26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳурматга лойиқ бўлиш ўқитувчининг ўзига боғлиқ(ми?)

Қозоғистон Республикаси Президенти Қ. Тўқаев “Педагог мақоми тўғрисида” Қонунини тасдиқлагач, жамиятда турли фикрлар урчиб кетди. Кимдир янги Қонун ўқитувчиларнинг мартабасини бирданига ошириб юборишини башорат қилса, яна кимлардир бунинг учун анча тер тўкишларига тўғри келишини айтмоқда. Соҳадаги масалалар – замонавий ўқитувчининг салоҳияти, ўқувчилар орасидаги тафовут сабаблари, билим олишдан тўхтаган одамнинг аҳволи ҳақидаги саволлар билан Шимкент шаҳридаги 107-сонли мактаб-лицейи директори Баҳодир Нуралиевга мурожаат қилгандик. Қуйида шу суҳбатимизни ҳукмингизга ҳавола этамиз.

– Ҳурматли Баҳодир ака, ўқитувчиларнинг гарданида келажак авлодга таълим-тарбия беришдек залворли юк бор. “Педагог мақоми тўғрисида” Қонуни улар учун қандай аҳамиятга эга. Умуман олганда, уларга берилган алоҳида мақом устозларга бўлган аввалги ҳурматни қайтара оладими? 

– Қайсидир китобда ўқигандим, бир подшоҳнинг масхарабози бўлган экан. У кўп йиллар давомида шоҳга одилона хизмат қилиб, унинг кайфиятини чоғ қилиб юрар экан. Бир куни у ғамгин кўринибди. Подшоҳ бунинг сабабини сўраса, у бой, жамиятда эътиборли бўлишни, ҳамма менга бошқача кўз билан қарашини истайман, дебди. Шунда ҳукмдор унга кўп мол-дунё берибди, у саройда яшай бошлабди. Ҳамма нарса муҳайё экан. Лекин, нимагадир одамларнинг унга муносабати ўзгармас экан. У қанчалик бой, кийимлари башанг, яшаш жойи кошона бўлса ҳам одамлар унга оддий бир қизиқчидек муносабатда бўлаверишибди. Вақт ўтиши билан у бор бойлигини йўқотибди. Ва аввалги ҳолатига қайтибди. Бу бир кичкина ривоят шундан далолат берадики, бизга қанчалик юқори мақом берилмасин, қадрини баландлатиш ўқитувчи, педагогнинг шахсига боғлиқ. Ҳозир ҳам жуда ҳурматли, кўпчилик эъзозлайдиган устозлар оз эмас. Биз олдинги вақтларни кўп эслаймиз. Ҳолбуки, ҳозирги вақтда дунёқараш бошқача. Авваллари устознинг кўзига кўринишдан ҳайиқишган, кўчада келаётган бўлса, беркиниб олишган, тўғрисини айтганда, қўрқиб ҳурмат қилишарди. Ҳозирги авлод умуман бошқача, ҳаётнинг тез ривожланиши натижасида муносабатлар ҳам ўзгариб кетди. Давлат томонидан педагогларга берилган мақом – уларнинг жамиятдаги ўрнини белгилаш, қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш омили, деб биламан. 

– Мазкур қонун ўқитувчиларга юксакмасъулият юклаши ҳам аниқ...

– Албатта, бу мақом устозга улкан жавобгарлик, вазифа, масъулият ҳам юклайди. Қонуннинг 5-моддасида педагог одоби ҳақида гап боради. Одоб-хулқ, ахлоқ меъёрларини сақлаш ҳам жуда муҳим. Ҳозирги кунда кўп ўқитувчилар билими, касбий салоҳияти, малакаси, қобилияти жиҳатидан замон талабидан орқада қолиб кетган. Агар ўқитувчининг касбий салоҳияти юқори бўлмаса, ҳеч қандай мақом унинг қадрини кўтаришга ёрдам бера олмайди. “Кийинишига қараб кутиб олиб, ақлига қараб кузатиб қўяди”, деган ажойиб гап бор. Ташқи кўриниши қанчалик зўр бўлмасин, унинг касбий салоҳияти юксак бўлмаса, қонун қоғозда қолиб кетади. 

– Ўқитувчи таълим бериш билан банд бўлиши керак. Эндиликда уларни жамоат ишларига жалб этиш қонунан тақиқланади, шундайми?

– Ўқитувчилардан турли тадбирларда қатнашиш, зални тўлдириш учун фойдаланишар эди. Энди ўқитувчиларни бундай бекорчи тадбирларга жалб қилиш қонунан 

таъқиқлаб қўйилди. Масалан, икки йил аввал мажбурий ижтимоий тиббий суғурта бўйича уйма уй юриб, манзилларини аниқлаб чиқишга ҳам ўқитувчилар жалб қилинган, бу ишларга ҳеч қандай ҳақ тўланмаган эди. Ҳокимият, партиялар, ҳар қандай идора бўлсин, ўқитувчиларни бу каби ишларга сафарбар этса, жаримага тортилади, ҳатто буйруқ берганлар қамалиши ҳам мумкин. 

– Қонунда ўқитувчиларни моддий рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган...

– Ҳа, эндиликда Қозоғистонда хизмат кўрсатган устоз унвони соҳиби ОҲКнинг 1000 бараварида мукофотланади. Бундан ташқари, янгиланган таълим дастури бўйича ўқитувчиларга 4та тоифа берилади. Булар – педагог-модератор, педагог-эксперт, педагог-тадқиқотчи ва педагог-уста. Уларнинг маошига қўшимча 35, 40, 50 фоизгача устама ҳақ берилади. Шунингдек, магистратура, бакалавиатурани тамомлаб келганлар билан оддий ўқитувчиларнинг маошида тафовут йўқ эди. Уларга ҳам энди қўшимча ҳақ тўланади. Халқаро олимпиадаларда ўқувчилари совриндор бўлганлар ҳам рағбатлантирилмоқда. Демак, янги Қонун ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини ажратиб, ижтимоий томондан кафолатлаб, уларни қўшимча ишларга жалб қилишга чек қўймоқда. Шу нарсани тушуниш керакки, педагоглар тўғрисидаги Қонун уларга янги имкониятлар билан бирга юксак вазифалар ҳам юклайди. 

– У ўқитувчиларни ўзи устида кўпроқ ишлашга ҳам даъват эта олармикан?

– Илгари яхши натижа кўрсатган ҳам, шунчаки дарс бериб юрган ҳам бирдек маош оларди. Энди тер тўккан одам кўпроқ рағбатлантирилади. Бу, ўз навбатида, ички мусобақани келтириб чиқаради. Бундан нафақат ўқитувчи, балки, жамият ҳам, ўқувчи ҳам ютади. Бугунги кунда айрим ўқитувчиларнинг салоҳияти ривожланишга муҳтож. Ўқитувчи мукаммалликка эришиш учун узлуксиз, доимий, ҳар куни ўқиши, изланиши, бу ишдан тўхтамаслиги керак. Бугунги кунда 11-синфдан ташқари ҳамма синфлар янгиланган ўқув дастурига кўчиб бўлди. Шунга яраша услубият ҳам, баҳолаш тизими ҳар ўзгарди. Эндиликда ўқитувчи ҳар бир дарсига соатлаб тайёрланади. Чунки, энди унинг ўқувчилари жуда билимдон, талабчан. Комил шахсни етиштириш учун педагогнинг ўзи серқирра, чуқур билимга эга бўлмоғи лозим.

– Демак, ўқитувчи ҳар нарсада ўқувчига намуна бўлиши керак...

– Махатма Гандига бир аёл қанд касалига чалинган боласини олиб келиб, уни кўп ширинлик ейишдан тийишга ёрдам беришини сўраган экан. Буни эшитган Ганди аёлга боласини бир ойдан кейин олиб келишини сўранибди. Бир ойдан кейин олиб келганда, Махатма Ганди бола билан қисқа суҳбат қуриб, уларга жавоб бериб юборибди. Орадан бироз вақт ўтиб, ҳалиги боланинг онаси Гандига миннатдорчилик билдириш учун келиб, бунга қандай эришганини сўрабди. Чунки, у икки йил давомида фарзандини ширинлик емасликка кўндиролмаган эди. Мен бир ой давомида ширинлик истеъмол қилмадим ва тажрибамни болангиз билан бўлишдим, дебди. Шундай экан, ўзимиз бажармасак, бошқадан қандай талаб қила оламиз. Ўқитувчи кўп ўқиши, изланиши билан болаларга намуна бўлиши керак. Биз ҳеч кимни ўзгартира олмаймиз. Ўзимиз ўзгаришимиз билан бошқаларга таъсир қилишимиз мумкин, холос. 

– Нур-Султан шаҳрида ўтган республика педагогларининг август конференциясидан қандай таассуротлар билан қайтдингиз?

– Мустақиллик саройида ўтган анжуманда жуда ҳам долзарб масалалар кўтарилди. Умуман олганда, бу каби тадбирларда иштирок этиш ҳар қандай одам учун маънавий рағбат вазифасини бажаради. Шу анжуманда, ҚР Президенти Қ. Тўқаев ажойиб бир иборани айтди: “Бола – оиланинг ойнаси”. Шундай экан, фарзанднинг камоли ота-онага жуда катта масъулият юклайди. 

– Ҳозир мактабларда янги баҳолаш тизими йўлга қўйилди. Ўқувчилар чорак ўрталарида етарли балл тўпламаётганини тушуниб етяптими? Якунда нима учун менинг кўрсаткичларим паст бўлиб қолди, деб афсусланиб қолмайдими?

– Албатта, буларнинг барчаси устозлар томонидан тушунтириб борилмоқда. Бу ҳам мураббийларнинг салоҳиятига боғлиқ. Ўзи яхши тушунган ўқитувчигина дарсини содда қилиб тушунтириб бера олади. Ота-она фарзандининг мақсадга етиш мезонларини кузатиб бориши зарур. Янги ўқув дастури ота-оналарни ҳам болалари билан бирга ўқишга, мактаб билан тиғиз алоқада бўлишга ундайди. Зеро, инсон билим олишдан асло тўхтамаслиги керак. Ота-боболаримиз: “Бешикдан қабргача илм изла”, деб бекорга айтишмаган. Америкага ўқишга борганимда биз уйида яшаган хонадон эгалари 84 ва 82 ёшда эди. Улар келаси йили Испанияга саёҳат қилишдан олдин испан тили курсларига қатнай бошлашди. Ўшанда ҳайрон қолган эдим. Ҳавас қилишимиз керак, шу ёшда ҳам улар билим олишмоқда. Бизда эса худди ҳамма нарсани биладигандек, 40 ёшга етмай илм эгаллашдан тўхтайдилар. Масалан, дарахт ўсишдан тўхтаса, қурий бошлайди, инсон ҳам билим олишдан тўхтаса, қарий бошлайди. Зиёратгоҳларда ана шу давлатларнинг 80-90 ёшли фуқаролари зинапоялардан сакраб-сакраб юрганига кўзимиз тушади. Элбошининг “Бир умр билим олиш” деган иборасига барчамиз амал қилишимиз керак. Ҳозир ўқиш учун, қўшимча илм эгаллаш учун имкониятлар жуда кўп. Ўқув курслари, тренинглар шулар жумласидан.

– Сиз бошқараётган мактабда неча йилки, ота-оналар университети фаолият юритиб келмоқда...

– Ҳа, шунга ҳам 9 йил бўлди. Унинг раиси профессор Неъматжон Алметов. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бор. 1800 нафар ота-онанинг 70-80 фоизи университет машғулотларида қатнашаётгани кўнгилни қувонтиради, албатта. 

– Замонавий ўқитувчи қандай бўлиши керак?

– Ўқитувчи биринчи навбатда тез ўйлайдиган, тез қарор чиқарадиган, мослашувчан бўлиши керак. Бундай бўлиш учун тинимсиз билим олиши, изланувчан бўлиши керак. Аввалги устозлар билан ҳозиргисининг фарқи, илгариги муаллимлар бир нарсани чуқур билиб олиб, бутун умр шуни ўргатишарди. Ҳозир эса бугун олган билим эртага эскириб қолмоқда. Шунинг учун у изланишдан бир дақиқа ҳам тўхтаб қолмаслиги лозим. Ўзидаги ирода, қатъият, мустақиллик, яхши одатлар, мақсадга интилувчанлик, ўзини тута билиш хусусиятларини мунтазам ривожлантириб бориши зарур. Ҳозир ўқитувчилар эмоционал заковатини кучайтириб боришлари, ҳар бир ўқувчининг руҳий ҳолатини ўрганиб, уларни билим олишга йўналтира олишлари керак. Ўқувчилар мактабга ҳар хил ҳолатда келади, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳолати ҳам турлича. Бундай вазиятларда ўқитувчи замонавий услублардан фойдаланиши, керак бўлса, ўқувчининг қалбига йўл топа олиши, у билан сирдош, дўст бўла олиши лозим. 

– Битирувчиларнинг грантлари бўйича мактабингиз юқори кўрсаткичга эга...

– Ўтган йили 107 ўқувчимиз грант асосида ўқишга кирди. Шундан саккиз нафари Назарбаев университетида таҳсил олмоқда. Соф ўзбек тилида ўқитиладиган мактабдан шунча грант соҳиби чиқиши, албатта, қувонтиради. Назарбаев университетига ўқувчи етказиб беришда мактабимиз республикада етакчи ўринда. Бу ютуғимизни вазирликдагилар ҳам эътироф этишди. 

– Синфдаги 30 ўқувчига устозлар бир хил вақт ажратиб, бир хил дарс берадилар, бироқ улар турли даражада билимга эга бўлиб чиқади. Нега шундай?

– Яхши савол бердингиз. Биз ҳозир болани баҳо учун ўқитмаймиз. Ўқийман, билимимни чуқурлаштираман, келгусида малакали мутахассис бўлиб етишаман, деган болага йўлланма берамиз, йўл-йўриқ кўрсатамиз, шароитлар яратамиз. Билим эгаллаш унинг хулқ-атворига, ўзига боғлиқ. Ялқов бола билан ишчан боланинг билим даражаси орасидаги тафовут мактабни битиргунга қадар катталашиб бораверади. Чунки ялқов бола бир кунда битта топшириқни бажармаса, юз кунда юзтасини бажармайди. Ўйлашимча, одамнинг хулқ-атвори унинг тақдирига катта таъсир кўрсатади. Иккинчидан, боланинг тафаккурини, идрокини ривожлантириш керак. Фан эса иккинчи даражали. Ўқувчи шахс сифатида ривожлана олиши лозим. Ўқувчи ҳар куни бир нарсани билишга, янги нарсани ўрганишга интилиши даркор. Яхши томони шундаки, ҳозир бола уйда ўтириб билимини кучайтириши мумкин. Авваллари бундай имконият йўқ эди. Ўқитувчи озгина нарса ўргатади, шуни ҳам ололмайдиганлар бор. Ўқувчи ўзини ўзи ўқитиши керак. 

– Ота-онага буни тушунтириш осон эмасдир?

– Ҳаракат қиляпмиз. Бола – оиланинг кўзгуси, деган гапни юқорида ҳам айтдик. Шу нарса ота-онани ўйлантириши керак. Бир одам фарзандини косибга шогирдликка берибди. Орадан маълум муддат ўтгач, у боласининг нима иш қилаётгани билан қизиқибди. Бола устози уни бир стулга ўтқазиб қўйганини, ҳеч нарса ўргатмаётганини айтибди. Шунда отаси косибга бориб, боласига ҳеч нарса ўргатмаганидан нолибди. Шунда косиб, болага уларнинг ишидаги энг муҳим нарсани, яъни сабр қилишни ўргатаётганини айтган экан. Мактаб маълум андазадаги таълимни беради, холос. Болани ривожлантириш ота-онанинг қўлида, унга қўшимча дарс бериш мумкин, курслар ҳам боланинг билим эгаллашида катта аҳамият касб этади. Тўғри фойдалансак, Интернет бизнинг энг яхши ёрдамчимиз. Ҳозирги ёшлар шундай имкониятларга эга, фақат уни тўғри йўналтириш керак. 

– Юқори кўрсаткичларга эришаётган илм даргоҳини бошқариш учун унинг раҳбари ҳам изланувчан, билимдон бўлиши керак. Ўз ишингизда нималарга кўпроқ эътибор берасиз?

– Тинимсиз ўқийман. Ўтган йили олти ой давомида Алмати менежмент-университетининг дипломини олдим. Ноябрь ойида ЕХҲТнинг Ўш шаҳрида ўтказган тренингида қатнашдим. Америкада малакамни оширдим. Ўзини ўзи ривожлантириш бўйича Астана, Алмати ва Шимкент шаҳарларида уюштирилган ўқув-тренингларда иштирок этдим. 

– Охирги ўқиган китобингиз?

– Стивен Кови билан Боде Шефернинг китобини ўқиб тугатдим. Ўтган йили 40та китоб ўқидим. 2020 йилда 50тага етказишни мақсад қилиб қўйганман. Оилада ҳаммамиз бир кунда камида ярим соат вақтимизни мутолаага бағишлаймиз. Ёдимизда қолиши учун, ўқиганларимизни бир-биримизга гапириб берамиз. Ҳозир кўп оилаларда китоб ўқишмайди. Чунки, шахсий намуна йўқ, яъни ота-она китоб ўқимайди. 

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат! Биз ўқитувчиларнинг қадри, мартабаси ҳамиша юқори бўлишини истаймиз. Шарафли ишингиз баракали бўлсин! 

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди, 2020-01-30, 04:23 1108
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.