26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Жума намози масжидда ўқилмайди

Юртимизда фавқулодда вазият эълон қилингач, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси масжидда жума ва беш маҳал намоз ўқишга оид фатво чиқарди.

Бунга аниқлик киритиш учун ҚМДБнинг Шимкент шаҳридаги ваколатхонаси матбуот котиби Мухаметжан Естемиров билан суҳбат уюштирдик.

– Домла, тарихдан маълумки, ҳар даврда турли юқумли касалликлар дунё бўйлаб кезиб турган. Коронавирус – ҳозирги кунда энг глобал эпидемия бўлиб турибди. Бундай эпидемия ҳолатларига Ислом динининг муносабати ҳақида тушунча бериб ўтсангиз.

- Бугунги кунда коронавирус бутун жаҳон тинчини бузаётир. Қозоғистон раҳбарияти ҳам дунёнинг бир қисми сифатида ўз халқини хавф-хатардан сақлаш учун тезкор чора-тадбирлар кўрмоқда.

Аллоҳ Таоло одамзод боласига «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» деб Қуръонда эслатади. (“Бақара” сураси, 195-оят). Бу жумлада бир неча хил маъно бор. Шулардан бири, инсон ҳаёти – Худонинг берган омонати. Уни хавф-хатардан сақлаши керак.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) юқумли касалликлар борасида: “Бемор одам соғлом одамга яқинлашмаслиги керак”, деган.

Шариатимизда “Ўзига ҳам, ўзгага ҳам зиён келтиришга бўлмайди” деган қоида ҳам бор.

Демак, Ислом дини ибодатларни хавфли вазият юзага келганда вақтинча тўхтатишга ҳам рухсат беради. Масалан, инсон ҳаёти, саломатлиги, мол-мулки, бола-чақаси ва оиласига бирор зарар етадиган бўлса, шариатимиз масжидга келиб, беш маҳал намозни жамоат билан ўқиш, ҳаттоки жума намозида қатнашишга ҳам мажбурламайди.

- Муфтият қабул қилган фатвога тўхталсангиз...

- Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг Уламолар кенгаши юртимизда эълон қилинган фавқулодда вазиятни инобатга олиб, коронавирус жамоат орасида таралиб кетишининг олдини олиш мақсадида, қуйидаги фатвони чиқарди:

Биринчидан, масжидларда жума намози вақтинча ўқилмайди. Ҳар ким ўз уйида жума намози ўрнига пешин намозини ўқийди.

Иккинчидан, масжидлар ёпилмайди, беш маҳал намозга азон чақирилади, лекин беш маҳал намоз масжидда жамоат билан ўқилмайди.

Учинчидан, масжид ёнидаги ошхоналарда ўтадиган худойи, эҳсонлар (марҳумнинг “еттиси”, “қирқи”, “йиллиги” ва бошқалар) вақтинча тўхтатилади.

Тўртинчидан, жаноза намози фақат яқин қариндошлари, яъни кам сонли одамлар билан ўтказилгани маъқул.

ҚМДБ Раиси, Бош муфти Науризбай Тағанули мусулмон жамоатига Мурожаат эълон қилди.

Унда Ҳазратимиз мамлакат мусулмонларини ушбу синовли паллада сабр-бардошли бўлишга чақириб, шундай деди:

 – Умр – синовлардан иборат. Мусулмон одамнинг мурод-мақсади синовни савобга айлантирадиган амалларни бажариш. Имоннинг шарти – мўмин-мусулмон кишининг яхшилик ва ёмонликни Аллоҳдан деб билиши. Неъмат келса – шукр қилади, қийинчилик бўлса – сабр қилади.

Мусулмон одам ҳаётнинг енгил-оғир, иссиқ-совуқ, фақир ва бой ҳолатида ҳам фойда устидадир...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

“Мусулмон одам яхшилик келса, шукур қилиб, савоб олади, машаққатли кун келса, сабр қилади, яна савоб олади...”

Яна у киши ҳар қандай дарднинг олдини олиш учун уйқудан аввал “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” сураларини ўқиб, кафтига пуфлаб, сўнг бутун баданларига суриб чиққан.

Дуо – мусулмон одамнинг қўрғони. Айниқса, ихлос билан ўқилган дуо, зарарни йўқотиб, фойдани ҳосил қилишда энг яхши доридир. Дуо – бало ва офатнинг душмани. Уни қайтаради, муолажа қилади, олдини олади, зарарини камайтиради.

Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар:

“Дуо тушган ва ҳали тушмаган бало ва офатларни қайтаради. Эй Аллоҳнинг бандалари! Доимо дуода бўлинглар!”.

Шундай экан, ҳар доим дуода бўлиб, бир-биримизга ёрдам берайлик, ваҳимага берилмасдан, сабрли бўлайлик!

 – Тозалик ва имон эгизак тушунчалардир. Энг асосийси, юқумли касалликнинг олдини олиш учун тозалик тадбирларига жуда катта эътибор қаратиш керак, сизнинг бу ҳақдаги фикрингиз...

- Албатта, “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши”, деган нақл бор. Бу, бежиз эмас. Юқумли дарднинг олдини олиш учун тозаликка қатъиян амал қилиш ўта муҳим. ҚМДБ иморати ҳам дезинфекция қилинди. Барча масжидларда ҳам шундай тадбирлар юритилмоқда.

- Сизнингча, бу вирус одамларга нимани ўргатади?

- Тозаликнинг аҳамиятини, хавфдан сақланиш кераклигини, саломатликнинг қадрини, инсоннинг ожизлигини, дунёнинг фонийлигини, ажалнинг яқинлигини, Аллоҳ Таолонинг улуғлигини...

- Аллоҳ сиздан рози бўлсин! Парвардигор ҳамиша ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин, суҳбатингиз учун раҳмат!

Н. МАВЛОНОВА, 2020-03-19, 03:14 448
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.