26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Лоқайдлик ёхуд “оғриқли” нуқталар

Обуна – таҳририят ходимлари учун масъу­­­­­­­­лиятли палла. Ҳа, шиддатли давр ва ҳозирги рақобат шароити ҳар бир ходимдан бу ишни жонкуярлик ва фидойилик билан олиб боришни тақозо этади. Замон талаби –  маҳсулотни харидорга сифатли, вақтида ва имкон қадар арзон нархда етказиб бериш. Ҳар гал обунага оид дилимдаги ўйларни ёзишга шайланардим-у, аммо турли хаёллар билан, баъзан истиҳола қилиб, буни пайсалга солар, айрим масалаларни рўй-рост ва очиқ-ойдин айтишга журъат қилолмас эдим. Дилимдагиларни ёзишимга ҚР Парламенти Мажлиси депутати Ф. Қоратоев билан те­лефон орқали яқинда бўлган мулоқотимиз туртки берди. Яна бир бор таъкидлайман, мақолада айтилган гап кўпчиликка тааллуқли эмас, фақат айрим ҳолларда кўзга ташланган мисоллар, холос...

Ўтган йили мамлакатимиздаги таълим ўзбек тилида юритиладиган мактаб ўқув­чилари учун “Болаларга туҳфа” номли ўзбек адабиёти хрестоматияси илк бор нашр қилинганидан кўпчилик хабардор. Китобни тайёрлашда кўпчилик қатори ка­мина ҳам озми-кўпми хизмат қилдим. Аммо унинг тақдири, яна ҳам аниқроғи, таълим муассасаларига тарқатилишидаги эъти­борсизликдан бироз ранжидим. 

Маълумки, китоб нашрдан чиққач, Тур­кистон вилоят, Шимкент шаҳар ўзбек эт­но­маданият бирлашмаласи орқали тарқа­тиладиган бўлганди. Албатта, улар бу ишни ташкил этишга ҳисса қўшдилар. Аммо, шу ўринда яна бир гапни айтиш жоиз... Йўлим тушиб, китобнинг Сайрам ту­мани ва Шимкент шаҳридаги айрим таълим му­ас­­­сасаларига етиб бормагани, Же­тисай ту­манидаги мактаблардан бирида эса унинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчисининг уйидаги кутубхонасида тургани сабабини суриштирганимда, “Бизга хабар беришмади”, “Бизга аниқ тушунтиришмади”, дея оқла­нишга уринишиб, каминани ноқулай аҳволга туширганлари ҳам бор гап... 

Сир эмаски, ҳозирги кунда мактаб кутуб­хоналарига ўзбек тилидаги бадиий ада­би­ётлар сўнгги бор қачон келтирилганини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Шу кемтикнинг ўрнини тўлдириш учун она тилимиз жонкуяр­лари саъй-ҳаракатларининг шундай лоқайд­лик оқибатида бесамар қолиши, юмшоқ қилиб айтганда, инсофданми? 

Булар ҳақида нима учун ёзяпман? Мақсад – кимнингдир ишидан камчилик топиш ёки бошқаларга ақл ўргатиш эмас. Муҳими, ҳар биримиз айтилган гапдан тегишли хулоса чи­қармоғимиз даркор, назаримда. 

Серғайрат ва тиниб-тинчимас депутатимиз Ф. Қоратоев жорий йилда ҳам шундай бир китобни нашр қилдириш ҳаракатида юрган экан. Юқорида айтганимдек, у гапимни тинг­лагач, ишдаги камчиликларимиз, асосан, лоқайдлигимиздан эканини таъкидлади ва ўзи ҳам “Жанубий Қозоғистон” газетасига раҳ­барлик қилганида обуна масаласида кўп эшикларни қоққани, баъзан раҳбарларнинг дилини хира қиладиган гапларни айтишга  мажбур бўлганини эътироф этди. 

– Айрим мутасаддилар  ҳозир ҳам мен­­­­­­­дан ўзларини олиб қочади, – деди у куйи­ниб. – Баъзан ўшаларнинг билими, дунё­қараши, савияси эгаллаб турган манса­бига мос келадими, йўқми, деб ўйланиб қо­лар, бошқараётган жамоасига ачиниб ке­тардим. Ўзбекча газета ўқимаган, сиёсий янги­лик­лардан воқиф бўлмаган раҳбар ёки педагог қандай қилиб етук зиёли бўла олади? Она тилини улуғлаш, қадрлаш лозимлигини, авлод-аждодларимиз бизга мерос қолдирган қадрият, анъана ва урф-одатларни фарзанд­ларимизга қандай сингдирамизу, уларни миллий руҳда қандай тарбиялаймиз? Наҳот­ки, шу оддий нарсаларни ҳам уларга ҳижжа­лаб тушунтириш керак?!

Жуда тўғри фикр! Ишлагиси келмаган одам баҳона излайди, деган нақл бор хал­қимизда. Ҳали уни, ҳали буни баҳона қилиш, масалани дангал ечмай, пайсалга солиш осон. Лекин кимдир ёш авлоднинг келажаги, уларнинг маънавияти ҳақида ҳам ўйлаши керак-ку!

Сир эмас, ҳозир бошқа даврда умр ке­чир­япмиз. Кўп нарсаларнинг қадри ва аҳа­миятига эътибор ўзгарди. Глобаллашув даврида ОАВнинг сони ва тури кўпайди. Сох­та (“фейк”) ахборотларни тарқатиш “русум”га айланмоқда. Оқибатда ОАВнинг роли бир­мунча сусайди. Бир вақтлар фақат обуна орқали етказилган газета ва журналлар интернет замонида электрон тарзда, турли ижтимоий тармоқлар орқали таралмоқда. Дунёнинг исталган нуқтасидаги янгиликни жаҳонга бир зумда етказиб бераётган сайт­лар кўп, ҳатто бадиий китобларнинг элек­трон шакллари яратилган, интернетдан олиб, бемалол ўқиш мумкин. Эндиликда бло­гер жуда машҳур ихтисосликка айланди. Бу­нинг барчаси, албатта, рақамлаштириш даврининг ютуғи. Аммо, барибир, газета ўқиш­ни қўмсайдиган, бу одатни канда қил­май­диганлар орамизда кўплаб топилади.

Аввалроқ кино, кейин эса телевидение пайдо бўлиб, халқ орасида оммавий тус олганида “театр энди ўлади”, деб башорат қилганлар бўлган. Бироқ бу иддаонинг но­тўғрилигини, театр санъати ҳеч қачон “ўл­мас­лигини” вақт исботлади. Назаримда, элек­трон воситалар, барибир, қоғозли га­зе­та­нинг ўрнини боса олмайди. Газетага тики­­либ, мириқиб ахборот олиш, шунингдек, ба­­диий китобларни мутолаа қилишга нима ет­син! Сиз нима дейсиз?

Айтмоқчи, “Жанубий Қозоғистон”га ёзил­­­дингизми?

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ, 2019-12-05, 04:59 678
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.