26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ЭКСПО – 2017: Муҳташам тадбир давом этмоқда

(Давоми. Боши ўтган сонда).

Аввал иқтисод...

ЭКСПО кўргазмасига бир кириб олгач, кечгача қайтиб чиқиш қийин. Бу эса ўз-ўзидан тушлик муаммосини келтириб чиқаради. 

Павильонлар орасида турли халқларнинг  таомларини тақдим этаётган ошхоналар жуда кўп. Аммо уларнинг мутлақ кўп қисми: хорижлик сайёҳларга мўлжалланган;  ё  биз учун анъанавий бўлмаган таомлар тайёрлашади. Албатта, ҳар кимнинг ихтиёри ўзида, аммо биз, учинчи қаватда ўзбекистонликлар ташкил этган чойхонада тамадди қилишни маъқул топдик.

Хизмат кўрсатиш олий даражада. Ўриндиқлар жуда қулай. Бир келган одамнинг қайтгиси келмайди. Ош – Тошкентники, сариқ сабзидан дамланган. Таъбга кўра чой буюра оласиз.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг кўргазмасини томоша қилдик.

Ўтмиш жилоланган келажак

Икки қаватда жойлашган Ўзбекистон павильони ҳар томонлама уйғунлиги билан кўзга ташланади. Ҳар бири санъат асари даражасида баҳоланиши мумкин бўлган катта-кичик сувенирлар, кулолчилик буюмлари, минг хил жилода товланаётган ат­ласлар, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” там­­­­­ғаси урилган алвон турли, яхна ичимликлар, қандолатчилик маҳсулотлари ва ранг-баранг ўзбек патирлари ҳар бир сайёҳни ўзига жалб этиши шубҳасиз. Узоқ муддат сақланган шароблар эса ҳамёнбоплиги билан ажралиб турибди.

Инглиз, хитой, рус, қозоқ, ўзбек тилларида хизмат кўрсатаётган кўнгиллилар эса ҳақиқий меҳмондўстлик намунасини намойиш этишмоқда.

Энг замонавий маҳсулотлар қаторида ма­шинасозлар яратган экокапсулани кўрсатиш мумкин. “Келажак уйи” деб номланган капсула қуёш энергиясидан фойдаланади. Чўл-биёбонлар, қўл етмас чўққиларда жойлашган илмий станциялар ёки геологлар партияси, дала аэропортларига мўлжалланган бу ускунанинг оғирлиги 300 килограмм. Унда иситиш ва совутиш, ёнғинни ўчириш  ва ёритиш системаси мавжуд. Капсула бир кишига мўлжалланган, баҳоси эса 2000 доллар.

Ўзбекистон машинасозлари тақдим этган яна бир янгилик – 700 километргача такрор зарядланмасдан юра оладиган автомобиль. Қуёш батареяларидан фойдаланувчи биомобилнинг тезлиги одатдаги автомо­билларникидан пастроқ бўлсада, унинг тежамкорлиги кўпчиликни қизиқ­тириши турган гап.

Шунингдек, кўргазмада Ўзбекистонда иш­лаб чиқари­лиши кутилаётган янги авлод смарт­фонлари, улкан суюқ кристалли экранлар ҳам намойиш этилди. 

Илмни... Малайзияда ўрган

Мустақилликка эришгач  илмий асарларни ўз тилига таржима қилишга интилган бу мамлакат қисқа вақт ичида аҳолини инглиз тилида гапиришга ўргатиш мақбул­роқлигини англаб етди. Қиролнинг Фармонига мувофиқ, бугунги Малайзиянинг давлат тилларидан бири инглиз тили ҳисобланади. Ҳудудида мусулмонлар, насронийлар, буддойилар, турли ҳинд диний оқимларига эътиқод қилувчилар яшовчи қироллик жаҳоннинг энг жадал ривожланаётган мамлакатлари қаторига киради. Бу ўлкада, айниқса, рақамли технологияларга қизиқиш катта.

Хитой ва Ҳиндистон павильонлари орасида жойлаш­сада, ушбу мамлакат вакиллари кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. “Яшил” технологиялар акс этган павильон инсониятнинг келажакда фақатгина такрор тикланувчи энергетика манбаларига таянган ҳолда ривожлана олишига ишонч уйғотади. 

Бугунги кунда Малайзияда амалда бўлган энергия ишлаб чиқариш, сақлаш, ундан тежамкорлик билан фойдаланиш усуллари барча мамлакатларга намуна бўлиши мумкин. Айниқса, йилнинг кўп қисмида ҳаво очиқ бўладиган Ғарбий Қозоғистон учун ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қуёш панеллари катта аҳамият касб этади.

Шуни ҳам айтиш керакки, Малайзия ўз иқтисодий сиё­сатида шариат тамойилларидан фойдаланади. Жум­ладан, “исрофдан қочиш” талаби ундаги барча ташкилотлар олдига қўйилган асосий шартлардан бири.

Мазкур мамлакат айни вақтда ўзидаги бой тропик ўрмонлар, унда яшовчи “юрувчи” дарахтлар, турли-туман ўсимликлар оламини намойиш этмоқда. Шунингдек, миллий таомларни ҳам тановул қилиш мумкин. 

Океан ортидан хитоб: “Келажак энергияси – қалбимизда!”

АҚШ илм-фан тараққиётида пешқадамлардан бири. Ушбу мамлакатдан 40 нафар кўнгилли келган. Мазкур павильоннинг бош комиссари Жорж Крол. Ижодкор жамоанинг саъй-ҳаракати билан ташкил этилган шоу кўпчиликнинг эътиборини қозонаётгани сир эмас.

“Энергия майдони”, “Ҳаёт энергияси” ва “Постшоу” қисмларида келажакка бўлган америкача нигоҳ намойиш этилади. Видеолавҳалар, деворларга ўрнатилган экспо­зициялар, Голливуднинг чиройли табассуми – булар­нинг ҳаммаси ажобтовур шаклда қоришган (15 минутга мўлжалланган) тадбирдан кўпчилик мамнун ҳолда чиқ­моқда. 

Албатта, техника янгиликлари, ихтиролар, мўъжиза каби туюладиган экспонатлар барчада бор. Аммо Аме­рика Қўшма Штатларидаги каби ҳаётга чанқоқликни бошқа жойда учратмадим. Бу эса келажакка ишончни янада кучайтиради. Шуни ҳам айтиш керакки, Chevron Corporation и General Electric, AES, Citigroup, ExxonMobil, Fluor ва Mastercard компаниялари АҚШ павильонига ҳомийлик қилибди.. 

Нефть етарли. Аммо келажак – янги энергия манбаларида

Астанага Саудия Арабистони ҳам улкан экспозиция билан келибди. Унда ушбу мамлакатда ишлатиладиган энергетика манбаларининг турли-туманлигига эришиш йўлидаги фаолиятга асосий эътибор қаратилмоқда. 2030 йилгача мамлакатда сарфланаётган энергиянинг салмоқли қисмини такрор тикланадиган манбаларга ўтказиш режаланган. Бугуннинг ўзида унда қуёш энергиясидан ирригация, чучук сув таъминоти, сув иситиш ва бошқа мақсадларда кенг фойдаланилмоқда. Аслини айтганда ҳам араб халқининг минглаб йилларни ташкил этувчи тарихи табиатнинг инъомларидан оқилона фойдаланган ҳолда энг ноқулай иқлимда ҳам яшай олиш намунаси ҳисобланади. 

Мадагаскар фақат мультфильмда эмас

Фарзандларимизнинг севимли мультфильми – “Мада­гаскар”нинг  ана шу оролга қизиқишни кучайтиргани сир эмас. “Астана ЭКСПО – 2017” кўргазмаси баҳона Африкадан  улкан делегация ташриф буюрди. Шу жумладан, Мадагаскар Республикасидан ҳам. 

Ўзига хос табиатга эга орол (ундаги парранда  ва ҳайвон турларининг 80 фоизи бошқа ҳеч бир қитъада учрамайди) аҳолиси ҳам меҳмондўстлиги билан машҳур. Малагаси миллати орол аҳолисининг мутлақ кўпчилигини ташкил этади. Французлар аҳолининг 1 фоизига ҳам етмасада, орол аҳолиси малагаси ва француз тилларини давлат тили деб эълон қилган. Аҳолининг 7 фоизи мусулмон, 45 фоизи насроний, қолган қисми эса аждодлар руҳига эътиқод қилади.

Уларнинг экспозицияларида мавзуга оид материал­лардан ташқари турли сувенирлар ҳам мўл эди. Нархи ҳам кўпчиликнинг киссасига мос, харидори ҳам кўп. Аммо биз сифати Хитой маҳсулотига яқин брелокларни Мадагаскардан келтирилгани учунгина уч ҳисса қимматига сотиб олишни истамадик. 

Ушбу экспозициялар қошидаги кўнгиллиларнинг энг катта ташвиши – улар билан суратга тушишни истов­чиларнинг талабини қондириш эди. 

“Астана ЭКСПО-2017» да меҳмонлар энг кўп кираётган павильонлар:

Хитой; Саудия Арабистони қироллиги;  Ҳиндистион; Малайзия;  Ўзбекистон;  Туркия;  Россия;  Таиланд;  Япония. 

ЭКСПО фақат кўргазмадан иборат эмас...

Астанадаги кунларимиз фақатгина кўргазмани томоша қилиш билан чекланмади. Зеро, ўз ишларимизни битиришдан ташқари  пойтахтимизга “ташриф буюрган” жаҳон маданияти дурдоналаридан ҳам баҳраманд бўлиш зарур эди. Санъатшуносликка қизиқадиган Басима қи­зимнинг истаги билан Астанадаги охирги кунимизни Миллий музейга ташрифга бағишладик. 

Оддий кунларда ҳам мазкур музей ранг-баранг экс­понатлари билан кўзни қувнатади, ўтмишимиз ва кела­жагимиз ҳақида мушоҳада қилишга мажбурлайди, аждодларимиз босиб ўтган улкан йўл ва улар кўрсатган жасорат намуналарини такрор эслатади. ЭКСПО кунларида эса музейда ҳам қатор янгиликлар бор.

Улардан энг биринчиси ва муҳими: буюк Чин ҳукмдори Цин Шихуандининг сопол аскарлари кўргазмаси. Икки минг йилга яқин тарихга эга мазкур экспонатлар Хитой ҳудудини камдан кам ҳолларда тарк этишади. Зеро, ўз ўтмишининг ноёб шоҳидлари бўлган бу “аскарлар”ни Машриқдаги қўшниларимиз бениҳоя эъзозлашади ва эҳтиётлашади. 

Миллий музейда сопол аскарларнинг бир қанчаси намойиш қилинмоқда. Мийиғида кулиб турган пиёда аскар, уларнинг командири, денгизчи ҳайкалчалари шу кунларда ҳам ўз жилосини йўқотмаган. Астанада “меҳмон” бўлаётган аскарлар билан суратга тушишни истовчилар жуда кўп,

Қизимнинг изоҳларини тингларканман, хаёлимга келгани шу бўлди: “ЭКСПОга келарканмиз, Миллий музейни ҳам, театрларни ҳам, бошқа санъат даргоҳларни ҳам унутмаслик зарур!”. Зеро, Астанага шу кунларда жаҳоннинг энг таниқли, энг моҳир санъаткорлари, экспонатлар, бошқа маънавий бойликлар келмоқда. Уларни кўриб қолишга ҳаракат қилайлик, зеро, 115 мамлакатнинг маданияти билан Астанада танишиш 115 мамлакатга боришдан кўра анча осонроқ.

 

 

Абдумалик САРМОНОВ, 2017-06-22, 11:42 726
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.