26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сабр, матонат ва жасорат тимсоли

Жорий йили юртимизда кенг нишонланадиган Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида Улуғ Ватан уруши мавзуида турли янги бадиий асарлар, шу жумладан, кинофильм ҳамда саҳна асарларининг пайдо бўлиши табиий. М. Исломқулов ва И. Ҳошимжонов асари асосида Шимкент шаҳар ўзбек драма театрида саҳналаштирилган “Сабр дарахти” спектакли бунга ёрқин мисолдир. У урушда дом-дараксиз кетган шимкентлик зобит Ниғматжон Ҳошимжоновнинг ҳаётига бағишланган... 

Тошкент шаҳридан премьерага етиб келган таниқли ижодкор ва таржимон М. Исломқуловдан драма тарихи ҳақида сўраганимизда, бу ташаббус театр директори И. Ҳошимжоновдан чиққанини таъкидлади. 

– Учрашувлардан бирида Икромжон ўзининг “Авлодлар бирлиги ва ворисдошлиги” китобига сўзбоши ёзиб беришимни илтимос қилганди. Китоб билан танишиб, ундаги воқеалар асосида яхшигина саҳна асари яратиш мумкин экан, дедим. Ушбу драманинг ҳамкорликда яратилганига асосий сабаб ҳам шу... 

Ҳошимжоновлар сулоласининг ёрқин вакили – Ниғматжон Ҳошимжонов ўқимишли, кенг мушоҳадали, том маънода чинакам зиёли ва довюрак шахс эди. У дастлаб Тошкент шаҳридаги ўрмон хўжалиги техникумида таҳсил олади. Сўнг Ўрта Осиё ирригация институтида, Шимкент муаллимларни тайёрлаш курсида ўқийди. Бироз муддат шаҳардаги “КИМ” мактабида физика ва математика фанларидан  сабоқ беради. 1938 йилдан Арис шаҳридаги ҳарбий қисмда хизмат қилади. Уруш бошланганида эса, биринчилардан бўлиб кўнгиллилар қаторида жангга отланади.

Амакисининг урушда бедарак йўқолиши, оила аъзоларининг узоқ вақт йўл пойлаши, боз устига, Шимкент шаҳридаги Хотира майдонида урушда ҳалок бўлган ҳамюрт жангчилар рўйхатига кирмай қолиши, эл орасидаги олди-қочди миш-мишлар Икром Акром ўғлига тинчлик бермасди. У ҳақиқатни тиклашга бел боғлайди...

Спектакль бадиий ечимининг ўзига хос томони ҳам мана шунда. Бошловчи – И. Ҳошимжонов воқеаларга изоҳ бериб, саҳнада асосий қаҳрамонлардан бири сифатида гавдаланади.

Юқорида айтилганидек, Ниғматжон 1944 йилда бедарак йўқолиб, уйда рафиқаси Бузаҳра икки норасида қизи билан қолади. Орадан йиллар ўтади. Ҳошимжон баззознинг рафиқаси Олия “пристав” ўғлини сўнгги дақиқагача кутиб, 1953 йили вафот этади.

Асар воқеалари Ниғматжоннинг танлаган қизига унаштирилиши, унинг уйланиши, суйгани билан сиҳатгоҳда дам олиши каби ҳаётий лавҳалар билан бойитилган. Ниғматжон бир вақтлар ўзи эккан олма дарахти билан суҳбатлашишни ёқтирарди. Дарахт ҳар йили гуллаб, унга бир олам қувонч сийларди. Воқеалар занжирида саҳнадаги олма дарахтига алоҳида “урғу” берилганининг сабаби ҳам шу. Зеро, бу дарахт инсон сабрининг, аниқроғи, аянчли қисматининг тимсоли гўё...

Ниҳоят, ҳақиқат қарор топади. Икром Акром ўғли Москвадаги Марказий ҳарбий архивга мурожаат қилиб,  амакиси Ниғматжон Ҳошимжоновнинг жасади Белоруссиянинг Гомель вилояти Буда-Кошелова шаҳридаги биродарлик қабристонига дафн этилганини аниқлайди... 

Ривоятларда айтилишича, олма дарахти гулини дарров тўкиб юбормас экан, ҳатто қовжираб қолса-да, ушлаб турар экан. 

– Бузаҳра, олма гулидан ўрнак олиб, сабр қилмайсанми? – ўғлини кута-кута юраги пора бўлган Олиянинг келинига шундай дея мурожаат қилишида олам-олам маъно мужассамдир. 

Спектакль сўнггида Тошкентдан ташриф буюрган меҳмонлар – Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Али, адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков, меҳнат фахрийлари Турсунхўжа Хонхўжаев ҳамда Хонимбуви Абдуқодирова  асарга ва ижрочилар маҳоратига юқори баҳо бериб, спектаклнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. 

Ҳақиқатан ҳам ҳар бир актёрнинг топширилган ролга катта масъулият билан ёндашгани пайқалди. Самимий ижро томошабинни ҳам бефарқ қолдирмади. Асардаги Олия “пристав” (С. Рўзиматова), Ниғматжон (У. Носиров), Бузаҳра (ёшлиги – В. Абдураҳмонова, қарилиги – В. Нишонбоева), шунингдек, Холбуви (К. Шодибекова), Ҳамидаволи (З. Тўғонбоева), Саодат (Д. Иброҳимжонова), Саломат (Д. Раҳмоншиқова),  Маҳаммаджон (А. Эрхонов), Пирмат оқсоқол (С. Маҳмудов), Чол (О. Тўғонбоев), Воҳид Асрорий (А. Эргашев), Олимбек (Б. Искандаров), Гога (Э. Тўламатов), Николай (З. Шайловов), Федя (Ф. Мансуров) каби персонажларни томошабин узоқ вақт ёдидан чиқармайди.

Айтиш жоизки, led-экрандан унумли фойдаланиш саҳна декорациясини “тежаш” имконини берган. Экрандаги видеотасвирлар томошабин кўз ўнгида гоҳ уруш, гоҳ тинч ҳаёт манзараларини гавдалантиради. Театр артисти С. Маҳмудов ижросидаги қўшиқлар ҳам асарга мос маҳзун руҳни ифодалаган. 

Ниғматжон отанинг Улуғ Ватан урушидаги жанговар йўлини элга танитиш, жасоратини улуғлаш, пок номини тиклаш, қолаверса, оталаримиз мардлигини мадҳ этувчи яна бир саҳна асарининг яратилишига баракали ҳисса кўшган Икром Акром ўғлини драматург, режиссёр ва актёр сифатидаги дебюти билан қутлаймиз!

“Сабр дарахти” – театр жамоасининг навбатдаги ютуғи, деб фахр билан айтиш мумкин.

З. МЎМИНЖОНОВ, 2020-03-12, 04:23 540
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.