26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Хорижда диний таълим олишнинг салбий жиҳатлари

Бугунги кунда ёшларимизга чет элларда таҳсил олиш учун имкониятлар етарли. Айрим мамлакатларда хориждан талабаларни таклиф этиб, ўқитиш учун алоҳида давлат миқёсидаги тадбирлар амалга оширилади. Қозоғистон мустақилликка эришгандан кейинги йилларда чет элларда ҳам олий маълумот олиш имконияти пайдо бўлди. Бундан фойдаланган ёшлар, диний билим олиш истагида араб мамлакатларига жўнаб кетишди. У пайтларда бир қатор араб мамлакатларида ваҳҳобийлик-салафийлик каби турли диний мафкура кенг тарқалганини, пировардида салбий диний оқимлар таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли кучли эканлигини ҳеч ким билмаган эди. Билганлар ҳам бу масалага унчалик аҳамият бермаган, сабаби, ўша пайтларда у долзарб бўлмаганди. Қолаверса, атеизм ҳукм сурган муҳитда қисилиб юрган қозоқ жамоатчилигига диний эркинлик берилган даврда ёшларга халқ анъаналарига асосланган тўғри йўл ва салбий мафкурани ажратиб, кўрсатиб бериш ҳам мумкин эмас эди.

Мана шу сабаблар туфайли араб юртларида диний билим олишга отланган ёшларимиз ваҳоббийлик-салафийлик ғояларини ўзлаштириб, арабий намунадаги таълим-тарбияни қабул қилган ҳолда, халқимиз тарихи, урф-одатларини менсимайдиган,  юртига ёт бўлган дунёқарашга эга бўлиб, Ватанга қайтишди ёки ўша ўлкаларда қолиб кетишди. 

Ўша ёшлар сўнгги йилларда Қозоғистондаги диний давраларда ўзларига хос қарашларини кенг тарқатиб, элдаги диний вазиятни тубдан ўзгартириб юборишди.

Оддий қозоқ оилаларида турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолган оға-инилар бир дастурхон атрофида ўтирмай, оналари пиширган таомни “ҳаром” деб, анъаналарни оёқости қилиб, дўмбирани “шайтоннинг ўйинчоғи”га чиқарган одамлар гуруҳига айланди.

   Мана, хориждаги таълим, айниқса, қозоқ урф-одатларига хос бўлмаган дунёқарашдаги диний билимларнинг зарари қанчалик эканлигини шу ҳолатлардан сезиш мумкин.

2018 йилда дин соҳасига  оид бир нечта қонун лойиҳалари ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилди. Улардан бири чет элларда диний таълим олишга чеклов қўйиш масаласидир.  Қонун лойиҳасида дунёвий билимлар кўпроқ ўргатиладиган, халқимиз диний эътиқоди – ҳанафий-мотурудий мазҳабига мос келадиган, жаҳондаги диний ҳамжамиятлар тан олган диний ўқув юртларида ўқитиш назарда тутилади.

Шунингдек, фуқаро дастлабки диний таълим (яъни, бакалавр)ни  Қозоғистондаги олий ўқув юртларида олган бўлиши шартлиги уқтирилади. Таъкидланган талаблардан кейингина диний маълумотини мукаммаллаштиришни истаган фуқаролар Россия, Туркия, Малайзия, Миср ва Ўзбекистонда ўқишлари мумкин.

Ҳозирги кунда юртимизда диний таълим берадиган исломий йўналишдаги 6та мадраса, 3та мадраса-коллеж, 2та қорилар тайёрлаши марказ ва олий маълумот берувчи “Нур Муборак” Миср Ислом маданияти университети фаолият юритади.

Қозоғистон жаҳондаги энг пешқадам ривожланган мамлакатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган давлат. Шу боисдан хорижда ўқишга тўлиқ чеклов қўя олмайди. Лекин диний-мафкуравий йўналишдаги таълимни назорат қилиши зарур. Фақат диний эмас, балки бошқа ихтисосликлар бўйича ўқишларга ҳам назорат керак. Сабаби, мактабни эндигина битириб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татимаган ғўр фуқаронинг, ўзи ўқиётган мамлакатининг маданияти ва менталитети таъсирига учраб, туғилиб-ўсган юртига бутунлай бошқа одам бўлиб қайтиб келиши ҳеч гап эмас.

 Ҳозирги кунда ноанъанавий диний оқимларнинг етакчилари шундай тескари оқимларнинг мафкуралари ва бошқа маданиятларни юртимизга олиб келиб, диний парокандаликни юзага келтирмоқдалар. Улар ўнлаб йиллар давомида ўша араб мамлакатларида  ёки Қозоғистонда ўзларининг ваҳҳобийлик-салафийлик йўналишидаги қарашларини ваъз-насиҳатлар орқали тарқатиш билан шуғулланишди. Айниқса, сўнгги йилларда интернет тармоғидан кенг фойдаланиб, ноанъанавий диний оқимга оид фаолиятларини янада кенгайтириш имконига эга бўлишди.

 Элбоши Н. Назарбаев ташаббускорлигида ташкил этилган “Бўлашақ” халқаро стипендияси билан қатор ёшларимизга хорижнинг энг яхши олий ўқув юртларида ўқиб келиш имконияти яратилди. Ҳозир бундай ёшлар мамлакатимизда турли соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда. 

Эндигина мустақил бўлиб, ўз имкониятларидан ўзи фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган Қозоғистонни Ғарбнинг ривожланган давлатлари билан қиёслаб, у ёқлардаги иқтисодий тараққиёт ва фаровон ҳаёт, илм-фан ривожини кўриб, ўша юртларда қолишни хоҳловчи ёшларимиз борлиги ҳам рост. Ваҳоланки, ўша ёшлар Қозоғистонни таъкидланаётган юртлар каби ривожлантириб, турмуш даражасини яхшилаш, давлат келажаги бўлиш учун хорижнинг илғор тажрибасини ўрганиб келсин, деган вазифа билан юборилганини дарров ёддан чиқариб қўймоқдалар.

“Ибратни яхшидан олган яхши”, дейди доно халқимиз. Ёшларимиз, энг аввало, ўз оиласи, ота-онаси, устозларидан таълим-тарбия олиб, шахсий фикрига, масъулият ҳиссига эга бўлиб, халқ маданияти ва урф-одатларини ўргангандан кейингина, чет элларда таҳсил олса ярашади.

Юртимизга олий тоифали мутахассислар ҳаводек зарур. Янги техника ва технологияни, тилларни ўзлаштирган фуқаро, шу билан бирга халқ тарихи, қадриятлари, тили ва динини қадрлаб, эъзозлай олса, келажакда у эл-юрт учун фидойи инсон бўлиши шубҳасиз.  Ал Форобий айтганидек, “Тарбиясиз берилган билим – одамзоднинг қўш душмани”. Шу боисдан ёшларимизнинг нафақат билим олишини, балки тарбияли ҳам бўлишини жуда-жуда истаймиз.

Ҳозир хорижга диний билим олиш учун боришга ҳожат қолмади. Қозоғистондаги ўқув юртларини битирган фуқаролар ҳам юртимизнинг ҳар минтақасида диний барқарорликни таъминлашга баҳоли қудрат ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Улар эл-юрт, халқ, миллий бирлик ва тотувлик, давлат барқарорлиги йўлида хизмат қилишмоқда.

Шундай изчил ишларни амалга ошираётган Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги, Таълим ва фан вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қозоғистон  мусулмонлари диний бошқармаси биргаликда хорижда диний таълим бериш жараёнини қонун жиҳатидан жонлантиришини йўлга қўйишса, айни муддао бўларди. Сабаби, диний таҳсил олаётган бугунги ҳар бир йигит-қиз келажакда нафақат тўғри диний савод ўргатадиган мутахассис, балки ёш авлодни ҳар хил салбий ва радикал диний оқимлардан муҳофаза қила оладиган қалқон ҳам бўла олиши керак.

Б. ЎТЕГЕН, Туркистон вилоят Ижтимоий тараққиёт бошқармасининг “Диний масалаларни тадқиқ қилиш маркази” ДКК мутахассиси, 2019-12-26, 03:51 390
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.