26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Табаррук шаҳарга келувчи сайёҳлар миллиондан ошди

2012 йили мамлакатимиз пой­тахти Астана шаҳри туркий оламнинг маданий пойтахти мақомига сазовор бўлган эди. Мана, 2017 йили ушбу масъулиятли ва шарафли мақомга кўҳна ва ҳамиша навқирон Туркистон шаҳри эришди. 

Шаҳар ҳокими Алипбек Ша­рип­бекули Ўсербаев билан суҳ­батимиз кўҳна шаҳарнинг бугуни ва истиқболи ҳамда турли соҳа­ларда эришилган натижаларига бағишланди. 

– Алипбек Шарипбекули, жорий йил 21 март куни Туркистонда улкан анжуман – ҳам Халқаро Наврўз сайли, ҳам шаҳарнинг маданий пойтахт мақомига боғлиқ тадбирларнинг бош­ланишига фатво берилди... 

– Туркистон – туркий оламнинг ма­даний пойтахти, деган нуфузли ма­қом биз учун улкан масъулият, фахр, ғурур. Шаҳарга Халқаро Наврўз тадбири шарофати билан минглаб меҳмонлар, хусусан, 20 дан зиёд мамлакатдан 300 га яқин олий мартабали меҳмонлар ташриф буюргани қандай ажойиб. Вилоят ҳокими Ж. Туймебаев таъкидлаганидек, Туркистон учун маданий пойтахт мақо­ми туризмни ривожлантириш ҳамда шаҳарни халқаро туризмга муносиб бўлишига тайёрлаш имконини беради. 

Эътибор қилинг, мустақиллик йиллари давомида Элбошимиз Н. Назарбаев Туркистонга 13 марта расмий хизмат сафари билан ташриф буюрди. Шу­нингдек, олтита хорижий давлат раҳ­барлари ҳам Туркистонга ташриф бу­юрганлар. Давлатимизнинг доимий диққат-эътиборидаги Туркистоннинг бугуни ва келажагининг истиқболи порлоқ. Туркистонга 2013 йили жами 618 000 зиёратчи-сайёҳ келган бўлса, ўтган 2016 йили бу кўрсаткич бир миллион олтмиш минг кишига етган. Жумладан, уларнинг 24 000 нафари олис ва яқин хорижий эл фуқаролари. Сайёҳлар сони йил сайин кўпаймоқда. Маданий пойтахт мақоми доирасида 20 дан зиёд халқаро тадбирлар ўтказилди. 

– Келгусида Ҳазрат Яссавий мақбараси ҳудудида қандай ижобий ўзгаришлар рўй беради?

– Яссавий мақбараси рўпарасидаги 12,8 гектар ҳудудда жойлашган 132 турғун уй келажакда бузилади. Улар­нинг баҳоси-қиймати чиқарилиб, тайёр­гарлик ишлари бошланган. Хусусий уйлар ўрнида инфратузилма йўлга қўйилди. «ТУРКСОЙ» ташкилотига аъзо мамлакатлар маданий ўчоқларининг асл тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда, ўша эллар меъморчилиги ўзгачаликлари сақланган ҳолда шаҳарча бунёд этилади. Бу орқали Туркистон туркий эллар учун муштарак ва табаррук эканлигини амалда яна бир карра исботлаган бўламиз. 

– Шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳақида нималар дейсиз?

– Туркистон ҳам саноат, ҳам қиш­лоқ хўжалиги мавжуд ўзгача ша­ҳар. Мустақиллик йиллари шаҳарда янгидан 38 мактаб, 23 соғликни сақ­лаш муассасалари бинолари бунёд этилди. 48 спорт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. 50 болалар боғчаси очилди. 1991 йили хўжаликлар сони 410 бўлса, ҳозир шаҳар ҳудудида 3600 йириклаштирилган хўжаликлар рўйхатга олинган. Чорва сонининг ҳамма турлари жамланганда 635 минг бошни ташкил этиб, 1991 йилга нисбатан 3 баравар кўпайганини қайд этамиз. Мавжуд 57, 76 гектар иссиқхоналарни яна 48 гектаргача улғайтириш режамиз. Экин суви тақчиллиги муаммосини бартараф этиш учун Янги Иқон қишлоқ округида ҳажми 7,3 миллион куб метрни ташкил этадиган "Иқон сув омбори", Саврон қишлоқ округида ҳажми 12 миллион куб метрли «Майдонтол» сув омбори, Қорачиқ қишлоқ округида 4,5 миллион куб метрли сув омбори, Чоға қишлоқ округида ҳажми 4 миллион куб метрлик «Чоға» сув омборини бунёд этиш режаланган.

Бу лойиҳалар амалга ошса, 7972 гектар яйловлар суғормали ерларга ўзгартирилиб, ўзлаштириш имко­нияти туғилади. Саноат соҳасида шаҳар корхоналари ўтган йили 136 77, 8 миллион тенге миқдорида маҳсулот ишлаб чиқарди. Ушбу кўрсаткич жорий йилда 103,8 фоизга ортиши кутилмоқда. Жорий йилда шаҳардаги индустриал ҳудудда лойиҳа қиймати 7766 миллион тенгени ташкил этадиган 183 иш ўринларини таъминлайдиган уч лойиҳани амалга ошириш режаланган. Хусусан, қурилиш ашёларини ишлаб чиқарадиган ҳамда туя сутини қайта ишлайдиган улкан корхоналар ишга туширилади. 

Ушбу иккита лойиҳа шарофати билан 168 киши доимий иш билан таъминланади. Шунингдек, терини ошлаш, шарнирли сетка ишлаб чиқариш, тиббиёт шприцларини тайёрлайдиган «Дружба» МЧБ лойиҳаси амалга ошса, яна 15 иш ўрни барпо этилади. «Grand Miks» мебель корхонаси мамлакатимизнинг 12 вилоятига ўз маҳсулотларини етказиб бермоқда. Бу ерда 24 000 турли маҳсулотлар чиқарилади, корхонада 100 киши доимий иш билан таъминланган. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. 

– Шаҳар аҳолисини уй-жой билан таъминлаш масаласи қандай?

– Туркистонда турғун уйга навбат ҳам, эҳтиёж ҳам катта. Шаҳарда уй навбатида 6 минг фуқаро рўйхатда турибди. Ер участкасини олиш учун эса ариза ёзиб навбатда турганлар сони 25 мингдан зиёд. Бу аризалар қаноатлантирилган тақдирда биз яна бир шаҳар кўламида инфратузилма – кўча, ёруғлик, йўл, сув таъминоти каби масалаларни ҳал қилишимизга тўғри келади. Бундай имконият бизда йўқ. Шу боис, Ўтрор кичик туманида кўп қаватли уйлар қурилиши жадал бошланди. Ўтган йили вилоят ҳокими Ж. Туймебаев иштирокида туркистонликларга 300 га яқин янги квартира калитлари топширилди. Айни пайтда эса ҳар бири 60 квартирали 5 қаватли 8 уйнинг қурилиши жадал давом этмоқда. Уларни июль ойида фойдаланишга топшириш режаланган. Жами ушбу ҳудудда 100 та кўп қаватли уй бунёд этилади. 

– Аҳолини табиий газ билан таъ­минлаш натижалари қандай? 

– Ўтган йили давлат дастури доирасида 7500 нафар абонентга табиий газ қувурлари тортилди. Бу шаҳар аҳолисининг 16,4 фоизини ташкил этади. Энди эса газ билан таъминлашнинг иккинчи ва учинчи босқичига кўчишга тайёргарлик бошланган. Қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашга 174, 1 млн. тенге ажратилган. Шунингдек, Эски Иқон қишлоқ округини газ билан таъминлаш учун 100 млн. тенге маблағ ажратилди. Шаҳар ҳудудидаги Учқайиқ, Янги Иқон, Чоға қишлоқ округларини газ билан таъминлаш мақсадида лойиҳа-смета харажатларига 50 млн. тенге режаланди. 

– Туркистон шаҳрида турли эт­нос вакиллари аҳил-тотув ҳаёт ке­чи­­­­­­­­­ришади. Қозоғистон халқи Ас­самблеяси бирлаштирадиган маданий бирлашмаларга қандай шароитлар яратилган? 

– Туркистонда учта шаҳар этно­маданият бирлашмалари фао­лият юритади. Улар марказий Есимхон номли майдонда ўтадиган барча байрамларда ҳокимлик билан биргаликда – муштарак ҳолда ўз маданиятларини намойиш этишади. Туркистон шаҳри ва атрофидаги 12 қишлоқ округларида истиқомат қилаётган турли этнос вакил­ларининг ижтимоий масалаларини ҳал қилиш йўлида режали ишлар амалга оширилмоқда. “Бирлик орти – барака” форуми, оқсоқоллар, зиёлилар, ёшлар иштирокида турли анжуманлар доимий тарзда ўтказилади.Туркистонда 74 умумий ўрта мактаб мавжуд бўлиб, уларнинг 36 таси аралаш илм масканларидир. Ўқувчилар бир оила фарзандларидек тотув таълим-тарбия олишмоқда. 

– Туркистонни сайёҳлик марказига айлантириш борасида Туркия, Ўзбе­кистондан келадиган сай­ёҳларни кўпроқ жалб этиш тадбирлари ма­са­­­­­­­­­ласида қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

– Бажарилаётган ишлар кўп. Май ойида «Дўстлик карвони» қўшни Ўзбекистонга сайёҳлик сафари билан бориб келди. Ўзбекистондан Туркистонга жавоб сафари билан қадрли меҳмонлар келишди. Бу анъана келажакда янги куч билан давом этиб, Ўзбекистондан, Туркиядан келадиган сайёҳ-зиёратчилар сонини кўпайтирамиз дея, ишонч билан айта оламиз. 

Зеро, Туркистонда ЮНЕСКОнинг бебаҳо ёдгорликлар рўйхатига ки­ритилган меъморчиликнинг ноёб дурдонаси – Ҳазрат Яссавий мақ­барасидан бошқа яна Уккоша ота, Йиғлаган ота, Гавҳар она, Алхўжа ота, Эски Саврон шаҳарчаси каби кўплаб тарихий қадамжолар мавжуд. Бу эса келажакда Туркистонда туризмни янада ривожлантириш учун муҳим омилдир. 

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

Суратда: шаҳар ҳокими А. Ўсер­баев; Ҳазрат Яссавий мақбараси;  шаҳар манзараси;  юқоридан олинган тасвир.

Ш. МАДАЛИЕВ, 2017-06-16, 20:22 180
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.