26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Арбоблардан кимлар рўйхатга кирди?

Ёдингизда бўлса, газетамизда Қозоғистоннинг тарихий-маданий меросига ҳисса қўшган этнослар ҳаёти ўрганилаётгани ва улар ҳақида ахборотлар йиғилаётгани ҳақида маълумот берган эдик (“Жанубий Қозоғистон” 5.11.2019 й.).

Давлатимиз “Маънавий янгиланиш” дастури туфайли, пировардида Қозоғистондаги маданият, таълим, санъат соҳаларида пешқадам бўлган турли миллатларга мансуб арбобларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларга оид маълумотларни электрон базага тўплаш имконияти пайдо бўлди. 

Бундай хайрли ишни амалга оширишга, энг аввало, қозоғистонлик таниқли олимлар, илмий-тадқиқот институтлари жалб этилди. Ўта масъулиятли ва тарихий ишда қатнашаётган миллатдошимиз, Шимкент шаҳар Қозоғистон халқи Ассамблеяси илмий-тадқиқот гуруҳининг раисаси, М. Ауэзов номидаги ЖҚДУ доценти, фалсафа фанлари номзоди, “Маънавий янгиланиш” дастурининг Мулоқот майдончаси концепцияси бўйича Жанубий минтақа таҳлилчиси Соибжамол Қўрғоновани суҳбатга чорладим.

– Қозоғистондаги фаол этносларнинг вакиллари ҳақидаги ахборотлар қандай тўпланмоқда? Ва бу юмушларни қайси ташкилотлар, кимлар амалга оширмоқда?

– “Маънавий янгиланиш” давлат дастури эълон қилингандан буён ўтган икки йил мобайнида кўплаб яхши лойиҳалар юзага келиб, ҳаётга татбиқ этила бошлади. Шулардан бири – “Қозоғистон халқининг умумий тарихий-маданий меросига қозоғистонлик этносларнинг қўшган ҳиссасини ўрганиш” лойиҳасидир. Уни “Рухани жанғыру” Қозоғистон ижтимоий тараққиёт институти (ҚИТИ) амалга оширмоқда. Лойиҳанинг мақсади – республикамизнинг барча минтақаларида тадқиқот ишларини юритиб, XIX-XXI асрлардаги тарихий воқеаларда аҳамиятга эга бўлган, замонавий Қозоғистон маданияти шаклланишига ҳисса қўшган арбоблар, ўша даврдаги қозоғистонлик этносларнинг маданияти, тили ва анъаналарини теран ўрганишни ўз ичига олади. 

– Лойиҳа доирасида бажариладиган ишларга тўхталиб ўтсангиз...

– Лойиҳа 4та йўналишни ўз ичига олади. Биринчиси – таниқли арбобларга тегишли маълумотларни топиш учун архив материаллари билан ишлаш. Иккинчиси, арбоблар бўйича маълумотлар базасини яратиш. Учинчиси – 4та Мулоқот майдончаси барпо этиб, республика миқёсида улкан илмий анжуман ўтказиш; Тўртинчиси эса қозоғистонлик этносларнинг дастурга қўшган ҳиссасини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.

– Айтилган йўналишлар бўйича амалга оширилган аниқ ишларни айта оласизми?

– Албатта, натижалар бор. Масалан, ишчи гуруҳлари маҳаллий ва хорижий архивларда ишлаб, тарихий шахсларга тааллуқли маълумотлар, манбаларни топишди. Турли миллат вакилларидан чиққан ижодкорлар, ўқитувчилар, олимлар, ёзувчилар, шоирлар, рассомлар, суратчиларнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ўрганилди. Пировардида, тарихшунослик каталоги ва биографик маълумотлар базаси тузилди. 

Биз барча марказий ва минтақавий архивларга сўровлар юбориб, Алмати, Туркистон, Жамбил, Қизилўрда вилоятларидаги давлат архивларидан ҳамда Қозоғистон халқи Ассамблеяси минтақавий идоралари, этномаданият бирлашмаларидан маълумотлар йиғдик. Натижада, Жанубий минтақадан 55 шахсни тавсия этдик. Чунончи, ҚХАнинг Туркистон вилояти бўйича идораси 40 одамни, Қизилўрда вилоятидаги “Ижтимоий тотувлик” давлат корхонаси 1 одамни (машҳур спортчи Илья Ильин)ни тавсия этди. Вилоятимиздаги тожик этномаданият бирлашмаси 2, татар-бошқирдлар – 2 одамни тавсия этишди, 10 одамни эса таҳлилчилар гуруҳи саралаб олди. 

– Ўзингиз айтганингиздек, талай қимматли материаллар йиғилибди...

– Йиғилган манбалар, ҳужжатлар хронологияси тузилди. Яъни 17-19 асрлардаги, инқилобдан олдинги давр, Иттифоқ даври (1918-1991 йй.), Иттифоқ давридан кейинги палла белгилаб олинди. “Қозоғистон халқи” интерфаол илмий-тарихий харитаси тайёрланди. У География институти ҳамда Ахборий ва ҳисоблаш технологиялари институтининг ёрдами билан тайёрланди. У уч тилдан иборат ва Қозоғистон полиэтник аҳолисини шакллантириш ҳақидаги қимматли тарихий материал ҳисобланади. Унда 40 диаспорага оид бебаҳо ахборотлар жамланган. 

– 1 ноябрь куни М. Ауэзов номли ЖҚДУда катта йиғин бўлиб, тарихчи олимлар ушбу долзарб масалани муҳокама қилишди. Уларнинг фикри қандай?

– Университетда ўтган мажлисда асосан республикамиздаги машҳур тарихчи олимлар қатнашишди. 10 одамнинг маърузаси тингланди. Ҳар бир нотиқ ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди. Чунончи, ҚР МФА академиги, тарих фанлари доктори, профессор Ханкелди Абжанов урушдан кейинги йилларда юртимизга кўчириб олиб келинган, дини, тили, миллати бошқа халқ вакилларининг умумий тақдири, улар учун ягона тил қозоқ тили бўлиши кераклиги хусусида фикр билдирса, Ш. Уалиханов номидаги Тарих ва этнология институтининг етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Алтин Уалтаева илмий тарихий харита тақдимотини ўтказди ва олимларни харита рўйхатини янада кенгайтириш ишларига даъват этди. ЖҚДПУ доценти, тарих фанлари номзоди Гулжан Суғирбаева Жанубий Қозоғистон археологиясининг асосчилари – Подушкинлар авлоди билан таништириб, профессор Николай Подушкинни муносиб номзод сифатида тавсия қилди. Шу университетдаги чет эллик талабаларни мослаштириш маркази директори, ҚР ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг ўринбосари Шаҳло Норалиева эса таниқли жамоат арбоби, “Дўстлик”нинг раиси, Шимкент шаҳар ўзбек драма театри директори, ҚХА кенгаши аъзоси, Шимкент шаҳри ва Туркистон вилоятининг фахрий фуқароси Икром Ҳошимжонов ҳақида маъруза қилди. Хуллас, нотиқларнинг меҳнатлари бежиз кетмади, мажлис иштирокчилари “Қозоғистон кичик халқларининг этник маданияти” дастури доирасида электив курс тайёрлашга келишиб олди. Бу курслар нафақат олий ўқув юртларида, балки ўлкашунослик бирлашмалари, мактаб тўгаракларида ҳам ўтилади. Ижтимоий тармоқларда махсус сайтлар очилади, ҳужжатли телевизион фильмлар олинади, илмий лойиҳавий танловлар эълон қилинади. Талаба ёшларнинг битирув ишларига, магистрантларнинг диссертациялари, илмий ва публицистик мақолаларига мавзу бўлади. 

– Ушбу рўйхатда ўзбек арбобларидан кимлар бор?

– Республика электрон базасига Совет Иттифоқи Қаҳрамони Зиёмат Ҳусанов, “Жанубий Қозоғистон” газетасининг тўнғич муҳаррири Собиржон Юсуфалиев, таниқли жамоат арбоби Икром Ҳошимжоновлар киритилди. Лекин бу ҳали якун эмас, иш ҳали давом этади. 

– Суҳбатингиз учун катта раҳмат, ишларингизга омад!

Н. МАВЛОНОВА, 2019-12-14, 05:44 501
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.