26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қўшиқлари қолди мангуга...

Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасидаги М. Маметова номли мактабда таниқли шоир Мирпўлат Мирзо хотирасига бағишланган “Шоир руҳи – мангу барҳаёт” тадбири ўтди. 

Айтиш жоизки, ижодкорни Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонда яхши танишади. Мирпўлат ака ҳаёт бўлганида ўтган йили 70 ёшини қарши олган бўларди. Ҳечдан кўра, кеч, деганларидек, шоир ўқиган мактаб жамоасининг ташаббус кўтариб, ҳамюрт ижодкорга ҳурмат кўрсатгани таҳсинга лойиқ.

Мирпўлат Мирзо Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Россия Ёзувчилар уюшмасининг Б. Пастернак номидаги, Қозоғистоннинг Халқаро “Алаш” мукофотлари, “Меҳнат шуҳрати” ордени, шунингдек, бир қанча медалларнинг соҳиби эди. 

Сайрам диёрининг иқтидорли фарзанди ўтган аср 60-йилларининг иккинчи ярмида Тошкент шаҳридаги университетда таълим олади ва ўқишдан сўнг шу жойда қолиб, турли лавозимларда ишлайди. Қизғин ижод қилиб, 70-йилларнинг бошидаёқ шоир сифатида танилади. Ўша йилларда унинг илк шеърий тўплами – “Ишқ фасли” китобига сўзбошини атоқли ўзбек шоири Абдулла Орипов ёзиб бергани ҳам бежиз эмасди...

Мирпўлат ака серқирра ижодкор эди. Айниқса, мустақиллик йилларида баракали ижод қилиб, драматург, таржимон ва публицист сифатида танилди. Унинг ҳазил-мутойибаси ўзига ярашар, шеърларни жўшқинлик, юксак маҳорат билан ўқирди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик таъбири билан айтилса, “унинг юмори беғараз – ҳамманинг кўнглига нур таратадиган, дилдаги ғуборни ювиб ташлайдиган юмор” эди. Мирпўлат аканинг самимий ҳазиллари, фавқулодда луқмалари ҳақида ёзувчи Шодмонбек Отабек “Мирпўлат Мирзо бир куни...” китобида батафсил ёзган.

Тадбирда дастлаб сўз олган Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳавазмат Қўчқоров ва шоирнинг опаси, фахрий устоз Тошхон Мирзаева ижодкорнинг олий ўқув юртига кириши, талабалик йиллари ҳамда сермаҳсул фаолиятига тўхталдилар.

Сўнг саҳнага кўтарилган тошкентлик ҳурматли меҳмонлар – Мирпўлат аканинг рафиқаси Саёҳатхон опа, қизи Феруза, ўғли Умиджоннинг хотиралари иштирокчилар қалбига ҳаяжон солди. 

Меҳнат фахрийлари Эркин Абдунақибов, Турсунхўжа Хонхўжаев, Бекпўлат Мирзаев ва Турдимат Адилматов Мирпўлат аканинг ижоддаги ютуқлари, шунингдек, олижаноб фазилатлари ҳақида гапирдилар. 

“Жанубий Қозоғистон” газетаси бўлим мудири Зокиржон Мўминжонов вилоят ўзбек театрида саҳналаштирилган “Қачон тонг отади?” драмаси ижодкорнинг драматург сифатида танилишида бир босқич бўлди, деса, фахрий устоз Каримқул Пўлатбоев шоир билан уюштирилган учрашув лаҳзаларини эсга олди, хонанда Толиббой Ниёзхожиев эса Мирпўлат аканинг хонадонида ўтган файзли гурунглар ҳақида сўзлади. 

Учрашувга якун ясаган мактаб директори Аҳмадвой Ниёзов атоқли ҳамюрт ижодкорнинг хотирасини абадийлаштириш борасида бирлашиб ҳаракат қилиш ҳақидаги таклифни қўллаган зиёлиларга миннатдорчилик билдирди. 

Тадбирда Собиржон Турғунбоев раҳбарлигидаги мактаб бадиий ҳаваскорлари томонидан ёдланган шеър, ижро этилган қўшиқлар, рақслар барчанинг қалбига хуш кайфият бағишлади. 

Жанубийқозоғистонлик ижодкорлар билан ўтган учрашувлардан бирида таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев, Юсуф Сарёмийдан кейин бу заминдан чиқиб, танилган шоир Мирпўлат Мирзодир, бошқа ҳеч кимни билмаймиз, деганди. Бу – айни ҳақиқат! Ўзбек шеъриятида, хусусан, адабиётида ўз ўрни, овозига эга забардаст шоирнинг бой ижодий мероси халқимизга хизмат қилаверади. Шоир ўзининг “Мангулик туйғуси” шеърида ёзганидек: 

...Ва бу оний умр шаънига,

Қўшиқ битамиз.

Қўшиғимиз қолар мангуга,

Бизлар кетамиз. 

 

Тасвирда: тадбирдан лавҳа.

Зокир АҲМАД, 2020-03-05, 03:44 1355
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.