26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Иккинчи даражали шахс

ОТАСИНИНГ БОЛАСИ

Оилавий ажрашиш, қонун ти­­­­­ли билан айтганда, никоҳни бе­кор қилиш фуқаролик ишла­ри муҳокома этилаётган суд жараёнида ҳеч иштирокчи бўл­ган­мисиз? Бундай муҳо­ка­ма­лар ариза берувчининг ёзма мурожаати асосида ўтказилади ва биринчи навбатда давлат тўлов божи тўланган-тўланма­ганлиги суриштирилади. Ке­йин эр-хотиннинг даъвоси-дос­тони (кў­пинча расмиятчилик юза­си­дангина) тингланиб, ма­сала ҳал қилинади. Нари борса, ярим соат­да бутун бошли оила иккига бўли­ниб кетади.

Майли, эрми-хотинми, ажра­шишни истабди, бу уларнинг ка­­­­­­­­фо­латланган ҳуқуқи. Бундайлар­нинг ўртасига тушиб, эси­миз­­ни емайлик. Аммо мени ан­чадан бери бир масала ўй­лан­тиради: суд муҳокамасида нима учун фақат эр билан хотиннинг айтгани асос сифатида тинг­ланади? Фар­зандлари-чи? 12 ёшгача бўл­ган фарзандлари одам эмасми? Умуман, бола не­ча ёшдан бошлаб одам ҳи­собланади? Бу саволни бир неча ҳуқуқшуносга бердим. Улардан бири гапни анча «ғи­жимлади». Неча ёшдан жиноий жавобгарликка тор­тилишию, қачон балоғатга етишига тўх­талди, ле­кин одам­нинг не­ча ёшдан ОДАМ ҳисобланишига келганда, саволни тушун­ма­ганлигини тан олди. Мен ҳам очиғига кўчдим: юри­дик со­ҳанинг сўз луғатида ОДАМ атамаси йўқ, фақат ШАХС деб юритиладиган субъект мав­жуд... 

Бундай муҳокомаларни олиб борадиган судья, масла­­ҳатчилар, асосан, оилали, фарзанди бор одамлар. Демоқ­чиманки, оила му­­­­­­­­­­­­­ҳити уларга яхши таниш. Ҳар бир оиладаги фарзандлар ҳам­маси отага ё онага бирдай меҳр қўя олмайди. Бири онасига кўп­роқ илашса, бошқаси отасини устунроқ кў­ради. Бу фақат бола­ларгагина хос хусусият. Айниқса, қиз фар­занд отасининг эркаси! Ру­ҳия­ти ҳисобга олинмай, ажра­тил­ган оиланинг ўзи унча мойил бўлмаган қисмида қолган бола­­­­­нинг аҳволини бир тасаввур қи­­либ кўринг: мурғак қалбида (бо­ланинг ўзи сезмаган ҳолда) наф­рат туғилади, аламзадалик куртаклайди. Йўқотган киши­си­ни қўмсаб, ичикади. Шундай руҳда ўсган болага сизу биз қандай та­лаб қўя оламиз? Айтайлик, мак­табда бир бо­ла отаси олиб берган нима биландир мақ­тан­япти. Ои­ла­­­­­вий ажралиш боис ота­сиз ўса­ётган ўқувчи (бола)нинг ру­ҳиятидаги тушкунлик ифо­дасига тил ожизлик қилади. Энг ёмони, айримлари ўзаро жан­­жаллашиб қолса, оилавий аж­­ралишнинг айб­сиз айбдори бў­либ бола тенг­қуридан ноҳақ ма­ломат ҳам эшитади ...

Менимча, никоҳни бекор қи­лув­чи ажрим ортида эр ё хотин­­­­­­нинг истаги эмас, энг аввало фар­­­зандлар руҳияти туришини унут­­маслик зарур!

ДАЖЖОЛНИНГ ЙЎРИҒИ

– Отам ва онам ажрашиб ке­тиш­ганида мен етти ёшда, укам тўртда, синглим бир яшар эди, – дея бошлабди ўз хатини лен­герлик Холида Ас­ророва. – Қис­­қаси, онам ва хо­ла­ларимнинг тарбиясида қол­дик. Отам ўша пайтлари 2-3 марта келганини эслайман. Уни   сўкиб ҳайдашгани элас-элас ёдимда. Мен ва укала­­­­­­­­­­римга отамизнинг ёмон одам экан­ли­гини, ароқхўрлигини, биз­ни ташлаб, бошқа аёлга уйланиб кетганлигини онам ва хо­ла­ла­рим кўп гапиришарди. Отам­нинг пиёниста, муттаҳам, бе­меҳр­­лиги-ю, мардикор бўлиб иш­­лаб, эшикма-эшик хор бўлиб юришини айтишарди. 

Бо­ла эдик, аммо отасизликдан эмас, балки ўз онамиз ва хола­ларимиз ишонтириб айтган  ёмон одамнинг фарзанди эканли­­­ги­­миздан эзилардик. Мак­табни тугатиб, Тошкентга ўқишга бор­дим. Институтга ки­риш имти­ҳон­ларини топ­шириб бўлгач, бир студент ҳам­қишлоғим отамнинг уйи­ни билишини, у ерга олиб бо­­ри­шини айтди. Отамни шу ку­ни кўрдим. Сираям мардикор ё дар­­бадар эмас эканлар. Қўйлиқ де­ган жойда беш хонали уйи, бағри кенг оиласи бор экан. Қурилиш ташкилотида раҳ­бар экан. Отам билан йиғлаб кў­ришдим, кў­зимдан ёш тўх­та­масди. 11 йил ёлғонларга ишо­ниб яшабман. Ик­ки ўгай синг­лим, икки укам бор экан.

Бундай тақдирлар, афсуски, жуда сероб. Аксарият оилалар ўртасида никоҳ бекор қи­лингач, аёл ўз фарзандига отани ёмон кўрсатишига, уларни без­­­­дириш­га ҳаракат қилади. Ёл­ғон га­пи­ришдан ҳам қўрқиш­май­ди, бо­ла­лар онгини заҳар­лашда эри­ниш­майди. Лекин йил­лар ўтиб, фарзанд вояга ет­гач, «Ме­­нинг отам ким эди? Мен ёмон одам­­­­­­нинг фарзандиманми, не­га шун­ча йилдан бери таъна ва дакки эшитиб келяпман?» деб сў­ра­ган чоғида, ҳаммаси чет­­­га қо­чиб, «бор, отангдан сў­ра», деб айтишади. Лекин ўша кун кел­гунича, бола ўз отасини сўроқ­лайдиган даражага етгу­ни­­ча, орадан ўтган йиллар мо­бай­ни­да унинг руҳи шикаст­ланиб ул­гурган бўлади. «Ёмон одамнинг боласи», деган мало­мат тошини кўтариб юриш осон­ми? Шундай бир болага ўқи­тувчиси «Отанг ким эдию, сен қаерга борардинг», деган гапни айтибди. Бола йиғ­лаб, бу гапни онасига айтса, у «ўқи­тувчинг тўғри айтган», деб жа­воб берибди. Бола шу заҳоти бориб сирка ичибди. Ҳозир у қа­салхонада ётибди, аҳволи оғир.

Шу ўринда кичик бир му­лоҳоза. Маълумки, никоҳ бе­кор қилингач, фарзандлар ак­сарият ҳолларда она билан қолади. Бу қарорни но­тўғ­ри демоқчи эмасман. Бироқ ои­ла­сидан ажраган ота фар­зан­­­­­дини кўриш учун собиқ хоти­ни­нинг остонасига бўйнини қи­сиб боришга мажбур бўлиб қо­лиши адолатданми? Менимча, фарзандларни олиб қоладиган томонга болаларни бир ой­да икки марта олиб бориб кўр­са­тиш мажбурияти қонуний юк­ла­тилиши зарур. Шундай йўл тутилса, бў­линиб кетган ои­ла­нинг қайта тик­ланиш им­ко­нияти ҳам вужудга келиши аниқ, чунки, меҳр – кўзда, дий­дор – ширин, дейди халқимиз.

Улуғ аждодларимиз ҳам «Не­ки кўздан йироқ ўлди, ул кўн­гил­дин ҳам йироқ бўлгай», деб таъкид­лаганлар.

Аёл ўзганинг фарзандига она­­­лик қилишига шубҳа йўқ. Ҳар ҳолда саксон фоиз кафолат бор. Бунинг боиси, энг аввало, аёл­­­­гагина хос ҳокисорлик ва са­бот­лилик фазилатидир. Шу фа­зилати ҳар қандай маломат ва маънавий зиддиятлардан устун келади. Эр кишида бундай фази­латлар мўртлиги сабабли, улар ўзганинг фарзандига оталик қи­ла олиши гумон. Ўгай ота бўлишни камдан-кам эр киши уддалай олади.

Минг афсуски, айрим аёллар бу борада теран фикр юри­тиш­ни истамайдилар. Айрим­ла­ри эрдан ажраб, собиқ эрга жаҳл тариқасида тезроқ ян­ги турмушга интиладилар. Аммо фарзандларининг руҳия­ти бундай пайтда уларни қи­зиқ­тирмайди. Ваҳоланки, доно ҳалқимизда шундай иб­­­рат бор: «гадо бўлса ҳам, ўз отанг бўл­син!». Ўз падари тирик бў­ла ту­­риб, болага янги дада то­па­диган аёлларнинг ҳам ўнтадан тўққизтаси қаттиқ янги­лишга­нини вақт кўрсатади, ле­кин унда кеч бўлади.

Отасини кутаётган қизалоқ

Болали аёлга уйланмоқчи бўл­­­ган, лекин бир сабаб билан бу фикр­дан қайтган Бахтиёр Ф.нинг хати­дан бир парча келтирамиз.

«... Қизига ширинлик олиб бер­дим. Еб бўлгач, рўмолчамни чи­қариб, қизчанинг ширали юз­ла­рини арта туриб, секин сў­радим:

– Битта гап айтайми?

– Айтинг.

– Шаҳло, мени яхши кў­ра­санми?

– Ҳм, яхши кўраман.

– Ўзингни дадангничи? Униям яхши кўрасанми?

– Қизча жимгина бошини эгиб, кўрсаткич бормоқчасини ия­гига суртди. Бошини секин қи­мир­лат­ганича, тасдиқ ишо­расини билдирди.

– Шаҳло, – дедим қизчанинг  қар­­шисига чўккалаб. – Мен да­данг­ни кўрдим, сени қидириб юр­­­ган экан, олиб келиб берайми, да­дангни?

Қизчанинг кўзида шундай ўз­гариш юз бердики, мен тасвир­­лашга ожизман. Ва бирдан ме­ни қучоқлаб олди. Секингина, эши­тилар-эшитилмас шивир­лади:

– Қачон олиб келасиз дада­жонимни?

Мен чидай олмадим, кў­зим­га ёш келди. Мен қизалоқ ота­сини қўмсаётганини, унинг учун ҳеч ким ўз отасидай бўлол­мас­ли­гини ҳис этдиму ўша куни аёл билан учрашмайдиган бўлиб хайр­лашдим...».

Бу ўринда қандай хулоса чи­қариш ҳар кимнинг ўз таъбига ҳавола.

ЭСИ КЕТГАНЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ?

Тўғри, аёлларга осон эмас. Ай­­ниқса, ҳозирги шароитда. Кў­­чанинг иши, уй рўзғор юмуши, эрининг талаблари. Бироқ бу қийинчиликлар вақ­тинчалик эмас­ми? Фар­зандлар ҳадемай даст­­ёрлик ёшига етгач, ширин ташвишлар дамига ту­шасиз. Ле­­кин, ажралишлар анча эрта бош­­ланяпти. Айниқса, шароити ях­ши, ташвишлари оз оилаларда ажралиш ҳоллари кўпроқ экани кишини ҳайрон қолдиради.

Ошсиз-нонсиз хонадон бор, можаросиз оила йўқ, сув бир лой­қаб, кейин тинади. Эр-хотин­нинг уриши – дока рў­молнинг қуриши, деган ота-бобо­ларимиз. Лекин дока рўмол эмас, бутун бошли оилалар. қу­риб кетяпти. Нега?

Эр-хотин ўртасида жанжал бош­ланса, энг авволо қуда-қу­да­­­­­­ғайлару, хотин уруғ, эр уруғ алоҳи­да бўлиб олиб, сўз бўро­нини бош­лашади. Ва­ҳо­ланки, юракка бориб тек­кан оғир сўз­нинг таъсири мил­­­­­тиқ ўқидан қолишмайди. Улуғ Ва­тан уруши ҳақидаги «Чегарасиз майдон» фильмида дивизия ко­мандирига черков ходими ке­либ, милтиқ сўрайди, фронтда жанг қилишга рухсат сўрайди. «Ку­ра­шаман десангиз, милтиқдан минг чан­дон кучли қурол бор. Шу ҳақ­да ўйлаб кўринг...» деб, кетиб қо­лади.

«Қўйиб юбор, бу мегажинни, мен сенга онаси ўпмаган қиз олиб бераман», дейдиган кал­табинлару, «Тор қорнимга сиқ­қан, кенг уйимга ҳам сиғасан», «Тешик мунчоқ ерда қолмас!», дегувчи миянинг қуртлари кас­рига, ваколатини пеш қилиб, ит думини тиқмаган ерга бурнини суқадиган фаоллар касофатига оилавий қўйди-чиқдилар кў­пай­ди. Энг фожиалиси, куёвни қа­матишдек шармандаликдан ҳам қайтмайдиган пасткашлар пай­до бўлди. Охир замон яқинлаш­­ганда пайғамбаримиз ўгит­ла­рига одамлар қулоқ осмай қўя­ди, дейилган. Пайғамбаримиз сийлаган куёвнинг юзига лой чап­лаб, қўрқитмоқчи бўладилар.

– Бир йигит хотини билан аж­рашгандан кейин қайноғалари келиб калтаклашган, – дейди полиция ходими Р. Сабазов. – Кейин тунда келишиб, уйининг тўртта деразасини синдириб, хо­наларга бензин қуйиб ёқиб юбо­ришган. Натижада, бир йи­гит ҳалок бўлди, тўрт йи­гит қамоқ­да, уларнинг фарзанд­ларига «жи­ноятчининг ўғли(қизи)» деган но­расмий тамға босилди.

«Чиққан қиз чиғириқдан таш­қари», деган аждодлар уду­ми ўр­нига «шармандага шаҳар кенг» мақоли пайдо бўлди.

Айнан калтабин «учинчи одам»­­лар­нинг аралашуви кўплаб мо­жа­роларни келтириб чиқар­дики, охир-оқибат энг кўп жабр, маънавий зарба ўртадаги қора­кўз фарзандларга келиб туша­верди.

СЕҲРЛИ ТОШ

Бир жанжалкаш аёл эрининг устидан шикоят қилиб қозига борибди. Қози унинг арзини эши­тиб бўлгач, дебди:

– Араб амирлигидан сеҳрли тош олиб келганман. Уни эринг жаҳлга минганда билдирмай оғ­зинга солиб олсанг, у дарров жаҳл­дан тушади. Аёл шу куни тош­нинг сеҳрини текшириб кў­рибди, унинг кучига қойил қо­либ­ди. Орадан кўп йиллар ўтиб, аёл қозига миннатдорчилик ай­­тишга борибди. Шундагина қо­зи у берган тош оддий тош экан­лигини, эрини жаҳлдан туширган нарса оғиздаги тош туфайли сақ­ланган сукутлигини айтибди. Шу­нинг учун айта­ди­лар: «Сукут маданияти нутқ ма­даниятига қа­­­­­­­­раганда куч­лироқ», деб.

Ажабо,  яхши гап билан илон инидан чиқишини биламизу, яқин одамларимиздан бир оғиз ши­­­­­­­­­­­­­­­­­­­рин сўзимизни аяймиз. Оқи­бат­­­­­­­­да «икки туя уришса, орасида чивин эзилади», де­ган­ла­ридай, юртимизнинг келажаги бўлмиш азиз болаларимиз азоб че­­­­ки­ша­ди. Руҳан эзилган бола­­ларни қин­ғир йўлга бошлаш ҳам осон бў­лади. Уларга мана буни ичиб юбор, чекиб юбор, қора до­ри­нинг мазасини кўр, бу­тун ғам-таш­вишларингни уну­тасан, де­са, йўқ демайдиган бў­либ қолади. Эзил­ган, топ­тал­ган юракка ҳаммаси барибир бўлиб қолади.

Балки, бу борада мен янглиш мулоҳоза юритаётгандирман, азиз муштарийлар. Бу борада сиз­нинг фикрингиз қандай? Фикр-мулоҳозаларингизни ку­тамиз. Фар­зандларимиз ке­лажаги сиз­ларни бепарво қол­дир­майди, деган умиддамиз.

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2019-12-05, 05:09 569
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.