26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Алишер Навоий – сўз мулкининг соҳибқирони

Алишер Навоий (тахаллуси), асл исми Низомиддин Мир Алишер (1441-1501) – буюк ўзбек шоири, мутафаккири, давлат арбоби. 

Асрлардан асрларга, насллардан наслларга ўтиб, барча миллатлар, халқлар тилида ва дилида яшаб келаётган буюк мутафаккир Алишер Навоий ўзбек халқи маънавиятини чўққига кўтарган улуғ инсонлардан биридир. 

Шоир асарлари жаҳон адабиётининг энг баркамол намуналари билан бўйлаша олади ва унинг ўзи дунёнинг Фирдавсий, Низомий, Румий, Ҳофиз, Данте, Шекспир, Балзак, Пушкин, Толстой каби буюк ижодкорлари билан бир қаторда туради. Қозоқ халқининг ардоқли фарзанди, машҳур маърифатпарвар шоир Абай Қўнанбаевнинг шоир сифатида шаклланишида Шарқ мумтоз адабиёти намояндалари қаторида ҳазрат Алишер Навоий ижодининг ҳам муносиб ўрни бор. 

 Буюк мутафаккир Алишер Навоийни англаш, ҳис қилиш ўзбек халқининг тарихини, маданиятини, қалб эҳтиросларини англаш ва ҳис қилиш билан тенгдир.

 Алишер Навоийнинг асрдан асрга ўтган сари тобора ошиб бораётган шуҳратининг асл сабаби асарларининг юксак бадииятидадир. Шоир шеърлари нафақат мазмунан чуқурлиги, фалсафасининг қуюқлигида, балки шаклан гўзаллиги, бадиий санъатларга бойлиги, ҳассос руҳи, дилўртар оҳанги билан ҳам кишини ўзига тортади. 

У ўзбек тилини улуғлабгина қолмай, ўзбек адабиётини бадиий жиҳатдан юксалтирди. 

Навоий асарларининг ҳамиша, ҳамма даврларда авлодлар учун қўл етмас чўққи бўлиб қолаётганининг сабаби шунда. 

Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,

Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқў келмади.

Лаҳза-лаҳза чиқдиму чекдим йўлида интизор,

Келди жон оғзима ул, шўхи бадҳў келмади.

 Мазмуни: маҳбубамни кутиб, тонг отгунча кипригимга уйқу қўнмади деса бу гапга ҳамма ишонади. Шоир маҳорати шу оддийгина иборани вазн, қофия, радиф орқали чиройли қилиб етказиши, биргина «ў» ҳарфидан гўзал фойдалангани кишини ҳайратга солади. “Ў” ҳарфининг ғазалда чўзиб айтилиши ошиқнинг бетоқатланаётганини кучли ифода этади.

 Алишер Навоий асарлари, яхлит олганда, ҳаёт қомусига ўхшайди. Чунки бирор бир ҳаётий масала, инсонга хос қадрият ва туйғулар, фазилат ва иллатлар йўқки, у қаламга олмаган бўлса. Масалан: устоз ва шогирд бобида айтилган ғазал.

Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин юз ганж ила.

Бу устоз ва шогирднинг ўзаро муносабати тўғрисидаги шоирнинг фалсафий хулосаси. Дарҳақиқат, устознинг мақоми буюк, устоз олдидаги шогирдлик қарзини ҳам икки дунёда узиб бўлмайди. Бир донишманддан бунинг маъносини сўраганларида: “Отам мени кўкдан ерга туширган, устоз ердан яна кўкка кўтарди», – деб жавоб берган экан. 

Дунё ва нафс ғуборларидан покланган, кўзгудай мусаффо ҳолга келган кўнгилда Аллоҳ жамоли жилваланади. Демак кўнгилни оғритишга ҳеч кимни ҳаққи йўқ, чунки у Аллоҳнинг уйидир. Аллоҳни танимаган инсонгина бировнинг кўнглига озор етказади. 

Алишер Навоий ижодидаги муҳаббат кенг маънодаги муҳаббатдир. Бу – Аллоҳга, Онага, Ватанга, дўстига, халқига, ёрига бўлган муҳаббатдир. 

Навоий шоир бўлибгина қолмай, давлат арбоби ҳам эди. Салтанатда тинчлик, адолат ҳукмрон бўлиши учун улкан истеъдодини, бутун куч-ғайратини сарфлаган.

Адл айлаким ул халқ ҳаёти бўлмиш,

Хуш ул киши ким адл сифоти бўлмиш.

Ҳам мулк била адл жиҳоти бўлмиш, 

Ҳам адл била мулк саботи бўлмиш.

Алишер Навоий ушбу рубоийсида адолатни тараннум этади. Ва бу билан у «Бир онлик адолат, олтмиш йиллик ибодатдан афзал дейди».

Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айларам, 

Элга қилса бир жафо,  юз қатла фарёд айларам.

Бу мисралар улуғ донишманднинг нақадар буюк адолатпарвар, ҳалол сиёсатчи эканидан далолат беради.

Ҳазрат Навоий ўзининг «Хамса» асарини ёзиб тугатиб, Ҳусайн Бойқарога тақдим этганда, бундан тўлқинланган шоҳ Ҳазрат Навоийни ўзининг оқ отига миндириб, саройни айлантириб, сарой аҳли ўртасида улуғ шоирни кўкларга кўтарди. Бундан ажабланганларга улуғ шоҳ шундай дейди:

«Мен давримнинг султониман, Алишер Навоий эса шеъриятнинг султонидир. У келажакда ҳам шундай бўлиб қолади». 

Алишер Навоий қолдирган мерос ўзининг салмоғи ва ранг-баранглиги билан кишини ҳайратга солади. Чунки у нафақат шоир, айни пайтда ёзувчи, тарихчи, тилшунос, адабиётшунос, исломшунос, таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилди ва кўплаб бебаҳо илмий, тарихий, диний ва тасаввуфий асарлар яратди.

Муяссар АКБАРОВА, филология фанлари номзоди. Тошкент вилояти, Чиноз туманининг "Чиноз ҳаёти" газетасидан, 2020-02-08, 02:34 209
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.