26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сабр ва қунт қилинса, ҳар қандай дард чекинади

Саврон Нишон ўғли Ҳайитмуродов 1955 йил 20 декабрда таваллуд топган. Маълумоти – олий. 40 йил мобайнида Қорабулоқ қишлоғидаги Ҳамза номли умумий ўрта мактабда келажагимиз ворислари бўлмиш ёшларга билим, таълим-тарбия берган устоз. Айни дамда нафақада – қарилик гаштини суриш баробарида халқ табобати асосларига таянган ҳолда хастадиллар дардини аритиш каби улуғ вазифани амалга оширмоқда. Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китоби табибнинг энг асосий қўлланмаси.

Халқ табиби Саврон Нишон ўғлини мусоҳабага чорладик.

– Саврон ака, устозлик жабҳасидаги намунали ва самарали фаолиятингиздан воқифмиз. Шогирдларингиз халқ хўжалигининг турли жабҳаларида муваффақиятли фаолият юритиб, эл тараққиётига, ватанимиз Қозоғистон республикасининг гуллаб-яшнашига салмоқли ҳисса қўшишмоқда. Бу – асосийси. Энди табиблик фаолиятингиз хусусида, дастлабки одимлар ҳақида айтиб ўтсангиз.

– Дадам раҳматлик Нишон ота Совет Ҳукумати даврида халқ табобатининг тақиқланганлигига қарамасдан, қийинчиликларни енгиб (у пайтларда табобатнинг ривожланмаганлиги туфайли оддий халқнинг дард-мушкулини енгил қиларди) ўзининг билимдонлиги билан, зийраклиги билан, кўпчиликнинг ҳурматини қозонган халқпарвар инсон бўлган.

У ўз касбига муҳаббати, табибликка ихлоси юксак бўлганлиги туфайли шифо излаб келган ҳар қандай беморнинг касалини енгиб берарди, малҳам бўларди.

Биз оилада олти қиз, икки ўғил фарзанд эдик. Мен 4-фарзандман.

Мен дадам раҳматлининг табиблик фаолиятида ёшлигимдан аралашиб, дори тайёрлашда бевосита иштирок этиб келганман. Қайси дорини қаердан олиш кераклигини, қандай тайёрлашни ва қайси касалликка даво бўлишини аста-секинлик билан ўрганиб ўсдим. Сўнг беморнинг ҳолатига қараб, нимани, қайси гиёҳдан тайёрланган малҳамни беришига эътибор қаратардим. Кичкиналигимдан бу касбга ихлос қўйганман. Табиатнинг ўзи табиб, деганларидек, диёримиз қир-адирларида, тўқайзорларида доривор гиёҳлар жуда кўп, ҳозирги давр хасталикларининг тури жуда кўпайган паллада улар камлик қилади. Шу боис падари бузрукворимдан мерос қолган тиб ва табобат илмига оид адабиётлардан, рисолалардан қунт ила фойдаланиб, ўқиб-ўрганиб, изланиб, қабулимга келган хастадилларга ёрдам бериб, соғайиб, оила бағрига қайтишига кўмаклашаман. Зеро, “Бешикдан қабргача илм изла”, деб бежиз айтилмаган Ҳадиси шарифларда. Рисолаларимнинг асосийлари Ибн Сино, Абу Бакр Розий қаламларига мансуб қимматли маслаҳатларга бой асарлардан фойдаланиб келмоқдаман.

Мен аминманки, тайёрлаган дори-дармонларимнинг аксарияти хаста беморга юз фоиз фойдаси бўлса, бўлади, аммо зиёни бўлмайди. Чунки дориларнинг ҳаммаси табиий ўсимликлардан тайёрланади.

– Юртимиз наботот олами–доривор гиёҳларга бой. Бироқ, таркибини, ижобий таъсир сифатини ошириш учун улар камлик қилади, дедингиз...

– Ибн Синодан олдин яшаб ўтган Муҳаммад ибн Закариё ар-Розий ҳамда "Бобурнинг хос табиби Юсуфий табобати" рисолалари ҳам фаолиятимда жуда асқотмоқда. Бу китоблардаги доривор ўсимликларнинг асосий қисми Ҳиндистон давлатидан таниш-билиш савдогарлар кўмагида олиб келинади.

Мен умуман маҳаллий ўсимликлардан кам миқдорда фойдаланаман. Албатта, кучли дорилар тайёрлаш учун Арабистон, Ҳиндистон мамлакатлари заминида ўсадиган доривор гиёҳларга таянаман. Гапимнинг аввалида таъкидлаб ўтган олиму фузалолар тавсияларига урғу бераман, натижаси қувонарли. Беморлар мендан миннатдор, тўғрироғи, ҳузуримга қадам ранжида қилган хастадиллар дардини арита оляпман. Буларнинг барчаси аввало Аллоҳ, қолаверса, йиллар мобайнида тўплаган тажрибам, ўқиб изланишларим туфайли. Хасталарнинг айримлари мен берган, мен тайёрлаган дориларимни “аччиқ” дея, иккиланиб ичмайди, натижада ўзларининг танасидаги касалликларига касаллик қўшиб боради. Бунга мен иккинчи бор малҳам излаб келган дардман инсонлар билан суҳбатлашганимда амин бўлганман. Яна бир жиҳатни айтиб ўтмоғим жоиз – менга мурожаат қилган бемор айтганларимга тўла-тўкис амал қилса, тартиб билан даволанса, албатта, соғайиб кетишига ишонаман. Демоқчиманки, сабр ва қунт ҳар қандай касалликни енгади...

– Сизга асосан кимлар, қайси хасталикка мубтало бўлганлар мурожаат қилишади? Касал бўлиш сабаблари нимада?

– Эркак-аёл, ёшу қари хизматимдан фойдаланади, ҳатто гўдакларни ҳам олиб келишади. Кўплаб касалликларга даво топишга муваффақ бўлмоқдаман. Қандли диабетни дастлабки босқичида даволай оламан. Аёллардаги саратонга сабаб бўлувчи кўкрак безининг яллиғланиши ҳам бундан мустасно эмас. Сабрлига тоғлар эгар бошини, деганларидек, қунтли беморларнинг соғайишига сабаб бўлдим. 

Даволаш жараёнида менга УЗИ, диагностика натижалари каби тақризлар шартли турда ҳожат эмас, хаста беморнинг суҳбатини олсам кифоя, ич дардини билиб оламан.

Ҳузуримга ташриф буюрадиганларнинг кўпчилиги дарддан бир зумда фориғ бўлишни исташади. Йўқ, вақт даволайди, у – олий ҳакам, деган ибора мавжуд. Демак, вақт керак, секин-аста гиёҳлар кўмагида беморнинг қонини тозалашим даркор, сўнг мижозини (иссиқ ёки совуқ)ни ўзгартириш жоиз бўлади. Ҳаммасига фурсат зарур. Кўпчиликнинг қони таркибида турли хасталиклар, лойқалар, тиқилмалар бўлади. Ҳақиқий табиб касалликни тезда тузатаман демай, даволашга киришмоғи даркор. Организм секин-аста тозаланиб, қувватлантирилса, у ўзи хасталикка қарши кураша олади.

Чунки иммунитет кучаяди, безлар фаолияти яхшиланиб, зарарли бактерияларни енгиб, танадан ҳайдаб чиқаради.

Халқимиз истеъмол қилаётган кўплаб таомларнинг мижози совуқ ёки тиқилма ҳосил қилувчилардир. Соғлом пайтимизда мана шундай овқатларни истеъмол қилиб юриб, организмда касаллик пайдо бўлаётганини сезмай қоламиз. Одамнинг ёши улғайгани сари мижози совуқлаша боради, шунинг ҳисобига дангасалик, ғамгинлик, ҳорғинлик ортиб бораверади. Шу боис ҳар ким ўз табиатига мос равишда парҳезга риоя қилиши керак. Яъни таомни танлаб, имкон қадар иссиқ мижозлиларини ейиши керак. Масалан, узум, ёнғоқ,асал, олма, даркор, карам – инсон умрини узайтирувчилардир.

Демак, хасталикни юзага келтирувчи таомлар имкон қадар камроқ истеъмол қилинса, айни муддао. Зеро, халқ табобатида ҳам, замонавий тиббиётда ҳам ун маҳсулотлари, сут маҳсулотлари меъёридан кўп истеъмол қилинса, инсон саломатлигига салбий таъсири далилланган. Чунки, Ибн Сино : “Танасида дарди борлар сутдан йироқ юриши керак”, дея таъкидлаганида ҳақ эди. Мунтазам совуқ мижозли таомларни истеъмол қиладиганларда секин-аста танада бўшашиш, увишиш, тортишиш, қалтироқ юзага кела бошлайди. Зудлик билан олди олинмаса, мускуллар фалажига – замонавий тиббиёт тили билан айтганда (инсульт, инфаркт) юрак хуружига олиб бориши мумкин. Хуллас, ҳар қандай дардга чалинган инсонга ёрдам қўлини чўзиш ҳаётимнинг асосий қисми.

– Дори тайёрлаш услубингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. Ахир бемор нимани истеъмол қилаётганини билишни истайди-ку.

– Юқорида таъкидлаганимдек, энг кўп учрайдиган хасталик қандли диабетни даволаш устида кўп ва хўп изландим, изланишларим бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Энг асосийси қандли диабет, бавосил, астма касалликларига мукаммал шифо бера оладиган малҳам дорилар тайёрлашга муваффақ бўлдим. Эркак ва аёллар хасталиклари, жинсий ожизлик, тери касаллиги, ангина, бўқоқ, буйрак оғриқлари, қовуқ яралари, эрозия, аёллардаги бепуштлик, кўкрак безлари яллиғланиши, ошқозон-ичак, ошқозон ости бези фаолиятини меъёрига келтиришга эришдим. Иштаҳасизлик, қорин дам бўлишини ҳам таркиби мураккаб дорилар билан даволаяпман.

Масалан, Шимкент шаҳрида истиқомат қилувчи Абу Сакенули қизи билан бруцеллёзга чалинган, бир ой давомида менинг кўрсатмаларимга амал қилиб, доривор гиёҳлардан тайёрлаган маҳсулотим ила парҳез асосида дарддан фориғ бўлди. Ҳамюртимиз А. Амантайули ҳам худди шу хасталикдан бир ой мобайнида соғайиб, ҳатто яшарганини ҳис қилаётганидан шод, хурсанд. Жисмоний тарбия муаллими бўлиб ишлаётган А. Минбатиров ҳузуримга келиб, қандли диабетга мубтало бўлганини, буни кўпчиликка ошкор қилишга уялаётганини, иложи бўлса, даволашимни сўради.

Буни қарангки, уларнинг ниятлари ижобат бўлиб, йил давомида қабул қилган муолажалари эм бўлди, саломатлиги тикланди. Ҳали-ҳануз икки-уч ойда бир келиб, организмини қувватлантириб туришади.

Бир куни кечки маҳал туман марказидан Дима исмли йигит хасталаниб ташриф буюрди. Қабулимга кириб, ҳеч нарсани тушунтириб беролмади – овози бўғиқ, сўзлари тушунарсиз. Бир сиқим дори бериб, чой каби дамлаб, ғарғара қилишни буюрдим. Эрталаб соппа-соғ ҳолда олдимга келди.

– Ёзги пайтда эмизикли чақалоқлар, кичкинтой болаларда ич кетиш, қориннинг дам бўлиш ҳоллари кўп учрайди. Ҳатто касалхоналар ҳам бундай касаллар билан тўлиб кетади. Столингиздаги дафтардан хастадиллар томонидан йигирма йил муқаддам битилган дил изҳорини ўқидим. Сиздан миннатдор...

– Ҳа, ундай раҳматномалар бўлганди. Ич кетишдан 1,5 ёшли гўдак адойи-тамом бўлган. Касалхоналарда, вилоят, республика марказидаги шифохоналарда ҳам даволанган. Нафи бўлмаган. Энди фойдаси йўқ, биздан эмас, Аллоҳдан шифо сўранг, дея қайтариб беришган. Ёзги пайт, қоронғу тушган палла бемор боланинг отаси мени уйига олиб бориб, ёрдам бершимни илтимос қилди. Ноумид –шайтон, деганларидек, чақалоқнинг томирини ушлаб кўрдим ва даволай олишимни, зудлик билан қамишнинг оқ томири зарурлигини айтдим, бахтни қарангки, ҳовли четидаги ариқдан сув оқаркан, унинг бўйида қамиш ўсиб турарди. Ундан фойдаландим, эрталаб Тошкент шаҳридаги Чорсу бозоридан ҳалила, балила каби дориворларни етказиб беришди. Узлуксиз даволашга киришдим, 10 кундан сўнг бола қувватга кириб, овқат истеъмол қила бошлади... Айни дамда у жамиятимизнинг фаол аъзоси. Соғлом-бақувват, оилали инсон.

– Эл дардини аритиб, дуосини олмоқ энг улуғ муддаодир. Саврон ака, халқ табобати ила тиллашиб, юрт саломатлиги йўлида амалга ошираётган хизматларингизда омад ёр бўлсин! Ажойиб суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Табибнинг уялителефон рақами-87012765041

ҚР Соғликни сақлаш вазирлигининг "Қозоғистон Республикасининг халқ ва руҳий табиблари" маҳкамасининг 1335-Г гувоҳномаси соҳиби.

 

Муроджон АБДУНАБИ ўғли. Сайрам тумани, 2020-01-30, 03:02 628
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.