26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Аёллар келиб, ўз эрларига иккинчи хотин излашарди''

Сурияда бир неча йил яшаган қозоғистонлик аёл, ўзга мамлакатда ўтган оғир кунларини эслаб, ўз таассуротларини баҳам кўрди.

Журналист билан суҳбатлашиш учун Ойша (исми ўзгартирилган) бир неча кун тайёрланди. Сабаби, у ўзга юртга боришдек хатарли сафарга отланаётган, сохталикни чин деб билаётган одамларга бор ҳақиқатни етказишга қарор қилганди. Қаҳрамонимиз бир неча йил Сурияда яшади, ҳозир уйига, қадрдон Шимкент  шаҳрига қайтиб келган.

У билан бирга Қозоғистонга ўнлаб аёллар ва болалар ҳам қайтишди, бу “Жу­сан” махсус тадбирининг муваффа­қиятли ишлаганидан далолатдир.

Ойша билан суҳбатлашиш учун бизга ҳеч ким халақит бермайдиган холи жойни топдик. Ҳижобга ўранган қиз, уялиб, му­лоқот чоғида уяли телефонини ҳам ўчириб қўйди.

28 ёшли Ойшанинг икки фарзанди бор экан. У суратга туширмасликни ва асл исм-шарифини билдирмаслигимизни илтимос қилди.

Аёл Сурияга 22 ёшида кетган экан. “Мен суратим кўрсатилиб, ўзим ҳақимдаги маълумотларнинг тарқалишига қаршиман. Истагим шуки, сизлар орқали ҳали ҳам у ёқларда ҳаёт яхши ва дин-диёнатга тўла деб ҳисоблайдиган одамларга  мурожаат қилмоқчиман. Бу мутлақо ёлғон”, – дейди у.

Сурия билан боғлиқ даҳшатли воқеа 2013 йилда бошланибди, бу пайтда бўй етган қиз турмуш қуриб, жуфти ҳалоли билан бирга Мисрга ўқишга кетади.

 “Мен бўлажак эрим билан Шимкентда танишдим. У диндор ва ўзининг айтишича, соф Исломга амал қилаётган эди. Мен унинг салафийлардан эканлигини кейин билдим. Биз бир неча марта учрашгач, турмуш қурдик. Расмий тўй бўлгани йўқ, фақат никоҳ ўқитдик. Кейин Мисрга ўқишга кетдик. Эрим аввалига жанг қилишга отланаётгани ҳақида лом-мим демади, кейин эса бу ҳақда очиқча айтди. Борган жойимиздан қайтиб келишимиз гумонлигини ҳам яширмади. Мен уйимга тирик қайтганимга ҳали ҳам ишонгим келмайди”, дейди Ойша. 

Ўлим ўзини узоқ куттирмади

Эрини эслаб, аёл йиғлашга тушди, сўнг – анча вақтгача жим қолди. Ойшанинг турмуш ўртоғи ҳалок бўлибди, у ўзини “жиҳод”да ўлиш – энг тўғри ўлим деб ҳисоблайдиган тоифадан экан. Лекин бу каби “шаҳидлик” амалда эмас, фақат сўзларда бўлган экан, холос. 

“У меҳрибон эр ва яхши ота эди. Фақат ўша пайтда, худди меникига ўхшаб, унинг ҳам фикрлари чалғиган эди. У Сурияга биринчи бўлиб кетди, кейинчалик мени ҳам олиб кетишини айтди. Мен аввал Туркияга бордим, бизни араблар кутиб олишди.  Автобусда қаергадир олиб боришди, сўнг яёв юришимизга тўғри келди, билишимча, биз ўшанда чегарадан ўтдик. Бизни Алеппо шаҳрига етказишди, биз у ерда қолиб, кичик бир қишлоқда яшай бошладик. Мен ҳомиладор эдим, роса қийналдим, егулик овқат йўқ эди. Эримни деярли кўрмасдим, у бир ҳудудни қўриқларди, лекин бу куни ҳам тугади. Бу даҳшат – теварак-атрофда портлашлар, бомбалар, ўликлар...” деб эслайди Ойша.

Аёлнинг суҳбатидан маълум бўлишича, эри ўлган вақтда ёши атиги 24да бўлган. Ойшага марҳум эрининг жасадини кўрса­тишибди, у ўқ тегиб ўлган экан, лекин май­йит қаерга дафн этилгани ҳақида ҳеч нар­са айтишмабди. Кейинроқ аёлга эрининг дафн маросими туширилган видеолавҳани кўр­сатишибди. 

“Сўнгги пайтда ўзимга кўп саволлар  бе­радиган бўлиб қолдим. Нима учун шун­ча хўрлик, азоб-уқубатларни бош­дан ке­чиришга мажбур бўлдик? Нега шун­ча ўлик­ларни кўрдик, даҳшат ва очар­чи­­ликларга чидадик, нима учун? Биз қан­дай қи­­­­­либ уларнинг таъсирига тушиб қол­дик? Не­га эримни бу йўлдан қайтаришга урин­ма­дим, нега уйда қолдирмадим?.

Ўша куни менга телефон қилишиб, тай­ёргарлик кўриб қўйишимни айтишди – эримни олиб келишаётган экан. Мен дарров тушундим, демак у ўлган. Бирданига қотиб қолдим... 

 Бироқ эрим бундай бўлишини айтган, ахир, у бир кунмас бир кун уйга қайтмаслиги мумкинлигига мени тайёрлаган эди-ку. 

Мен эса, бу ҳолат бизни четлаб ўтади, дея хомхаёл билан юраверган эканман.

Энг даҳшатли синовларга унинг ўлимидан сўнг мубтало бўлдим...”.

Иккинчи хотин

Ҳозир Ойша Шимкент  шаҳрида яшайди, ўз севган касби билан банд – қандолатчи бўлиб ишлаяпти, мактабга бораётган бо­лаларига қараяпти. Суюкли ёрининг ўли­мидан сўнг у бошқага турмушга чиқишни сира-сира хоҳламаган эди. 

– Биз Раккуга кўчиб ўтдик, у ерда яшаш жуда хавфли эди, атрофда бомбалар ти­­­нимсиз портлар, ҳаммаёқда уруш даҳ­шатлари, биз уйдан ташқарига чиқмасдик. Жангарилар келиб, мен уларнинг отларини ҳам билмайман, бизга ҳар бола учун 50 доллар, катталарга эса 100 доллардан ташлаб кетишарди. Бу пул ҳеч нарсага ет­мас эди. Мен квартирада яшардим, у ерда ўзимга ўхшаган  бева хотинлар бор эди. Бизнинг олдимизга бошқа аёллар ҳам тез-тез келиб, эрлари учун иккинчи хотин бўлишимизни талаб қилишарди. Мен иккинчи хотин бўлиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасдим. Бизга мана шу аёллар ёрдам беришар, дамба-дам келиб, озиқ-овқат, кийим-кечак бериб кетишарди. Кунлардан бир куни шундай аёллардан бири ўз эрига иккинчи хотин бўлишимни илтимос қилди. Мен узоқ вақтгача кўнмадим, кейин уч­рашишга рози бўлдим. Сабаби, уйга қай­тишга қўрқардим, тақдирга тан беришга мажбур бўлдим. Шундай қилиб, иккинчи марта эрга тегдим, – дея ҳикоясида давом этди Ойша.

У иккинчи марта турмуш қураётган пайт­да биринчи эридан бола кутаётган эди. 

Қозоғистонлик аёлнинг айтишича, “тўй­дан” кейин у алоҳида яшай бошлабди. Бош­қа оила яшайдиган уйга эри имкон топган вақтдагина келаркан. Нима учун ўша пайтда номаҳрам эркак яшайдиган бегона уйда ўз хотинини сақлаганига, эрининг бу ҳолатига Ойша ҳали ҳам  тушунолмайди. 

“Мен яшаган уйда ҳаммаси жойида эди, фақат мен барибир бегона эканлигимни ҳис қилардим. Улар менга ёрдам беришар, эрим эса вақт топгандагина келиб кетарди. У ҳам кўмаклашарди, бироқ жанг қилаётган одамнинг бунга иложи ҳам йўқ эди-да. Кейин ўйлаб қарасам, ўшанда тузуккина ҳаёт ҳам бўлмабди. Ҳозир  ўйлаб, ўйимнинг тагига ета олмайман, нега шу пайтда унга тегдим... Бу даҳшатли ўй мени бутун умр тарк этмаса керак.

Биласизми, мен бир нарсани чуқур анг­лаб етдим. Ҳозирги кунда бировга ишо­ниб бўлмас экан. Айниқса, диний ма­салада ҳаққоний ахборот топиш ҳам мушкул, сабаби, адашиб қолиш ҳеч гапмас. Ва шунда сенинг тақдиринг осонгина ҳал бўлади. Нафақат қамаб қўйишади, балки динга умуман алоқаси бўлмаган одамларнинг машъум мақсадлари йўлида ўйинчоқ бўлиб қоласан”.

Ойша Сурияда ўтган йиллар давомида бир неча марта қариндош-уруғлари билан алоқага чиққан. Унинг бундан бошқасига имкони ҳам бўлмаган. Кейин ўзи ҳам қайта-қайта телефон қилишни истамабди.

Қозоғистондан борган фуқаролар бир неча қисмларга бўлиниб яшашган экан. Ҳар бир миллатнинг ўз йўлбошчиси, қисқа қилиб айтганда, қишлоқдаги раҳнамоси  бўлган экан. 

Сурия ёки Қозоғистон

Наҳотки, Суриядаги даҳшатли кунларни тарк этиш истаги бўлмаган, деган саволга аёл ишонч билан шундай деди:

– Нега бўлмабди, бўлган. Лекин мен буни охирги чора деб билардим. Қолаверса, Қозоғистонда  қамаб қўйишларидангина эмас, чегарадан ўтиш ҳам қўрқинчли эди. Бизга у ердан ўтаётганда аёлларни зўр­лашади, қайтиб кетаётганларини билишса, ит кунини бошига солишади, деб кўп маро­таба айтишарди. Албатта, бундан қаттиқ қўрқардик, – дейди Ойша.

Шундай қилиб, қўш боланинг онаси даҳ­шатли уруш кетаётган шаҳарнинг қоқ ўр­тасида бир неча йил давомида яшаб қо­лишга мажбур бўлган. Иккинчи хотинлик дав­ридаги воқеалар ҳақида гапиришни ун­чалик хоҳламади. 

– Мен эримнинг биринчи аёли билан учрашмаганман. Бир-биримиз билан уч­рашишнинг маврида ҳам бўлмаган. Ик­кинчи эрим қозоқ эди. Уни ҳам ўлди­ришди. Унинг биринчи оиласининг аҳволи нима кечди, буниси менга қоронғу. Азобли ва даҳшатли кунларни эслашнинг ўзи оғир, қалбимда фақат оғриқ ва санчиқ туяман. Мен ортиқ бундай яшай олмаслигимга кўзим етди. Ростини айтсам,  бошимга тушган кунларни душманимга ҳам раво кўрмайман. 

Ниҳоят, уруш кетаётган бегона мамла­катдан бош олиб кетиш ҳақида аёллар ўзаро маслаҳатлашишибди. Йўқотадиган нарсанинг ўзи қолмагач, жонларини сақлаб қолиш, болаларининг ўлимини кўрмаслик ҳисси устун келибди. 

Қочоқлар эрта саҳарда юк ташийдиган машинага ўтириб, Суриядан чиқиб кети­шади. Лагерга етиб келгач, у ерда бир не­ча ой қолишади. Кейин ҳар мамлакатдан алоҳида вакил келиб, ўзларига қарашли фуқароларни олиб чиқиб кета бошлашади. 

– Менда уйдагилар қандай қарши олар экан, деган ҳадик бор эди, айниқса жа­моатчилик юзига қандай қарайман, деб қўрқардим. Энди эса хотиржамман. Бизни самолётда олиб кетишаётганда, роса йиғ­ла­дим. Ғам-ғуссадан йиғламадим, йўқ, шун­ча йиллик умримни уруш даҳшатларига сарф қилганим учун кўз ёши тўкдим. Се­викли ёримдан айрилдим, уни тўғри йўлга бошлай олмадим. Ҳа, қисматда бор экан-да. Хуллас, қўлимдан ҳеч нарса келмади, – дейди Ойша. 

“Жусан” операцияси муваффақиятли якунланди. Аёллар ва болаларни қайноқ нуқталардан олиб чиқишди, ўқ ёмғирлари отилмаётган, халқ тинч ва фаровон турмуш кечираётган она юртга қайтаришди. 

Жанггоҳлардан қайтган аёл қозоғис­тонликларга шундай мурожаат қилади:

– Мен барчани ақл-ҳушини йўқот­­­­масликка, бировларнинг этагидан эргаш­­масликка даъват этаман. Эҳтиёт бўлинглар, ўз ои­лангиз ва қариндош-уруғларингизни, менинг мисолимда бўлган даҳшатларга мубтало бўлмасликдан сақланг. Аллоҳга беадад шукр, болаларим тирик, ҳозир улар у ёқлардаги тасаввурга сиғмайдиган азоб-уқубатлардан холи. Қадрли қозо­ғистонликлар, ўзингизни асранг! – деди йиғлаб туриб Ойша.

Суҳбатдан сўнг у телефонини улади, қа­раса, ўнлаб хабарлар келган экан. Кимдир суратлар юборибди, кимдир уни меҳмонга чақиряпти, болажонлари эса онасини қан­чалар яхши кўришларини айтишибди.

Аёл эса чиройли табассум билан ҳам­ма­га жавоб қайтармоқда. Ҳозир унинг ҳаёти ўз­гарган, иши кўп, ҳаммасига улгуриши керак.

Ойшанинг айтишича, қайноқ нуқталарда ёлғон мафкурага учганлар кўп экан. Улар орасида турли миллат вакилларини учра­тиш мумкин.

Йиллар ўтиб, улар алданганларини анг­лаб етишади, ҳаммасидан пушаймон бўлишади ва уларда бундай жойларни тезроқ тарк этиш ҳисси пайдо бўлади. Ҳо­зирча улар учун бу хомхаёл ёки кунда дуо қилиб сўраладиган ниятгина, холос. 

В. Колмакова, 2020-02-13, 04:40 453
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.