26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
А. Шелест: ''Мен бахтли аёлман''

25 йилдан буён  декрет таътилида “дам олаётган”, бутун умрини 10 фарзандни тарбиялашга бах­­­­­­­­­шида этган Қаҳрамон она Александра Ше­лест тақдирига битилган ҳар бир кунга шукрона­­­­лик руҳида яшайди, кун кўриш осон бўл­­­­­­ма­­­­­­­­сада, 12 кишилик оилани боқишга ёрдам беринглар, деб давлатдан нафақа сў­­­­­­­ра­­майди, турли ҳужжатларни жамлаб, узун­­­дан узоқ навбатларда турмайди, дав­лат ажратадиган ёрдам пулидан ҳам умид­­­вор бўлмайди, идорама идора юришга вақт ҳам кетказмайди. 

Унинг яшаш тарзи, умуман, кўпболали она сифатида рўзғор тутуми билан қизиқиб, телефон орқали учрашувга келишиб олдим. Айтилган пайтда марказий кўча бошида рўмол­ли, узун кўйлак кийган келишган славян  аёли, “Сиз бизникига келяпсиз, шекилли”, деб қарши олди.

Сайрам туманининг маркази Оқсувкент қишлоғидаги ҳовлисига кирар эканмиз, Александра мени ўзига яқин олиб, бир неча йиллик танишлардек суҳбатга киришиб кетди. 

– Эътибор беряпсизми, қўш­ни­ларим ўзбек, шу боис, биз ҳам улардан қолиб кетмайлик, деб ҳовлимизга кираверишда ён­ғоқ экканмиз. Қўшним Но­­дира мени кўрганда, сен рус­лар­нинг ўзбегисан, мен эса ўз­бек­ларнинг русиман, деб ҳа­­зил қилади. Ҳақиқатан ҳам, ҳаё­тим, рўзғоримдаги кўп нар­салар ўзбекларники сингари. Яша­­ши­мизда, рўзғоримизда, иш туту­ми­да “ўзбекча усул”ни қўл­лана­ман. Бо­лохонамизни кўряп­сизми, у ҳам фақат ўзбек­ларда бор, сизларга ўх­шатиб  қуряп­миз, – деб кулади.

– Ҳа, ростдан ҳам яшаш тар­зин­гиз бизникига ўхшар экан. 

– Ҳовлимизга гул, сабзавот экин­лари экиб ташладик. 10 сў­тих­­­­­­­лик еримда олма, ёнғоқ, ток ўса­ди. Жаннат  меваларидан бири бўл­ган анжир ҳам бор. Мен билан суҳ­батга келган журналистларга  кў­чатини беришга ваъда қилдим. Узр, исмингизни нима дедингиз?

– Мунира.

– Юринг, қани марҳамат, уйга кир­инг, – дея мени уйга бошлади бека.  

Катта уйининг ёнига қурил­ган икки хонали ошхона ва меҳмон­хо­нага кириб, уларнинг шинамлиги ва орасталигига қойил қолдим. Тўғриси, ўн болали оилага келаёт­ганимни яхши билганимдан сўнг, фарзандларига ўралашаб, ўзи­га қарашга вақт топмайдиган, бо­­ла­ларнинг қий-чувидан роса чар­чаган она ва пала-партиш ҳов­­лини кўрсам керак, деб ўйлаган эдим. Бунинг акси бўлиб чиқ­ди. Александра вақт топиб, менинг келишимга пишириқлар тай­ёр­лабди. Дастурхонга таклиф этиб, иссиқ чой дамлади.

– Қани, олинг, дастурхонга қа­­ранг. Оилам билан тановул қи­ладиган егуликларнинг ҳаммасини ўзимиз тайёрлаймиз. Мана бу – қаймоқ. Бугун эрталабки сутни сепараторга солиб, қаймоқ қил­дим, сузма ҳам ўзимиздан чи­қади. Бу пишлоқни емабсиз, дунё­га келмабсиз, уни ёғли сутдан тайёрлайман. Болалар сут­ни ях­ши кўришгани учун, сигир­сиз яшол­­­­­­маймиз. Сут, қатиқ дас­­­­тур­­­хони­миз­дан узилмайди. Сиги­ри­миз бў­­­ғозлиги учунми, сути ка­­­­­­­­майиб қол­ди. Ҳозир 14 литр сут со­­­­­­­­­­­­­ғиб оляп­миз, – деди менга чой уза­тар экан.

52 ёшли Игорь ҳамда 45 ёшли Александра Шелест турмуш қу­риш­­ганига чорак асрдан зиёд вақт ўтибди. Суҳбатдошим ҳарбий­­­ларнинг ёлғиз қизи бўлишига қа­рамасдан, бува ҳамда бувисининг қўлида тарбияланган, эрта етим қолган экан. Ўскамендаги ҳар­бий-педагогика коллежини та­мом­лагани ҳаётида жуда асқотибди. Болаларни қатъий интизом асо­сида тарбиялаш кераклигини ҳа­ёт унга аллақачон уқтириб қўйган эди. 16 ёшидан меҳнат қил­ган Александра боғчада болаларни парваришлашга ҳам, поч­­та со­ҳасида ишлашга ҳам ул­­­гурган. Мана энди узлуксиз да­вом эта­ётган декрет таътилини ўзининг тақдирига битилган бахт­ли йил­лар деб билади.  

Кўп болали бўлишига қарамас­дан саёҳатни ҳам канда қилишмас экан. 13 йил аввал харид қи­­лиш­ган “Фольксваген” русумли ма­­­­­­­­­­шиналари оиланинг ёрдамчиси. Бо­­лаларнинг 4-5 нафарини олиб, Рос­­сиянинг Новосибирски-ю, Став­­­рополь ўлкасидаги шаҳар­ларга саёҳатга боришади. Ҳам­­масини бирдан олиб кетиб бўл­май­­ди, фақат навбатма-навбат. Буёқ­да ҳам кимдир рўзғор юри­тиши керакку. Ўлкамизнинг ман­зарали жойлари эса оиланинг  се­­­­вимли машғулоти – қўзиқорин, дў­­лана териш, балиқ овлаш, дарё­лару, сув ҳавзаларида чўмилиш анъа­нага айланган. 

Хонадоннинг тўнғичи – Давид 25 ёшга тўлибди, кенжаси Артём 4 ёшда. Апрель ойидан июлгача Шелестлар хонадонида иш қи­зий­­­­­­­­­­­ди – ота-она ўғилларини олиб, пичан ўримига кетишади. Бу йил уларга баракали келди. Оғил­хо­нада бўрдоқи қили­наёт­ган икки буқа, бир сигир, то­вуқлар­нинг ҳам ризқи бор-да. 

...Жорий йилнинг апрель ойида бошланган манзилли ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлмасада, қўш­­­­­­ни­ларининг қистови билан Алек­сандра ҳужжатларни аҳолига хиз­­­­­­­­­­­­­мат кўрсатиш марказига топ­ширди.

– Аввалига роса уялдим, ишо­насизми, ўзинг туққан фарзанд­ларингни боқиш учун ҳокимият­га пул сўраб боришга ор қилдим. Шукр, болаларимнинг қо­­­­­рин­лари тўқ, устлари бут, керак бўл­са, кат­та ўғилларимни уйлаб, уларга ало­ҳида уй ҳам олиб бердик, катта рўз­ғордан ажратдик. Икки келиним бор, иккита неваранинг бувисиман.  Бу дастурни давлат кўпболали оилаларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун ажра­та­ёт­ганини эшитиб, олиш­га жазм эт­дим. Қишлоқ  ҳокимининг ўринбо­сари шахсан бизникига келиб, яшаш шароитим билан танишди,  ҳовлидаги жониворларни кўр­ган­дан сўнг, Оқсувкентдаги дендро­боғнинг ўтини ўриб кетишга ҳам рухсат берди. Тонгги соат 5да туриб, болаларим билан пичан ўри­­мига отланамиз, кечгача, бир дунё қилиб, ўриб ке­ламиз. Уни ғарамлашга бир ишчини ёл­­ладик, молхонамизнинг чордоғини пичанга тўлдирдик, бу ҳам биз­га бир совға бўлди. Бо­ла­ла­рим меҳ­наткаш чиқди. Кун ёришмай туриб, уйқудан уйғониб, молхонага югу­ришади. Кенжа ўғ­лимдан ташқари ҳаммамиз сигир соға оламиз, – дейди А. Шелест.

Уч маҳал соғиладиган сигир ҳам бундай шароитга ўрганган.  7 ўғил ва уч қизни тарбиялаётган оила саркори – Игорь Алматига йўловчи ташийди. Уч кун йўл­­­да бўлса, бир кун уйда дам ола­­­­­­ди. Унинг асосий вазифаси ои­­ла­сини моддий таъминлаш. Бола­лар бўш дамларини уяли те­­­ле­­фонда ўтказишмайди. Баъзи бир оилалардаги болалар сингари уззукун “you tube”га шўн­ғиб, экран­га тикилишмайди. Унинг зарари кўпроқ. Ўқиш учун китоблар ҳам, газеталар ҳам етарли. Му­шо­ҳадага ундайдиган, ои­лани жипс­­­­лаштирадиган ўйинлар ўй­­­­­налади. Тўғриси, бунга вақт ҳам етишмайди, чунки уй иш­­­ларидан ортилса, мусиқа мактабига бо­ришади – бири скрип­када куй чалса, иккинчиси тру­­бада ўй­найди, гитара, пианино, ак­кар­деон сингари мусиқа ас­­­­боб­лари­­­да машқ қилишади. Му­­­сиқа мак­та­бига боргандан сўнг уй вази­­­­­фа­ларини асбобларда ижро этиш­­­­­лари керакку, ахир. Оилада Ин­­­тернетга уланадиган биттагина уяли телефон бор, у ҳам бўл­­­са, бо­лалар дарс қилаётган пайт­да­­гина ишлатилади. Яқинда ои­ла дарс тайёрлаш учун зарур но­ут­бук­­ни мактаб битирувчилари учун ата­­­­­йин харид қилди.   

Оилага “Өрлеу” дастури ор­қали берилган маблағдан оқи­лона фойдаланишди. Коллежни тамомлаб, машина мотори ус­та­си, чилангар касбини эгаллаган катта ўғиллари – Давид ҳамда Геннадийларга кичикроқ бўлса-да, гараж харид қилишди. У ерда ака-укалар ки­чик кор­хо­­­­нани ишга тушириб, мижозлар­нинг автомобилларини таъмир­­­лашяпти. Иш жуда да­ро­­мадли бўлмаса-да, ҳар қа­лай ўз рўз­­ғорларига эга ака-ука­ларга етиб турибди. Кенжа ука­­­лар ҳам кат­­­­таларнинг изидан бо­риб, чи­­лан­­­­­гарлик, токарлик касбини тан­лашди. Жорий йилнинг биринчи чорагида берилган ман­­зилли ёр­дам пулига Александра си­гир сотиб олди, энди берилади­­­ган маблағга эса ус­та­хонага қў­шимча ускуналар олиш­ни ре­­­жа­лаштиришяпти. Мод­дий ёрдам берган ҳокимиятга та­­шаккурнома ёзиб, ҳокимга топ­ширибди.

Катта қизи Алёна – ошпаз. Ша­ҳардаги  ошхоналарни ижарага олиб, иш юритяпти. Анастасия, ҳали ўқишга кирмаган бўлсада, Шим­кентдаги Ал-Хилал банки  фи­­­лиалида иш юритувчи. 13 ёш­дан буён скрипка чалади.

– Рўзғор ишларини, тўғриси, тур­­мушга чиққандан кейин ўрганиб кетдим. Ҳаёт менга муаллимлик қилди. Қўшниларимникида уй ходимаси бўлиб ишлаб юриб, кўп нарсаларни ўргандим. Улар­га ҳам раҳмат, мендан ёрдам­ла­рини аяшмади. Ўзбек миллий таомларини тайёрлашни ўрган­­­­­дим. Худди сизларникидек май­да қилиб угра кеса оламан, ои­лавий байрамларда эса, ал­бат­та, палов дамлаймиз. Ҳов ана­ви, ўчоқни кўряпсизми (ўчоқни эслатадиган ўзига хос бир ус­ку­­нани кўрсатиб), болаларим ясаб беришди. Ана шунда ош қи­­­­­­­­­ла­миз. Катта­ларимнинг қўллари ишга тегиб, анча осон бўлиб қол­­ди. 5 болам мактабга боради, кен­­­­­­­­­­­­­­­жатойим уйда. Болаларимнинг  би­­­­­ронтасини боғчага юбор­­маган­ман, бир томони камхаржлик, Игорнинг топганини тежам­­­кор­лик билан ишлатишимиз ке­рак, ке­йин, ўзим касбий муалли­­­ма­ман­ку, ҳожати бўлмади. Умр йўлдо­­шимга раҳмат, менга тикув ма­­­­­­­­­­­шинаси ва сепаратор олиб бе­­­­­­­­­риб, уйимизга барака олиб кел­­­­ди. Вақтида 16 минг тенгега олинган сепаратор кунига қаймоқ чиқаришдан чарчамайди. Ке­раксиз, эски кийимлардан эса ти­­­­­кув машинасида қуроқ  тикаман, аёлнинг қўлидан келадиган ан­жомларни, тайёр буюмларни со­тиб олмасликка ҳаракат қила­ман. Оиламизга худди сизлар­никидек, меҳмонлар кўп келади. Сизларда ҳам қариндош-уруғ кўпку, бизда ҳам шундай. Оилавий тадбиримиз гавжум бўлиб кетади. Юринг, уйимизни сизга кўрсатай, – дея мени уйига бошлади. 

Уйнинг, иккинчи қаватини ои­ла аъзолар ўз кучлари билан қу­­­­­­­­­­­­­ришибди. Ўғил ва қизларнинг ҳар бирига алоҳида  ётоқхоналар иш­­­­­­ланган. Меҳмонлар бу уйга тез-тез келиб тургани учун уларга ҳам алоҳида хона ажратилган,  кўрпа ва жилдларни ҳам Алек­сандранинг ўзи тиккан. Саккиз на­фар боланинг хоналари қай ал­фозда экан, деган қизиқиш би­­­­­­­­­­­­­­­­­­­лан уларнинг ётоқхоналарига кир­дик. Жиҳозлар, кийимлар ҳам­маси ўз жойида, болалар шунга одат­ланишган экан. 

Александранинг нима учун рў­мол ўраши ва узун кўйлак кийиши билан қизиққанимда, оилали аёл­­нинг эрига бўлган итоати ва но­саро динидаги художўй аёл­га бўл­ган талаблардан бири экан­лигини англатди. Келинлари Маша ҳамда Вералар ҳам узун кийиб,  бошларида рўмолини қўймас экан. 

– Қизларимга ҳам узун ва ёпиқ  кўйлакларни мусулмон кийимлари магазинидан харид қиламан, – дей­ди Александра.

Александра эридан миннат­дор. Унинг машаққатли меҳнати туфайли чорак асрдан буён иш­­лашига эҳтиёж бўлгани йўқ. Буни ич-ичдан туядиган аёл умр йўл­­дошини ниҳоятда авайлайди.  Алек­­­­сандра Яратгандан тинмай дуо қилиб, яшаётган гўша­сининг баракотини сўрайди. Мени бе­катгача кузатиб чиққан Алек­­­­­­сан­дранинг “Я всегда прошу Гос­пода, чтобы благословил место, где я живу. И это место мой дом – Ка­захстан. А человеку хо­рошо там, где он и его кружение доб­рое. Пусть и тебя благословит Все­выш­­ний” деган тилакларига раҳ­­мат айтиб, хайрлашдим. 

Биринчи учрашишимизга қа­­рамасдан, одамларни яхши та­ний оладиган Саша мени бағ­рига босиб, хайрлашди. Ошиё­нида самимий муҳитни сақлаб ке­лаёт­ган Александра ҳақ – эз­­гулик ва меҳр ўзимизда, ру­ҳи­мизда му­­­жассам бўлиши керак.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2019-11-21, 04:35 559
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.