991 йили хўжаликлар сони 410 бўлса, ҳозир шаҳар ҳудудида 3600 йириклаштирилган хўжаликлар рўйхатга олинган. Чорва сонининг ҳамма турлари жамланганда 635 минг бошни ташкил этиб, 1991 йилга нисбатан 3 баравар кўпайганини қайд этамиз. Мавжуд 57, 76 гектар иссиқхоналарни яна 48 гектаргача улғайтириш режамиз. Экин суви тақчиллиги муаммосини бартараф этиш учун Янги Иқон қишлоқ округида ҳажми 7,3 миллион куб метрни ташкил этадиган "Иқон сув омбори", Саврон қишлоқ округида ҳажми 12 миллион куб метрли «Майдонтол» сув омбори, Қорачиқ қишлоқ округида 4,5 миллион куб метрли сув омбори, Чоға қишлоқ округида ҳажми 4 миллион куб метрлик «Чоға» сув омборини бунёд этиш режаланган.
Бу лойиҳалар амалга ошса, 7972 гектар яйловлар суғормали ерларга ўзгартирилиб, ўзлаштириш имконияти туғилади. Саноат соҳасида шаҳар корхоналари ўтган йили 136 77, 8 миллион тенге миқдорида маҳсулот ишлаб чиқарди. Ушбу кўрсаткич жорий йилда 103,8 фоизга ортиши кутилмоқда. Жорий йилда шаҳардаги индустриал ҳудудда лойиҳа қиймати 7766 миллион тенгени ташкил этадиган 183 иш ўринларини таъминлайдиган уч лойиҳани амалга ошириш режаланган. Хусусан, қурилиш ашёларини ишлаб чиқарадиган ҳамда туя сутини қайта ишлайдиган улкан корхоналар ишга туширилади.
Ушбу иккита лойиҳа шарофати билан 168 киши доимий иш билан таъминланади. Шунингдек, терини ошлаш, шарнирли сетка ишлаб чиқариш, тиббиёт шприцларини тайёрлайдиган «Дружба» МЧБ лойиҳаси амалга ошса, яна 15 иш ўрни барпо этилади. «Grand Miks» мебель корхонаси мамлакатимизнинг 12 вилоятига ўз маҳсулотларини етказиб бермоқда. Бу ерда 24 000 турли маҳсулотлар чиқарилади, корхонада 100 киши доимий иш билан таъминланган. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
– Шаҳар аҳолисини уй-жой билан таъминлаш масаласи қандай?
– Туркистонда турғун уйга навбат ҳам, эҳтиёж ҳам катта. Шаҳарда уй навбатида 6 минг фуқаро рўйхатда турибди. Ер участкасини олиш учун эса ариза ёзиб навбатда турганлар сони 25 мингдан зиёд. Бу аризалар қаноатлантирилган тақдирда биз яна бир шаҳар кўламида инфратузилма – кўча, ёруғлик, йўл, сув таъминоти каби масалаларни ҳал қилишимизга тўғри келади. Бундай имконият бизда йўқ. Шу боис, Ўтрор кичик туманида кўп қаватли уйлар қурилиши жадал бошланди. Ўтган йили вилоят ҳокими Ж. Туймебаев иштирокида туркистонликларга 300 га яқин янги квартира калитлари топширилди. Айни пайтда эса ҳар бири 60 квартирали 5 қаватли 8 уйнинг қурилиши жадал давом этмоқда. Уларни июль ойида фойдаланишга топшириш режаланган. Жами ушбу ҳудудда 100 та кўп қаватли уй бунёд этилади.
– Аҳолини табиий газ билан таъминлаш натижалари қандай?
– Ўтган йили давлат дастури доирасида 7500 нафар абонентга табиий газ қувурлари тортилди. Бу шаҳар аҳолисининг 16,4 фоизини ташкил этади. Энди эса газ билан таъминлашнинг иккинчи ва учинчи босқичига кўчишга тайёргарлик бошланган. Қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашга 174, 1 млн. тенге ажратилган. Шунингдек, Эски Иқон қишлоқ округини газ билан таъминлаш учун 100 млн. тенге маблағ ажратилди. Шаҳар ҳудудидаги Учқайиқ, Янги Иқон, Чоға қишлоқ округларини газ билан таъминлаш мақсадида лойиҳа-смета харажатларига 50 млн. тенге режаланди.
– Туркистон шаҳрида турли этнос вакиллари аҳил-тотув ҳаёт кечиришади. Қозоғистон халқи Ассамблеяси бирлаштирадиган маданий бирлашмаларга қандай шароитлар яратилган?
– Туркистонда учта шаҳар этномаданият бирлашмалари фаолият юритади. Улар марказий Есимхон номли майдонда ўтадиган барча байрамларда ҳокимлик билан биргаликда – муштарак ҳолда ўз маданиятларини намойиш этишади. Туркистон шаҳри ва атрофидаги 12 қишлоқ округларида истиқомат қилаётган турли этнос вакилларининг ижтимоий масалаларини ҳал қилиш йўлида режали ишлар амалга оширилмоқда. “Бирлик орти – барака” форуми, оқсоқоллар, зиёлилар, ёшлар иштирокида турли анжуманлар доимий тарзда ўтказилади.Туркистонда 74 умумий ўрта мактаб мавжуд бўлиб, уларнинг 36 таси аралаш илм масканларидир. Ўқувчилар бир оила фарзандларидек тотув таълим-тарбия олишмоқда.
– Туркистонни сайёҳлик марказига айлантириш борасида Туркия, Ўзбекистондан келадиган сайёҳларни кўпроқ жалб этиш тадбирлари масаласида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Бажарилаётган ишлар кўп. Май ойида «Дўстлик карвони» қўшни Ўзбекистонга сайёҳлик сафари билан бориб келди. Ўзбекистондан Туркистонга жавоб сафари билан қадрли меҳмонлар келишди. Бу анъана келажакда янги куч билан давом этиб, Ўзбекистондан, Туркиядан келадиган сайёҳ-зиёратчилар сонини кўпайтирамиз дея, ишонч билан айта оламиз.
Зеро, Туркистонда ЮНЕСКОнинг бебаҳо ёдгорликлар рўйхатига киритилган меъморчиликнинг ноёб дурдонаси – Ҳазрат Яссавий мақбарасидан бошқа яна Уккоша ота, Йиғлаган ота, Гавҳар она, Алхўжа ота, Эски Саврон шаҳарчаси каби кўплаб тарихий қадамжолар мавжуд. Бу эса келажакда Туркистонда туризмни янада ривожлантириш учун муҳим омилдир.
– Суҳбатингиз учун раҳмат!
Суратда: шаҳар ҳокими А. Ўсербаев; Ҳазрат Яссавий мақбараси; шаҳар манзараси; юқоридан олинган тасвир.