26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мақсад бир, қадриятлар муштарак

*2019  – Ўзбекистонда Қозоғистон йили

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари яхши қўшничилик, мустаҳкам дўстлик ҳамда қардошлик ришталарига асосланган ҳолда ривожланиб бормоқда. Давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишончли ва самимий мулоқотлар изчиллик касб этгани диққатга сазовор. Мухбиримизнинг Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дархан Амангелдиули Сатибалди билан суҳбати мана шу мавзуга бағишланди.

– Дархан Амангелдиули, ушбу юксак лавозимга тайинланганингиздан кейин юз берган ўзгаришларга тўхталсангиз...

– 2018 йил – Қозоғистонда Ўзбекистон йили, 2019 йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилинди. Бу стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кучайиб бораётганидан далолат беради. Ушбу муҳим воқеа халқларимиз ўртасидаги абадий ва самимий дўстлик, маданий ва маънавий яқинлик рамзидир. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланаётган ва турли даражадаги алоқалар фаоллашган, мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатлари кенгайтирилаётган мана шундай даврда менга Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси бўлиб ишлаш насиб этганидан ниҳоятда бахтиёрман. 

Таъкидлаш жоиз, мустақил тараққиёт йўлини бир даврда бошлаган, иқтисодиётни қайта тиклаш ва ривожлантириш йўлида бир-бирига елкадош бўлиб келаётган икки қардош элнинг ҳамкорлиги 1998 йилда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги  Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация, 2013 йилда пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида ривожланмоқда.

Қозоғистон ва Ўзбекистон барча халқаро-сиёсий масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мамлакатларимиз икки томонлама ва БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича томонларнинг муносабатлари ўхшаш ва яқиндир. Трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида бир хил фикрга эга эканлиги ҳам буни яна бир бор тасдиқлайди. 

Дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда Қозоғистон – Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, икки мамлакат парламентлари қуйи палаталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши қонун ижодкорларининг муносабатларида янги даврни бошлаб берди. 

Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг XVIII мажлисида савдо-иқтисодий, сармоявий, космик, соғликни сақлаш, энергетика, туризм, таълим, ёшлар сиёсати соҳаларидаги ўзаро ҳаракат масалалари муҳокама қилинди.  Унинг хулосалари бўйича қатор протоколлар имзоланди. 

– Таълим, маърифат соҳаларига эътибор кучаяётгани кузатилмоқда...

– Бу борада бугунги кунда мамлакатларимиз олий таълим тизимида ҳамкорликка оид 50 дан зиёд битим ва келишувлар тузилган. Ўзбекистондаги мактабларда қозоқ тили ўқитилади, олий таълим муассасаларида қозоқ тили, математика, физика ва бошқа фанлар бўйича педагог кадрлар тайёрланади. Шимкент шаҳрида 2018 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Қозоғистон халқи Ассамблеяси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бу икки мамлакат ҳудудида ўзбек ва қозоқ тилларини ўрганишдаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш имконини берди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 13 мартда «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнанбаев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида» қарорини чиқарди. Шунинг баробарида Қозоғистонда сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги катта тантана қилинди. Бу адабиёти ва маданияти ўхшаш, бир дарёдан сув ичган, азалдан қавму қариндош бўлган халқларимиз ҳаётидаги муҳим воқеадир. Ўзбекистонда Қозоғистон адабиёти ва маданияти марказининг очилиши эса ушбу соҳадаги ҳамкорлик бардавомлигининг яна бир тасдиғи бўлди. 

– Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида қандай тадбирлар ўтказилмоқда?

– Тошкент шаҳрида ҚР Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Е. Кўшербаев ва Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Л. Қудратов иштирокида IV Қозоғистон-Ўзбекистон бизнес-форуми уюштирилди. Унда икки давлатнинг 200дан зиёд ишбилармон ва тадбиркор доиралар вакиллари иштирок этди. Форум доирасида В2В шаклида агросаноат мажмуаси, машинасозлик, қурилиш, кимё саноати ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Уларнинг якунлари бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган савдо шартномалари ва сармоявий битимлар имзоланди.

Шу йил 11 сентябрда Тошкентда ҚР Савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Қ. Тўребаев ва Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Л. Қудратов иштирокида икки давлат ўртасидаги товар айланмасини ва товар турларини кенгайтириш бўйича ишчи гуруҳининг иккинчи мажлиси ўтказилди.

Маданий-гуманитар соҳадаги тадбирлар йўналишида 2019 йили ҚР Президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги стра­­тегик ва минтақавий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида «Янги геосиёсий ва геоиқтисодий шароитда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг шериклик истиқболлари» мақолалар тўплами нашр этилди. 

Хабарингиз бор, жорий йил март ойининг сўнгида Шимкент – Тошкент йўналишида  Ўзбекистонда Қозоғистон йилига бағишланган халқаро веломарафон ўтди. 6 апрель куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида халқаро бахшилар танлови уюштирилди. Унда Қозоғистон вакили Улжан Байбўсинова иштирок этиб, бош соврин (7000 АҚШ доллари) ни қўлга киритди. Тадбирда жаҳоннинг 74 мамлакатидан 160дан зиёд бахши иштирок этди. Шунингдек, унда ЮНЕСКО, ISESCO таълим, фан ва маданият соҳалари бўйича Ислом ташкилоти вакиллари ҳам қатнашишди. 

 15-18 апрель кунлари Тошкент, Самарқанд, Гулистон, Жиззах ва Сирдарё шаҳарларида Шимкент шаҳар ўзбек драма театри гастроллари ўтди. 26-27 апрель кунлари Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва «Ҳунарманд» ҳамжамияти «UZBEKISTAN – Aspara Fashion Week» халқаро мода ҳафталиги уюштириб, унда Қозоғистон делегацияси ҳам  иштирок этди. 12 май куни Алишер Навоий номли Давлат академик драма театрида ҚРда хизмат кўрсатган санъат арбоби Г. Ўрумбаева раҳбарлигидаги «Салтанат» давлат рақс ансамблининг концерти ўтди. Ўзбек театри саҳнасида қозоқ театрларининг ўнлаб спектакллари намойиш этилди. 14-19 август оралиғида ўтган Ўзбекистонда Қозоғистон маданияти ва санъати кунлари доирасида Тошкент ва Навоий шаҳарларида қатор маданий-маърифий тадбирлар уюштирилди. 25-30 август кунлари Самарқандда XII Халқаро «Шарқ тароналари» мусиқий фестивали,15 сентябрь куни эса Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандлар фестивали ўтди. Уларда ҳам қозоғистонлик санъаткорлар иштирок этиб, концерт дастурларини ва ҳунармандчилик буюмларини намойиш этишди. 

14 октябрь куни Тошкентдаги «Туркистон» санъат саройида Ўзбекистон давлат филармонияси симфония оркестри ва Қозоғистон халқ артисти, Давлат мукофотлари лауреати Р. Римбаеванинг биргаликдаги концерти ўтди. Тадбирда «Маънавий янгиланиш» дастури доирасида ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар ижро этилди. 27-30 октябрь кунлари Туркистон вилоятининг қўллови билан «Турон – дўстлик булоғи» китоб кўргазмаси уюштирилиб, Туркистон шаҳар мусиқий-драма театри Р. Ўтарбаевнинг «Мустафо Чўқай» драмасини намойиш этди. 

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда Қозоғистон йилига катта тайёргарлик кўрилди. Унинг доирасидаги тадбирлар санъат, фан, таълим ва тадбиркорлик соҳалари вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш учун янги уфқлар очади. Маданиятларимизни  бойитишга, халқларимизнинг янада яқин бўлишига хизмат қилади. 

– Туризм соҳасидаги ҳамкорлик доиралари кенгаймоқда... 

– Албатта. Бутун дунёда мамлакатларимизнинг бой тарихи билан танишиш, бетакрор урф-одат ва анъаналарини ўрганиш, меъморий ёдгорликлари мисолида асрий тамаддун ютуқларидан баҳраманд бўлиш истагида бўлган сайёҳлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Шу боис ҳам бугун туризм соҳасидаги ҳамкорлик биз интилаётган муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган Тошкент билан Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент – Алмати тезюрар поезди ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновининг йўлга қўйилиши транспорт коммуникациясини янада кенгайтиради, ҳудудлараро алоқалар, савдо ва туризм ривожига хизмат қилади.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ва туризмни ривожлантириш мақсадида «Қазақстан темір жолы» ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари ўртасида қулай тариф шартларини белгилаш тўғрисида битим имзоланди. 

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, транспорт коммуникациялари соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда.

Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида қарийб 230та, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда.

– Қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун ташаккур!

 

 

Алишер СОТВОЛДИЕВ суҳбатлашди., 2019-11-19, 21:41 532
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.