26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ЧЎЛДА ЭРТАК ЯРАТГАНЛАР...

Байрамларда, айниқса Ҳалқаро болалар кунида доимо гавжум бўладиган шаҳар ҳайвонот боғи қачон очилгани унинг жамоасига ким раҳбарлик қилганлиги билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Чимкентдаги ҳайвонот боғи ташкил этилганига жорий йил декабрда 40 йил тўлади. Қозоғистон ССРда иккинчи бўлиб очилган жониворлар ошиёнига эса даставвал ҳамюртимиз Насриддин Саъдуллаев раҳбарлик қилган. Бу даргоҳнинг очилиши, дастлабки ҳайвонларнинг олиб келиниши, шаҳар раҳбариятининг юритган сиёсати, директор фаолияти тўғрисида батафсил ва қизиқарли маълумотлардан бохабар бўлгингиз келса, унда Шимкент шаҳри марказидаги кўпқаватли уйлардан бирида истиқомат қилаётган Насриддин отаникига мусоҳабага бирга отланамиз.

Н. Саъдуллаев 1929 йили Тулкибош туманининг Озодлик қишлоғида туғилди. Николай подшо замонида экинзорлари, терини қайта ишлайдиган заводи бўлган бой бобоси қулоқ қилиниб, анча йиллик умрини ҳибсда ўтказди. Бироз йиллардан кейин отаси ҳам қатағонга учради. Етимликда, она тарбиясида ўсган бола турмуш қийинчиликларини обдон кўрди. Бошланғич синфни қозоқ тилида тамомлади, юқори синфларни эса Ванновкадаги рус мактабида тугатди.

–Маҳалладошларимиз асосан руслар, украинлар бўлгани боис рус тилида равон сўзлашаман. Ён қўшнимизнинг оти бўлиб, ўғли от спортини яхши ўзлаштирган эди. Унга роса ҳавасим келиб Жамбилдаги зооветеринария техникумига ўқишга кирдим. Уни 1949 йили тамомладим. Урушдан кейинги оғир тикланиш даври эди. Тулкибошга келиб, ветеринария касалхонасига ишга кирдим. 1950 йили эса Тошкент юридик институтига ўқишга тушдим. Ванновкада пуфлаб чалинадиган асбоблар оркестри таркибида ҳам мусиқа ижро этардим. Ўқишни тамомлагач, она юртимга қайтиб келдим. Отам ҳибсда, "халқ душмани" бўлганлиги боис, мени органларга ишга қабул қилишмади. Ўзбекистоннинг Наманганида кинопрокат соҳасида самарали фаолият юритганим иш берди. Қозоғистонда ҳам мени залворли ишлар кутаётганидан бехабар эдим, – дейди Насриддин ота суҳбат давомида.

 

 Суҳбатдошимнинг кинопрокатни уюштириш, одамларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш соҳасида анчагина тажриба тўплаганлиги иш берди. Шимкентдаги 1-сонли мусиқа мактабига директор этиб тайинланди. 1956 йилда Марказий истироҳат боғи, кейин Ғалаба боғи, Комсомол кўлига раҳбарликни ҳам Насриддин отага беришди. Уддабуро ўзбек йигити ишнинг кўзини биларди. Буни шаҳар раҳбарияти ҳам эътиборга олгани боис бир неча жамоани бошқаришни унга топширганди. 

 Чимкентдаги “Юность”, “Мир” кинотеатрлари ижарага олиниб, у ерда пулли концертлар ўтказила бошлади. Истироҳат боғлари, кинотеатрлар унга қадар йилни моддий зарар билан тугатган бўлса, Озодликнинг йигити бу даргоҳларни хўжалик ҳисобига ўтказгач, боғлар ҳудудидаги ёзги майдончаларда пулли кино намойишлари одамларнинг севимли масканига айланди. Чимкент вилоят партия қўмитаси котиби Асанбай Асқаров Насриддин Саъдуллаевнинг омилкорлигини пайқаганми, Чимкент ҳаётида ўша йилларда барпо этилаётган ҳайвонот боғига директорликни ҳам унга топширди. Зеро, ўша йилларда Н. Саъдуллаев меҳнатсеварлиги билан ютуқларга эришишини аллақачон исботлаб улгурганди. 1979 йили 11 декабрь куни Чимкент вилоят халқ депутатлари кенгаши ижроия қўмитаси ҳайвонот боғини ташкил этиш тўғрисидаги фармойишни имзолади. 

 

“ЮЗИМНИ ЕРГА ҚАРАТМА”

 

–А. Асқаров билан учрашувга бордим. Унинг камтарлиги мени лол қолдирди. Ўриндиқдан туриб келиб, қўлимни олди: “Бугундан эътиборан 54 гектар майдондаги 217 киши меҳнат қиладиган ҳайвонот боғига директорсан. – Юзимни ерга қаратма, деб қўлимни қисиб қўйди. Мен эса бу вазифани бошқара олмаслигимни, бунинг учун партия билетим йўқлигини айтдим. Бунинг барчаси ҳал қилинадиган масалалар эканлигини айтиб, менга муваффақият тилади. Ва мен ўн нафар ҳамкасблар билан Алматига малака оширгани кетдим, – дейди Н. Саъдуллаев.

 Уч ой мобайнида Иттифоқнинг турли шаҳарларидан 80 бош жониворни жамлаб улгуришди.

Эрта кўкламдан бошлаб боғда шанбаликлар уюштиришди. Таниқли раҳбарлар А. Асқаров, К. Алипова, Д. Бопова, жами 300 нафар ходим қўлига белкурак, супурги олиб, шанбаликка чиқди. Чимкентнинг 54та корхонаси жониворлар учун махсус сақлаш хоналари, илмий ходимлар хоналарини барпо этди. 

 

ИТ АЙИҚНИ ҚУТҚАРДИ

 

1980 йили 29 апрелда боғнинг расмий очилишидан аввал жониворлар сони фахрланадиган даражага етди. Калининграддан Султон исмли Бегемот келтирилди, Москва зообоғидан иккита айиқ боласини, Форт Шевченко шаҳридан 5та Каспий нерпасини олиб келишди. Денгиз мушукларини келтиришга Насриддин отанинг шахсан ўзи отланди. Беринг оролидан Тошкент аэропортига, у ердан Чимкентга махсус музлатгич машинада келишди. Петя исмли жирафани кўпчилик эсласа керак. Уни махсус вагонда олиб келишган. Алоҳида тепловозда Арисдан Чимкентга етказишибди. Ленинградда бемор жирафани 250 сўмга сотиб олишган. Бир-икки йилдан кейин емга тиқилиб қолган жирафа томошабинларнинг кўз ўнгида жон берганлигини чимкентликлар яхши эслашади. Ҳар ҳафта боғга келиб, унинг фаолияти билан танишиб кетадиган А. Асқаров бир гал келганида унда фламинго етишмаслигини айтиб, Тенгиз кўлидан овлаб келиш учун боғ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Латиф Алиевни юборди. ЯК-40 самолётида олиб келинган фламинголарни обком котиблари Асанбай Асқаров, Клара Алипова ва вилоят ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Дуйсенкул Боповалар саф тортиб қарши олишди. Дастлабки маймунлар Сухумидан келтирилган. Аввалдан касал бўлганлиги боис, биринчи ойнинг ўзида 16тасидан бештаси ўлди. Саратон хасталигига чалинганлиги боис ҳам улар кўпайишмади. 

–Бир воқеа ҳеч ёдимдан кетмайди. Ҳайвонлар орасида ҳам “оналик туйғуси” йўқ жониворлар бўлар экан. Ники исмли айиғимиз ҳар йили болаларди. Бироқ боласини ҳеч эмизмасди. Бир куни Ники эгиз туғди. Қарасам яна эмизмаяпти. Нима қиламиз, боғимизнинг ҳудудида бир урғочи ит яшарди, шу жонивор бизга ёрдам берди. Болаларига қўшиб, айиқчаларни ҳам эмдирди. Кучукчаларига жабр бўлмаслиги учун ходимларимиз уни яхшилаб овқатлантиришарди. Номи нима эди-я? Ҳа, ҳа топдим. Унинг номи Шойра эди. У айиқчаларни қутқариб қолди, – дейди суҳбатдошим. 

 Ўша йиллари вилоят раҳбарларининг  диққат марказида бўлган муассасанинг оёққа туриши учун зообоғ аҳлига барча имкониятлар яратиб берилди. Бу маскан илмий марказга айланди. Зеро, олимлар, биологлар, умуман табиатшунослар шу ерда тажриба алмашишар, жиддий илмий тадқиқотлар ўтказишарди. Латиф Алиев ва Елена Чаликова сингари фан номзодлари мана шу муассасада илмий ишларини ҳимоя қилишди. Иттифоқ даврида мамлакатда 33та зообоғ бўлса, бизнинг Чимкент боғи энг яхши ўнликка кирган эди.

Айниқса, ҳокимлик вакиллари бу даргоҳга эътиборни кучайтиришган. А. Асқаров ҳафта сайин бу ерга келиб турарди. Ҳар гал ташрифи чоғида ҳайвонлар катаги олдидан ўтар экан, улардаги ўзгаришларни тезда пайқарди. “Сайғоқлар ўтган гал 5та эди, биттаси кўринмайди-ку, унга нима бўлган?” Насриддин ота бундай саволларга кўникиб кетган, ҳар бир жониворнинг аҳволидан яхши хабардор, ҳисобот ҳам тайёр. Бу даргоҳ 1985 йилга қадар вилоят раҳбарлари, юрт оталари диққат марказида бўлдин. Қозоғистон Республикасини ўша йилларда бошқарган Динмухаммед Қўнаев ҳам Чимкентга ташрифи чоғида бир ярим соат жониворлар ҳаёти билан танишган. 12 йил мобайнида мазкур муассасанинг бунёд этилиши, равнақ топишига ҳисса қўшган суҳбатдошим шу вақт мобайнида на ҳордиққа, на даволанишга бора олди. Муассасанинг самарали фаолияти Н. Саъдуллаев ишлаган йилларга тўғри келган. 

Афсуски, А. Асқаровнинг ишдан кетиши билан, Н. Саъдуллаев ҳам вазифасидан олинди. Мамлакатимиз мустақилликка эришган йили А. Асқаров озодликка чиқиши билан Чимкентга келиб, Насриддин ота билан боғга борган. Шунда собиқ раҳбар ҳамроҳларига “Танишинглар, бу зообоғнинг директори бўладилар. Биз у билан чўлда қўлбола эртак яратдик”, деб изоҳ беради.

–Бу кун мен учун энг азиз кунлардан бири бўлди. Бу менга, меҳнатимга берилган олий баҳо бўлди. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин! Меҳнатларимни муносиб баҳолади. Менга машина ҳам, квартира ҳам тақдим этди. Сидқидилдан ишлашим учун шароитлар яратиб берди. Халқнинг, раҳбарларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилдим. Шимкентнинг тарихида менинг ҳам изим борлигидан фахрландим, – дейди Насриддин ота кўзига ёш олар экан.

 40 ёшга тўлаётган Шимкент ҳайвонот боғининг биринчи директори бугун 90 ёшни қаршиламоқда. Қадрдон жамоаси отани унутгани йўқ. Насриддин Саъдуллаев бу кунни жамоадошлари билан бирга нишонлайди. Шимкентнинг мегаполис бўлиб танилишида улкан хизматлар кўрсатган отахонга соғлик-омонлик тилаймиз. Ҳар гал ҳайвонот боғига бориб, жониворларни томоша қилаётганимизда шундай эртаклар оламини бизга тақдим этган номлари мақолада қайд этилган инсонлар ҳақига дуо қилиб қўйишни унутмайлик.

 

 

 

М. САЪДУЛЛАЕВА., 2019-11-09, 01:44 551
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.