26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
ЭКСПО – 2017: Муҳташам тадбир давом этмоқда

Жаҳоннинг 115 мамлакати, ўнлаб халқаро ташкилотлар иштирокида ўтаётган “Астана ЭКСПО – 2017” кўргазмаси бир ҳафтадан буён гавжум. Ҳар куни минглаб одамларни ўзига жалб этаётган тадбирнинг мамлакатимиз тарихида ўзига хос саҳифа бўлиши кутилмоқда.

Тақдир тақозоси билан ёки омад келгани учун 12 июнда қизим билан бирга Астанага бордик. Ва албатта, имконият туғилиши билан мамлакатимизнинг ушбу кунлардаги асосий кўргазмасига йўл олдик. 

 

Фойдали маслаҳатлар

Вокзалдан кўргазмагача етиб олишнинг йўллари кўп. Аммо энг қулайи – автобуслар. Ўнлаб йўналишлар ЭКСПО ўтаётган ҳудудгача узайтирилган. Нархи эса ўзгармаган – 90 тенге. Албатта, такси билан ҳам бориш мумкин. Нархи 700 тенгедан таксичининг кўнглидаги нархгача. Кўнгилнинг эса кўчалари кенг. Шунинг учун савдолашинг ва машинангиз юриб кетгунича нархни келишиб олинг. Индамасангиз – ҳамёнингизга зарар. 

Иккинчи маслаҳат: ҳар қанча чаққон ва чидамли бўлсангиз ҳам “ЭКСПОни бир кунда кўриб чиқаман, ортга қайтаман”, деб умид қилманг. (Масалан, биз тонгдан соат 17гача унинг учдан бир қисмини ҳам кўриб чиқишга улгурмадик). Демак, ётоқ масаласини ҳал этиш зарур. Ёлғиз бўлсангиз, меҳмонхона, 3-4 киши бўлсангиз, квартирани ижарага олиш арзонроққа тушаркан. Квартиранинг яна бир яхши жиҳати – унда кўнглингиз истаган таомни пишириб ейиш мумкин. Квартира олаётган бўлсангиз – соҳибининг ҳужжатларини сўрашдан тортинманг, иложи бўлса ксеронусхасини кўчириб олинг. 

Учинчи маслаҳат: Астанада жанубнинг патири йўқ. Олиб кетсангиз ютқазмайсиз. Ҳам яхши совға, ҳам мазали таом. 

Қозоғистон – кўргазма марказида

ЭКСПОда қайси мамлакатларнинг экспозицияларини томоша қилишни исташингизни белгилаб олинг. Масалан, қизимнинг кўнглига қараб биз Қозоғистон, Малайзия, Вьетнам, Ҳиндистон, Эрон, Мадагаскар, Япония, Германия, Франция, АҚШ ва Ўзбекистон павильонларига кирдик. Менимча, энг аввало улкан шар ичида жойлаштирилган Қозоғистон кўргазмаларини кўрган маъқул. Унинг энг юқори қаватида туриб Астананинг катта қисмини томоша қилиш мумкин. 

Қуйи қаватларни пиёда кезиб чиқишни маслаҳат бераман. Еттинчи қаватда коинот, Қуёш системаси, сайёралар, Ер ва Ой ҳақида маълумотларга эга бўласиз, космосни ўрганишда Қозоғистоннинг ҳиссаси ҳақида, қисқаси, етти осмон хусусида қисқача маълумот оласиз. Ва бу ердаги экспозициялар жаҳоннинг энг сара музейларидан намуна олиб яратилгани ҳолда, мен учун ўзига хос жозиба кашф этгандек туюлди. 

Шундан кейин ёруғлик, шамол, сув, биологик кучлар ва бошқа энергия манбаларининг ўзига хосликларини акс эттирган қаватлардан ўтасиз. Ҳар бир стендда, экспозицияда ниманидир кашф этасиз. Масалан, тирик табиат акс эттирилган қаватда сув ўтларининг ҳаётини жонли шаклда кузатиш мумкин. 

Энг қуйи қаватда эса тарихий экспонатлар намойиш этилмоқда.

 

Тежамкорлик Японияда ҳам туман бойлик

Япония – Кунчиқар мамлакати. Ҳудудининг салкам 90 фоизини тоғлар эгаллаган ороллардан иборат мамлакат янги технологиялари билан жаҳон миқёсида пешқадамлардан бири. Бугунги кунда бу ерда Smart Mix with Technology лойиҳасини амалга ошириш юзасидан катта ишлар қилинмоқда. Лойиҳадан мақсад – сув, шамол, қуёш энергиясини бир-бирига интеграция қилган ҳолда юксак самарадорликка эришиш. “Астана ЭКСПО – 2017” кўргазмасидаги павильоннинг биринчи қисмида ушбу лойиҳа батафсил намойиш этилган. 

Иккинчи қисми эса мавжуд захиралардан унумли фойдаланиш ҳамда энергия тежаш масалаларига бағишланган. Эни 20, баландлиги 5 метрли экранда намойиш этилган анимацион фильм айни вақтда ушбу соҳадаги янгиликларни ҳам кўрсатади. 

Учинчи қисмда HEMS (Home Energy Management System – уй энергияси бошқариш тизими), ҳаводаги карбонад ангидридни тозалашга оид интерактив ўйин, уч ўлчамли оламни намойиш этувчи ускуна ва бошқалар намойиш қилинмоқда. 

Барча кўнгиллилари рус тилини яхши эгаллаган Япония кўргазмаси кўпроқ ёшларга мўлжалланган. Зеро, келажак – ёшларнинг қўлида.

 

Серқуёш мамлакатда барака бор

Ҳиндистон – тафовутлар ўлкаси. Жаҳоннинг олтидан бир қисми яшайдиган мамлакатда экватор ҳароратини ҳам, абадий музликларни ҳам топиш мумкин. Минглаб йиллар давомида тараққий этиб келаётган мамлакатда шаҳар маданияти ҳам, турли иқлим ва табиий шароитларга мослашган қишлоқлар ҳам мавжуд. Шу боис ҳам ЭКСПО - 2017да унинг алоҳида ўрин тутишига шубҳа йўқ эди.

Беназир чой, ҳарир сари, қимматбаҳо жавоҳирлар ва дилтортар фильмлари билан хаёлимизни олган Ҳиндистон бу сафар яна бир жиҳати – юксак ривожланган технологиялари билан лол қолдирди. Унинг павильонида ишлаб турган ва лойиҳалаштирилаётган замонавий иншоотлар асосий ўрин тутган. 

Ҳиндистонда қуёш ва шамол энергиясига эътибор жуда катта. Бугуннинг ўзида маиший мақсадларда сув иситишнинг мутлақ кўп қисми айнан қуёш энергиясига таянади. Кўринишидан чаноқли антеннага ўхшаш ускуна сувни 400даражагача исита олади. Ундан турли сут фермалари ва фармацевтика заводларида фойдаланилади. Тузилиши оддий, самараси юқори биомоддаларни қайта ишлаш ускуналари эса бир вақтнинг ўзида икки муаммо – ортиқча озиқ-овқат чиқиндиларини бартараф қилиш ва маиший газ ишлаб чиқариш муаммосини ҳал этади. Микроқуёш гумбази бинонинг томига ўрнатилади, у кундузи тўплаган энергияси ҳисобига кечаси чор-атрофни ёрита олади.

Ҳиндистоннинг яна бир фахри – Керал штатида ишлаб турган, тўлиқ такрор тикланадиган энергетика манбалари асосида ишловчи Кўчин аэропорти. Мазкур иншоотнинг макети ҳам павильондан ўрин олган. Шу билан бирга «Smart city» каби эндигина ишланаётган лойиҳалар ҳам мавжуд. Унинг юз фоиз такрор тикланувчи манбалар асосида энергия олиши мўлжалланган.

Павильоннинг тахминан ярмини турли табиий доривор гиёҳлар, чойлар, тўқимачилик маҳсулотлари, сувенирлар, тақинчоқлар ва уй жиҳозлари ташкил этади. Айниқса, қимматбаҳо тошлар ўрнатилган кумуш тақинчоқлар нафислиги билан ажралиб турибди. 

Нархларга келганда... касб усталари томонидан тайёрланган буюмлардан аксариятининг тенги йўқ, шу боис ҳам қиммат-арзонлигини баҳолашга қийналдик. Масалан, кумуш тақинчоқларнинг нархи 25000 тенгегача белгиланган.

 

Франция: ихтиро ҳам санъат

Европанинг маркази бўлган мамлакатда “яшил” технологиялар ҳам кенг ривож топмоқда. Астанада намойиш этилаётган Франция павильонида улар билан бевосита таниша оласиз. 

Французларга хос назокат билан режаланган павильон қатор кенг ва тор йўлакчалар лабиринтига ўхшайди. Унинг деворлари тасвирий санъат намуналари ва тарихий суратлар билан безатилган. Шуни ҳам айтиш керакки, Франция кунига бағишлаб 21 июнда ўтадиган тантанада санъаткорлар цирк, кабаре, ретробудуарларни намойиш этишади. 

Технологик жиҳатдан эса кўргазмада 8 та халқаро лойиҳа намойиш этилмоқда. “ЭКОшаҳар”, “Тикланувчи энергетика”, “Экологик транспорт” кўпчиликни ҳайратга солиши мумкин. Айниқса, бетон ишлаб чиқарувчи компаниянинг тақдим этган технологик ечимлари кўзга яққол ташланади. Бетондан ишланган ўриндиқлар, проектор, ўсимликлар бош кўтариб турган девор... буларнинг ҳаммаси биз билган модданинг янги қирраларини кўрсатади. 

Peugeot машинасозлик компанияси ҳам ўз маҳсулотларини тақдим этган. Бензин ва электр қуввати билан ҳаракатланувчи автомобиль ўзгача дизайни билан лол қолдиради. Электромопедлар ҳам жуда бежирим ишланган. Муҳими, бу транспорт воситалари экологик тоза. 

 

Келажак шаҳрини кўришни истасангиз – Германия павильонига келинг

Германия келажакда энергетиканинг қандай ривожланишини кўрсатиб бера олди, дейиш мумкин. Албатта, ғайбни билиш мумкин эмас, аммо бугунги ихтиролар эртанги кун қиёфасини белгилаши ҳам аниқ ҳақиқат.

Кўргазмада экологик тоза, замонавий илғор технологиялар тақдим этилди. 

Киришда ҳар бир кўргазма қатнашчиси кодланган махсус калит олади. Унинг ёрдамида турли ускуналарни ишлатишингиз, видеолавҳалар томоша қилишингиз мумкин.

Табиий шароитда олинган фильмларда инсоният фойдасига хизмат қилиши мумкин бўлган қуёш, шамол, сув, биочиқиндилар ва ер ости ҳароратидан фойдаланиш имкониятлари яққол кўрсатилган. Биринчи залда жаҳон харитаси ва ундаги энергетика имкониятлари намойиш этилса, иккинчи залда келажак шаҳри ва унинг энергетика таъминоти акс эттирилган. Унда “ақлли уй” технологиясидан тортиб, электроавтомобилларгача қандай ишлаши тушунтирилган. Шунингдек, нефть ишлатмасдан пластмасса олиш технологияси ва бошқа имкониятлар намойиш этилган.

Павильондаги «Формула Е» пойга автомобили ва икки ғилдиракли транспорт воситалари эса кўпчиликнинг қизиқишини уйғотиши аниқ.

(Давоми бор).

 

 

 

А. САРМОНОВ, 2017-06-20, 11:42
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.