26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Чорвадор меҳнати қадрланаяптими?

Маълумки, Қозоғистонда чорва моллари экспорти  қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 6 ойга тўхтатилди. 

Қорамол  ва қўй гўштини мамлакатимиздан сотиб олувчилар: Ўзбекистон, Эрон, Баҳрайн давлатлари эди. 

Азалдан Туркистон вилоятида чорвачилик ривожланган, шу кунларда Қозоғистондаги гўшт экспортининг 54 фоизи вилоят зиммасига тушаётган эди, бутун республикада биринчи ўринда эдик. Ўтган йили 20 минг тоннага яқин гўшт Ўзбекистон, Россия, Озарбайжон ва Тожикистонга чиқарилди. 

Экспорт тўхтагач, чорвачилик билан шуғулланаётган хўжаликларнинг аҳволи нима бўлди, ахир, улар хорижлик харидорлар билан шартномалар тузиб қўйишган эди-ку? Бу қарорнинг оқибатлари ҳақида мутахассислар фикри қандай? Газетхонларимизнинг аксарияти истиқомат қиладиган Сайрам тумани, хусусан Қорабулоқ қишлоғи гўшт етиштириш бўйича нафақат минтақада, балки бутун республикада пешқадам. 

Шу боис Туркистон вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси “Сайрам туман ветеринария хизмати” давлат коммунал корхонаси раҳбари Бекжон Ҳалимжоновни суҳбатга чорлаб, юзага келган вазиятни шарҳлаб беришини илтимос қилдим.

– Гўшт лойиҳаси бугунги кунда давлатнинг энг устувор ва долзарб лойиҳаси, Қозоғистон чорвачилигининг келажаги. 2020 йилга келиб, қорамол(сигир, қўйга рухсат йўқ, йилқи бундан мустасно)ни чет элга экспорт қилиш тақиқланди. Нега? Биринчидан, давлат чорва молларини ўзимизда олиб қолиб, қайта ишлаш соҳасини тубдан такомиллаштиришни истаяпти. Хусусий замонавий фермалар, гўшт комбинатлари, барча технология жараёнлари ўзимизда бунёд этилиб, сармоядорларнинг ҳам ўзлари келишини, колбаса, консервалар ишлаб чиқарилишини таъминламоқчи. 

Туманимиз, асосан, Ўзбекистон ва Эрон билан ишларди.  “Сардор kz”, “Агро Қозоғистон -2050”, “Юг Агро” каби хўжаликлар, “Қайип ата”, “Нурим Групп” МЧБ ва хусусий тадбиркор Б. Бегметовлар тармоқда танилган. Аҳоли, асосан, ўз уйлари, ҳовлиларида мол боқиб, мол сўйиб тирикчилик қилиб келади. Қўй-эчкилар сони 113 минг, йилқи 72 минг, чўчқа 2 минг бош. (Қорасув қишлоғида руслар, корейслар боқишади).

– Агар уларни кичик тадбиркор ёки оилавий фермер деб атайдиган бўлсак, давлат қарори чиққач, ҳуқуқлари ва имкониятлари чекланиб қолмадими?

– Тўғри, экспорт тўхтатилгач, гўшт нархи 300 тенгега пасайди. Йил бошида дўконларда мол гўштининг килоси 1950 тенге бўлса, ҳозир – 1600-1700 тенге. Бу ҳол чорвадорга қийинчилик туғдирди. Сабаби, ем-хашак ўта қиммат. Кейин, туманимизда очиқ яйлов, мол боқадиган  кенг майдонлар йўқ. Чорвадор ем-хашакни сотиб олишга мажбур. Сайрам туманида бугунги кунда 215 минг бош қорамол бўлса, шундан 115 минг боши Қорабулоқ қишлоғига тегишли. Қорабулоқликлар мол озуқасини ташқаридан сотиб олишади. Кепак – 63 тенге, кунжара – 115 тенге, сомон эса ҳозир йўқ. Қозоғистоннинг бошқа минтақаларида яшайдиган чорвадорларга бу вазият унчалик таъсир қилмаган бўлиши керак. Негаки, бўш ери кўп, ем-хашакни ўзлари етиштириш имконига эга. Бизникилар эса Қизилўрда, Жамбил вилоятларидан олиб келиб, молини 

боқяпти. Шунинг учун гўшт нархининг пасайиши оддий чорвадор ҳамёнига бироз салбий таъсир кўрсатди.

– Маҳаллий аҳолининг соҳадаги янгиликларга нисбатан фикри қандай?

– Бугунги раҳбарларнинг талаби – майда мол сўйиш жойлари (кушхоналар)ни марказлаштириб, 5-6та хонадон молини бир жойда боқсин ва сўйсин, деяпти. Вилоят ҳокимининг ўзи Қорабулоққа келиб, аҳолига шуни тушунтирди. Нега шундай қарорга келинди? Сабаби – антисанитария ҳолатларининг олдини олмасак бўлмай қолди. Тумандаги йирик мол сўйиш пунктларида лаборатория бор, ветеринарлар ишлашяпти, кичик майдончаларда эса булар йўқ-ку. Бироқ буни қишлоқ аҳолиси тўғри тушунишни истамаяпти. Ҳар ким ўз мижози билан ўзи алоҳида ишласам, дейди. Янгиликлар ҳар доим қийинчиликлар билан қабул қилинади, дегандек...

– Маҳаллий мол сўйиш майдончаларининг фаолиятидан кўнглингиз тўладими? Улар бир  кунда қанча мол сўйишади, бир бош мол сўйишнинг ҳақи қанча?

– Масалан, Манкент қишлоғида 3та йирик мол сўйиш нуқтаси мавжуд. У ердаги асосий иш – аҳолидан йиғилган бўрдоқи молларни сўйиб бериш. Гўшти эса Алмати, Нур-Султан, Қарағанди ва Шимкентга юборилади. Ҳафтасига 2 кун ишлашади. 1та майдончада 1 кунда 20 тонна (100 бош қорамол) буюртма асосида сўйиб берилади. Бир бош молни сўйишга 1500-2000 тенгедан ҳақ олинади. Кейин, бугун тадбиркорлик замони,  томонлар ўзаро келишиб, масалани безарар ҳал қилиб олишмоқда.

– Моллар эмлангач, қанча вақтдан сўнг сўйилади, бўрдоқига боқилаётганларга қандай биологик фаол қўшилмалар берилади, булар гўшт сифатига таъсир қилмайдими?

– Бугунги кунда майда фермерлар гормонал препаратлар (ГМО)дан фойдаланмоқда, деган гапга қўшилмайман, сабаби улар жуда қиммат туради. Наслчилик билан шуғулланадиган йирик хўжаликлар ишлатмаса, бизда улар йўқ. Табиийки, витаминлар берамиз, янги бўрдоқиланаётган молга укол билан, овқат билан юборилади. Дармондорилар молни семиртиради, гўшт сифатини яхшилайди. Алматидаги махсус лабораторияга ҳар ойда натижаларни юбориб турамиз, ҳозирча сифат масаласида муаммо йўқ. Сўйилиш вақти 12-15 кундан кейин. Дорининг таъсир муддати – 3 ой – 100 кун. Новвослар камида 7-8 ой боқилади. Бу вақтда олинган дорилардан асорат қолмайди. 

– Чорва молларига давлат томонидан кўрсатилаётган хизматларга тўхталсангиз...

– Давлат, юқорида айтганимдек, чорвачиликка катта эътибор қаратяпти. Субсидияни вақтида бермоқда, 16 хил юқумли касалликка қарши бепул эмламоқда. Йилига икки марта (кўклам ва кузда) канага қарши дезинфекция ўтказилиб, моллар чўмилтирилади. 2015 йилгача чорва молларига сирға тақиш чорвадор ҳисобидан амалга ошириларди, ҳозир бу тадбир ҳам давлат ҳисобидан бажарилмоқда. Наслдор мол боқса,  молга сарфланган пулнинг ярмини қоплаб беряпти. Бу жуда катта ёрдам.  

– Оддий молбоқарнинг бугунги машаққатли меҳнати оқланяптими, заҳматига яраша даромад топяптими?

– Дарҳақиқат, чорвачилик – жуда машаққатли касб. Чорвадор кичик оилавий фермерга айланиб, бола-чақаси билан ишлайди. Лекин топган-тутгани унча кўп эмас, очиғини айтиш керак, соф фойда жон бошига атиги 50-60 минг тенге бўлиб қолмоқда. Илгари оқларди, ҳозир шароит бошқа. Масалан, субсидияни 20-100 бош мол боқаётган одам ололмайди. Биздагилар эса асосан майда чорвадорлар, ўз ҳовлиларида 10-50 бош мол ушлаётганлар. Буларга қийин, албатта. Бежиз вилоят ҳокими бундай майда чорвадорларга “бирлашиб, 5-6 хонадон битта жойда ферма очинглар”, демади, давлат ёрдамини олиши осонлашарди-да.

– Бугунги кунда туячиликка катта эътибор бериляпти, Сайрам заминида бу тармоқни ривожлантиришнинг имкони борми? 

– Туманда 59 бош туя бор, Қайнарбулоқ қишлоғида. Улардан қимрон, шубат олинади. Тадбиркорларда қизиқиш бор, албатта. Лекин бу тармоқни ривожлантиришга бизда имконият йўқ. Туя катта яйловлар, кенг даштларда яшайдиган жонивор. Бизда яйлов йўқ ҳисоби. Қолаверса, туя очиқ жойларда янтоқ еб ўсади. Уни қаердан оламиз? Бироқ, шунга қарамай, оқбулоқлик бир тадбиркор 50 бош туя боқаман, деб ҳаракат қиляпти. Сўзоқдан излаштиряпти. Лекин туянинг нархи жуда қиммат. Соғин туя 500-600 минг тенге туради. Кейин унинг ўзига яраша “феъли”бор. Ёқтирмаган одамини ўзига йўлатмайди, қўлини тишлайди, юзига тупуради, ҳатто топтаб ташлаши ҳам мумкин. Хуллас, туя боқишнинг ўзига яраша машаққати бор. Яна у сигирга ўхшаб соғилмайди, қисқаси, алоҳида муносабат талаб этади. 

– Қизиқарли суҳбат учун раҳмат!

2020-03-05, 04:45 580
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.